frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Рўзанинг мукофотини Ўзи беради

12.05.2020   4167   8 min.
Рўзанинг мукофотини Ўзи беради

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ва бир қанча муҳаддислар ривоят қилган ҳадиси қудусийда Аллоҳ таоло: “Одам боласининг рўзадан бошқа ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учун ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман” -дейди.

“Саҳиҳул Бухорий”нинг шарҳи “Фатҳул Борий”да  Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадиси қудусийнинг маъносини ёритиб, ундаги муҳим ўнта асл моҳиятни баён қилади.

  1. Бандаларнинг амаллари ҳаммаси ёлғиз Аллоҳ таоло учун бўлишлиги таъкидланган бўлсада, амалларнинг ичида “...фақат рўза Мен учундир...” -деб хосланишининг сабаби, рўза ибодатига риё (хўжакўрсинлик) аралашмайди. Рўза ўзини тийишдан иборат ботиний амал бўлгани учун риё аралаштиришни имкони ҳам бўлмайди. Рўзадан бошқа ибодатлар зоҳирий амал бўлгани учун риё аралашиш хавф-хатари доим бўлади. Ибодатларга риё аралашса, фақат Аллоҳ таоло учун эканлиги қолмайди.

Қуйдаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.

عَنِ ابْنِ شِهَابٍ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لَيْسَ فِي الصِّيَامِ رِيَاءٌ" رواه البيهقي

 Ибн Шиҳобдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўзада риё бўлмайди” – дедилар. Имом Байҳақий ривоят қилган.

Рўза банда билан Роббиси орасидаги сиррий амал бўлиб, ўзига хос ибодатдир. Рўзадан бошқа ҳамма амалларда бирон бир амални бажараётган шахс, ўзгаларнинг ҳаваси, мақтови, эътиборини жалб қилишни истаб қолади. Шунинг учун Аллоҳ таоло амалларнинг ичида “...фақат рўза Мен учундир...” -деб хосламоқда.

  1. Бандаларнинг ҳамма амалларига мукофотни ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзи бериши ва ундан бошқа мукофот берувчи йўқ эканлиги аниқ бўлсада, “...унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман...” –деб хосланишининг сабаби рўзанинг мукофотини ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзи билади. Рўзанинг мукофоти, ажри ва савоби ҳеч кимга ошкор қилинмаган, рўзадан бошқа амалларнинг мукофоти миқдори баъзи инсонларга ошкор қилинган ва ҳадисларда зикр қилинган.

Қуйидаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ"مَا مِنْ حَسَنَةٍ عَمِلَهَا ابْنُ آدَمَ إِلَّا كُتِبَ لَهُ عَشْرُ حَسَنَاتٍ إِلَى سَبْعِ مِائَةِ ضِعْفٍ قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ إِلَّا الصِّيَامَ فَإِنَّهُ لِي وَأَنَا أَجْزِي بِهِ يَدَعُ شَهْوَتَهُ وَطَعَامَهُ مِنْ أَجْلِي "

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласи қилган яхши амалларининг савоби ўн баробардан етти юз баробаригача кўпайтириб ёзилади. Аллоҳ таоло: “Фақат рўза ундан мустасно. (яъни, рўзанинг савоби беҳисоб берилади) Чунки, рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман. У (одам боласи) рўзада шаҳвати ва таомини мен учун тарк қилур” – дедилар. Имом Насоий ривоят қилган.

Рўзанинг савоби беҳисоб эканига қуйидаги ояти карима ҳам далил бўлади.

قال الله تعالى: إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ الزمر: 10

Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур.

Рўза сабр билан сайқал топадиган ибодат. Рўзадор киши нафсининг ҳоҳиш-истакларини сабр билан тўхтатади. Сабр қилувчининг мукофоти ояти каримада айтилганидек беҳисоб берилади.

  1. Ҳадиси қудусийда “...фақат рўза Мен учундир...” - деб хосланиши: “Рўза мен учун ибодатларнинг энг яхшиси. Менинг ҳузуримда у бошқа ибодатлардан устун ва муқаддам ибодат” – деган маънони ҳам ифодалайди.

Ибн Абду Бирр раҳматуллоҳи алайҳ ҳадиси қудусийда “...фақат рўза Мен учундир...” дейилиши рўза ибодатининг фазилатига кифоя қилади –дейдилар. Гўёки, бу ибодатнинг фазилати борасида ортиқча таърифга зарурат йўқ.

Қуйидаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ قَالَ قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ أَخْبِرْنِي بِعَمَلٍ ينفعني الله به قَالَ عَلَيْكَ بِالصَّوْمِ فَإِنَّهُ لَا مِثْلَ لَهُ رواه النسائي

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

У зот: “Эй, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таоло у туфайли менга манфаъат берадиган амалнинг хабарини беринг” –дедим.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)  “Рўзани ўзинга лозим тутгин! Чунки, рўзага баробар келадиган амал йўқ” – дедилар. Имом Насоий ривоят қилган.

  1. 4. “...фақат рўза Мен учундир...” – деб Аллоҳ таоло рўзани ўзига нисбат беришида уни улуғлаш, қадрини юксалтириш бор. Бу эса ҳамма мулк Аллоҳники бўлсада, каъбани “Байтуллоҳ” деб Аллоҳ таолога нисбат беришга ўхшашдир.

Зайн ибн Мунир раҳматуллоҳи алайҳ: “Умумий ўринда бир нарсанинг хосланиши фақатгина ўша нарсани улуғлаш учун бўлади” –дейдилар.

  1. Аллоҳ таолонинг инсон табиатидан фарқли ўлароқ сув, таом ва бошқа нарсалардан беҳожат экани унинг ўзига хос сифатидир. Рўза тутган инсон Аллоҳ таолонинг сифатига мувофиқ, ўзини емоқ, ичмоқ ва бошқа нарсалардан беҳожат билиб Аллоҳ таолога ибодат қилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “...фақат рўза Мен учундир...” дейди.

Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ: “...фақат рўза Мен учундир...” ҳадисининг маъноси: “Бандаларнинг амаллари ўзларининг ҳолларига муносибдир. Фақат рўза, Ҳақ таолонинг сифатларидан бир сифатга муносибдир.   Аллоҳ таоло  “...фақат рўза Мен учундир...” дейиш билан гўёки, “Рўзадор менинг сифатларимдан бирга эга бўлиб, менга яқинлашмоқда” -демоқчи.

  1. Нафс истаклари емоқ, ичмоқ ва роҳатланмоқ каби хусусиятлардан беҳожат бўлиши нафақат Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири балки, у фаришталарнинг ҳам сифатларидан ҳисобланади. Шу маънода инсон рўзани гўёки фаришталар сифати билан адо этади.
  2. Рўза холис Аллоҳ таоло учундир, унда инсон нафси учун улуш, насиба йўқ. Рўзадан бошқа иодатларда эса нафсга улуш, насиба  бўлади.
  3. “...фақат рўза Мен учундир...” – деб хосланишининг яна бир маъноси рўза ибодати Аллоҳ таолодан ўзга илоҳлар учун бажарилмади. Намоз, садақа, тавоф ва бошқа ибодатлар турли бут санамлар учун қилинди. Рўза эса фақат Аллоҳ таоло учун бажарилди.
  4. “...фақат рўза Мен учундир...” – деб хосланишининг яна бир маъноси тўғрисида Ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Қиёмат кунида бандалар орасидаги ҳақ-ҳуқуқлар ўзаро ҳукм қилинади. Рўзадан бошқа ибодатлар бандаларнинг ўзаро турли зулмлари сабаб бир-бирлардан олиб берилади. Фақат рўзанинг ажру савоби сақланиб қолинади. Охир оқибат рўзанинг мукофати жаннат бўлади” -дейди.

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ يَقُولُ: سَمِعْتُ أَبَا الْقَاسِمِ  صلى الله عليه وسلم  يَقُولُ: "قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: كُلُّ الْعَمَلِ كَفَّارَةٌ، إِلاَّ الصَّوْمَ، وَالصَّوْمُ لِى وَأَنَا أَجْزِى بِهِ. رواه احمد

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло айтади:  ҳамма амал каффоротдир. Фақат рўза мустаснодир. Чунки, рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман.” – дедилар. Имом Аҳмад ривоят қилган.

Рўзадан бошқа солиҳ амаллар қиёмат кунида инсоннинг дунёда қилган хато ва камчиликларни каффарот бўлиши учун хизмат қилиш эҳтимоли бўлади. Фақат рўза ибодати сақланиб қоладиди. Рўзанинг ажру савоби хато ва камчиликларни каффароти учун беҳуда кетмайди.

  1. Рўза ботиний амал бўлгани учун ошкор бўлмайди, фаришталар уни қайд қилмайди. Агар ошкор бўлганда фаришталар бошқа амалларни ёзганидек рўзани ҳам ёзар эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло “фақат рўза Мен учундир” – дейди.

Бу фикрни айтувчи Ибн Арабий ривоят қилган бошқа бир ҳадиси қудусийни далил қилиб келтиради. Ҳадиси қудусийда Аллоҳ таоло айтади: “Ихлос сирларимдан бир сирдир. Уни яхши кўрган бандаларимнинг қалбига соламан. Ундан фаришта ҳам хабардор бўлмайди, хабардор бўлса, уни ёзар эди. Шайтон ҳам хабардор бўлмайди, хабардор бўлса, у фасод қилар эди” – дейди.

Рўза ҳам ихлос каби сиррий ибодат. Ибодатлардаги ихлосни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмагани каби, рўзани ҳам  ҳеч ким билмайди.

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ мазкурларни зикр қилиб, буларнинг ичида биринчи, иккинчи, саккизинчи ва тўққизинчиси бошқаларга нисбат эътиборли ва ёрқинроқ эканлигини қайд қиладилар.

 

Жалолиддин Холмўминов

“Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти мударриси

 

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар

“Сolombo Times”: Ўзбекистонда “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга ошириш давлат сиёсатига айланган

12.08.2026   75371   3 min.
“Сolombo Times”: Ўзбекистонда “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга ошириш давлат сиёсатига айланган

Шри-Ланканинг “Сolombo Times” нашрида “Ўзбекистонда Янги уйғониш даври: келажак технологиялари ёрдамида буюк ўтмишни қайта тиклаш” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Шри-Ланкалик таниқли журналист Фазан Наваз томонидан ёзилган ушбу материалда сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга оширишга қаратилган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари хусусида сўз юритилган.

Муаллифнинг ёзишича, Марказий Осиё марказида сокин, аммо улкан аҳамиятга эга инқилоб юз бермоқда. Бу кураш қурол-яроғ билан эмас, балки қўлёзмалар, музейлар ва микрочиплар ёрдамида амалга оширилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлар жаҳон илм-фани, шеърияти ва фалсафасининг етакчи марказлари бўлган Ўрта асрлардаги “Олтин аср” шон-шуҳратини қайта тиклашга интилмоқда.

Бу жараённинг ўзига хос жиҳати шундаки, Ўзбекистон минг йилдан зиёд тарихга эга маданий меросни асраш, қайта тиклаш ва кенг оммага етказиш учун сунъий интеллект ҳамда рақамли технологиялардан фаол фойдаланмоқда.

Нашрда Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий мероси ҳамда уни сақлаш бўйича ислоҳотларга тўхталиб ўтилган. Қайд этилганидек, бу замин инсоният тарихидаги энг буюк алломаларга бешик бўлган. Астроном ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек Самарқандда юлдузларни ҳайратланарли даражада аниқ кузатиш имконини берган расадхона барпо этган. Хоразмдаги Маъмун академияси олимлари эса Европада Ренессанс бошланишидан анча аввал математика ва тиббиёт соҳаларида юксак ютуқларга эришган эди.

Ўзбекистон етакчиси бу тарихий меросни тез-тез тилга олиб, Мирзо Улуғбекни нафақат буюк олим, балки илм-фанни энг юксак қадрият деб билган давлат арбоби сифатида таърифлайди. Давлат раҳбари бугунги янгиланиш жараёнини “Учинчи Ренессанс” деб атаб, уни Ўзбекистоннинг илму маърифат ва маданият маркази сифатидаги мавқеини қайта тиклашга қаратилган умуммиллий лойиҳа сифатида баҳолайди. Тарихчилар таъбири билан айтганда – бу атама минтақада аввал мавжуд бўлган икки буюк юксалиш давридан кейинги навбатдаги уйғониш босқичини англатади.

Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини амалга ошириш шунчаки гап эмас, балки давлат сиёсатига айланган. 

“Бу улкан мақсаднинг энг ёрқин рамзи жорий йил Тошкентда қад ростлаган Ислом цивилизацияси марказидир. 2026 йил март ойида 40 мамлакатдан ташриф буюрган 1500 дан ортиқ мутахассис иштирокида қуриб битказилган мазкур марказ ўз бағрида ислом оламининг энг ноёб ёдгорликларидан бири – VII асрга мансуб Усмон Мусҳафини сақлайди. Шунингдек, бу ерда илмий лабораториялар, реставрация устахоналари ва архивлар фаолият юритади. Марказ аллақачон дунёдаги энг чиройли янги музейлардан бири сифатида эътироф этилган”, – дея қайд этган журналист.

 Материалда таъкидланишича, Ўзбекистон ёндашувининг бошқалардан ажратиб турадиган муҳим жиҳати –  бу сунъий интеллектдан иқтисодий тараққиёт воситаси сифатидагина эмас, балки маданий меросни муҳофаза қилиш воситаси сифатида ҳам фойдалаётганидадир.

Сунъий интеллект туризм соҳасини ҳам тубдан ўзгартирмоқда. Бу ташаббус 2026 йилда мамлакатга 12 миллион сайёҳни жалб қилиш режасининг бир қисми ҳисобланади.

Фазан Наваз ўз мақоласини “Учинчи Ренессанс” ўз олдига қўйган мақсадларга тўлиқ эришадими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Бироқ бугуннинг ўзидаёқ Ўзбекистон қандай йўлдан одимлаб бораётгани аниқ кўриниб турибди”, – деган сўзлар билан якунлаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати