Рўзанинг фойдалари ҳақида илм-фан кўплаб тадқиқотлар ўтказиб сон-саноқсиз ижобий хулосалар беришган.
Мана шундай тадқиқот натижаларидан бири, тиббий психология бўйича мутахассис, олим, Ҳалеҳ Бенани хонимнинг илмий хулосалари кўпчиликни лол қолдирди. Қуйида тадқиқотчининг фикрларини мухтасар келтирамиз:
Рамазон ойи келиши билан инсонларда ҳиссий ўзгаришлар содир бўлади. Одатда бундай ҳиссий ўзгаришлар ижобий, инсонийлик туйғуларига асосланади. Бу ҳол рўза тутганлардан ташқари рўза тутмаганларда ҳам кузатилади. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқда.
Биз рамазон ойи келиши билан 500 нафар кўнгилли одамларни кузатдик. Уларнинг 400 нафари рўзадор эмас эди. Рўзанинг илк кунлариданоқ 100 нафар рўзадорда ҳиссий ўзгаришлар содир бўлиб, мия фаолияти, асосан нерв ва асаб тоалалри қайта тиклана бошлади. Энг қизиғи рамазоннинг 7 кунига келиб, рўзадорларнинг асаб толалари етарли миқдорда кенгая бошлади. Тиббиётда маълумки асаб толаларининг торайиши жуда кўплаб хавфли касалликларни келтириб чиқаради (инфаркт, невроз, инсулт, ошқазон ости бези касалликлари ва бошқалар).
Ўнинчи куни рўзадорларнинг юрак уриши, қон босими ва айланиши жуда ҳам ажойиб ҳолатга келди (ҳеч қандай муаммоларсиз). Хужайраларнинг янгиланиш жараёни саломатликнинг талаб даражасига етди.
Эндиги хулоса барчамизни ҳайратга солди. Кунлар ўтиши билан рўзадорларнинг танасида бахт гармони – эндорфин, ҳурсанчилик ва ҳотиржамлик гармонлари – серотонин ва норипинефринлар миқдори оша бошлади. Бу гармонлар инсонларни соғлом ва шижоатли бўлиши, иммун тизими кучайиши, касалликларга қарши курашиш ва мақсад сари интилишида жуда катта асос вазифасини бажаради.
Эксперимент-рўзадорлардан олинган психологик тест натижалари эса юқоридаги ҳолатлар ва рўзанинг мўжизавий хусусиятларини яққол очиб берди. Унга кўра: рўзадорларнинг деярли барчаси қалбида ўзгаларга нисбатан нафрат ва хусуматлар йўқолганлигини, ўзгаларни кечириш, раҳмдиллик ва меҳрибонлик ҳислари ўз-ўзидан пайдо бўлганлигини, одамларга гўзал муомала ва яхшилик қилиш каби туйғулар кўпроқ ҳаёлларини банд қилгани ҳақида ёзишган. Психолог Ҳалеҳ Бенани мазкур жараённи қуйидагича баҳолади: Рўза инсонларнинг қалби ва онггидаги чиқиндилар яъни, кибр, нафрат, ҳасад, кўролмаслик, алам, хусумат, ҳудбинлик ва бошқа салбий туйғуларни ўчиради. Бу эса танада ҲИССИЙ ТОЗАЛАШ амалиёти бажарилганлигини билдиради.
Қувонарлиси, мазкур ижобий туйғулар рўза тутмаган иштирокчиларнинг ҳам кўпчилигида намоён бўлган. Улар рўза тутганларга чиройли муомала қилиб, ёрдам бериш, уларга ифторлик ва саҳарлик учун таомлар таёрлаб беришга ҳаракат қилганлар.
Демак, рамазон ойи ҳақиқатдан ҳам раҳмат ва мағфират, тинчлик ва меҳр-оқибат ойи эканлиги илмий жиҳатдан ҳам исботланган.
Зеро, Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Агар билсангизлар, рўза тутишингиз ўзларингизга яхшидир” (Бақара сураси, 184-оят).
Хўш нима учун рўза тутиш инсонларга саноқсиз фойдалар келтиради? Нега рамазон ойида одамлар бошқа ойларга нисбатан яхшироқ ва тақводорроқ бўлиб, саломатликлари ҳам яхшиланади? Бу саволларнинг жавоби ҳам Қуръони каримдадир.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Эй иймон келтирганлар, олдин ўтганларга каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд, шунда тақводор бўлурсизлар” (Бақара сураси, 183-оят).
Тақводор эса Аллоҳга энг яқин ва ҳурматли банда бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир” (Ҳужурот сураси, 13 оят).
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ер юзига энг яқин бўлган юлдуз — Қуёш барча мавжудотлар, жумладан, инсонлар учун ҳаётий муҳим сайёрадир. Қуёш барча органик молекулалар ҳосил бўлишида иштирок этиб, инсонлар ҳам қуёш нурисиз яшай олмайди.
Қуёш нури триптофан аминокислотасининг серотонин гормонига айланишида ёрдам беради. У бизга қувонч ва ўзимизга ишонч туйғусини беради, кайфиятимизни кўтаради. Серотонин кучли антидепрессант бўлиб, мия, мушаклар ва ички органлар фаолиятини яхшилайди.
Қуёш нури орқали турли касалликларга даво топиш мумкин, жумладан, иммунитети пасайган, уйқусизлик, гормонал касалликлар ва мавсумий аффектив касалликларга чалинган одамлар учун қуёшда тобланиш фойдали бўлади.
Бундан ташқари, қуёш ултрабинафша нурларининг яна бир муҳим хусусияти мавжуд: у тери ҳужайраларида D витамини ишлаб чиқаришда фаол иштирок этади.
D витамини организмга калцийнинг сўрилиши учун зарур элемент ҳисобланади. У остеопороз ривожланишининг олдини олади, суяк тўқималарининг тикланишига ёрдам беради ва болаларда суяклар деформацияси ва ўсиш билан муаммоларнинг олдини олади.
Қуёш нури депрессиядан қутқаради, ундан ҳосил бўладиган D витамини нафас олиш ва гормонал касалликларнинг олдини олади ва кексайганда деменция ва атеросклероз ривожланишидан ҳимоя қилади.
Аммо узоқ муддатга қуёш нурлари остида қолиш танага зарар етказади.
Қуёш нурлари биринчи навбатда тери ва кўзларга таъсир қилади. Хусусан, ёз фаслидаги ўта иссиқ ҳаво шароитида терининг қуёш нурига сезгирлиги ошади ва фотодерматит касаллиги юзага келади.
Ортиқча қуёш нури иммунитетни заифлаштиради ва тери ҳужайраларида мутацияга сабаб бўлади. Бу эса ўз навбатида тери саратони — меланома, ретинобластомага олиб келади.
Қуёш остида узоқ қолиш ҳомиладор аёллар учун хавфлидир. Чунки ортиқча нурланиш ҳомила ривожланиши учун муҳим бўлган B9 витамини, яъни фолий кислотаси миқдорини камайтиради.
Офтоб нурларининг салбий таъсирларидан яна бири, томирларни кенгайтириши ва оёқларда варикоз, юзда эса ингичка томирларнинг ёрилишидан келиб чиқувчи қизил доғлар пайдо бўлишига сабаб бўлишидир.
Қуёш нурлари кейинчалик терининг барвақт қаришини келтириб чикаради. Чунки бу нурлар теридаги тўқималарни бўшаштиради ва у тезда қуришиб-буриша бошлайди.
Ҳар йили қуёшнинг ультрабинафша нурлари таъсиридан тери саратони касалига учраб минглаб инсонлар ҳаётдан кўз юммоқда.
Ёш болалар учун қуёшда юриш янада хавфлидир. Болалик ва ёшлик чоғида кўп қуёшда қорайганларда ёши ўтгандан кейин тери саратони касалига учраш эҳтимоли ортади.
Айниқса, қорайишни “соғлик аломати” деб билувчилар, болалик чоғидаёқ кейинги йилларда тери саратони бўлишига кифоя қиладиган миқдорда қуёшнинг салбий таъсирини олишга улгурган бўладилар. Ёз мавсуми тугаши билан тана ранги очилишига қарамай, ультрабинафша нурлари таъсири кетмайди.
Қуёшнинг зарарлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини 14 аср аввал бундай огоҳлантирганлар: “Офтобда ўтирманг. Офтобда ўтириш киши танасини бузиб, куритади. Яъни, намлигини тортиб олади, терисини бузади. Териси қуриб, кийими ҳам эскиради. У инсон баданидаги яширинган касалликларни юзага чиқаради”.
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “...Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир”, деганлар.
Шунинг учун, жазирама иссиқ кунларда офтоб остида кўп қолишдан сақланинг ҳамда кўпроқ “Аллоҳумма, ажирний минан-наар” (Аллоҳим, мени дўзахдан сақлагин) деб дуо қилишни унутманг!
Даврон НУРМУҲАММАД