Исломнинг беш рукнидан учинчиси бўлмиш закот ибодати ва унинг жамиятга фойдалари жуда кўпдир.
Закот Мадинаи мунавварада иккинчи ҳижрий санада рамазондан олдин фарз қилинган. Бир ривоятда: “Закот фитр садақаси ва рамазон рўзаси фарз бўлгандан кейин ҳижратнинг иккинчи йили, шаввол ойида Мадинада фарз қилинган”, дейилган.
Қуръони каримда «закот» сўзи 30 мартадан ортиқ келган бўлса, шундан 27 тасида намоз билан бирга зикр қилинган. Бу эса, ўз навбатида, намоз билан закот бир-бирига чамбарчас боғлиқ нарсалар эканини кўрсатади. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида закотга алоҳида эътибор берилган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:
فَالَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَأَنْفَقُوا لَهُمْ أَجْرٌ كَبِيرٌ
“Бас, сизлардан иймон келтирганлар ва инфоқ қилганларга катта ажр бордир” (Ҳадид сураси, 7-оят).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам закотга доир кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَا تَصَدَّقَ أَحَدٌ بِصَدَقَةٍ مِنْ طَيِّبٍ وَلاَ يَقْبَلُ اللهُ إِلاَّ الطَّيِّبَ إِلاَّ أَخَذَهَا الرَّحْمَنُ بِيَمِينِهِ وَإِنْ كَانَتْ تَمْرَةً فَتَرْبُو فِي كَفِّ الرَّحْمَنِ حَتَّى تَكُونَ أَعْظَمَ مِنَ الْجَبَلِ كَمَا يُرَبِّي أَحَدُكُمْ فَلُوَّهُ أَوْ فَصِيلَهُ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир киши ҳалол-покдан садақа қилса, Аллоҳ ҳалол-покдан бошқани қабул ҳам қилмайди, албатта, Аллоҳ у (садақа)ни ўнги билан қабул қилиб олади. Агар у бир дона хурмо бўлса ҳам Раҳмоннинг кафтида ўсади. Ҳаттоки, тоғдан ҳам катта бўлиб кетади. Худди бирингиз тойчоғи ёки бўталоғини тарбия қилганидек”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Албатта, ҳақиқий закот тушунчаси бугунги кунда кўпчилик ўйлаганидек бойлар томонидан камбағалларга бериладиган уч-тўрт чақа эмас. Ҳақиқий закот жуда ҳам кенг ва шомил маънодаги тушунчадир.
Ҳозирги куннинг иқтисодий муаммоларидан бири – жамиятдаги мавжуд пул маблағларининг маълум бир жойга тўпланиб, «айланмай» туриб қолиши эканини иқтисодчилар кўп такрорлайдилар.
Одамлар қўлидаги пулни қайтариб ололмай ҳукуматлар, иқтисодий муассасалар қийналадилар. Нақд пулга эҳтиёж кўпайиб, янги пул чиқарилаверса, пулнинг қиймати тушиб кетиши ҳам сир эмас. Закот эса бу муаммони ҳал қилишга ҳам йўл очади. Ҳар йили тўпланиб қолган пулнинг маълум миқдори бойларнинг қўлидан камбағалларнинг қўлига ўтади ва натижада «айланмай» туриб қолган нақд пулнинг маълум миқдори ўз-ўзидан айланишни бошлайди. Натижада икки қатлам ўртасида илиқ муносабатлар баробарида юртга ҳам барака келади.
Исмоилхон МАҲМУДОВ
Юртимизда аҳоли маънавиятини юксалтириш, соф эътиқод ва миллий қадриятларимизни кенг ёйиш ҳамда халқимизга тўғри ва ишончли диний-маърифий илмларни етказишда даврий матбуот нашрларининг ўрни беқиёс.
Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Ҳидоят» ва «Мўминалар» журналлари ҳамда «Ислом нури» газетасига 2026 йилги обуна мавсумида фаол иштирок этиб, ушбу нашрлар тарғиботига муносиб ҳисса қўшган соҳа масъуллари ва имом-хатибларни тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Шамсиддинхон Бобохонов» нашриёт-матбаа ижодий уйи Даврий нашрлар бўлими бошлиғи Иброҳим Иномов ҳамда нашрлар бош муҳаррири Абдужалил Хўжамов иштирок этди.
Йиғилишда таъкидланганидек, мазкур газета ва журналлар шунчаки матбуот воситаси эмас, балки ҳар бир хонадонга илм-маърифат, соғлом эътиқод ва фазилат олиб кирувчи мўътабар маънавий манбалардир. Улар орқали халқимиз мўътадил диний илмларни ўзлаштириб, ўзларини қизиқтирган саволларга расмий ва асосли жавоблар олиш имконига эга бўлади.
Мулоқот давомида диний нашрларнинг жамиятдаги аҳамиятини ошириш, аҳолини мутолаага жалб этиш ва янги босқичдаги обуна ишларини янада самарали ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбир якунида нашрларни аҳоли орасида кенг тарғиб этишда фидойилик ва ташаббускорлик кўрсатган бир гуруҳ имом-хатиблар ва соҳа ходимларига ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати