Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким ўша ойда ҳозир бўлса, бас, рўзасини тутсин” дедилар (Бақара, 185).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундур ва унинг мукофотини Мен –Ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони унинг измида бўлган Зотга қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлгай ва қачон Раббисига мулоқот бўлганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай”, дедилар” (Бешовлари ривоят қилганлар).
Бошқа бир ривоятда:”Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: “Магар рўза мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур”, деди” дейилган.
Имон келтирган инсон комил мўмин бўлиш учун бутун умри асносида Аллоҳ таоло буюрган ва Унга маъқул бўладиган хайрли амалларни кўплаб бажариб, Аллоҳнинг ризолигини топишни ва бу билан намои аъмолларига ажру савобларни орттириб ёзилиши ҳаракатида бўлади. Аллоҳнинг Ўзи яратган бандаларига марҳамати жуда кенг эканлигини ва бир қилган солиҳ амалимизга баъзи ҳолларда ўн ёки етти юз баробаригача ёки ундан ҳам зиёд (Валлоҳи аълам) мукофот бериш ваъдаси борлигини ҳам юқорида келтирилган биргина ҳадиси шарифдан кўриб турибмиз. Ана шундай намои аъмолларимизга ажру савобларни ёзилиши ҳаракатида бўладиган бу муборак улуғ ой – ҳидоят, раҳмат ва мағфират ойидир. Бу улуғ ой ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай хутба қилганлар.
Салмон Форсийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади:
“Шаъбон ойининг охирги кунида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга бир хутба ўқидилар.
– Эй инсонлар! Улуғ ва баракотли ойнинг сояси устингизга тушди. Бу ойда минг ойдан-да хайрлироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг кундузларида рўза тутишингизни фарз ва кечалари туриб, намоз ўқишингизни суннат қилган. Бу ойда ким заррача яхшилик қилса, бошқа ойларда бир фарз амал қилгандек савоб олади. Ва ким бу ойда бир фарз адо этса, бошқа ойларда етмиш фарз амал бажаргандек бўлади. Бу ой сабр ва қийинчиликларга чидаш ойидир. Сабрнинг эвази эса жаннатдир. Бу ой фақир ва йўқсилларга ёрдам ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи кўпайтирилади. Бу ойда бир кишининг бир рўзадорни ифтор қилдириши гуноҳларнинг кечирилишига ва жаҳаннам оловидан қутилишига васила бўлади. Бундан ташқари унга рўзадорнинг савобидан камайтирилмасдан унинг савобичалик савоб ёзилади, дедилар.
Саҳобалар:
– Ё Расулуллоҳ! Ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифтор беришга кучимиз етмайди-ку, – дейишди.
Аллоҳнинг Расули:
Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир хурмо ёки сув қўшилган бир қултум сут билан ифтор эттирганга ҳам беради. Бу ойнинг боши раҳмат, ўртаси мағфират ва охири оловдан қутулишдир. Ким бу ойда хизматкор жорияларига кам иш буюрса, гуноҳлари кечирилади ва (жаҳаннам) оловидан қутулади. Бу ойда қўлингиздан келганча шу тўрт нарсани қилинглар. Бу тўрт нарсадан иккитаси билан Раббингизни хушнуд қиласиз. Иккитасига эса ўзингиз муҳтожсиз. Раббингизни хушнуд қиладиган икки нарса “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ” деб шаҳодат келтиришингиз ва истиғфор айтишингиздир. Сизлар муҳтож бўлган икки нарса Аллоҳдан жаннатни сўрашингиз ва жаҳаннам оловидан паноҳ тилашингиздир. Ким бир рўзадорнинг чанқоғини қондирса, Аллоҳ таоло ўша одамга Менинг ҳовузимдан сув ичириб, жаннатга киргунича чанқатмайди”,дедилар (Мунзирий; Ибн Ҳузайма, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, “Ат-Тарғиб”, 2-жилд, 218-бет).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”, дедилар”. Демак, ихлос ва имон билан савоб умид қилиб, Рамазон рўзасини тутишимиз, ўтган гуноҳларимиз кечирилишига сабаб бўлади. Ҳар биримиз бу раҳматга, баракотга тўла бўлган ҳидоят, раҳмат ва мағфират ойини ғанимат билайлик. Аллоҳ таоло ҳаммаларимизнинг қилаётган барча тоат- ибодатларимизни ўз даргоҳида қабул қилсин. Омийн.
Яқуб ЖУМАМУРАТОВ тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا أَكَلَ أَحَدُكُمْ فَلْيَأْكُلْ بِيَمِينِهِ، وَإِذَا شَرِبَ فَلْيَشْرَبْ بِيَمِينِهِ، فَإِنَّ الشَّيْطَانَ يَأْكُلُ بِشِمَالِهِ وَيَشْرَبُ بِشِمَالِهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангиз еса, ўнг қўли билан есин. Қачон бирортангиз ичса, ўнг қўли билан ичсин. Чунки шайтон чап қўли билан еб, чап қўли билан ичади», дедилар (Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилганлар).
Демак, чап қўли билан еб-ичган одам Роҳманнинг амридан юз ўгириб, шайтонга эргашган ва унинг ишини қилган бўлади.
Шунинг учун бу масалага катта эътибор билан қарамоғимиз, фарзандларимизга ҳам ўргатмоғимиз лозим.
عَنْ سَلَمَةَ بْنِ الْأَكْوَعِ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا أَكَلَ عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِشِمَالِهِ، فَقَالَ: كُلْ بِيَمِينِكَ، قَالَ: لَا أَسْتَطِيعُ، قَالَ: لَا اسْتَطَعْتَ، مَا مَنَعَهُ إِلَّا الْكِبْرُ، قَالَ: فَمَا رَفَعَهَا إِلَى فِيهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида чап қўли билан таом еди. Бас, у зот:
«Ўнг қўлинг билан е!» дедилар.
«Қодир эмасман», деди у.
«Қодир бўлмагин! Уни кибрдан бошқа нарса ман қилмади», дедилар у зот. Ҳалиги одам қўлини оғзига кўтара олмай қолди» (Муслим ривоят қилган).
Ушбу ҳадиси шарифдан динимизда овқатланиш маданиятига қанчалик аҳамият берилганлигини ёрқин кўриб турибмиз. Албатта, гап овқатланишнинг исломий маданияти ҳақида кетмоқда. Овқатланишнинг исломий маданиятларидан бири ўнг қўл билан ейишдир. Ҳар бир мусулмон инсон бу муҳим ишга алоҳида эътибор билан қараши лозим. Баъзи бир кишилар бу исломий маданиятга риоя қилмасалар, уларни огоҳлантириш керак.
Ушбу ривоятнинг қаҳрамони ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида овқатланишнинг исломий маданиятига риоя қилмай, чап қўли билан таом ейишга тутинди. Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолга бепарво бўлишлари мумкин эмас эди. Шунинг учун мазкур одобсиз кишига таълим бериб:
«Ўнг қўлинг билан е!» дедилар».
Бундай пайтда ҳар қандай одам таълим берувчига ташаккур айтиб, ўзини ўнглаб олишга уринади. Одоб-ахлоқ тақозоси шу. Аммо ҳалиги одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ташаккур айтиб, ўз хатосини тузатиб, ўнг қўли билан таом ейишга ўтиш ўрнига:
«Қодир эмасман», деди».
Яъни, бу «Овқатни ўнг қўли билан ея олмайман. Чап қўлим билан еявераман», дегани эди. Ўзи нотўғри иш қила туриб, унга меҳр кўрсатиб, хатосини тўғрилаб қўйган зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бундай бетгачопарлик қилган нобакор ҳар қандай жазога ва қарғишга лойиқ эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ-ойдин қилиб:
«Қодир бўлмагин!» дедилар».
Яъни, «Ўнг қўлинг билан таом ея олмасанг, бир йўла ея олмай қолгин», дедилар. Ҳамда у ерда ҳозир бўлганларга тушунтириш учун:
«Уни кибрдан бошқа нарса ман қилмади», деб, қўшиб қўйдилар. Яъни, у одам юқоридаги гапни ҳақиқатда ўнг қўлида нуқсон борлиги учун эмас, кибр билан хатосини тан олишдан бош тортиб айтган эди.
Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни дуоибад қилдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари жойида қабул бўлди.
«Ҳалиги одам қўлини оғзига кўтара олмай қолди».
Ажаб бўлди! Баттар бўлсин! Ўз фойдасини билмаган, шариат ҳукмидан кўра ўзининг кибрини устун қўядиганлар учун бу ҳам кам!
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Чап қўл билан таом еб бўлмаслиги.
2. Бировнинг чап қўл билан еганини кўрган одам танбеҳ бериб, ўнг қўл билан ейишини эслатиб қўйиши кераклиги.
3. Диний ҳукмлар бўйича насиҳат эшитган одам мутакаббирлик қилмаслиги кераклиги.
4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари дарҳол қабул бўлиши.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 16-жуз