Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Июл, 2025   |   9 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:11
Қуёш
04:55
Пешин
12:33
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:40
Bismillah
04 Июл, 2025, 9 Муҳаррам, 1447

“Рамазон – Куръон ойи” - Оли Имрон сураси фазилатлари

04.05.2020   6520   2 min.
“Рамазон – Куръон ойи” - Оли Имрон сураси фазилатлари

 

Оли Имрон Имроннинг оиласи дегани. Имрон – Марямнинг отаси (Исо алайҳиссаломнинг бобоси). Бу сурада Имрон, унинг оиласи ҳақидаги қисса зикр этилган. Шунинг учун сура “Оли Имрон” деб номланган.

Мазкур сурада Бадр, Уҳуд жанглари, Исо алайҳиссалом қиссаси, Аллоҳга ширк келтиришнинг энг катта гуноҳлиги, шариат аҳкомлари баён қилинган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар. Чунки у қиёмат куни ўз аҳлига шафоатчи бўлади. Икки ёритувчи нур – Бақара билан Оли Имрон сурасини ўқинглар. Иккиси қиёмат куни икки булут ёки икки соябон ёки бир гуруҳ саф-саф қушлар шаклида келиб соҳиблари ҳожатини чиқаради. Бақара сурасини ўқинглар. Уни олиш (ўқиш, ёд олиш, амал қилиш) барака, тарк этиш ҳасратдир. Унга сеҳргарлар қодир бўла олмайди”, деганлар (Имом Муслим, Имом Доримий, Имом Аҳмад, Имом Ҳоким, Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Уламолар айтишича, мана шу икки сурадан ҳосил бўлган ажр-савоб қиёмат куни булут шаклида келиб бандага соябон бўлади.

Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ўтиргандим. У зот: “Бақара ва Оли Имрон сураларини ўрганинглар. Чунки иккиси ёритувчи нурдир. Улар қиёмат куни сояли булут ёки саф-саф қуш бўлиб келиб эгаларини соясига олади”, дедилар”.

Язид ибн Асвад айтадилар: “Ким кундузи Бақара ва Оли Имрон сурасини ўқиса, кеч киргунча нифоқдан саломат бўлади. Ким уларни кечаси ўқиса, тонг отгунча нифоқдан сақланади”.

Каъб ибн Моликдан ривоят қилинади: “Ким Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқиса, иккиси қиёмат куни келиб: “Парвардигоро, бу (банда) учун (азоб-уқубатга) йўл йўқ!” дейди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким жума куни Оли Имрон сурасини ўқиса, Аллоҳ ва фаришталари кун ботгунича унга салавот айтадилар”, деганлар (Имом Табароний ривояти).

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар

Аҳли аёлга қилинган нафақа садақадир

30.06.2025   7263   7 min.
Аҳли аёлга қилинган нафақа садақадир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مُغَفَّلٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «نَفَقَةُ الرَّجُلِ عَلَى عِيَالِهِ صَدَقَةٌ».

Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг аҳли аёлига қилган нафақаси садақадир», дедилар.

Шарҳ: Дарҳақиқат, аҳли аёлга нафақа қилиш садақадир. Чунки бунда киши вожиб ибодатни адо этади. Зотан, шариат ҳукми бўйича аҳли аёлнинг нафақаси вожибдир. Бу Аллоҳ таолонинг амридир. Шариатда кўрсатилган амални Аллоҳнинг амрини бажариш нияти билан қилиш Аллоҳ таолонинг йўлида қилинган иш бўлади. Шунинг учун ўз аҳли аёлимга берсам, садақанинг савобидан маҳрум бўламан, деган тушунча нотўғридир. Аксинча, яхши ният билан, шариатнинг буйруғини, Аллоҳ таолонинг ҳукмини адо этяпман, аҳли аёлимнинг нафақаси менга вожибдир, шуни ҳалолдан адо этаман, деб ҳаракат қилган киши аҳлининг нафақаси туфайли улуғ ажрларга эришади.
 

عَنِ الْحَسَنِ يَرْفَعُ الْحَدِيثَ قَالَ: «إِذَا أَنْفَقَ الرَّجُلُ عَلَى أَهْلِهِ مِنْ غَيْرِ إِسْرَافٍ وَلَا إِقْتَارٍ كَانَتْ نَفَقَتُهُ بِمَنْزِلَةِ النَّفَقَةِ فِي سَبِيلِ اللهِ».

Ҳасандан ривоят қилинади: «Киши аҳли аёлига исроф ҳам қилмай, жуда сиқиб ҳам қўймай нафақа қилса, Аллоҳнинг йўлидаги нафақа ўрнида бўлади».

Шарҳ: Аҳли аёлга, яъни қарамоғидагиларга қилинган нафақада исроф қилиш ҳам, хасислик қилиш ҳам дуруст эмас. Балки ўртача, бир меъёрда нафақа қилиб бориш Аллоҳнинг йўлидаги нафақа бўлади.

Аҳли аёлнинг нафақасида исрофга йўл қўйиш барча ҳолатлардаги исроф каби ношаръий иш ҳисобланади. Шу билан бирга, бу иш аҳли аёлнинг ҳаддидан ошишига, одобсизликларга қўл уришига сабаб бўлиб қолиши ҳам мумкин.

Аҳли аёлнинг нафақасини сиқиб қўйиш бахилликнинг ёрқин намунасидир. Бу нафақадаги кишиларнинг ҳаққини поймол қилишдир.

Барча иш ва ҳолатлардаги каби, бу ишда ҳам ўртача бўлиш маъқул. Зотан, динимиз васатийлик – ўртача йўл тутиш динидир.


Аллоҳ таоло Фурқон сурасида айтади: «Инфоқ қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, бу иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар» (67-оят).

Араб тилида «инфоқ» – «нафақа» иборалари мол-пул сарфлаш маъносини англатади. Бизда «бировга садақа қилиш», «эҳсон қилиш» маъносида ишлатиш одат тусига кириб қолганлиги оятни нотўғри тушунишга, хайр-эҳсон, садақа қилганда мўътадил бўлиши кераг-у, бошқа вақтларда нима қилса, ўзи билади, деган хаёлга олиб келмаслиги лозим.

Мусулмон киши мол-пул сарфлашда доимо мўътадил бўлиши керак. Мол-дунёни ҳеч қачон исроф ҳам қилмаслиги ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда сарфлашдан бош тортмаслиги ҳам керак.

Исломда шахсий мулкчиликка кенг йўл очиб қўйилган. Шу билан бирга, кишиларга шахсий мулкларини ҳавойи нафсларига биноан тасарруф қилишларига ҳам йўл қўйилмайди. Аввало, бу мулкни гуноҳ ишларга, ҳаром-ҳаришга ишлатиш ман қилинган.

Шунингдек, мол-мулкни беҳуда сарфлашга «исроф» деган номни бериб, мусулмонлар исрофдан қайтарилган. Мол-мулкини беҳуда, ноўрин сарфлайдиган одам «сафийҳ» – эси паст дейилади. Ким сафийҳ бўлса, маҳкаманинг ҳукми ила унинг мол-мулки музлатиб қўйилади. Керак бўлганида, маълум миқдори берилади, қолгани сақлаб турилади.

Шу билан бирга, ўта хасис одамга қарши чора ҳам кўрилади. Бола-чақасидан, нафақасидагилардан қисиб, уларга ҳақлари даражасида сарф қилмаса, маҳкама уларнинг ҳақларини олиб беради.


Исрофгарчилик ва хасисликни танқид этиб, қораловчи кўплаб ҳадислар келган.

عَنْ أَبِي الْمُخَارِقِ قَالَ: خَرَجَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي غَزَوةِ تَبُوكَ فَطَلَعَتْ نَاقَتُهُ، فَقَامَ عَلَيْهَا سَرِيعًا، فَمَرَّ بِهِ رَجُلٌ، فَقَالَ لَهُ بَعْضُ أَصْحَابِهِ: مَا رَأَيْنَا كَالْيَوْمِ رَجُلًا أَجْلَدَ وَلَا أَقْوَى لَوْ كَانَ فِي سَبِيلِ اللهِ. فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنْ كَانَ يَسْعَى عَلَى صِبْيَةٍ صِغَارٍ فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَإِنْ كَانَ يَسْعَى عَلَى وَالِدَيْهِ فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَإِنْ كَانَ يَسْعَى عَلَى نَفْسِهِ لِيُغْنِيَهَا فَهُوَ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَإِنْ كَانَ يَسْعَى رِيَاءً وَسُمْعَةً فَهُوَ لِلشَّيْطَانِ».

Абул Мухориқдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига чиқдилар. Туялари келиб қолди. Унга тезда миндилар. Шунда олдиларидан бир киши ўтиб қолди. Ҳамма ўша кишига қаради. Шунда саҳобалардан бири у зотга: «Бугунгига ўхшаш бақувват, чапдаст одамни ҳеч кўрмаган эдик. Қани энди у Аллоҳнинг йўлида бўлса», деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар у ўзининг кичик болалари учун уринаётган бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у ота-онасига яхшилик қилиш учун уринаётган бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у ўзининг беҳожатлиги учун уринаётган бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар риё ва хўжакўрсин учун уринаётган бўлса, шайтоннинг йўлидадир», дедилар».

Шарҳ: Демак, мўмин-мусулмонлар риёкорликдан, хўжакўрсинчиликдан, фалончи гапиради, пистончи кулади, фалончини қойил қилиб қўяй, каби банданинг риоясини қилишдан мутлақо узоқ бўлишлари, ҳазир бўлишлари керак. Балки ҳар бир ишни соф ният билан, шариатда кўрсатилганидек, Аллоҳ таолодан савоб умидида адо этиш лозим экан. Шунда ҳам ҳожати раво бўлади, ҳам мурод-мақсадига етиб, бошқаларни хурсанд қилади, энг муҳими, Аллоҳнинг йўлида амал қилган инсон даражасига кўтарилади.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Ўзининг кичик болалари учун уринаётган одам Аллоҳнинг йўлида уринаётган шахс экани.
2. Ота-онасига яхшилик қилиш учун уринаётган одам Аллоҳнинг йўлида уринаётган шахс экани.
3. Ўзининг беҳожатлиги учун уринаётган одам Аллоҳнинг йўлида уринаётган шахс экани.
4. Риё ва хўжакўрсин учун уринаётган одам шайтоннинг йўлида уринаётган шахс экани.

قَالَ شُعْبَةُ: فَقُلْتُ لِعَدِيٍّ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ؟ فَقَالَ: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا أَنْفَقَ الرَّجُلُ عَلَى أَهْلِهِ نَفَقَةً يَحْتَسِبُهَا كَانَتْ لَهُ صَدَقَةً».

Шуъбадан ривоят қилинади:

«Адийга: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламданми?» дедим.

«Ҳа, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан. У зот: «Қачон киши аҳлига савоб умидида нафақа қилган бўлса, унинг учун садақадир», дедилар», деди».

Шарҳ: Аҳлига, қарамоғидагиларга савоб умидида, бу Аллоҳнинг ҳукми, шариатнинг буйруғи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари, бу менга вожиб, деган ниятда ва албатта, ҳалол-пок йўл билан топилган молдан қилинган нафақа садақа ўрнига ўтиб, улкан ажр-савобларга сабаб бўлиши шубҳасиз ҳақиқатдир.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз