Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий “Ҳужжатуллоҳил балиғо” китобларининг “Рўза ҳукмлари” бобида бир ҳадисни келтирадилар:
“Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар сизлардан бирортангиз оғиз очадиган бўлса, хурмо билан оғиз очсин. Албатта у баракадир. Агар уни топа олмаса, сув билан ифторлик қилсин. Чунки у покловчидир”. (Аҳмад, Доримий ривояти)
Айтаманки, инсоннинг табиати ширинликни ёқтиради, айниқса очликдан сўнг. Жигар ҳам ширинликни хушлайди. Арабларнинг ҳам табиати хурмога моил. Хурмо муносиб вақтда тановул қилингани учун, барака олиб келади”. (иқтибос тугади)
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ҳар бир ишларида ҳикмат ва фойда мужассамдир. Ушбу ифторликда хурмо танавул қилиш ҳадиси ҳам жуда кўплаб фойдани ўз ичига олади. Айниқса, тиббий жиҳатдан!
- Оғиз очиш пайтида қорин очқаб, бадан кўп таом истаб турган ҳолатда хурмо биринчи бўлиб ошқозонга етиб борса, мияга тўқлик ҳиссини жўнатади. Натижада ҳолсизланиб турган ошқозонга енгил ва тез ҳазм бўлувчи мева жойлашади.
- Витамин А, B-1,2,3,5,6,9, C, D, K, Калций, темир, фосфор, руҳ, натрий ва марганец сингари комплекс элементларни ўзида мужассам қилган.
- Хурмодаги калий миқдорининг юқорилиги боис асаб тизими ўзига келади.
- Очликнинг сўнгги соатларида қонда қанд миқдори кўтарилади. Натижада ҳолсизлик, дангасалик, диққатни жамлай олмаслик каби ҳолатлар авж олади. Хурмо эса қондаги қанд миқдорини пасайтиради.
- Чексиз қувват манбаи бўлиб, кун давомидаги чарчоқдан фориғ этади.
- Таркибида кўплаб фойдали элементлар ва витаминлар сабаб, саратон касаллигини бартараф этади.
- Жигар фаолиятини яхшилайди.
- Ўзи шира, глюкоза ва сахарозага бой бўлсада, қанд миқдорини кўтармайди. Аксинча, туширади. Бир кунда тўрт донадан истеъмол қилиш тасвсия қилинади. Ортиқчаси кўплик қилади.
- Ўпка ишлашини яхшилайди.
- Анемия ва гипертонияда жуда фойдали.
- Иммунитетни кўтаради.
- Юрак фаолиятини ривожлантиради.
- Юздаги нерв толалари шол бўлишидан сақлайди.
- 1 донаси тахминан 23 колорияга эга.
- Озишни истаганлар ширинлик сифатида тановул қилсалар бўлади.
- Кислота балансини ушлаб туради.
- Ҳомиладор ва эмизикли аёлларга энг яхши озуқа манбаи ҳисобланади.
- Стресс ва тарангликни камайтиради.
Шу ва шунга ўхшаш фойдали жиҳатларни ўзида мужассам этган хурмо меваси ёшу қарига бирдай мос келади. Фақат уни ҳам меъёрида истеъмол қилиш зарур.
Ифторлик ва саҳарлик дастурхонингиздан тотли хурмо меваси аримасин!
Н.Саидакбарова тайёрлади.
Бир йигит масжидга келиб бироз ўтиргач, имомга эътироз билдирди:
– Энди масжидга келиб ўтирмасак ҳам бўларкан...
Имом ундан нима учун бундай деганининг сабабини сўради. Йигит ён-атрофдаги ҳамма одам телефонга қараб ўтиргани, баъзилари ўзаро гаплашаётгани учун шу гапни гапирганини айтди.
Имом бироз ўйлаб тургач, бундай деди:
– Яхши, эътирозинг ўринли. Мен бу ҳақда одамларга эслатиб турибман. Лекин сен энди масжидга келмоқчи бўлмасанг бир иш қилиб кет.
Йигит рози бўлди. Имом унга бир пиёлани тўлдириб сув берди ва шу сувни бир томчи ҳам тўкмасдан масжиднинг ичини бир айланиб чиқишини илтимос қилди. Йигит бор диққат-эътиборини жамлаб, оҳиста қадамлар билан, икки кўзини пиёладан узмаган ҳолда вазифани муваффақиятли адо этди.
Имом унга деди:
– Баракаллоҳ! Энди менга айт-чи, сен шу топшириқни бажараётганингда кимлар гапириб ўтирди, кимлар телефонига қаради?
Йигит жавоб берди:
– Мен қаердан билай, ахир бутун диққатим сувни тўкиб қўймасликда эди.
Имом деди:
– Ана кўрдингми? Сен топшириқни бажараётганингда бутун фикру ҳаёлингни бир жойга жамладинг. Аллоҳнинг ҳузурида турганимизни ҳис қилиб, хаёлимизни ибодатга, Унинг зикрига қаратсак, бошқаларнинг хатосини кўришга вақтимиз ҳам қолмайди. Албатта, кимдир хато қилса бу сенинг ҳидоятдан юз буриб кетишингга сабаб бўлмаслиги керак. Чунки хато динники ё масжидники эмас, балки банданики...
Йигит ўйлаб кўриб, хато қилганини тушунди. Кейинги жамоат намозларида хушу билан қатнашишда давом этди.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ