Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Июн, 2026   |   2 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:02
Хуфтон
21:39
Bismillah
17 Июн, 2026, 2 Муҳаррам, 1448

Ҳар бир рўзадор бу эшикдан киради

30.04.2020   6190   4 min.
Ҳар бир рўзадор бу эшикдан киради

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсин Ўзи бизни муборак Рамазон ойига етказиб, бу ойнинг ибодатларидан баҳраманд этмоқда. Аллоҳ ўзининг ибодатига лойиқ кўриши биз учун чексиз неъматдир. Чунки ибодат банданинг бу дунёдаги энг асосий мақсад ва вазифаларидан биридир. Инсон яратилишидан кўзланган бош ғоя ҳам шундан иборатдир. Бу ҳақда Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт сураси, 56-оят).

Рамазон ойи биз учун Аллоҳга яқин бўлиш, хулқимизни сайқаллаш, савобли амалларни кўпроқ қилиш, имонимизни мустаҳкамлаш каби ибодатлар учун қулай бир фурсатдир.

Қуръони каримда рўза тутиш ибодати Одам алайҳиссаломдан бошлаб то Муҳаммад алайҳиссалом давригача ўтган барча пайғамбар ва умматларга фарз қилингани таъкидланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз» (Бақара сураси, 183-оят).

Демак, рўза банда учун шунчалик муҳим ибодатдирки Аллоҳ уни тутишликни барча умматга фарз қилди. Эҳтимол, рўзанинг фазилати бунчалик кўп бўлмаганда барча уммат учун бирдек фарз бўлмаган бўларди.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси қудсийда бундай дедилар: “Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим бераман, деди” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Насоий ва Имом Аҳмад ривоят қилишган). Аллоҳ таоло барча солиҳ амаллар ичидан фақатгина рўзани ўзи учун танлагани бу ибодатнинг нечоғлик улуғ эканлигига далолат қилади.

Рўза ибодати банда ва Робби ўртасидаги энг махфий ибодатлардан бири ҳамдир. Рўзадор кун давомида бир неча бор ўзи ёлғиз қолганда ейиш ёки ичишга имкони бўлса ҳам Аллоҳнинг кузатиб турганлигини ҳис қилиб, ейиш-ичишдан нафсини тияди, сабр қилади. Шунда рўзанинг асл ҳақиқати намоён бўлиб, банда Аллоҳга тобора яқин бўлиб боради.

Рўза қиёмат куни ўз эгасини шафоат қилади. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Рўза ва Қуръон (қиёмат куни) бандани шафоат қилади. Рўза айтади: “Ё, Роббим, мен уни кундузи таом ва шаҳватлардан тўсдим, энди уни шафоат қилишим учун изн бер”. Сўнгра Қуръон айтади: “Ё, Роббим, мен уни кечаси уйқудан тўсдим. Энди уни шафоат қилишим учун изн бер”. Бас, у иккисига (бандани) шафоат қилиш имкони берилади” (Имом Аҳмад ривояти).

Дарҳақиқат, рўза ойининг фазилатлари чексиз, уни санаб адоғига етиб бўлмайди. Ҳар бир инсон ўзининг саъй-ҳаракат ва ниятига кўра бу ойнинг савобидан турлича баҳраманд бўлади. Бироқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларига кўра ҳар бир рўзадорнинг жаннатга «Райён» деб аталган эшикдан кириши ҳақдир. Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннатда бир эшик бор. У «Райён» дейилади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Рўзадорлар қани? дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киргач, у беркитилади. Кейин ундан ҳеч ким кирмайди", дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират этиб, жаннатга «Райён» эшиги орқали киришимизни насиб этсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Россиядаги минглаб ватандошлар билан маърифий учрашувлар ўтказилди

16.06.2026   3514   1 min.
Россиядаги минглаб ватандошлар билан маърифий учрашувлар ўтказилди

Юртимиз диний соҳа вакилларининг хорижда, хусусан, Россия Федерациясида меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан учрашувлари, уларнинг ижтимоий-маънавий ҳаётидан хабар олиш ва диний эҳтиёжларини қондириш борасидаги хайрли ишлари тизимли равишда давом эттирилмоқда.


Сафар дастури доирасида Ленинград вилояти Кингисепп туманида жойлашган "RENCONS Heavy Industries" компаниясида фаолият юритаётган мингга яқин ватандош ишчи-ходимлар билан биргаликда муборак жума намози адо этилди. Намоздан сўнг ҳамюртларимиз билан самимий суҳбат қурилиб, уларга мусофирчилик одоби, ҳалол меҳнат ва Ватан соғинчи ҳақида гўзал мавъизалар қилинди.


Шунингдек, ишчи гуруҳнинг Калининград шаҳрига ташрифи ҳам сермазмун учрашувларга бой бўлди. Жумладан:

  • Шаҳардаги маҳаллий «Нур» мусулмонлар диний ташкилотида пешин намозидан сўнг ватандошлар билан учрашув ташкил этилди;

  • Муҳташам «Эҳсон» жоме масжидида шом намози адо этилиб, йиғилган ҳамюртларимиз иштирокида навбатдаги маърифий суҳбат ўтказилди. Унда мусофир юртда иймон-эътиқод ва миллий қадриятларни асраш, ёт ғоялардан йироқ бўлиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.


Шу билан бирга, Санкт-Петербург шаҳрида турли соҳаларда меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан ҳам бир нечта манзилларда юзма-юз учрашувлар уюштирилди. Учрашувлар давомида ҳамюртларимизни қизиқтирган шаръий саволларга батафсил жавоблар берилиб, уларнинг ҳаққига, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини сўраб хайрли дуолар қилинди.


Бу каби жонли учрашувлар ватандошларимизга улкан маънавий қувват бахш этмоқда. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Россиядаги минглаб ватандошлар билан маърифий учрашувлар ўтказилди Россиядаги минглаб ватандошлар билан маърифий учрашувлар ўтказилди Россиядаги минглаб ватандошлар билан маърифий учрашувлар ўтказилди Россиядаги минглаб ватандошлар билан маърифий учрашувлар ўтказилди
Ўзбекистон янгиликлари