Муборак Рамазон ойи фазийлатлари ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазоннинг илк кечасида мусулмонларнинг гуноҳлари кечирилиши ҳақида қилган хутбалари, ва Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Самарқандий Доримий ўзининг Сунаний Доримий (сайланма) ҳадислар китобида, Муборак Рамазон ойи фазийлатлари ҳақида баён қилинган ҳадислар.
Анас (розияллоҳу анҳу) дан:
“Рамазон ойи яқинлашгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шом намозидан кейин қисқа бир хутба қилдилар:
Сиз ва Рамазон ойи бир-бирингизни кутиб олиш арафасидасиз. Шуни ҳам билинг, қиблага қараб намоз ўқиганлардан, рамазоннинг илк кечаси гуноҳлари кечирилмай қолган одам бўлмайди, -дедилар” (“Ал канз”, 4-жилд, 305-бет; Ибн Нажжордан). (Пайғамбаримиз ва Саҳобалар ҳаёти китобидан).
Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Самарқандий Доримий ўзининг Сунаний Доримий (сайланма) ҳадислар китобида, Муборак Рамазон ойи фазийлатлари баён қилинган қуйидаги ҳадиси шарифлар келтирилади;
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳар бир иши (амали) ўзи учундир. Биргина яхшилик ўнтадан то етти юз барорбаргача тенгдир. Фақатгина рўза мен учундир ва унинг ажрини Ўзим берурман, чунки у (одам боласи) овқат ва унга бўлган иштаҳасини ҳам, ичимлик ва унга бўлган иштаҳасини ҳам мени деб тарк этади. Шундай экан у (яъни, рўза) фақат Мен учундир ва унинг ажрини Ўзим бераман”, деди”.
Анас ибн Молик (разияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бировни уйларида ифторлик қилсалар: “Агар уйларингизда рўзадорлар ифторлик қилса ва сизларнинг пок таомларингиздан еса, сизларнинг устиларингизга фаришталар туширилади”, дердилар”.
Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки Рамазон ойи кирса, осмон эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади”, дедилар”.
Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Рамазон ойини иймон ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади, кимки қадр кечасини бедор ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”, дедилар.
Убода ибн Сомит (разияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни Лайлатул Қадр ҳақида хабардор қилиш учун олдимизга чиққанларида мусулмонлардан икки киши ўзаро тортишаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, мен сизларни Лайлатул Қадр ҳақида хабардор қилиш учун чиққандим. Фалончи билан билан фалончи ўртасида тортишув бўлаётганидан (уни) унутдим. Эҳтимол бу хайрлидир. Уни охирги ўн кунликнинг бешинчи, еттинчи ва тўққизинчи кечаларидан изланглар”, дедилар”.
Жумамуратов Яқуб,
Тахиатош тумани “Муҳаммад Мурод эшон” масжиди имом-хатиби.
Инсон зиммасида бир нечта омонатлар борки, буларни қадрлаш зарур ҳисобланади. Ўз жонига ўзи қасд қилиш эса ана шу омонатга хиёнат қилишдир. Бинобарин, Қурони карим Нисо сураси 29-оятида Ҳақ таоло хитоб қилган: "Бир-бирларингизни ўлдирмангиз".
Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Бесабрлик қилиб пичоқ олди-да, қўлни кесиб ташлади ва кўп ўтмай, қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ: "Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим", деди" (Муттафақун алайҳ).
Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Кимки тоғдан ўзини ташлаб, жонига қасд қилса, у жаҳаннам оловида абадулабад ўзини пастга ташлайди. Кимки заҳар ичиб жонига қасд қилса, у қўлида заҳарини тутиб, жаҳаннам оловида абадулабад ўзини заҳарлайди. Кимки ўзини темир билан ўлдирса, у қўлида темирини тутиб, жаҳаннам оловида абадулабад у билан ўзини уради" (Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти).
Мўътабар фатво китобларимиздан “Фатавои Сирожия”да: “Қачон кема ёна бошласа, ундагиларнинг агар ўзларини денгизга ташлашса, сузиш билан халос бўлиб кетишга гумонлари ғолиб бўлса, шундай қилишлари вожиб бўлади. Агар ўзларини денгизга ташласалар ҳам ғарқ бўлишлари ёки ташлашмаса, куйиб кетишлари эҳтимоли бўлса, у ҳолда кемада қолиш ва денгизга ўзларини отиш орасида ихтиёрлидирлар. Кимки ўзини ўлдирса, унинг гуноҳи бошқа бировни қатл қилгандан кўра қаттиқроқдир!”
Юқорида келтирилган манбалардан кўриниб турибдики динимиз инсон ўз жонига қасд қилишга эмас, балки бу омонатни асрашга қадрлашга чақиради. Лекин, жамиятда баъзи инсонлар борки, ўз жонига қасд қилишга, худкушликка рағбат қиладилар. Аслини олганда ўзини-ўзи ўлдириш Аллоҳ берган неъматни мутлақо менсимасликдир. Шу билан бирга бундай ҳолат ўша жамиятга ҳам мусибат ҳисобланади.
Ўзини-ўзи ўлдиришнинг гуноҳи бировни ўлдиришдан кўра оғирроқ ва каттароқ ҳисобланади. Энди, салгина ҳаёт ташвиши деб, озгина ғам ва алам деб ўзини ўлдираётганларнинг гуноҳи бировни ўлдиришдан кўра оғирроқ эканлигини билдик. Бироқ, бундан ҳам энг ачинарлиси, бировларнинг ёлғон-яшиқ гапларига учиб, “фатво”ларига алданиб, бегуноҳ мўмин-мусулмонларни ўлдиришга қасд қилиб ўзини ўлдиришнинг гуноҳи бундан неча баробар оғирроқ ҳисобланади. Бу шаҳидлик эмас, бу қаҳрамонлик ҳам эмас, балки худкушликдир.
Уйчи тумани "Девона бобо" жоме масжиди имом-хатиби
Абдуфаттоҳ Мусаханов
Манба: @Softalimotlar