Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Август, 2026   |   14 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:20
Қуёш
05:44
Пешин
12:25
Аср
17:07
Шом
19:08
Хуфтон
20:28
Bismillah
27 Август, 2026, 14 Рабиъул аввал, 1448

Рўза нега бу даражада фазилатли ва аҳамиятли? 

30.04.2020   7289   4 min.
Рўза нега бу даражада фазилатли ва аҳамиятли? 

 

Ҳакимул уммат, Мавлоно Ашраф Али Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар:

Уламолар айтадиларки, рўзанинг бу даражада ўта фазилатли бўлишининг сабаби, унда зиёда ихлос бўлиши ва риё йўқлигидир. Ҳаттоки, агар бирор кимса риё (хўжакўрсинлик) қилса ҳам, ўшандаям риё бўла олмайди. Бошқа ибодатларнинг хилофидаки, уларда риё қилишлик ила риё бўла олади. Шу сабабдан рўзада изҳори қовлийга (яъни, мен рўзаман деб тил ила ошкор қилишликка) ҳам ижозат бор.

Бу ерда икки даъво бор. Бири, ошкор қилишликка ижозат, иккинчиси, бу ўринда ошкор қилишлик ила ҳам риё бўлмайди, дейишлик.

Ижозатнинг далили шуки, ҳадиси шарифда "Қачонки, сизлардан бирингиз рўзадор бўлса  ва у билан биров жанжаллашса, у ҳолда мен рўзадорман десин" дейилган.  Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам изҳори қовлийга ижозат берганлар.

Энди, ошкор қилишлик ила ҳам риё бўлмаслиги қолди. Бунинг сабаби шуки, унда ихлос шу даражада кучлики ошкор қилишлик ила ҳам риё бўлмайди. Ҳолбуки, ташдан қараганда тил ила "мен рўзадорман" дейишлик ила риё бўлиб қолиши шубҳа қилинади. Бироқ мен айтаманки, ўшанда ҳам риё бўлмайди. Бунинг сабаби шуки, аввало жалий ибодат (яъни, шакл ва ҳайъати кўриниб турган ибодат) масалан, айнан намозда ҳам унинг суратини ўзи феълга далолат қилади. У сурат бу ибодатдир, бу намоздир дейди. Бу ерда (рўзада) эса сурат ўзи тил ила айтишлигидан ҳам у ҳақиқатда рўзадорми ёки рўзадор эмаслиги маълум бўладими?. Чунки, агар бирор рўзадор бўлмаган кимса ҳам мен рўзадорман деса, у ҳолда унинг даъвоси эшитувчилар наздида рост бўлади.

Aгар бирор кимса, "мен рўзадорман" дейишлик ила нега риё бўлмайди? деса, унинг жавоби шуки, ҳақиқатда бундан риё бўлмайди. Йўқса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ижозат бермас эдилар. Магар, ҳадисда мавжудки, "Рўзада жанжаллашиш йўқ. Aгар бирор кимса уни ҳақорат қилса, у ҳолда мен бугун рўзаман, шунинг учун ҳеч нарса демайман десин" дейилган.

Қачонки, ҳадисда изҳори совмга (яъни, рўзасини ошкор қилишга) ижозат бўлса, у ҳолда мен рўзаман, мен рўзаман, дейишлик ила ҳам риё бўлмайди. Йўқса, риёга ижозат лозим келади ва бу мумкин эмас. Бу нақлий жавобдир.

Aқлий жавоб шуки, мен рўзаман дейишлик ила қандай қилиб риё бўлиши мумкин? Чунки, бу даъвонинг рост эканлигини билишнинг бирор сурати йўқ. Эҳтимол, у ғуслхонага бориб, сув ичган бўлиши ва ташқарига чиқиб "мен рўзадорман" деган бўлиши мумкин. Шунинг учун "мен рўзаман" дейишлик ила ҳам риё бўлмайди.

Ҳа, агар бирор шахс риё қасди (нияти) ила  бу жумлани айтса, худди бугунги кунда рўзадорлар бугун саҳарликка тура олмадик, саҳарлик қилмасдан рўзамиз, деб айтиб юрганлари каби. Гоҳо чанқоқлик ва ҳоказолардан шикоят қиладилар. Бунда қасди риё (яъни, ҳўжакўрсинликни ният қилишлик) гуноҳи бўлади. Чунки, риё гуноҳ бўлгани каби, уни қасд қилишлик ҳам гуноҳдир. Магар бу ерда риёнинг ҳақиқати мавжуд эмас.

Қачонки, унда риё бўлмаса, у ҳолда ихлос бўлади. Қайси ибодатда  ихлос бўлса, у ҳолда у  фазилатга сабаб бўлади. Энди, рўзада ихлос зиёда бўлгач, унинг фазилати янада зиёда бўлади.

Чунончи, уламолар  рўзанинг хос фазилати айнан ихлос сабабидандир деб очиқ-ойдин ҳам ёзганлар.

 

"Муборак Рамазон аҳкомлари" китобидан. Урду тилидан

Тошкент шаҳар, Уч-тепа тумани, "Ҳазрати Али" масжиди ноиби-имоми Абдулқайюм Комил таржимаси.

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

13.08.2026   52035   3 min.
Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.

Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.

“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.

Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.

Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.

Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.

Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.

“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.

Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.

Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари