Ҳар йили рамазон ойи келиши билан кайфиятимиз ва руҳиятимизда ўзгариш содир бўлади. Албатта яхши томонга! Масалан, кўпчилигимиз кечиримли бўлиб қоламиз...
Уламолардан бири айтади: “Рўзадор ҳотиржамлик ва рамазон сурурини ҳис қилмайди, токи қалбида ўзгаларга нисбатан хусумат йўқолмагунча, уни ранжитган одамларни кечирмагунча”.
Аслида инсонни ич-ичидан емирадиган, турли дардларга мубтало этадиган ва Аллоҳнинг раҳматидан мосуво қиладиган нарса бу – қалбдаги хусумат ва ўзгаларга бўлган нафратдир.
Зеро, Аллоҳ таоло Ўз Каломида, Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида бизни кечиримли бўлишга тарғиб этган.
Жумладан, Қуръони каримнинг Аъроф сураси, 199 оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!”
Бошқа бир оятда эса:
“Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг...” (Оли Имрон сураси, 159 оят).
Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўч олишга ҳақли бўлатуриб, кечириб юборган киши учун, Мен жаннатнинг ўртасидан бир қаср берилишига кафилман” – деганлар (Абу Довуд ривояти).
Наҳот жаннатда қасримиз бўлишини хоҳламасак... Жаннатда-я. Пайғамбар алайҳиссалом кафилман деганлар.
Яна бир ҳадисда: “Кимки қилмишига пушаймон бўлиб, узр сўраган одамни кечириб юборса, унинг хатоларини ҳам Аллоҳ таоло қиёмат куни кечирур” дея таъкидланган.
“Қалбига Аллоқ таъоло инсониятга нисбатан раҳм шавқат ато этмаган банда энг зиёнкор бандадир” (ҳадис)
“Қийналиб қолган қарздорга белгиланган муддатни узайтирган кишига ҳар куни шу қарз миқдорида садақа қилганнинг савоби ёзилиб туради. Борди-ю белгиланган муддат етгач, яна узайтирса, ҳар куни қарзига икки баробар садақа қилганнинг савоби ёзилиб туради” (ҳадис).
“Биродари билан бир йил аразлашиб юриш унинг қонини тўкиш билан баробардир” (ҳадис).
“Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди, кечирмаганни кечирилмайди ва бировнинг узрини қабул қилмаганнинг тавбаси ҳам қабул қилинмайди” (ҳадис).
Азиз диндошим! Агар рамазон келиб, рўзадор ҳолатда ҳамон қалбингизда ҳузур-ҳаловат ҳис қилмаётган бўлсангиз, қалбингизни кераксиз хусуматлардан, нафрату-аламлардан, изтироблардан бўшатинг. Сизни ҳафа қилган барча инсонларни кечиринг. Кечириш бизга Аллоҳ томонидан берилган чексиз куч ва жасоратдир.
Аллоҳ таоло барчаларимизни мағфират қилсин!
Саидаброр Умаров тайёрлади
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрия тадбирлари давом этмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 9 август куни «Вақф» хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти филиали, ҳудуддаги масжидлар ходимлари ва саховатпеша ҳомийлар ҳамкорлигида эҳтиёжманд оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйлари ташкил этилди.
Тадбир доирасида тўйболаларнинг ҳар бирига 35 та велосипед, 35 тўплам ўқув қуроллари ҳамда янги костюм-шим, кўйлак ва оёқ кийимлар тўплами тантанали равишда топширилди.
Тантанали маросимда сўз олганлар болажонлар ва уларнинг ота-оналарига эзгу тилаклар билдириб, фарзандларни соғлом, баркамол ва дину диёнатли инсонлар этиб тарбиялаш, уларга муносиб таълим бериш энг муҳим вазифалардан бири эканини таъкидладилар.
Динимиз ва халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлган бу каби хайрли тадбирларни «Вақф» фонди томонидан изчил давом эттириш режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати