Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Июл, 2025   |   12 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:14
Қуёш
04:57
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:38
Bismillah
07 Июл, 2025, 12 Муҳаррам, 1447

Яхшиликнинг мукофоти

07.05.2020   3320   4 min.
Яхшиликнинг мукофоти

Хайр-саҳоват, меҳр-оқибат, сийлаи-раҳм каби улуғ фазилатлар доимо соҳибига зийнат бўлиб келган. Бундай олийжаноб хислатларни ўзида мужассам эта олган инсонгина эл-юртнинг оғирини енгил қила оладиган фазилатли шахс ҳисобланади.

Хайр-эҳсоннинг яхшиси бу қийинчилик ва муҳтожлик вақтда қилинганидир.

Бугун юртимизда карантин сабабли ана шундай хайр-саҳоват, яхшилик ва эҳсонларни кўпайтиришнинг айни вақтидир. Қолаверса, саҳоват ойи бўлган Рамазони шарифни кириб келгани ҳам хайр-эҳсонни кўпайтиришимизга чорлайди.

Аллоҳ таоло каломида шундай марҳамат қилади: “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур. . .. (Анъом сураси, 160-оят)

Мусулмонларнинг қиладиган яхшиликлари эвазига қилган ёмонликлари ёпилиб кетади. Энг аввало яхшиликни, яхшилик қилган инсонга эмас, балки яхшилик қилмаган инсонга нисбатан амалга оширилса, фазилатли ишни амалга оширган бўлади.

Агар яхшилик қилган инсонга яхшилик қилинса, бу-вафодорлик, Агар яхшилик қилмаган кишига яхшилик қилинса, бу-саҳоватдир. Агар ёмонлик қилган кишига яхшилик қилинса бу-айни мусулмончиликдир!

Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саҳоватли кишиси эди. Бир куни унга хотини: “Сизнинг биродарларингиздек пасткаш инсонларни кўрмаганман”, деди. У: “Нима учун бундай деяпсан?”, деди. Хотини: Агар сиз бойиб кетсангиз, улар сиздан ажралишмайди, агар сиз камбағал бўлиб қолсангиз, (хабар олиб) келишмайди”, деди. У хотинига қараб: “Аллоҳга қасамки, бу уларнинг мукаррам хулқ соҳиблари эканидандир. Уларга саҳоват кўрсатишга имконимиз бор пайтда келишади, агар уларнинг ҳаққини адо қилишдан ожиз бўлиб қолсак, бизни безовта қилиб, хижолатга қўймаслик учун келишмайди”,  деб жавоб берди.

Демак, саҳоватли инсон бой бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам саҳоват қилишга ошиқади. Шу билан бирга менга яхшилик қилгани учун яхшилик қиламан деб кутиб турмайди. Жамиятдаги ҳар бир инсонга нисбатан ёрдамга тайёр бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадиларки:

Мусулмон мусулмон кишининг биродаридир, унга зулм ҳам қилмайди ва биродарини душманига топшириб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатида бўлса, Аллоҳ унинг ҳам ҳожатида бўлади.

Кимки мусулмондан ғам ташвишни кетказса, Аллоҳ таоло қиёмат ғам ташвишларидан уни халос этади. Кимки мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло қиёматда унинг ҳам айбини беркитади, дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Мусулмон киши ўзимнинг ташвишим етарли, дея ёнидаги биродарининг ташвишини  ёдидан чиқармаслик керак. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари ва умматларининг ташвишларини ўз ҳолига ташлаб қўйганлари йўқ, балки уларнинг ташвишларини ҳам ўзларининг ташвишлари деб билганлар.

Қолаверса, шароитим йўқ, мен бой эмасман ёки мен эҳсон қила олмайман, дея ўзига тасалли бераётган кишилар оловни ўчирмоқчи бўлган чумолидан ўрнак олсалар яхши бўларди.

Айтишларича, Аллоҳнинг пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломни оловда

ёқмоқчи бўлишганда чумолилардан бири оғзида сув ташиб, оловни ўчирмоқчи бўлибди, шунда бошқа ҳайвонлар таажжуб билан: “Сен шу сувинг билан оловни ўчираман деб ўйлаяпсанми?”-дейишди. Чумоли: “Йўқ,   бунга ишончим йўқ, мен умид ҳам қилмайман, лекин харакат қиламан... Чунки, Аллоҳнинг олдида жавоб бермоғим бор...

Аллоҳ: Менинг пайғамбаримни ёқишганида сен нима қилдинг?!”- деб сўраса нима дейман. Қолаверса, мен ким томонида эканлигимни билдириб қўйишим керак,- деган экан чумоли.

Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қиладилар: “Ким хайру саҳоват кўрсатиб, кийимга муҳтож одамни кийинтириб, хурсанд қилса, Аллоҳ уни жаннат кийимлари билан кийинтиради. Ким бир кишини тўйдирса, овқатлантирса, жаннатдаги таомлардан насибадор бўлади”. Бошқа ҳадисда садақа ҳақида Пайғамбаримиз бундай деганлар: “Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганида ер юзига иккита фаришта тушади. Улардан бири: “Эй, Аллоҳ, инфоқ-эҳсон қилган инсоннинг моли ўрнини тўлдиргин” деса, иккинчиси: “Эй, Аллоҳ, зиқна одамнинг молига талафот етказгин”, деб дуо қилади” (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Демак, моддий имкониятга эга бўлган киши садақа қилиш, муҳтожларга ёрдам беришдан сира қўрқмаслиги, балки хайру эҳсон билан улкан савобларни қўлга киритишга ошиқмоғи зарур.

 

Абдулазиз Бобамирзаев

“Ҳидоя” ўрта махсусислом

билим юрти мудири

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар

Бахтли инсоннинг 4 белгиси

02.07.2025   5604   3 min.
Бахтли инсоннинг 4 белгиси

Бир куни Фатҳ ибн Хоқон халифа Мутаваккилнинг ҳузурига кирди. Халифа жим ўтарар ва бир нарса ҳақида чуқур ўйларди. Фатҳ бу жимликни бузиб: “Нималар ҳақида ўйлаяпсиз, эй мўминлар амири?” – дея сўради. Халифа: “Мен ер юзида турмуши энг фаровон киши ким экан?” деб ўйлаётган эдим”, деди. Фатҳ бўлса: “Дунёда энг фаравон ҳаёт кечираётган киши сиз-да! Аллоҳга қасамки, у – сизсиз!” – деди. Халифа: “Йўқ! Мен эмас. Кенг ҳовлиси, солиҳа аёли, қобил фарзандлари ва етарли ризқи бўлган киши – ҳаёти энг фаравон одамдир”, деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Тўрт нарса бахтнинг белгисидир: солиҳа аёл, кенг турар-жой, солиҳ қўшни, яхши улов. Тўрт нарса эса бадбахтлик белгисидир – ёмон хотин, ёмон қўшни, чатоқ улов, тор хонадон”, деганлар.

Баъзилар бахтни машҳурликда, молу давлатга эга бўлишда деб биладилар. Бу дунёда Аллоҳнинг мухлис бандаларигина ҳис қиладиган саодат таъмини тотиш бахтига мушарраф бўлмаган ҳолда яшаб ўтадилар.

Орифлардан бири: “Подшоҳлар бизда қандайин бахт борлигини билганларида эди, унга етишиш учун бизга қарши қилич кўтариб жанг қилишарди”, дейди.

Ғалаба билан саодат орасида катта фарқ бор. Ғалаба бу – ўзингиз истаб турганнинг устидан зафар қозониш бўлса, ненинг устидан ғолиб бўлсангиз, у сизнинг хоҳишингизга мансуб бўлмоғи чин саодатдир.

Оскар Уайльд[1]нинг шундай гапи бор: “Бахт фақатгина унга бир нечта кишилар билан бирга етишсанг ҳақиқий бўлади. Оғриқ, азоб ҳам фақатгина бир ўзингнинг бошинг­га тушса аламли бўлади. Саодат – бошқа кишиларни бахтли қилишдир”. 

 Олмон физиги Макс Планк: “Саодатни муҳофаза қилиш учун уни бошқалар билан бўлишишинг керак”, деган.

 Ғарб мутафаккирларидан яна бири: “Тажрибамдан ўтган нарса шуки, энг буюк бахт – яхшиликни яширинча қилганимдан кейин кутилмаганда бу яхшилигим одамлар қулоғига етиб боришини кўришим”, деган эди.

 Инглиз ёзувчиси Уильям Сомерсет Моэм[2]: “Биз улға­йиб борарканмиз саодат – олишда деб ўйлардик, кейинчалик билдикки, бахт – беришда экан”, дейди.

 Бахт – бошқаларга тортиқ қилиш ва яхши ишларни амалга оширишда мужассам. Бахт бировдан нарса олиш ва ўзганинг қўлига қарашда эмас.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Тўлиқ исми: Оскар Фингал О’Флаэрти Уиллс Уайльд. 1854 йилда Дублин шаҳрида туғилган. Шоир, драматург, сценарист. 1900 йил 30 ноябрда 46 ёшида  Парижда вафот этган.
[2]  1874 йил 25 январда Францияда туғилган. 1965 йил16 декабрда  Ницца шаҳрида вафот этган. 1897 йилда чоп этилган  “Ламбетлик  Лиза” романи билан машҳур бўлган.