Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Октябр, 2026   |   17 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:30
Қуёш
06:49
Пешин
12:12
Аср
15:42
Шом
17:27
Хуфтон
18:41
Bismillah
28 Октябр, 2026, 17 Жумадул аввал, 1448

Рамазон – улуғ фурсатдир!

03.05.2020   10408   8 min.
Рамазон – улуғ фурсатдир!

Инсон зоти қизиқ, келажакда ўзини қандай кўнгилсизликлар кутиши мумкин эканини ҳаёлан кўз олдига келтиради-да, ўша кўнгилсизликка йўлиқмаслик учун жон-жаҳди билан ҳаракат қила бошлайди. Камбағал бўлиб қолишдан қўрқиб, эртаю-кеч тиним билмай меҳнат қилади. Ҳалол меҳнат қилса-ку, майли. Лекин қўрқувнинг кучидан, баъзан ҳаром амалларни қилишдан ҳам тоймайди.

Ҳатто, фарзандларини ҳам кичиклигидан мана шундай қўрқувлар қуршовида улғайтиради: "Яхши ўқимасанг, катта бўлганингда аравакаш бўласан"; "Намунча лапашанг бўлмасанг? Бу аҳволда оғзингдаги ошни ҳам олдириб қўясан-ку"; "Ким нима нарсангни сўраса бериб юбораверасанми? Эртага ўзинг нима қиласан?" каби иддаолар қуршовида фарзандлар ҳам келажакда ҳеч нарсасиз қолиш, камбағаллик каби қийинчиликларга йўлиқишдан қўрқиб, топганини яшириб йиғишга, пул топиш учун ҳар қандай ҳаром ишларни қилишга ҳам тайёр бўлиб катта бўлишади. Энг қизиғи, ўша қийинчиликлар келиши даргумон. Ким қандай ҳаёт кечиради, ҳаёти давомида ким қандай машаққатга йўлиқадию, ким қандай ҳолатга тушиши фақат Яратгангагина аён. Биз эса мавҳум, кутилиши ноаниқ бўлган заҳматларга жон-жаҳдимиз билан, тиним билмай, ҳар қандоқ йўллар воситаси ила курашар эканмиз, минг афсуслар бўлсинким, ҳар бир инсоннинг бошига тушиши муқаррар бўлган қийинчилик ҳақида мутлақо унутиб қўямиз...

Қандай қийинчилик эканини англагандирсиз? Ҳа, адашмадингиз, бу - Қиёмат кунидаги ҳисоб-китоб, сўроқ, амалларимиз ҳисоби бизга кўрсатиладиган кундаги муқаррар, ҳеч ким қочиб қутула олмайдиган қийинчиликдир. Ўйлаб кўрайлик, азизлар, уч кунлик дунёнинг, қуюқ зулмати ортидан нурафшон тонги отиши аниқ бўлган, кўз очиб юмгунча ўтиб кетадиган қандайдир бир имтиҳони учун қанчалар тайёргарлик кўряпмизу, наҳот номаи аъмолларимиз кўрсатиладиган кунга тайёргарлик кўришдан ғофил қолсак?

Ортга назар ташлаб, қўйган қадамларимизни, ўтказган ҳаётимизни сарҳисоб қилиб кўрсак, қанчадан қанча хатоларга йўл қўйганлигимизни тушуниб етамиз... Шу чоғда бирдан қалбларимизни зулмат қоплагандек бўлади! Қани эди... Қани эди ортга қайтсагу, ўша хатоларсиз бир янги ҳаёт бошласак... Бунинг иложи йўқлигини ўйлаб, кўнглимиз чўка бошлайди. Беихтиёр тушкунликка тушамиз...

Мана шундай ҳис-туйғулар сизни ҳам асир этганми? Ўтган ҳаётингиздаги хатоларингиз, гуноҳларингизни эслаб кўп эзиласизми? Энди ортга йўл йўқ, чорасизман, деган ўй борлиғингизни қамраб олганми?  Ўша ҳаётингизда мажбуран давом этяпсиз, ё бўлмаса тушкунлик аталмиш саҳрода тентираганча сарсон-саргардонмисиз?

Ундай бўлса, ўрнингиздан туринг! Ҳозир хатоларингизни тўғрилашнинг айни вақти! Сизда имкон бор! Ҳа-ҳа, нотўғри эшитмадингиз, имконингиз бор! Ва бу имконни сизга қандайдир психолог, қандайдир башоратчи ё бўлмаса, бирор амалдор шахс эмас, Аллоҳ ато қиляпти! Меҳрибон ва раҳмли, токи жон ҳалқумга етгунигача тавбаларни қабул қилувчи Зот сизга имкон бермоқда! Сиз мана шу имкондан фойдаланиб қолинг! Дарров таҳорат олинг-да, икки ракаат намоз ўқинг, сўнгра Аллоҳ таоло сизни қандай муқаддас ой билан юзлаштирганини ёдга олинг.

 Рамазон! Тақво, ибодат, раҳмат, мағфират, гуноҳлар ўчирилувчи ойдир! Ушбу ойда Қуръони Карим нозил бўлган. Ушбу ойнинг файзи, барокати, фазилатларини санаб адоғига ета олмаймиз! Минг шукрки, Аллоҳ азза ва жалла бизларни ушбу ойга соғ-саломатликда етказди, Ўзининг то рўзи Қиёматгача ҳар бир мусулмон бандага дастуруламал бўлмиш Китобида бизларга: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз» дея хитоб қилиб, Рамазон ойи рўзасини тутишликни фарз қилди.

 Ушбу ойнинг аввалги ўн кунлигини раҳмат, иккинчи ўн кунлигини мағфират, учинчи ўн кунлигини гуноҳлардан покланиш қилиб, биз каби бандаларига ўзининг чексиз меҳру марҳаматини намоён қилди. Ушбу ойнинг фазли шу қадар улуғки, у Аллоҳнинг ҳузурида минг ойдан афзалроқдир. Шу билан бирга, меҳрибон ва раҳмли бўлган Зот бизларга қийинчилик, заҳмат етмаслиги учун тонглари саҳарлик, кечалари ифторлик қилиш имкониятини берди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Муборак нонуштага келинглар! Яъни, саҳарликка”. Насоий ривояти. Ва дедилар: “Сизларга саҳарлик нонуштасини қилишингиз вожиб бўлади. Чунки у барака ато этилган нонуштадир”. Насоий ва имом Аҳмад ривояти.

Моҳи Рамазон - ушбу муборак ойга етиб келган эканмиз, Аллоҳнинг бизга берган имкони айнан мана шудир! Ҳар кечаси ғанимат бўлган ушбу ойда яна бир кеча яширилганки, бу - Лайлатул Қадр кечасидир. Ушбу кеча тўлиғича имкон бўлган муборак ойнинг ичидаги яна бир имкониятдир! Ойнинг сўнгги ўн кунлигидаги тоқ кечалардан бирига яширилган бу кеча ҳам тавбаларимиз қабул бўлиб, янги ҳаёт бошлашимиз учун Яратганнинг бизларга кўрсатган улкан марҳаматидир!

 Ушбу ойда Қадр кечаси учун алоҳида, ойни рисоладагидек сўнгига етказганимиз учун алоҳида мукофот бор. Келинг, ҳозир бунинг исботи ўлароқ келтирилган ҳадис билан танишсак.

 Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан, у киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Рамазон ойида менинг умматимга мендан аввалги пайғамбарларга берилмаган беш нарса берилди:

Биринчиси: Рамазон ойининг аввалги кечаси Аллоҳ уларга (раҳмат) назари билан боқади, кимга Аллоҳ раҳмат назари билан боқса уни ҳечам азобламайди.

Иккинчиси: Уларнинг оғизларининг ҳиди Аллоҳ ҳузурида мискнинг ҳидидан ҳам хушбўйроқ ҳолда юрадилар.

Учинчиси: Фаришталар уларнинг ҳақларига туну-кун истиғфор айтадилар.

Тўртинчиси: Аллоҳ азза ва жалла жаннатига: "Бандаларим учун тайёрлангин ва безангин. Улардан тезда дунё қийинчиликлари, ташвишлари кетиб, менинг жаннатим ва зиёфатимга келадилар", дейди.

Бешинчиси: Агар рамазоннинг охирги кечаси бўлса уларнинг барчасини Аллоҳ мағфират қилиб юборади, дегандилар, (атрофдагилар томонидан): "Эй Расулуллоҳ, у лайлатул-қадр кечасими? деб айтилди. Шунда у зот: "Йўқ! Агар ишчилар ишларини тамомласалар ҳақлари тўлиқ қилиб бериладими?!" дедилар.

(Демак, бу мукофот, улар рўзани тўлиқ тутганлари учун берилгандир, қадр кечасининг савоби алоҳида берилади, дедилар).

(Насаий, Байҳақийлар ривояти).

Қаранг, қандай имкониятлар бизга муштоқ турибди. Ахир, шундай фазилатли ойга етишган инсон ноумид бўлиши мумкинми? Шундай имконият эшиги кенг очилиб киришимизни кутиб турсаю, тушкунликка берилишимиз қай даражада тўғри, азиз диндошим? Кечаларни қоим қилиб, кундузлари рўза тутиб, эртаю кеч дуою илтижолар айлаб, тавба қилишга шошилайлик! Атрофимиздагиларга ҳам ушбу ўзимиз хабар топган хушхабарни етказайлик! Шундай хушхабарни Аллоҳдан ваҳий орқали қабул қилиб олган ва бизларга етказган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга салавотлар айтиб, эргашайлик! Ёлғиз Аллоҳ учун ибодат қилиб мукофотини ҳам қуйидаги ҳадиси қудсийда келтирилганидек, Ўзидан умид қилайлик:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: «Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур», деди», дедилар». (Термизий ривояти).

Диндошим,  йўлиқишимиз аниқ бўлган энг қийин, энг оғир, ҳатто эр ўз хотинидан, она ўз боласидан, ака укасидан қочадиган Қиёмат кунига тайёрланишимиз учун энг яхши фурсатда турибмиз. Аввалги гуноҳларимизни олов ўтинни йўқ қилганидек, куйдириб кетказувчи ушбу муборак ойда иложи борича кўпроқ истиғфорлар айтиб, ёлғиз Аллоҳ учун Рамазон рўзасини тутиб, тавбаларимиз қабул бўлишидан умидвор бўлайлик.

Илоҳим, ушбу ойдан барча гуноҳларимиздан покланган ҳолда чиқишликни, сўнгра кейинги ҳаётимизни шунга мувофиқ равишда Аллоҳнинг буюрганларини бажариб, қайтарганларидан қайтиб ўтказишликни Аллоҳ жумламизга насиб айласин.

 

Гавҳар Насруллоҳ

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Бокуда Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг муштарак тарихий мероси ва илмий ҳамкорлигига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди

28.10.2026   2205   6 min.
Бокуда Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг муштарак тарихий мероси ва илмий ҳамкорлигига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди

26 октябрь куни Боку шаҳридаги Халқаро Муғом марказида “Ўзбекистон ва Озарбайжон: муштарак тарихий мерос, ислом цивилизацияси ва замонавий илмий ҳамкорлик” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Тадбирда икки мамлакатнинг тарихий ва маънавий алоқаларини чуқур ўрганиш, буюк алломалар меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, илмий-тадқиқот ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.

Анжуманда мамлакатимизнинг Озарбайжондаги элчиси Баҳром Ашрафхонов, Озарбайжон Миллий Фанлар академияси президенти Исо Ҳабиббейли, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Мусулмонлар идораси вакиллари, музейлар раҳбарлари, олимлар, маданият ва санъат намояндалари иштирок этди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатларига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳақидаги ҳужжатли фильм иштирокчиларга тақдим қилинди. Марказ нашрларидан иборат китоблар кўргазмаси орқали меҳмонлар мамлакатимизнинг бой тарихий, илмий ва маънавий мероси билан танишиш имконига эга бўлди.

Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон элчиси Баҳром Ашрафхонов икки халқ ўртасидаги тарихий яқинлик, муштарак қадриятлар ва стратегик шериклик муносабатларининг аҳамиятини таъкидлади. У Буюк ипак йўли асрлар давомида халқлар ўртасида билим ва маданий ютуқлар алмашинувига хизмат қилганини қайд этиб, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Низомий Ганжавий, Имодиддин Насимий ва Муҳаммад Фузулий каби алломалар мероси икки халқни бирлаштирувчи умуминсоний бойлик эканини таъкидлади.

Элчининг қайд этишича, олимлар ва тадқиқотчилар илмий факультетлар ва институтлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамламоқда. Умумий тарихий хотирани биргаликда ўрганиш ва ривожлантириш, ёш тадқиқотчилар учун дастурларни амалга ошириш ҳамда қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Энг муҳими, мазкур конференция айнан шу мақсадларга хизмат қилди.

Таъкидланганидек, дипломатия эшиклари очиқ, илмий кўргазмалар фаолият юритмоқда. Маданий мерос галереялари ўз имкониятларини намоён этиш фурсати келишини кутмоқда. Ислом цивилизацияси маркази бу борада мулоқот учун янги ва чинакам ноёб майдонга айланди. Боку ва Тошкент ўртасидаги илмий, маданий ва гуманитар алоқалар янада мустаҳкамланмоқда.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов марказнинг асосий ғояси, унинг илм-маърифатни тарғиб этиш ва аждодлар меросини келажак авлодларга етказишдаги ўрнига тўхталди.

“Халқларимиз ўртасидаги тарихий алоқалар исломдан олдинги даврларга ҳам бориб тақалади. Сўнгги йилларда ислом цивилизацияси бу алоқаларни янада бойитди, – деди Фирдавс Абдухолиқов. – Олимлар бир-биридан ўрганди, китоблар бир юртдан бошқасига тарқалди, бир заминда туғилган ғоя бошқасида ривожланди. Ибн Сино ва унинг озарбайжонлик шогирди Баҳманёр, Насириддин Тусийнинг Мароғадаги ва Мирзо Улуғбекнинг Самарқанддаги илмий мактаблари ана шу боғлиқликнинг ёрқин мисолидир.

Низомий Ганжавийнинг “Хамса”си Алишер Навоийга илҳом берди. Навоий туркий тилда ўз “Хамса”сини яратди. Унинг ижоди эса озарбайжон шоири Кишварийга кучли таъсир кўрсатди.

Тошкентда сақланаётган бир қўлёзмада Навоий ва Фузулий асарлари бир муқова остида жамланган. Икки буюк шоир – бир китобда. Бугун бу яқинлик Президентларимиз Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг ўзаро ишончи ва амалий ишларида давом этмоқда.

Фузулий шаҳридаги Мирзо Улуғбек номидаги мактабни икки давлат раҳбари биргаликда очди. Фузулий номидаги шаҳар. Улуғбек номидаги мактаб. Унда билим олаётган болалар. Тарих билан бугунги кун ана шундай учрашади. Буюк аждодларимизнинг номлари янги авлодни илмга чорлайди”.

Анжуман доирасида икки халқнинг мусиқий мероси, хусусан, Озарбайжон муғоми ва ўзбек мақоми ўртасидаги муштараклик ҳам эътироф этилди. Миллий мусиқа анъаналари халқларнинг маънавий яқинлигини ифода этувчи муҳим маданий бойлик сифатида намоён бўлди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар Марказий Осиё ва Кавказ минтақаларида ҳамкорлик учун янги имкониятларни яратмоқда. Тарихий яқинлик, муштарак маданият, маънавий қадриятлар ва ягона маданий маконга мансублик давлатларимиз ва халқларимизни янада яқинлаштирмоқда.

Айнан мана шу жиҳатларда Ўзбекистон ва Озарбайжон қардош халқларини бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий алоқаларни кўрамиз. Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби алломалар мероси туркий халқлар ўртасидаги диний ва маънавий муносабатлар асрлар давомида нақадар мустаҳкам бўлганини яққол намоён этади.

“Буюк мутафаккирларнинг маънавий камолот, инсонпарварлик ва ахлоқий тамойиллар ҳақидаги ғоялари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Озарбайжоннинг диний муассасалари ва уламолари билан диний-маънавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр”, – деди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков.

Тадбирнинг муҳим натижаларидан бири Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Озарбайжон Миллий Фанлар академияси ўртасида ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши бўлди. Мазкур келишув тарихий меросни биргаликда ўрганиш, илмий муассасалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма тадқиқотларни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.

“Бизни қадимдан турли даврлар ва сулолалар бирлаштириб келган. Темурийлар, Сафавийлар, Хоразмшоҳлар ва бошқа кўплаб сулолалар даврида аждодларимиз бир заминда яшаб, муштарак тарих, дин, маданият ва маънавий қадриятлар асосида ривожланган, – дейди Озарбайжон Миллий Фанлар академияси президенти Исо Ҳабиббейли. – Бугун биз уларнинг бой мероси ва эзгу анъаналарини давом эттириб, қўшма лойиҳалар, илмий учрашувлар ва халқаро конференциялар орқали ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаяпмиз”.

Ўзбекистон ва Озарбайжон олимлари ҳамда тадқиқотчиларининг ўзаро ташрифлари, илмий мулоқотлари бу алоқаларнинг изчил ривожланаётганидан далолат беради. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат мамлакатингиз, балки бутун туркий дунё учун ҳам улкан аҳамиятга эга бўлган мегалойиҳадир.

Айниқса, бой тарихий мероснинг замонавий технологиялар ва ёш авлодга мос форматлар орқали тақдим этилиши алоҳида аҳамият касб этади. Бугунги тадбир ҳам халқларимиз ўртасидаги тарихий ришталарни мустаҳкамлаш, илмий алоқаларни кенгайтириш ва келгусидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.

Анжуман якунида Озарбайжон муғоми ва ўзбек мақоми ижрочилари иштирокида концерт дастури ташкил этилди. Миллий санъат намуналари икки халқнинг бой маданий мероси ва муштарак маънавий қадриятларини яна бир бор намоён этди.

Бокуда ўтказилган халқаро анжуман Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, буюк аждодлар меросини кенг тарғиб қилиш ва замонавий илмий ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари