Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Ноябр, 2025   |   21 Жумадул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:46
Қуёш
07:07
Пешин
12:12
Аср
15:25
Шом
17:10
Хуфтон
18:25
Bismillah
12 Ноябр, 2025, 21 Жумадул аввал, 1447

“Саҳарлик қилинглар! Саҳарликда барака бордир”

07.05.2020   6313   2 min.
“Саҳарлик қилинглар! Саҳарликда барака бордир”

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилинглар! Албатта, саҳарлик қилишда барака бордир”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Ушбу ҳадисда рўзадор саҳарлик қилишга тарғиб қилинади. Чунки саҳарлик қилишда кўплаб яхшиликлар ҳамда диний ва дунёвий буюк баракалар бор. Демак, саҳарлик қилиш фазилат, вожиб эмас. Агар вожиб бўлганида эди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва баъзи саҳобалар ўтар рўза тутмаган бўлар эдилар.

Энди қуйида юқоридаги ҳадисдан келиб чиқиб, саҳарликдаги фойдаларнинг бир нечтасини келтириб ўтамиз:

  1. Саҳарлик қилиш билан ибодатни тақво ила адо қилиш бор. Чуник гўё саҳарлик қилиш ила кундузги Қуръон қироати, намозлар ва зикрларни адо қилиш учун Аллоҳ таолодан ёрдам сўрашлик бор. Зеро, қорни оч инсон ибодатларни қилиш учун кучи етмай, дангасаликка йўл қўйиши мумкин.
  2. Саҳарлик қилиш билан очлик сабабли содир бўладиган гуноҳ ишлардан ўзини сақлаб қолади.
  3. Саҳарлик қилиш билан рўза тутишни енгил санаб ҳатто, яна кўпроқ рўза тутиш рағбати пайдо бўлади. Натижада рўза тутиш киши учун осон ишга айланади.
  4. Саҳарлик қилиш билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш бор. Агар суннат дея ният қилиб, саҳарлик қилса, ажрга ҳам эга бўлади. Бироқ, қорнини тўйдириш ва қувватга эга бўлиш мақсадида бўлса, ўша мақсадига эришади.
  5. Саҳарлик сабабли таҳажжуд намозини ҳамда дуо ва зикр қилиш учун энг хайрли вақт бўлмиш кечанинг охирида уйқудан уйғонади.
  6. Саҳарлик қилиш билан аҳли китобларга хилоф қилиш бор. Зотан, динимизда уларга ўхшашдан қайтарилганмиз. Ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биз билан аҳли китобларнинг рўзасидаги фарқ, саҳарлик ейишдадир”, дедилар.
  7. Саҳарликка туриш билан бомдод намозини жамоат бўлиб ўқишга муяссар бўлади. Шунинг учун ҳам рамазон ойида бошқа ойларга нисбатан бомдод намозида одамлар кўпаядилар.

Шунингдек, саҳарлик қилишда бир қанча манфаатлар бор. Баъзилари ошкор бўлган ва баъзилари ҳали ошкор бўлмаган. Нима бўлганда ҳам ҳақиқий мўмин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббати бор экан, у зотнинг айтганларидан манфаат топадими ёки йўқми, эргашишда давом этаверади. Аллоҳ таоло барчамизни севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишни осон қилсин.

Яҳё АБДУРАҲМАНОВ,

“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби.

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар

“Ўзбекистонда бағрикенглик: дин ва давлат муносабатлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди

12.11.2025   872   1 min.
“Ўзбекистонда бағрикенглик: дин ва давлат муносабатлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди

Фарғона вилоятида фаолият олиб бораётган диний соҳа ходимлари иштирокида “Ўзбекистонда бағрикенглик: дин ва давлат муносабатлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда имом-хатиблар, имом-ноиблар ҳамда отинойилар иштирок этдилар. Суҳбат давомида юртимиздаги динлараро ва миллатлараро тотувлик сиёсати, шунингдек, бугунги глобал жараёнларда диний соҳа ходимларининг ўрни ва масъулияти ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессорлари Фарҳоджон Каримов ва Бектош Бердиевлар маъруза билан чиқиш қилдилар. Улар ўз нутқида бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни жамият барқарорлиги, давлат сиёсатининг асосий устуни сифатида таъкидлаб ўтди.

Янги Ўзбекистонда дин ва давлат муносабатлари бир-бирини тўлдирувчи, халқ манфаатига хизмат қилувчи тизим сифатида шаклланмоқда. Бағрикенглик – бу шунчаки шиор эмас, балки ҳар бир фуқаронинг қалбида жой олиши керак бўлган қадрият экани, таъкидланди.

Шунингдек, бугун жаҳондаги зиддиятлар, айниқса, диний ниқоб остидаги низолар барча жамиятларни огоҳ бўлишга чорламоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда турли миллат ва дин вакилларининг тинч-тотув, ўзаро ҳурмат муҳитида яшаб келаётгани қайд этилди.

Тадбир давомида иштирокчилар давлат ва дин муносабатлари ҳақидаги қонунчилик асослари, диний эркинликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар, шунингдек, жаҳолатга қарши маърифат орқали курашишдаги янги йўналишлар ҳақида ҳам фикр алмашдилар.

Суҳбат сўнгида мамлакатимиздаги тинчлик ва тотувлик муҳитини сақлаб қолишда ҳар бир имом, ҳар бир маърифат фидоийси ўз ҳиссасини қўшиши лозимлигини таъкидлаб ўтилди.

Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

“Ўзбекистонда бағрикенглик: дин ва давлат муносабатлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди “Ўзбекистонда бағрикенглик: дин ва давлат муносабатлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди “Ўзбекистонда бағрикенглик: дин ва давлат муносабатлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди “Ўзбекистонда бағрикенглик: дин ва давлат муносабатлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди “Ўзбекистонда бағрикенглик: дин ва давлат муносабатлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди