Бугун инсониятни табиий офатлар, ёнғинлар, сув тошқинлари, тождор вирус сингари турли хил ғам ташвишлар қамраб олмоқда. Уларга қарши курашда манман деган давлатлар ҳам ожизлигини ҳис қилмоқда. Бундай воқеа ҳодисалар сабабини ҳар ким ўзича таҳлил қилиб хулоса чиқариши табиий. Бу борада энг тўғри тўхтамга келишлик менимча ота-боболаримиз амал қилган мезонлардир. Бу — кишилик жамияти ривожининг тилсим калити бўлган илм-маърифат, иймон ва тафаккурдир.
Бир пайтлар ёлғон гаплар, сохта гувоҳликлар, лафзсизликлар, ота-онага оқ бўлиш, қариндошларга сийлаи раҳим қилмаслик, ўз жонига қасд қилиш, молнинг закотини чиқармаслик кабилар катта гуноҳ саналган. Бугун биз бундай қайтариқлардан юз буриш учун нималар қиляпмиз? Ёки содир этилаётган бу каби хатоликларга бефарқмизми?
Доно халқимизнинг “Сабабсиз оқибат бўлмайди”, — деган нақли бежизга айтилмаган. Бугунги кунда кишилар руҳиятидаги маънавий қашшоқлик, иймон сустлиги, инсоният таълим-тарбияси учун зарурий манбалардан йироқлашиш каби ҳолатлар ҳам учрамоқда. Хўш, бундай чекинишларнинг давоси борми?
Бор албатта! Бунинг ягона йўли киши ўз маънавий дунёсини бойитиши учун аввало китоб муталаасига меҳр қўйишидир. Бугунги авлод учун қолдирилган маънавий меросларни қунт билан ўрганишимиз лозим. Бир сўз билан айтганда илм, илм ва яна илм. Чунки инсониятни барча фалокатлардан қутқарувчи омил бу — илм-маърифат юксаклиги ва иймон бутлигидир. Ана шунда шахс комиллик даражасига етишади.
Ўз руҳиятидаги қашшоқликни илм-маърифат билан бойитиб, маънавий баркамоллик чашмасидан сув ичган имом ал-Бухорий, имом ат-Термизий, имом Мотрудий, имом Насафий, Абу Лайс Самарқандий каби юзлаб алломалар Ватанимиз шуҳратини бугунгача юксалтириб келмоқда. Қуръон ва муқаддас суннатга бўлган самимий муҳаббати, илмга чанқоқлиги, тафаккурининг чексизлиги туфайли ҳар бири илм-маърифат салтанатида ўз мактабини яратдилар. Уларга илҳом бахш этган, йўлини ойдин ёритиб турган, бошига мушкулот тушганида, душманлари панд берганида Роббисига дуо қилса, унинг ижобатига руҳий мадад бўлган зот Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам бўлдилар. Бугунги мутолаамизда ана шу муборак сиймога Рамазон баракоти ила юзланамиз. Хўш, севимли пайғамбаримиз ҳаётда қандай киши бўлганлар? У кишининг муборак сийратлари ва сувратларидаги мукаммаллик, инсоният ва руҳият оламига хос комиллиги нимада?
Саволимизга ойдинлик киритиш мақсадида Аллоҳнинг каломига мурожаат қиламиз. Қуръони Каримнинг “Қалам”сурасидаги 4-оятда бундай дейилади: “Ва албатта сен улкан хулқдасан” (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Тафсири Ҳилол”).
Ушбу муқаддас оятдаги таъкид туфайли Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги барча одоб-ахлоқни, илм-маърифатни ўзларига сингдирганлар. Бу хусусда пайғамбаримизнинг ўзлари ҳам: “Мен яхши хулқларни батамом қилиш учун юборилганман” дейдилар. Ана шундай гўзал хулқ соҳибининг нурли сиймолари Абу Ийсо Муҳаммад ат-Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадийя” асарида бундай таърифланади:
“Ҳазрат Али разияллоҳу анҳунинг набиралари ҳазрати Иброҳим ибн Муҳаммад айтадилар: “Хазрати Али разияллоҳу анҳу қачон жаноб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг васфларини баён қилсалар, дер эдилар:
Жаноб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам на кўп узун бўйлик на паст бўйлик эдилар, балки ўрта қадлик одамлардан эдилар. Муборак сочлари на зиёда буралган ва на зиёда ёзилган эди, балки иккисининг ўртасида бўлиб, озроқ буралган эди. На муборак баданлари зиёда семиз гўштлик ва на муборак чеҳралари зиёда юмалоқ эди, балки озроқ мудаввар (юмалоқ) эди. Чеҳралари қизилга мойил оқ эди. Икки кўзлари ниҳоятда қора ва киприклари ниҳоятда узун эди. Икки суякларининг қўшиладиган бошлари йўғон эди ва икки кифтлари жам бўладиган ерлари ҳам йўғон гўштлик эди. Баданларида тук йўқ эди, Фақат сийналаридан киндикларига қадар нозик мўйдан бир чизиқ тортилган эди. Икки кафтлари ва икки қадамлари тўла ва гўштлик эди. Қачон йўл юрсалар, қадамларини ердан қувват билан узиб олар, гўёки пастликка кетиб турган каби кўринар элилар. Қачон бир тарафга бурилсалар, бутун баданлари билан бурилар эдилар, фақат бўйинларини буриб қўймас эдилар. Икки елкаларининг ўртасида муҳри нубуват, яъни пайғамбарлик муҳри бор эди. Ва ўзлари барча пайғамбарларнинг охиргиси эдилар. Ҳаммадан зиёда сахий диллик зот эдилар. Ҳаммадан зиёда рост сўзлагувчи, мулойим табиатли ва хонадонлари шарафли бир зот эдилар. Кимики жанобни бирдан кўриб қолса, ҳайбатлари босар эди, кимики яхши таниб , суҳбатларига мушарраф бўлса, дийдорларига ва суҳбатларига ошиқ бўлиб қолар эди. Маддоҳлари (у зотни мадҳ қилувчилар): “Мен бу жанобга ўхшаган зотни на ўзларидан аввал кўрганман ва на ўзларидан кейин кўрганман”, дер эди”.
Ҳазрати Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтадилар:
“Жаноб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жисмлари шу қадар марғуб, жамил ва гўзал эдики, инсон кўриб, вужудларини Аллоҳ таъоло кумушдан қуйганмикин, деб қолар эди. Муборак сочларида бир оз буралганлик бор эди”.
Умримиз давомида руҳиятимиз ва тафаккуримизни маънавий бойитишга ибрат бўладиган муқаддас динимиз асосчисининг мукаммал вужудлари мана шундай эди. Барча муҳаддислар, муаррихлар, алломалар фозилу фузалолар ушбу мукаммал ахлоқ ва вужудга содиқ бўлишга интилиб яшадилар. Мана шу самимий муҳаббат ва ихлос уларни дунёда илм-маърифатни юксалтиришга мушарраф қилди.
Улар умрлари давомида қийинчиликка, тангчиликка учрасалар, кишиларга камбағаллик, офат, вабо етганини кўришса, Ватанни ёв босса севимли пайғамбаримизнинг муборак руҳларига саловот йўллашарди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан маънавий кўмак кутардилар. Азиз авлиёларнинг дуо учун кўкка кўтарилган қўлларини Аллоҳ Ўз севимли пайғамбарининг руҳи поклари ҳурматидан қуруқ қайтармасди. Дуолар баракотидан барча мушкулотлар ҳал бўларди. Бугун биз ана шундай комилликка муҳтожмиз.
Бугунги синовли, ер юзида табиий офатлар пўртана қилаётган шароитда буюк алломалар одатидек салавот айтишлик, муборак Рамазон файзини тилашлик, қалбимизни, тафаккуримизни илм чироғи билан ёритишни Яратгандан сўрашлик қандай гўзал ва мароқлидир.
Шодиёр МУТАҲАРОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг
мустақил тадқиқотчиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Баъзан биргина нотўғри қадам инсоннинг бутун ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин. Афсуски, шундай хатолар борки, уларнинг оғир оқибатлари нафақат инсоннинг ўзига, балки унинг оиласи, фарзандлари ва яқинларига ҳам таъсир қилади. Гиёҳвандлик ана шундай иллатлардан бири бўлиб, у инсонни жисмонан ва маънан емириб, жамият тараққиётига жиддий хавф солади.
Бугун дунё миқёсида гиёҳвандликка қарши кураш долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Чунки бу иллат сабаб минглаб инсонлар ўз соғлиғини йўқотмоқда, оилалар пароканда бўлмоқда, ёшларнинг орзу ва мақсадлари барбод бўлмоқда. Бир қарашда шахсий муаммодек кўринган гиёҳвандлик аслида бутун жамиятнинг дарди ҳисобланади.
Динимиз Ислом инсон ҳаёти, соғлиғи ва ақлини муҳофаза қилишга алоҳида аҳамият қаратади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонни ҳалокатга олиб борувчи ишлардан қайтарган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом эса ҳар қандай маст қилувчи нарса ман этилганини таъкидлаганлар. Зеро, ақл инсонга берилган энг буюк неъматлардан бири бўлиб, уни заифлаштирувчи ёки йўқ қилувчи ҳар қандай восита инсоннинг ўзига ҳам, жамиятга ҳам зарар келтиради.
Гиёҳвандликнинг энг оғир зарбаси инсон саломатлигига тушади. Бу иллат асаб тизимини издан чиқаради, ички аъзолар фаолиятига салбий таъсир кўрсатади, руҳий муаммоларни келтириб чиқаради. Вақт ўтиши билан инсон меҳнат қилиш қобилиятини йўқотади, ҳаётга бўлган қизиқиши сўнади, ўзининг оилавий ва ижтимоий масъулиятини англашдан узоқлаша бошлайди.
Бироқ масаланинг янада хавотирли томони шундаки, гиёҳвандлик фақат бир инсоннинг эмас, бутун оиланинг фожиасига айланади. Ота-оналар фарзанд доғида қолиши, турмуш ўртоқлари орасида меҳр-оқибат сўниши, фарзандлар эътибор ва тарбиядан маҳрум бўлиши мумкин. Бундай муҳитда вояга етаётган болаларнинг келажаги ҳам хавф остида қолади.
Мутахассислар таъкидлашича, гиёҳванд моддалар инсон насли ва соғлиғига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Бу эса келажак авлоднинг жисмоний ва руҳий камолотига салбий таъсир ўтказиши мумкин. Шу маънода гиёҳвандлик нафақат инсон ҳаётини, балки миллат келажагини ҳам таҳдид остига қўяди. Зеро, соғлом авлод ҳар қандай мамлакатнинг энг катта бойлиги ҳисобланади.
Бугунги кунда ёшларни бу иллатдан асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Аввало, оилада фарзанд тарбиясига жиддий эътибор қаратиш лозим. Ота-она фарзандининг дўстлари, қизиқишлари ва бўш вақтини қандай ўтказаётганидан доимо хабардор бўлиши керак. Шунингдек, таълим муассасалари, маҳалла ва кенг жамоатчилик ҳам ёшлар тарбиясида фаол иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга.
Ёшлар қалбида эзгулик, Ватанга муҳаббат, ҳалол меҳнатга ҳурмат ва маънавий қадриятларга садоқат туйғусини шакллантириш гиёҳвандликка қарши энг самарали чоралардан биридир. Чунки маънавий бўшлиқ пайдо бўлган жойда турли ёт ғоялар ва зарарли одатлар илдиз отиши осон кечади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, гиёҳвандлик инсон ҳаёти, оила фаровонлиги ва жамият тараққиёти учун жиддий хавф туғдирувчи оғир ижтимоий иллатдир. Унинг оқибатлари бир инсон тақдири билан чекланиб қолмайди, балки бутун миллат келажагига таъсир кўрсатади. Шу боис ҳар биримиз бу балога қарши муросасиз муносабатда бўлишимиз, фарзандларимизни огоҳлик ва соғлом турмуш тарзи руҳида тарбиялашимиз зарур. Зеро, соғлом авлод юртнинг таянчи, миллатнинг келажаги ва Ватан тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир.
Нуруллоҳ МАҲКАМОВ,
Чуст тумани бош имом-хатиби.