Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Ноябр, 2025   |   26 Жумадул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:51
Қуёш
07:13
Пешин
12:13
Аср
15:21
Шом
17:06
Хуфтон
18:22
Bismillah
17 Ноябр, 2025, 26 Жумадул аввал, 1447

Тил рўзаси

01.05.2020   3644   4 min.
Тил рўзаси

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва саломлар бўлсин.

Тилнинг ҳам ўзига хос рўзаси бор. Уни билган  инсон лағвдан сақланади, узоқ бўлади. Тил рўзаси Рамазон ойида бўлгани сингари бошқа ойларда ҳам бўлиши зарурдир. Тилга Рамазон ойида таълим-тарбия бериб, дунё-охиратга манфаатли, ҳаётга фойдали нарсаларни гапиришга ўргатилади. Ўз ўрнида сўзлаб, ўз ўрнида жим туриш, вақтида сукут сақлашга одатлантирилади.

Тилниниг зарари буюк, хатари улкандир. Тил ваҳший йиртқичдек жароҳатлайди, илондек заҳарлайди, оловдек ёндиради. Қилич билан берилган жароҳат шифо топиши мумкин, тилнинг жароҳатига даво йўқдир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ўз тилларига:Эй тил, яхшиликни сўзлаб, уни ғанимат бил. Ёмон сўзда сукут қил, саломат бўласан”, деган эканлар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким икки жағи ва икки сони орасидаги нарсага кафил бўлса, уни жаннатга киришига мен кафил бўламан”, дедилар. Аллоҳ таоло ғийбатдан, чақимчилик, ёлғон, уятсиз сўзлар, лағв ва ҳаром сўзлардан тилини тийган мўминга раҳматини ёғдирсин.

Салафи солиҳ уламолар Қуръон ва суннат билан одоб берардилар. Уларнинг сўзлари мулойим, нутқлари зикр, назарлари ибрат, жим туришлари тафаккур эди. Инсон Қаҳҳор сифатли Рабга дуч келишдан қўрқса, тилини зикр ва шукрга ишлатиб, беҳаё, уятсиз, ахлоқсиз ва лағв сўзлардан тияди. Шунинг учун Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Ер юзида сақлаш зарур бўлган нарса тилдир”, деган. Тақводор зотлар гапирмоқчи бўлсалар, сўзлари ортидан келадиган машаққат ва натижасини ўйлаб сукут сақлаб тураверганлар. Бошқаларга озор бериш ҳаром. Озор беришнинг турли-туман кўринишлари бор. Шунинг учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлса, у комил мўминдир”, дедилар (Имом Муслим). Бу ҳадисдан инсон камолотга етиши учун тил, қўл ва барча аъзолар билан озор беришдан сақланиши лозимлиги тушунилади. Бошқа аъзоларга нисбатан тил орқали ғийбат, бўҳтон, ёлғон, чақимчилик, тилёғламалик, масхара, сўкиш, беҳаё сўзлар, сирни очиш каби гуноҳлар ва озорлар кўп содир бўлади. Шуниниг учун ҳадисда тил зикр қилинган. Баъзида унинг хатаридан жим туриш билангина нажот топиш мумкин.

Тилнинг рўзаси ёмон, зарарли гаплардан тийилиши, жим туришидир. Инсон жим туриш билан ҳалокатдан сақланиш билан бир қаторда ажр-савобларга ҳам эга бўлади. Манбаларда жим тура олиш инсонга берилган нажот топиш омилидир, дейилади. Инсон ҳаётида жим туриш билан дунё ва охират саодатига эришиши мумкин. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жим туриш ҳикматдир. Жим турувчилар эса жуда камдир”, дедилар” (Имом Байҳақий). Бошқа бир ҳадисда: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким жим турса, нажот топади”, дедилар” (Имом Термизий).

Уламолар айтади: “Тинглаш вақтида жим туриш фазилат, синов келганида жим туриш сабрдир, дейилган”. Бишр ибн Ҳорис Ҳофий айтади: “Сўзловчи жим турувчидан кўра тақволи бўлолмайди. Ўз ўрнида сўзлаб, ўз ўрнида сукут қилган олимгина ундан афзал бўлиши мумкин”. Саҳл ибн Абдуллоҳ: “Аллоҳ таолони танувчилар илмли бўлсалар ҳам жим турадилар ва изн билан гапирадилар. Шунинг учун уларда лағв бўлмайди”, дейди. Донишмандлар: “Инсон сўзлашни ўрганишига икки йил кифоя қилса, жим туришни ўрганишига эллик йил керак бўлади”, дейди. 

Барча суннатлар қаторида ўз ўрнида сукут сақлай билишга ҳам одатланмоғимиз лозим. Бунга эришишнинг осон йўли рўза тутишдир. Еб-ичишдан сақланиш билан бир қаторда кўзни номаҳрамдан, қулоқни ғийбатдан ва барча аъзоларни гуноҳдан тийиш, хусусан, тилни бўҳтон, чақимчилик, мазаҳ қилиш каби маъсиятлардан тийиш рўзанинг савобини мукаммал қилади. Ушбу Рамазон ойи мазкур амалларни бажариб жим туришни ўз одатимизга айлантириб олишимизга қулай фурсатдир. Эй рўзадорлар, тилларингизни зикр билан намланг. Унга тақвони ўргатинг ва гуноҳлардан покланг. Эй Раббимиз, бизга тўғри сўзловчи тил, саломат қалб ва чиройли хулқ бергин! Рамазон ойида барчамизнинг мақсадларимиз ҳосил бўлсин.     

       Баҳриддин ПАРПИЕВ

 

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар

Сеҳргарнинг аломатлари

14.11.2025   3266   2 min.
Сеҳргарнинг аломатлари

Ҳар бир сеҳргарнинг содда инсонларни алдайдиган белги ва аломатлари бор. Аксарият сеҳргарларда қуйидаги белгилар кузатилади:

1. Ҳузурига келган одамнинг исмини, онасининг исмини, ёшини сўраш. Бу сеҳргарнинг энг кўзга кўринган белгисидир.

2. Ҳузурига келган кишидан шахсий нарса талаб қилиш. Масалан: соч ёки тирноқ бўлаги ва ҳ.к.

3. Сеҳрламоқчи бўлган одамнинг расмини сўраш.

4. Тутатқилардан фойдаланиш. Улар бу билан ўзларига жинларни чақирадилар.

5. Тунда ишлаш. Бу уларнинг энг кенг тарқалган аломати. Уламолардан бири айтади: “Сеҳрнинг кучи ва таъсири кеч тушганда кучаяди. Шу сабабли, сеҳргарлар кундуз куни бўлса ҳам, қоронғу жойда қинғир ишларини бажарадилар.

6. Тингловчига тушуниш қийин, тушунарсиз сўзларни айтиш: минғирлаш ва лабларни ҳаракатлантириш.

7. Даволаниш вақтида Қуръон оятлари ва ҳадисларни ғўлдирадиган гаплар билан аралаштириш. Бу орқали одамлар тасаввурида “Қуръондан ўқияпти” деган фикр пайдо бўлади.

8. Белги ва жадваллар ёзилган китоблардан фойдаланиш.

9. Хар хил белги, ҳарф, рақам, доира ва жадваллар ёзилган китоблардан фойдаланиш.

10. Беморга учбурчак ёки ўралган квадрат шаклдаги туморлар бериш.

Сеҳргарлар туморни эътиборсиз қолдирмасликни алоҳида таъкидлайди. Агар унга бефарқлик қилса, касалликка йўлиқиши ёки бирор мусибатга мубтало бўлиши билан қўрқитади.

Шунингдек, беморга ҳарф, жадвал ва рақамлар ёзилган қоғозларни беради. Уларни сувга ботириб, кейин сув ичишни ёки у билан чўмилишни буюради.

Агар сиз сеҳргарларнинг шу ва шунга ўхшаш аломатларидан бирини кўрсангиз, эътиқодингизни бузишдан сақланинг ва улардан узоқ бўлинг. Чунки ким Аллоҳ учун бирор нарсани тарк этса, Аллоҳ таоло уни ундан афзалига етказади.

 

Даврон НУРМУҲАММАД