Ҳакимул уммат, Мавлоно Ашраф Али Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар:
Уламолар айтадиларки, рўзанинг бу даражада ўта фазилатли бўлишининг сабаби, унда зиёда ихлос бўлиши ва риё йўқлигидир. Ҳаттоки, агар бирор кимса риё (хўжакўрсинлик) қилса ҳам, ўшандаям риё бўла олмайди. Бошқа ибодатларнинг хилофидаки, уларда риё қилишлик ила риё бўла олади. Шу сабабдан рўзада изҳори қовлийга (яъни, мен рўзаман деб тил ила ошкор қилишликка) ҳам ижозат бор.
Бу ерда икки даъво бор. Бири, ошкор қилишликка ижозат, иккинчиси, бу ўринда ошкор қилишлик ила ҳам риё бўлмайди, дейишлик.
Ижозатнинг далили шуки, ҳадиси шарифда "Қачонки, сизлардан бирингиз рўзадор бўлса ва у билан биров жанжаллашса, у ҳолда мен рўзадорман десин" дейилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам изҳори қовлийга ижозат берганлар.
Энди, ошкор қилишлик ила ҳам риё бўлмаслиги қолди. Бунинг сабаби шуки, унда ихлос шу даражада кучлики ошкор қилишлик ила ҳам риё бўлмайди. Ҳолбуки, ташдан қараганда тил ила "мен рўзадорман" дейишлик ила риё бўлиб қолиши шубҳа қилинади. Бироқ мен айтаманки, ўшанда ҳам риё бўлмайди. Бунинг сабаби шуки, аввало жалий ибодат (яъни, шакл ва ҳайъати кўриниб турган ибодат) масалан, айнан намозда ҳам унинг суратини ўзи феълга далолат қилади. У сурат бу ибодатдир, бу намоздир дейди. Бу ерда (рўзада) эса сурат ўзи тил ила айтишлигидан ҳам у ҳақиқатда рўзадорми ёки рўзадор эмаслиги маълум бўладими?. Чунки, агар бирор рўзадор бўлмаган кимса ҳам мен рўзадорман деса, у ҳолда унинг даъвоси эшитувчилар наздида рост бўлади.
Aгар бирор кимса, "мен рўзадорман" дейишлик ила нега риё бўлмайди? деса, унинг жавоби шуки, ҳақиқатда бундан риё бўлмайди. Йўқса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ижозат бермас эдилар. Магар, ҳадисда мавжудки, "Рўзада жанжаллашиш йўқ. Aгар бирор кимса уни ҳақорат қилса, у ҳолда мен бугун рўзаман, шунинг учун ҳеч нарса демайман десин" дейилган.
Қачонки, ҳадисда изҳори совмга (яъни, рўзасини ошкор қилишга) ижозат бўлса, у ҳолда мен рўзаман, мен рўзаман, дейишлик ила ҳам риё бўлмайди. Йўқса, риёга ижозат лозим келади ва бу мумкин эмас. Бу нақлий жавобдир.
Aқлий жавоб шуки, мен рўзаман дейишлик ила қандай қилиб риё бўлиши мумкин? Чунки, бу даъвонинг рост эканлигини билишнинг бирор сурати йўқ. Эҳтимол, у ғуслхонага бориб, сув ичган бўлиши ва ташқарига чиқиб "мен рўзадорман" деган бўлиши мумкин. Шунинг учун "мен рўзаман" дейишлик ила ҳам риё бўлмайди.
Ҳа, агар бирор шахс риё қасди (нияти) ила бу жумлани айтса, худди бугунги кунда рўзадорлар бугун саҳарликка тура олмадик, саҳарлик қилмасдан рўзамиз, деб айтиб юрганлари каби. Гоҳо чанқоқлик ва ҳоказолардан шикоят қиладилар. Бунда қасди риё (яъни, ҳўжакўрсинликни ният қилишлик) гуноҳи бўлади. Чунки, риё гуноҳ бўлгани каби, уни қасд қилишлик ҳам гуноҳдир. Магар бу ерда риёнинг ҳақиқати мавжуд эмас.
Қачонки, унда риё бўлмаса, у ҳолда ихлос бўлади. Қайси ибодатда ихлос бўлса, у ҳолда у фазилатга сабаб бўлади. Энди, рўзада ихлос зиёда бўлгач, унинг фазилати янада зиёда бўлади.
Чунончи, уламолар рўзанинг хос фазилати айнан ихлос сабабидандир деб очиқ-ойдин ҳам ёзганлар.
"Муборак Рамазон аҳкомлари" китобидан. Урду тилидан
Тошкент шаҳар, Уч-тепа тумани, "Ҳазрати Али" масжиди ноиби-имоми Абдулқайюм Комил таржимаси.
Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ва диний меросни чуқур ўрганиш ҳамда маънавий-маърифий билимларни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар доирасида Фарғона, Қашқадарё ва бошқа ҳудудлардан келган имом-хатиблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлдилар. Улар Марказдаги музей экспозициялари, ноёб қўлёзмалар, Ренессанс даврларига бағишланган бўлимлар ва замонавий интерактив ечимлар билан танишиб, ушбу масканни илм, таълим ва маънавиятни уйғунлаштирган муҳим миллий платформа сифатида баҳоладилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Фарғона вилояти Бувайда тумани «Катта маҳалла» масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Ғойибназаров Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур Марказни ёш авлод учун муҳим маърифат маскани сифатида баҳолади.
«Бу ерда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломаларимиз қолдирган илмий мерос ва мамлакатимиз тараққиёти ҳақидаги экспозицияларни кўриб катта таассурот олдик. Бу ерга келган ҳар бир инсон ўз тарихини чуқурроқ англайди, ёшлар эса илмга ва ватанпарварликка янада кўпроқ интилади. Бу ерда олган билим ва таассуротларимизни халқимизга етказишни ўзимизга вазифа деб биламиз», — деди у.
Фарғона вилояти Қўштепа тумани бош имом-хатиби, «Муборак» жоме масжиди имом-хатиби Отабек Холмуродов Марказ кутубхонасида илмий изланишлар учун яратилган шароитларга эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, электрон китоблар фонди, Брайл алифбосидаги адабиётлар, махсус тадқиқот хоналари ва ноёб манбаларнинг бир жойда жамлангани Марказни нафақат музей, балки кенг қамровли илмий ресурс марказига айлантирган.
«Бу кутубхона илмий изланиш билан шуғулланувчилар учун ҳақиқий билим маскани экан. Бу ерда яратилган шароитлар илм аҳлини янада кўпроқ изланишга ундайди. Биз бу имкониятлар ҳақида ёшларимизга албатта тарғибот олиб борамиз», — деди у.
Фарғона вилояти Бувайда тумани бош имом-хатиби Аҳмадхон Низомов эса Марказнинг илмий концепциясига алоҳида тўхталди.
Унинг фикрича, ҳар бир экспозиция ортида кенг кўламли тадқиқотлар ва илмий изланишлар мужассам бўлиб, бу ердаги интерактив муҳит ташриф буюрувчиларни фақат томошабин эмас, балки изланувчига айлантиради.
«Бу ерга бир марта келиб барчасини тўлиқ англаш қийин. Ҳар бир экспозиция ортида катта илмий меҳнат мужассам. Айниқса, алломаларимиз мероси, тадқиқот марказлари ва интерактив имкониятлар инсонни янада чуқур изланишга чорлайди. Бу маскан келажак авлод учун улкан маънавий бойлик ва Янги Ўзбекистоннинг илм-фан тараққиётига хизмат қиладиган муҳим пойдевордир», — деди у.
Ташриф якунида иштирокчилар Марказда жамланган бой илмий ва маданий мерос, рақамли экспозициялар ҳамда таълим имкониятларини кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғиб қилиш Учинчи Ренессанс ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ўзликни англаш ва илмий меросга қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилишини қайд этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати