Буюклар, шубҳасизки, буюк шахсият соҳиби бўлганлар. Улар аввало, инсонийлик, инсоф, диёнат, адолат, покиза қалб, тақво, парҳезкорлик сингари улуғ инсоний фазилатларни ўзларида жамлаганлар ва буюкликларини шунинг устига қурганлар. Зеро, шунингсиз буюкликка йўл йўқ. Аждодларимиз ҳам бежизга “Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин” ёки “Олим бўлма, одам бўл!” дейишмаган.
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг ҳаётини ўрганар эканмиз, унинг эришган даражалари остида буюк шахсият ётганини кўрамиз. Шахсиятининг асосий калити бу шубҳасиз, зоҳидликдир.
Зоҳидлик сўзи луғат илмида “имон-эътиқодли”, “художўй”, “тақводор” сингари маъноларни англатади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал зоҳидликни учга бўлиб:
биринчиси, ҳаромдан воз кечиш, бу авомнинг зуҳди;
иккинчиси, ҳалолда ортиқчаликни (керагидан ортиқча фойдаланишни) тарк қилиш, бу хос кишиларнинг зуҳди;
учинчиси, Аллоҳдан тўсувчи барча нарсаларни тарк қилиш, бу орифларнинг[1] зуҳди, деб айтган. Шубҳасиз, Имом Мотуридий орифларнинг пешқадамидир.
ЗОҲИДЛИК – ИМОМ МОТУРИДИЙНИНГ ШАХСИЯТИ КАЛИТИ
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ дунё ҳақиқатини теран англаган, унинг йўқликка маҳкумлигини, охират эса ҳақиқий ҳаёт диёри эканини билган олимдир. Аллома тафсирида ушбу тушунчани инсонлар қалбига қадашга эътибор қаратади. Шунинг билан бирга, охират манфаатига хизмат қиладиган дунё неъматларини севиш исломда қайтарилмагани ва дунёга бу тахлит муҳаббат қўйиш гуноҳ ва маъсият келтирмаслигига ҳам урғу бериб ўтади.
Алломанинг дунёдаги зоҳидлиги икки қисмга бўлинган: сарфлаш ва тарк этиш. Яъни у қўлида мол-давлат ушлаб турмаган, топганини бошқаларга улашган. Дунёда кенгчилик келтирадиган, бой-бадавлат қиладиган ишларни эса тарк қилган. Ҳамиша ўрганиш ва ўргатиш, халқни тўғри йўлга бошлаш пайида бўлган.
Имом Мотуридий инсон табиатидаги ажиб бир мураккаблик, яъни исломда дунёга берилишдан қайтариш билан бирга, инсоннинг дунёни севишга мойил қилиб яратилиши ўртасида, бизнинг кўзимиз билан қаралгандаги номутаносиблик ҳақида қуйидагича мушоҳада қилади. У: “Мусулмон киши дунёни севгани учун маломат қилинадими?” деган ҳақли савол қўяди ва бунга “Инсон” сураси тафсирида қуйидагича жавоб беради: “Инсон зоти олдида турган нарсаларни яхши кўрадиган қилиб яратилган. Ҳар бир мавжудотнинг табиатида нимадандир фойдаланиш, роҳатланиш истаги (инстинкти) бўлади. Табиатан яхши кўришга мойил қилиб яратилган нарсаларни севгани учун инсон маломат қилинмайди. Унинг муҳаббати дунёнинг яратилишдаги мақсадига хилоф келсагина маломатга лойиқ бўлади. Дунё абадий роҳат диёри бўлган охират неъматларини тўплаш учунгина яратилган”.
Бундан шуни тушунамизки, дунё неъматларидан шариат дорасида, исрофга йўл қўймаган ҳолда, гуноҳ-маъсиятга олиб бормайдиган қилиб фойдаланиш, лаззатланишга исломда ҳеч қандай монелик йўқ. Шунингдек, динимиз бой бўлишдан ҳам қайтармайди. Фақатгина дунёга қалб билан боғланиб қолишдан қайтаради холос. Агар қалб Аллоҳнинг йўлида собит турса, жисмнинг олтин-кумушлар ичида туриши уни Роббисидан тўсолмайди. Хожа Аҳрори Валий ҳам “Бойликни ичига киринг, кираверинг. Аммо бойлик сизни ичингизга кирмасин, кира кўрмасин”, деганда айнан шуни назарда тутган.
Имом Мотуридий чорлайдиган зоҳидлик покиза нарсаларни ҳаром қилиб олишга қаратилмаган. Буни у “Таъвилот ал-Қуръон” асаридаги бир нечта ўринларда таъкидлайди. Жумладан, “Назиат” сурасининг ушбу “(Буларнинг барчаси) сизларга ва чорва ҳайвонларингизга манфаат бўлсин деб (қилинди)”[2] ояти тафсирида “Демак, биз зикр қилиб ўтган гапларда покиза нарсалардан тановул қилиш мубоҳ (қилиш ёки қилмаслик ихтиёри тенг берилган нарса) эканига далолат бордир. Чунки Аллоҳ таоло бандаларининг озуқасини покиза нарсалардан қилиш билан уларни чорва ҳайвонлардан афзал қилиб қўйди. Шундай экан, ким ушбу нарсалардан жирканадиган бўлса, демак у банда (Аллоҳ таолодан марҳамат ўлароқ) фойдаланиш учун яратиб қўйилган нарсалардан жирканган бўлиб қолади”, деб айтади.
Имом Мотуридий бу масалага бежизга тўхталмаган. Чунки зоҳидлар орасида Аллоҳнинг покиза нарсаларидан юз ўгириш, ҳаётини сунъий равишда қийинлаштириш ҳолатлари кенг тарқалган эди. Аллома уларни “мутақошшиф” (“ўзини ҳамма нарсадан тийиб яшовчи”) деб номлаб, тафсирида бир неча ўринларда, хусусан “Моида” сурасининг “Эй, имон келтирганлар! Сизлар учун Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган нарсаларни ҳаромга чиқармангиз”[3], ояти изоҳида уларга раддия бериб, шундай деган: “Бу оят “мутақашшифлар”га раддиядир. Негаки, Аллоҳ биз учун ҳалол қилиб қўйган нарсаларини истеъмол қилишдан қайтармаган. Улар эса буни ўзларига ҳаром қилиб оладилар”.
Бу сингари таълимотни бошқа алломалар ўгитларида ҳам учратамиз. Ҳикоя қилинишича, ориф зотлардан бири зайтундан тайёрланган ширинлик еб турган вақтда, унинг ҳузурига “мутақошшифлардан” бири киради. Ориф киши унга ширинликдан ейишни таклиф этганда, у “Шукрини адо қилолмайман”, деб ўзини дастурхондан четга тортади. Шунда ориф зот, “Эй нодон, сен ҳали еб юрган нарсаларингни, ичган сувингни шукрини адо қилоляпман, деб ўйлайсанми. Зоҳидлик бундай бўлмайди, балки у Аллоҳнинг чегараларига риоя қилиш, улардан ошиб кетмаслик билан бўлади”, деб танбеҳ берган экан.
Имом Мотуридийнинг зоҳидлик белгиларидан яна бири илмни тирикчилик манбаи қилиб олмаганидир. У илм ўргатиш, Қуръон ёдлатганлик учун ҳақ олишни тўғри санамас эди. “Бас, агар юз ўгирсангиз, сизлардан (мен хизматим учун) ҳақ сўраганим йўқ. Менинг (тегишли) ҳаққим (савобим) Аллоҳнинг зиммасидадир”[4] оятида Нуҳ алайҳиссалом қавмига Аллоҳнинг оятларини эслатганига ҳақ (савобни) фақат Аллоҳ ҳузуридангина олмоқчилигини айтганидек, пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлган уламолардан бири сифатида Имом Мотуридий ҳам дин илмларини ўргатганлик учун мукофот фақат Аллоҳдан бўлиши лозимлигини таъкидлайди.
МОТУРИДИЙ РАББОНИЙ ОЛИМДИР
Тилшуносликда Раббоний сўзи “Аллоҳга мансуб” маъносини беради. Уламолар ичида ҳамма иши Аллоҳ учун ва Роббиси ҳузуридалигини бир сония ҳам эсдан чиқармайдиган, муҳаббату нафрати фақат Унинг учун бўладиган, дунёни бош мақсад эмас, Яратганга етказувчи восита сифатида кўрадиган бир тоифа борки, улар раббоний олимлардир. Қуръони каримда бу тоифа ҳақида: “Китобдан таълим бериб ва ўзингиз ҳам ўрганиб юрганингиз сабабли раббоний кишилар (Парвардигорга сиғинувчилар)дан бўлингиз!” (Оли Имрон сураси, 79-оят) дейилган. Имом Мотуридий ўз замонаси ва ундан кейин келган уламолар пешвоси, нима демасин ёки нима қилмасин, фақат Аллоҳ розилигини кўзлаган раббоний олимдир.
Аллома доимо ҳақни сўзлар, Аллоҳнинг йўлида маломатчиларнинг маломатидан қўрқмас эди. Султонларнинг олдига бормас, улардан туҳфа қабул қилмас эди.
У амирларнинг олдига фақатгина яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш учунгина кириш мумкин деб билган. Жумладан, “Қасос” сурасининг 77-ояти таъвилида: “Подшоҳларнинг олдига кириб, улар билан ҳамсуҳбат бўлган илм аҳлларининг зиммасида Мусо алайҳиссаломнинг Қорунга қилган насиҳати сингари, подшоҳларни халққа яхшилик қилишга буюриш, ёмонликдан қайтариш вазифаси бордир”, деб таъкидлаган.
Дарҳақиқат Имом Мотуридий дунё ҳақиқатини англаган, жуда чуқур илм соҳиби, гўзал хулқли, зоҳид инсон бўлган. Мурувват борасида ҳам у ҳаммага намуна эди, қўлида бор нарсани бошқаларга улашарди. Замондошлари унинг қадри буюклиги, юксак даража соҳиби эканини бир овоздан эътироф этганлар.
Унинг ҳақиқий тақво устида қурилган илм саройи неча асрларки атрофга маърифат таратмоқда. Мотуридий дорулфунуни толиблари замонлар оша ақида мустаҳкамлиги йўлида хизмат қилдилар ва бу анъана ҳозирга қадар давом этмоқда.
Усмонхон Муҳаммадиев
[1] Ориф – қалби маърифат нури билан қалби лиммо-лим, пок ниятли, покиза ахлоқли зийрак одамдир.
[2] Назиот сураси, 33-оят.
[3] Моида сураси, 87-оят.
[4] Юнус сураси, 72-оят
“Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 27 август кунги 175-сонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратларининг “Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт” номли мақоласи чоп этилди.
Эзгулик, бағрикенглик марказига айланаётган мамлакатимизда диний-маърифий соҳада эришилаётган тарихий ютуқлар эътирофига бағишланган қиёсий-таҳлилий мақоланинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Бутун халқимиз томонидан катта шодиёна қилинаётган, ўз тақдирини шу азиз Ватан тақдири билан боғлаган қирқ миллионга яқин юртдошимиз қалбини чексиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлдираётган мустақиллик байрами – истиқлолимизнинг 35 йиллик айёми билан барчани чин қалбимдан муборакбод этаман.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, мамлакатимизда сўнгги йиллардаги жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳамда мўмин-мусулмонлар эмин-эркин тоат-ибодат қилиши учун яратилаётган шароитлар янги босқичга кўтарилди.
Бунёдкорлик ва маънавий тикланиш солномаси
Сўнгги ўн йиллик солномасига қарайдиган бўлсак, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўламиз. Уларнинг энг маҳобатлилари, шубҳасиз, пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасидир.
Бундан 9 йил олдин Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ҳақида махсус қарор қабул қилиниб, амалий ишлар бошланган эди. Ниҳоят жорий йилда қадимдан Тошкентнинг маънавий маркази бўлиб келган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида миллий руҳ ва замонавий шароитларга эга муҳташам иншоот барпо этилди. Марказнинг асосий зали, таъбир жоиз бўлса, қалби, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Қуръон залидир. Бу ерда дунёдаги энг қадимий Ҳазрати Усмон Мусҳафи юксак мақомига яраша муносиб ўрин топди.
Бу масканда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам янги қароргоҳига эга бўлди. Президентимизнинг оқ фотиҳаси билан биз ҳам шу ерда фаолиятимизни давом эттиряпмиз.
Имом Бухорий мажмуаси қурилиши 2019 йилда бошланган эди. Қарийб 45 гектар майдонни қамраб олган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид, инновацион музей, кутубхона, меҳмонхоналар ва бошқа зарур инфратузилма иншоотлари барпо этилди.
Шу муаззам мажмуа фойдаланишга топширилаётганида хаёлимга бир фикр келди. Биласиз, Имом Бухорий бобомиз илм талаб қилиш йўлида қанча машаққатлар чекиб дунё кездилар. Буюк муҳаддис бўлиб Ватанимизга қайтиб келдилар. Лекин унга ҳозиргидек эътибор, эҳтиром, эъзоз кўрсатилмаганди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини юксак даражада қадрлаш ва тарғиб этишга янги босқичда кенг имкониятлар яратилди. Ҳозир бутун ислом олами, барча мусулмонлар шу мажмуага талпинмоқда.
Шунингдек, Фарғонадаги Бурҳониддин Марғиноний янги мажмуаси, Намангандаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Андижон бош масжиди, Сурхондарёдаги термизийлар мақбаралари, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳи, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Нукусдаги Имом Эшон Муҳаммад, Урганчдаги Охун бобо масжидлари, Тошкентдаги Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжид-мажмуалари, Тошкент вилоятидаги Зангиота зиёратгоҳини ҳам санаб ўтиш мумкин.
Юртимизнинг шаҳару қишлоқларида, энг чекка ҳудудларида 130 тага яқин янги масжид очилди. 500 дан зиёд жоме бутунлай қайтадан бунёд этилди. 3 та олий ва 1 та ўрта махсус мадраса ташкил этилди. Жумладан, 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасасининг тарихий мақоми тикланди ва уни дунёга машҳур ал-Азҳар мажмуаси даражасига етказиш ишлари давом этмоқда.
Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ислом институти, шунингдек, Имом Термизий номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолият бошлади. Тошкент ислом институтида магистратура ташкил қилиниб, бу йил илк битирувчилар соҳанинг нуфузли идораларида меҳнат фаолиятига киришди.
Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари сони 30 дан ошди. Машғулотларни 100 мингдан зиёд тингловчи якунлаб, Аллоҳнинг каломини ўқиш бахтига эришди. Бундан ташқари, интернет орқали онлайн қироат сабоқлари йўлга қўйилди.
Диний идорамиз ҳузурида Марказий Осиёда ягона бўлган Фатво маркази ташкил этилди. Бу ерда диний уламоларимиз ҳар йили юртдошларимизнинг 300 мингдан ортиқ саволига жавоб бериб келмоқда. Эътиборлиси, ишлаш ё ўқиш мақсадида чет давлатда бўлиб турган ватандошларимизнинг саволларига мобил илова ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам жавоб бериш имконияти яратилган.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги 4 та халқаро илмий-тадқиқот маркази таъсис этилиб, нодир илмий-маърифий асарлар тадқиқ қилинмоқда.
Зиёрат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш
Ҳаж ва умра сафарларига кенг йўл берилди. Ҳаж квотаси 3 баравар, яъни 5 мингдан 15 мингга кўпайган бўлса, умрага қўйилган квота чекловлари олиб ташланди. Натижада ҳар йили 1 миллионга яқин ҳамюртимиз Аллоҳнинг байтини зиёрат қилишга муваффақ бўлмоқда.
Бу йилдан бошлаб Президент ҳожилари дастури жорий этилиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилган 100 нафар юртдошимиз ҳаж сафарига имтиёзли бориб келди.
Рамазон ойи, икки ҳайит байрами ҳақиқий маънода катта айёмга айланди. Бу муборак саналарни Президент қарори билан кенг нишонлаш дунё мамлакатлари тажрибасида йўқ. Айниқса, жорий йилги айёмларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган улкан воқеликларни алоҳида таъкидлаш керак: Рамазон ойида 1 триллион 100 миллион сўм, Қурбон ҳайитида 700 миллиард сўм маблағ хайрия ишларига йўналтирилди.
Диний соҳа ходимларига бугунгидек эътибор, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватлаш илгари кузатилмаган эди. Айниқса, 15 уламонинг Имом Бухорий ордени билан мукофотланиши тарихий воқеа бўлди.
Имом-хатибларимиз хорижий тажриба алмашиш ва малака ошириш учун чет давлатларга бормоқда. Хусусан, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Европа мамлакатлари, Саудия Арабистони, Миср, БАА, Туркия, Жанубий Корея сингари давлатларда малака ошириш курслари, Қуръони карим хатмлари, диний-маърифий суҳбатларда иштирок этмоқда. Албатта, бундай юксак эҳтиром ва кенг имкониятлар қалбларимизда чексиз шукроналик туйғусини уйғотади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда этишни ваъда қилиб, бундай марҳамат қилади:
“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).
Ушбу илоҳий ваъдага мувофиқ, тинч ва фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, юртимизда амалга оширилаётган хайрли ва эзгу ишларга шукроналик келтириш неъматларнинг бардавом ва янада зиёда бўлишига сабабдир. Зотан, шукр фақат тилда эмас, балки меҳр-оқибат, саховат ва эзгу амалларда намоён бўлиши билан ўз маъносини топади.
Буюк саодатнинг ифодаси
Мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати натижасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ислом олами билан алоқалари ривожланмоқда. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши, Абу Даби тинчлик форуми, Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Мусулмон донишмандлар кенгаши, Исломий фиқҳ академияси, Ислом олами уюшмаси, Подшоҳ Салмон номидаги Ҳадиси шариф академияси ва Халқаро ислом фиқҳи академияси каби нуфузли ташкилотлар шулар жумласидан.
Яқинда мамлакатимизда I халқаро ислом цивилизацияси форуми ўтказилди. У бутун дунё эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қаратди. Форум доирасида кўплаб нуфузли олимлар, уламолар юртимизга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг шоҳиди бўлди.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан 600 дан ортиқ китоб, монография, рисола, роман нашр қилинди.
Умуман олганда, инсон қадрини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсат аҳолининг турмуш сифатини янада ошириш, илгари адашган йўлидан қайтиб, соғлом ҳаёт кечириш йўлини танлаган шахсларни афв этиш каби савобли ишларда намоён бўлаётир.
Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг инояти билан эришилган истиқлол шарофатидандир. Тикланган маънавий қадриятлар, кенг очилган эътиқод имкониятлари янги Ўзбекистонда инсон қадри нақадар юксак даражага кўтарилганининг ёрқин мисолидир. Бу ишлар маърифат, бағрикенглик ва эзгулик тамойиллари атрофида бирлашган халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлайди.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз таълимотларида инсон учун энг улуғ саодат тинчлик-осойишталик, тансиҳатлик ва хотиржамлик эканини алоҳида таъкидлаганлар:
“Сизлардан ким аҳли-оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик егулиги бор ҳолда тонг оттирса, гўёки унга бутун дунё тўлалигича берилибди” (Имом Термизий ривояти).
Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва эмин-эркинлик мана шундай улуғ саодатнинг амалий ифодасидир.
Аллоҳ таоло жонажон Ватанимиз истиқлолини абадий, тинчлигимизни барқарор айласин! Юртимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган Президентимиз ва барча мутасаддиларга куч-ғайрат, мустаҳкам соғлиқ ва улкан зафарлар ёр бўлсин. Эл-юртимиз аҳил-иноқлиги, хонадонларимизнинг қут-баракаси ҳеч қачон аримасин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби