Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Апрел, 2026   |   24 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:29
Аср
17:04
Шом
19:05
Хуфтон
20:21
Bismillah
13 Апрел, 2026, 24 Шаввол, 1447

Рамазон барокотлари

06.05.2020   6592   10 min.
Рамазон барокотлари

Ислом динида Рамазон ойи улуғ ойлардан ҳисобланади. Унда рўзадор одамнинг уйқуси ҳам ибодат, намозини қоим қилиш ҳам ибодатдир. Унинг ҳар бир амалига кўплаб савоблар зиёда қилинади. Рамазон  мусулмон кишининг дуоси қабул бўладиган ойдир. Рамазон ойи Аллоҳ таолонинг раҳмат ва баракалари ёғиладиган ойдир. Рамазон мўмин ва мусулмонлар учун барака ойидир. Барокотларнинг ададини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Ҳозир эътиборингизга Аллоҳ таоло қодир қилганича улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

  • Рамазонда Қуръоннинг баракаси:

 Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Бақара сурасининг 185-оятида “Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган.”

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг авжи Рамазонда Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашган кезлари бўлар эди. Тасаввур қилинг Қуръон карим тиловат қилинганда ерга қанчадан қанча фариша тушади. Аллоҳ таолонинг энг сўнги китобини шу ойда нозил бўлиши ҳам бу ойнинг улуғ барокатли ой эканлигини билдиради.

  • Рамазонда рўзанинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг олдинги (ўтган) гуноҳлари мағфират қилинади” дедилар . Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Ҳадис қудсийда (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Раббилари Аллоҳ таолодан ривоят қилганлар) Аллоҳ таоло: “ Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Магарам, рўза ундай эмас. У Мен учундир. Унинг мукофатини Мен берурман. У (одам боласи)шаҳватини ва таомини Мен учун тарк қилур”-деди. Имом Муслим ривоят қилганлар

  • Рамазондаги биринчи кечанинг баракаси:

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланади. Дўзаҳ эшиклари ёпилади. Улардан бирон эшик очилмас. Жаннатнинг эшиклари очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Ҳар кеча бир нидо қилувчи:

“ Эй, яхшиликни истовчи, келиб қол! Эй, ёмонликни истовчи, бас қил”- деб нидо қилади” дедилар. Имом Термизий ривоят қилганлар.

  • Рамазон кечаларида қоим бўлиш ва таҳажжуднинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Ким Рамазонда иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур” деганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар.

  • Рамазон ойида садақанинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида қилинган садақадир” деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишда ўз умматларига ўрнак бўлар эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам  яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг энг авжи Рамазонда бўлар эди. У зот Рамазонда эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар.

  • Ифторга шошилишнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Модомики ифторга шошилишар экан, одамлар яхшиликда бўлаверадилар”дедилар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

Аллоҳ азза ва жала: “Бандаларимнинг менга маҳбуброғи оғиз очишни тезлатганлари”, деб айтди” дедилар.

  • Ифторлик қилиб беришнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас” дедилар. Имом Термизий ривоят қилганлар.

Бу билан у ўзи рўза тутмаса бўлади дегани эмас. Чунки, рўза фарз ибодат ҳисобланади. Бу ҳадис ифторлик қилиб беришнинг қанчалик савоби улуғ иш эканини билдириш учун айтилган.

  • Рамазонда ифторлик пайтида қилинадиган дуонинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ифторлик вақтида:

“Аллоҳ номи билан, Аллоҳим сен учун рўза тутдик. Сенинг ризқинг билан ифторлик қилдик, бизлардан (рўзамизни) қабул қилгин. Албатта Сеннинг ўзинггина эшитувчи, билувчисан” демоқни васият қилдилар.

  • Рамазонда ижобат бўладиган дуо баракаси:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Рўзадор учун ифторлик вақтида рад қилинмайдиган дуо бор дедилар. Бошқа бир ҳадисда “ Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлади. Роббисига йўлиққан вақтда (Рўзаси) билан хурсанд бўлади” дедилар. Имом Муслим ривоят қилганлар.

  • Рамазонда Лайлатул қарднинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Ким Қадр кечасида иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади” дедилар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Чунки, Қадр кечаси минг ойдан афзалдир. Шунинг учун баъзи саҳоба ва тобеинлар Рамазоннинг охирги ўн кунликда, ғусл қилиб, ўзларига хуш бўйликлар сепиб, юришарди. Қадр кечаси шу ўн кун ичида бўлгани учун.

  • Рамазонда саҳарликни баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бор”, деганлар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Яна бошқа бир ҳадисда:

 “Бизларнинг рўзамиз билан Аҳли китоблар рўзасини орасини ажратиб турадиган нарса саҳарда таомланмоқ” деганлар.

  • Рамазонда фитр садақасини баракаси:

Рўзадор рамазон рўзасини тутиб бўлгандан кейин рўза давомида қилинган хато ва камчиликларни тўлдириш учун берилади. Фитр садақасини Ийди Фитрнинг тонги отиши билан вожиб бўлади. Ундан олдин бериш жоиздир.

  • Рамазон ойида умранинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Рамазон ойида қилинган умра ҳажга тенгдир” деганлар.

  • Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳиднинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Албатта, рўзадорнинг оғзидаги ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир” дедилар. Имом Муслим ривоят қилганлар.

  • Рамазонда чиройли хулқ ва одобли бўлишни баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Агар сизлардан бирингиз рўза тутса фаҳш ҳамда лағв сўзларни гапирмасин. Агар бирор киши сўкса ёки урушса, мен рўзадорман”, десин” дедилар.

  • Рамазонда унутиб таом истеъмол қилишнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Ким рўзадорлигини унутиб қўйиб еса ёки ичса, рўзасини давом эттираверсин. Чунки, Аллоҳ у кишини таомлантирибди ва сероб қилибди, холос” дедилар. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилганлар.

  • Рамазонда рўзани очиб бўлгандан кейин таомланиш ва серобланишнинг баракаси:

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: Бақара сураси 187 оят:

Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар” деб марҳамат қилган.

  • Рамазонни ёши улуғлар ва ҳомиладор аёлларга баракаси:

Аллоҳ таоло катта ёшдаги рўза тута олмайдиган кишиларни фидя беришга буюрган. Аллоҳ таоло Қуръон карим  Бақара сурасининг 184 оятида:

“(Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим.” деган.

Ҳомиладор аёл бўлса туғуб бўлгандан сўнг рўзасининг қазосини тутиб беради.

  • Рамазонда жаннатнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Аллоҳ таоло рамазонниг хар куни жаннатини зийнатлайди” деганлар.

Яна бошқа бир ҳадисда эса, Жаннатдаги бир эшик фақат рўзадорлар учун эканлиги келган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Жаннатда бир эшик бор. У “Райён” дейилади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. “Рўзадорлар қани?”дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киргач, у беркитилади. Кейин ундан ҳеч ким кирмайди” дедилар. Имом Бухорий ривояат қилганлар.

  • Рамазонда истиғфорнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Рамазонда фаришталар рўзадорлар ифторлик қилгунларича уларга истиғфор айтадилар” дедилар.

  • Рамазонда хайрли ишларнинг баракаси:

Имом Суфён Саврий агар рамазон келса, ҳамма нафл ибодатларни тарк қилиб, фақат Қуръон тиловот қилар эдилар.

  • Барча тоатларнинг жамланишидаги барака:

Рамазонда барча тоатлар жамланади. Масалан, намоз, рўза, тунлари қоим бўлиш, масжидларда Қуръони каримнинг хатм қилиниши, умра зиёрати, рўзадорларга ифторлик қилиб бериш, истиғфор айтиш, тавба қилиш, қариндошлардан хабар олиш ва бошқа ибодатлар.

Аллоҳ таоло барчаларимизга бу баракалардан баҳраманд бўлишни насиб қилсин!

 

Тошкент вилояти, Қибрай тумани,

“Саъдулла ота” жоме масжиди имом-хатиби

Мирҳамидов Обид

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳар бир инсон синовдадир

05.02.2026   19048   3 min.
Ҳар бир инсон синовдадир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ниҳоят, Амр ибн Оснинг қалби ислом нурини кўрди. Маккадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Исломга кириш учун Мадина сари йўлга тушди. Йўлда Холид ибн Валидга учради. У ҳам Мадинага мусулмон бўлиш учун кетаётган экан. Қурайшнинг энг ақлли ва закийси ҳамда унинг бемисл қаҳрамони бир кунда Исломга киришди.

Динимизнинг ажойиблигига қаранг! Шаҳарлардан олдин қалбларни фатҳ қилади. Қўрғонлардан олдин кўнгилларни эгаллайди!

Амр ибн Ос масжидга бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга деди:

- Эй Аллоҳнинг Расули! Қўлингизни очинг, байъат қиламан!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини очдилар. Аммо Амр қўлини мушт қилиб олди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар:

- Сенга нима бўлди, Амр?

- Шартим бор!

- Шартинг нима экан?

- Менинг мағфират қилинишим!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Билмайсанми, Ислом олдинги гуноҳларни йўқотиб ташлайди! - дедилар.

Тавба янгидан исломга киришдир. Аллоҳ томон юзланинг. Гуноҳингиз ҳар қанча катта бўлмасин, афвдан умид узманг. Ширкдан кўра катта гуноҳ йўқ. Зино, ўғирлик, рибо ейиш қанчалар катта гуноҳ бўлмасин, ширкнинг олдида кичикдир. Шундай бўлса-да, мушрик агар ширкини тарк қилиб, Аллоҳга қалби билан юзланса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади. Энди осий мусулмонни кечириши унинг гуноҳлари қанчалик катта бўлмасин, албатта, лойиқ ва муносиб бўлади!

Инсонларнинг гуноҳлари қанчалар катта бўлмасин, Аллоҳнинг мағфирати ундан-да, каттадир!

Тавбанинг учта шарти бор:

1. Дарҳол ўша гунохдан сақланиш.
2. Пушаймон бўлиб ўша гуноҳга қайтмасликка азм этиш. Агар заифлик қилиб, яна гуноҳга қайтиб қолса, яна тавба қилиш.

Менинг қалбимга ўрнашиб қолган бир ҳадис бор, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Мўмин банданинг вақти-вақти билан қилиб турадиган гуноҳи бўлади. Дунёдан ўтгунича ажрала олмайдиган гуноҳи бўлади. Мўмин киши синовдадир (Аллоҳ уни бало, гуноҳ ва фитналар билан синайди), у кўп тавба қилувчи бўлади, у (қилган гуноҳларини) унутувчи бўлади. Агар унга эслатилса, эслайди (яъни Аллоҳнинг азоби эслатилса, эслаб гуноҳидан қайтади)».

Имом Табароний ривоят қилган, саҳиҳ.

3. Агар бировларнинг ҳаққини еган, ерини тортиб олган ёки меросда бошқанинг улушини эгаллаб олган бўлса, уларни қайтариб тавба қилинади.

Агар бир кунда минг марта гуноҳ қилсангиз, Аллоҳга минг марта тавба қилинг. Шайтон энг кўп истайдиган нарса банданинг ноумидлигидир. Умидни узишдан сақланинг!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Мақолалар