Рўзанинг шаръий маъноси ейиш, ичиш ва эр-хотин жинсий яқинлик қилишдан тийилиш демакдир. Рўзанинг фарзлигига Қуръон, суннат, ижмоъ ва маъқул далиллар мавжуд. Қуръондаги далил:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”. (Бақара, 183). Шунингдек:
فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ
яъни: “Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин”, ояти ҳам Рамазон рўзасининг фарзлигига далилдир. (Бақара, 185).
Суннатдаги далил эса Пайғамбар с.а.в.нинг қуйидаги ҳадиси муборакларидир:
بني الإسلام على خمس : شهادة أن لا إله إلا الله ، وأن محمدا رسول الله ، وإقام الصلاة ، وإيتاء الزكاة ، وصوم رمضان ، وحج البيت من استطاع إليه سبيلا
(رواه البخاري ومسلم) .
яъни: “Ислом беш нарсага бино қилинган: Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканлигига гувоҳлик бериш, намоз ўқиш, закот бериш, Рамазон рўзасини тутиш, йўлга қодир бўлган киши ҳажга бориши”. )Бухорий ва Муслим ривояти). Шунингдек,
عن أبي إمامة الباهلي رضي الله عنه قال: سمعت رسول الله صلي الله عليه وسلم يخطب في حجة الوداع فقال: (( اتقوا الله، وصلوا خمسكم، وصوموا شهركم، وأدوا زكاة أموالكم، و أطيعوا أمراءكم، تدخلوا جنة ربكم
(رواه الترمذي)
яъни: Абу Имома ал-Боҳилий р.а. айтадилар: Мен Расулуллоҳ с.а.в.ни Ҳажжатул Вадоъдаги хутбада шундай деганларини эшитганман: “Аллоҳга тақво қилинг, беш вақт намозингизни ўқинг, бир ой рўзангизни тутинг, молларингизни закотини беринг, амирларингизга итоат қилинг, Раббингизнинг жаннатига дохил бўласизлар” (Термизий ривояти).
Рамазон ойи рўзасининг фарз эканлигига ва уни фақат кофир кимсагина инкор қилиши мумкинлигига мусулмон уммати бир овоздан ижмоъ қилганлар.
Маъқул далил қуйидагиларда кўринади, биринчидан: рўза неъматга шукр келтириш учун василадир. Чунки, рўза неъматларнинг ичида энг қадрлиси ва зарури бўлмиш ейиш, ичиш ва жимоъ қилишдан нафсни тийиш бўлиб, маълум вақт ўзини бу неъматлардан тийган киши унинг қадрига ета бошлайди. Зеро, неъматнинг қадри ундан бебаҳра бўлгандагина билинади. Бу эса, кишини неъматга шукр қилишига сабаб бўлади. Неъматга шукр қилиш ҳам ақлан ва ҳам шаръан фарздир. Шунинг учун Қуръони каримдаги рўзага оид оятнинг сўнгида:
لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ
яъни: “шукр қилишингиз учундир”, дейилмоқда. (Бақара, 185).
Иккинчидан, рўза тақвога василадир. Чунки, киши Аллоҳнинг розилигини истаб, унинг аламли азобидан қўрқиб ҳалол неъматлардан нафсини тияди. Бунда нафси унга итоат қилади. Бас, шундай экан, нафснинг ҳаромдан ҳазар қилиши янада осонроқ кечади. Шундай экан, рўза нафсда Аллоҳ ҳаром қилган амаллардан тийилишга кўникма ҳосил бўлишига сабаб бўлади. Ҳаромдан сақланиш эса фарздир. Шунинг учун ҳам Қуръони каримдаги рўзага оид оятда:
لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
яъни: “шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”, дейилган (Бақара, 183).
Ҳар бир ибодатда бўлгани каби рўзанинг ҳам фарз бўлишининг ҳикмати бор. Рўза инсонни тарбиялашда, унинг ахлоқини гўзаллашувида катта аҳамият касб этади. Зеро, тарбия маёғи бўлмиш рўза туфайли киши нафақат жисмонан, балки маънан ва ахлоқан покланади. Ибн Можа ўзларининг “Сунан” китобларидан қуйидаги ҳадисни келтирадилар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : لِكُلِّ شَيْءٍ زَكَاةٌ وَزَكَاةُ الْجَسَدِ الصَّوْمُ
яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. айтдилар: “Ҳар бир нарсанинг закоти бор, жасаднинг закоти рўзадир”. Маълумки, закотнинг маъноси тозалаш демакдир. Демак, рўза туфайли киши жасадини ундаги ортиқча ва зарарли моддалардан тозаласа, ахлоқини зарарли одат ва хулқлардан тозалаб олади. Чунки, аъзоларни гуноҳ ишларни қилишдан тийиш рўзанинг мақбул бўлишининг асосий шартларидандир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ с.а.в. ҳадисларининг бирида марҳамат қилдилар:
عن أبي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم من لم يدع قول الزور والعمل به فليس لله حاجة في أن يدع طعامه وشرابه
(رواه البخاري).
яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ким гуноҳ гапни ва гуноҳ амални қўймаса таоми ва шаробини тарк этганига Аллоҳ муҳтож эмас”. (Бухорий ривояти).
Демак, рўза кишида инсоний фазилатларни мужассам бўлишлиги ва номуносиб иллатлардан қутилишига кўмак берадиган улуғ ибодатдир.
Ҳомиджон Ишматбеков.
Бугунги глобаллашув ва ахборот технологиялари жадал ривожланаётган даврда ёшлар тарбияси, уларнинг соғлом ва баркамол инсон бўлиб вояга етиши ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, ёшлар – миллатнинг эртанги куни, мамлакатнинг таянчи ва келажагидир. Шу боис уларни турли ёт ғоялар, зарарли одатлар ва жамият тараққиётига таҳдид солувчи иллатлардан асраш барчамизнинг муқаддас бурчимиз ҳисобланади.
Бугунги кунда ёшларимиз олдида турган энг катта хавфлардан бири – гиёҳвандликдир. Бу иллат нафақат инсон саломатлигига, балки унинг маънавий дунёсига, оиласига, жамиятга ва давлат тараққиётига ҳам жиддий зарар етказади. Гиёҳвандликка мубтало бўлган инсон ўзининг соғлиғи, обрўси ва келажагини хавф остига қўйибгина қолмай, атрофидаги инсонларнинг ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Гиёҳванд моддалар инсон организмини секин-аста емириб боради. У асаб тизими, юрак-қон томирлари, жигар ва бошқа муҳим аъзолар фаолиятига жиддий зарар етказади. Энг ачинарлиси, инсоннинг ақлий қобилияти пасайиб, фикрлаш доираси тораяди, ҳаётга қизиқиши сўнади. Натижада у таълимдан, меҳнатдан, оиладан ва жамиятдан узоқлашиб, турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга қўл уриши мумкин.
Ислом дини инсон саломатлиги ва ҳаётини асрашга алоҳида аҳамият беради. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Эй иймон келтирганлар! Албатта, май ичиш, қимор ўйнаш, бутларга сиғиниш ва фол очиш – шайтоннинг нопок ишларидандир. Улардан узоқ бўлинглар, шоядки нажот топсангизлар.” (Моида сураси, 90-оят)
Ушбу оятда инсон ақлини заифлаштирувчи ва уни тўғри йўлдан оғдирувчи барча нарсалардан узоқ бўлишга чақирилган. Гиёҳванд моддалар ҳам инсон онги ва иродасини заифлаштириши билан мазкур огоҳлантириш мазмунига киради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам инсоннинг ўз танаси ва саломатлиги олдида масъул эканини таъкидлаб шундай деганлар:
“Жисмингнинг ҳам сенда ҳаққи бор, кўзингнинг ҳам сенда ҳаққи бор, оилангнинг ҳам сенда ҳаққи бор”. (Имом Бухорий, Имом Муслим)
Демак, инсон ўз ҳаёти ва соғлиғини асраши, унга зарар етказувчи ҳар қандай омилдан узоқ бўлиши лозим.
Бугунги кунда гиёҳвандликнинг янги ва хавфли кўринишлари пайдо бўлмоқда. Хусусан, синтетик наркотиклар ёшлар орасида жиддий таҳдидга айланмоқда. Улар арзонлиги, яширин тарқатилиши ва интернет орқали сотилиши билан хавфли ҳисобланади. Айрим ҳолларда ёшлар бу моддаларнинг оқибатларини англамасдан, қизиқиш ёки тенгдошлар таъсирида уларни истеъмол қилишга мойил бўлиб қолмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини муҳофаза қилиш мақсадида гиёҳвандликка қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мазкур соҳада қонунчиликни такомиллаштириш, профилактика ишларини кучайтириш ва замонавий таҳдидларга қарши самарали механизмларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг аналогларининг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун қабул қилинди. Унда аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши қаратилган жиноятлар учун жазо чораларини кучайтириш назарда тутилган.
Шунингдек, ноқонуний нарколаборатория ташкил қилиш, наркотик моддалар савдосини бошқариш, бангихона ташкил этиш каби оғир жиноятлар учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда. Бу эса гиёҳвандликка қарши курашишни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Янги қонун лойиҳаларида аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизларда гиёҳвандликка қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш, интернет орқали содир этилаётган наркожиноятларга қарши курашиш, эрта профилактика, ташхис қўйиш, даволаш ва реабилитация тизимини такомиллаштириш масалаларига устувор аҳамият берилмоқда.
Гиёҳвандликнинг зарари фақат инсон саломатлиги билан чекланиб қолмайди. У мамлакат иқтисодиётига ҳам катта салбий таъсир кўрсатади. Меҳнат қобилиятининг пасайиши натижасида ишлаб чиқариш самарадорлиги тушиб кетади. Давлат бюджети ҳисобидан даволаш, реабилитация ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ишларига катта маблағлар сарфланади. Шу билан бирга, гиёҳвандлик жиноятчиликнинг кўпайишига, оилалар парокандалигига ва ижтимоий муаммоларнинг ортишига сабаб бўлади.
Бу иллатга қарши курашда оила, маҳалла, таълим муассасалари, диний ташкилотлар ва жамоатчиликнинг ҳамкорлиги жуда муҳимдир. Фарзандлар билан доимий мулоқот қилиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонлик, спорт ва ижодий фаолиятга жалб қилиш орқали кўплаб салбий ҳолатларнинг олдини олиш мумкин.
Азиз ёшлар! Сизлар мамлакатимизнинг энг катта бойлиги ва келажагисиз. Ҳаётда катта мақсадлар қўйинг, илм олинг, касб эгалланг, спорт билан шуғулланинг, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга интилинг. Гиёҳванд моддалар ҳеч қачон бахт ва муваффақият олиб келмайди. Аксинча, улар инсонни ҳалокат сари етаклайди.
Пок ҳаёт, соғлом турмуш тарзи, мустаҳкам ирода ва эзгу мақсадлар ҳар қандай ёмон йўлдан сақлайди. Шунинг учун ҳар биримиз гиёҳвандликка қарши муросасиз муносабатда бўлишимиз, ёшларимизни бу иллатдан асраш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишимиз зарур.
Хулоса қилиб айтганда, гиёҳвандлик – жисм ва руҳни емирувчи, оила ва жамиятни издан чиқарувчи, иқтисод ва маънавиятга катта зарар етказувчи иллатдир. Ундан ёшларни асраш – нафақат давлат идоралари, балки ҳар бир ота-она, устоз, имом-хатиб ва фуқаронинг муқаддас вазифасидир.
Келажагимизни асрайлик, ёшларимизни соғлом ва пок ҳаёт сари чорлайлик! Зеро, ёшларимиз – бизнинг келажагимиздир.
Фируз АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги матбуот котиби