Шу йил сентябрь ойидан бошлаб Малайзиянинг “Aстро” телекомпанияси платформаларида жаҳонга машҳур телебошловчи, ошпаз, реставратор ва пазандалик блогер Чеф Ваннинг Ўзбекистоннинг туризм ва гастрономик салоҳиятига бағишланган муаллифлик дастурлари намойиш этилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Телекўрсатувлар мамлакатимизнинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси, Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ҳамкорлигида амалга оширилган қўшма медиалойиҳа самарасидир.
Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида туркум телекўрсатувлар ва пазандачилик маҳорат дарсларини суратга олиш ишлари олиб борилди.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистонни сайёҳлик йўналиши сифатида оммалаштириш ва ўзбек гастрономик брендларини хорижда жойлаштириш орқали Малайзиядан келаётган сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.
Телевидение ҳикоялари, шунингдек, 100 миллиондан ортиқ аудиторияга эга бутун дунё бўйлаб машҳур стриминг платформаларида намойиш этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати