Рамазон – мусулмонлар учун чинакам шодиёна. Бу ойда савоб амалларни кўпайтириб улуғ ажрларга эга бўлайлик. Сиз азизларга рамазон ойи учун бешта маслаҳатни тавсия қиламиз.
Биринчи
Жуда кўп таом еманг, сувни ҳам камроқ ичинг. Саҳарлик қилаётганда киши кун бўйи оч юришини ўйлаб кўп еб қўяди. Натижада ошқозон фаолияти қийинлашиб, киши дангаса ва беҳафсала бўлиб қолади. Ёдда тутинг, рамазон очлик ойи эмас, балки иймон-эътиқод синаладиган ойдир. Келинг, рамазон ойини пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия қилганларидек нафсимизни жиловлаб, ошқозонимизнинг учдан бирини овқатга, учдан бирини сувга қолган учдан бирини ҳавога тўлдирайлик.
Иккинчи
Сахийликни кўпайтиринг. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо сахий бўлганлар. Айниқса, рамазон ойида саховатлари янада ошиб кетган. Бу муқаддас ойда ким саховатпешалик қилса унга улуғ савоблар ёзилади. Иложи борича рамазоннинг ҳар кунида сахийлик қилинг. Биргина Қадр кечасида қилинган хайр-саховатга Аллох жуда кўп савобларни ваъда қилган. Саховатли бўлайлик, иншоаллоҳ улуғ ажрлар эгасига айланайлик.
Учинчи
Беш маҳал намозга қоим бўлинг. Рамазон ойида кечалари таровеҳ намозига одамлар ёғилиб келади. Аммо кундузлари намоз ўқувчилар бир оз сийраклашгандек бўлиб қолади. Албатта таровеҳ намозининг ажри улуғ, Бироқ ёдда тутинг, Аллоҳ таоло бизга кунда беш маҳал намоз ўқишни фарз қилган. Фарз амални мукаммал адо этишда сусткашлик қилманг.
Тўртинчи
Рамазон – Қуръон ойи! Бу муқаддас ойда кўпчилик Қуръонни бир неча бор хатм қилиш пайида бўлади. Баъзиларимиз Қуръонни уч маротаба, баъзиларимиз беш маротаба хатм қиламиз. Бу ажойиб мусобақага ўхшайди. Айниқса, оятлар маъноси тушуниб ўқилганда савоби янада улуғ бўлади. Шу муқаддас ойда Қуръон ўқиб қалбимизни нурга тўлдирайлик.
Бешинчи
Тақводор бўлайлик. Аллоҳ таоло бандаларига тақво қилишни буюриб, Бақара сурасининг 183-оятида қуйидагича марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби* сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”.
Оятда айтилганидек рўзадорлик ортидан тақводор бўлишга чақирилмоқда. Тақводор одам ўз нафсини жиловлайди. Шубҳали нарсалардан узоқ бўлади. Тақво сўзи кўп тилларда мавжуд эмас. Унинг асл маъноси “Аллохдан қўрқиш, У белгилаган ҳадлардан ошмаслик ва охиратни ўйлаб яшашдир”. Тақво фақат Аллоҳдан қўрққанимиз баробарида унга бўлган чексиз муҳаббатимиз сабаб бўлса янада яхши.
Бир йигит масжидга келиб бироз ўтиргач, имомга эътироз билдирди:
– Энди масжидга келиб ўтирмасак ҳам бўларкан...
Имом ундан нима учун бундай деганининг сабабини сўради. Йигит ён-атрофдаги ҳамма одам телефонга қараб ўтиргани, баъзилари ўзаро гаплашаётгани учун шу гапни гапирганини айтди.
Имом бироз ўйлаб тургач, бундай деди:
– Яхши, эътирозинг ўринли. Мен бу ҳақда одамларга эслатиб турибман. Лекин сен энди масжидга келмоқчи бўлмасанг бир иш қилиб кет.
Йигит рози бўлди. Имом унга бир пиёлани тўлдириб сув берди ва шу сувни бир томчи ҳам тўкмасдан масжиднинг ичини бир айланиб чиқишини илтимос қилди. Йигит бор диққат-эътиборини жамлаб, оҳиста қадамлар билан, икки кўзини пиёладан узмаган ҳолда вазифани муваффақиятли адо этди.
Имом унга деди:
– Баракаллоҳ! Энди менга айт-чи, сен шу топшириқни бажараётганингда кимлар гапириб ўтирди, кимлар телефонига қаради?
Йигит жавоб берди:
– Мен қаердан билай, ахир бутун диққатим сувни тўкиб қўймасликда эди.
Имом деди:
– Ана кўрдингми? Сен топшириқни бажараётганингда бутун фикру ҳаёлингни бир жойга жамладинг. Аллоҳнинг ҳузурида турганимизни ҳис қилиб, хаёлимизни ибодатга, Унинг зикрига қаратсак, бошқаларнинг хатосини кўришга вақтимиз ҳам қолмайди. Албатта, кимдир хато қилса бу сенинг ҳидоятдан юз буриб кетишингга сабаб бўлмаслиги керак. Чунки хато динники ё масжидники эмас, балки банданики...
Йигит ўйлаб кўриб, хато қилганини тушунди. Кейинги жамоат намозларида хушу билан қатнашишда давом этди.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ