Рамазон рўзасини тутишда, таровеҳ намозларини ўқишда, Қуръони каримни хатм қилишда ва бошқа хайрли ишларни адо этишда Аллоҳ таоло муваффақиятлар ато этсин.
Бу ишларни ихлос ила бажариб тақво ҳосил қилган кишиларга хушхабар ёр бўлсин.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи кириб келиши билан саҳобаларини муборакбод қилар ва бу ойнинг фазилатларини баён этар эдилар, токи бу ойга тайёр бўлсинлар ва бу фурсатдан фойдалансинлар.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига хушхабар қилиб, айтардилар: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилур, жаҳаннам қопқалари ёпилур, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинур. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, демак у маҳрум бўлибди” .
Уламоларимиз бу ҳадисни инсонлар бир-бирларини Рамазон ойи билан муборакбод этишларига асос бўлади, дейишади. Нима учун бир-бирларини табриклашмасин, ахир бу ойда жаннат дарвозалари очилса, жаҳаннам қопқалари ёпилса, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинса, минг ойдан яхшироқ Қадр кечаси бўлса...
Бошқа бир ҳадисда : “Бир нидо қилувчи: “Эй яхшилик талабгори, савоб ишларга кириш! Эй ёмонлик талабгори, гуноҳ ишлардан тийил!”, деб нидо қилиб туради. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор бўлиб, (Рамазоннинг) ҳар кечаси шундоқ бўлур”, дейилган яъни, аввалдан дўзахга тушишга лойиқ бўлиб қолган бандалардан баъзилари Рамазони шариф туфайли Аллоҳ томонидан кечирилиб, дўзахдан озод қилинурлар.
Бу ва бошқа ҳадислар асосида Рамазон ойининг баъзи хусусиятлари ва фазилатлари ҳақида тўхталамиз:
Бу ойда жаннат дарвозалари очилади ва жаҳаннам эшиклари ёпилади, чунки бу ойда жаннатга кириш учун сабаб бўлган хайрли ишлар ва солиҳ амаллар кўпроқ бажарилади, дўзахга кириш учун сабаб бўлган гуноҳ-маъсиятлар камроқ содир этилади. Жаннат дарвозалари мусулмонларни хайрли ишларга шошилишга тарғиб қилиб ҳам очилади. Дўзах эшиклари эса, гуноҳлардан қайтган, истиғфор айтган, афсус-надомат чеккан, қайта қилмасликка ният қилган ҳолда тавба қилишга тарғиб қилиб ёпилади. Натижада, бу ойда вафот этган ва руҳи дўзахга маҳкум қилинган кимсалар, бу ойнинг шарофати ила шу ойнинг охиригача дўзахга киритилмай туради. Жаннатнинг барча дарвозалари очилиши Рамазон ойида ер юзига Аллоҳнинг раҳмати кўп нозил бўлишига ҳам ишорадир.
Бу ойда итоатсиз жин-шайтонлар занжирлар билан боғлаб қўйилади, қўл-оёқларига кишанлар солинади, натижада, инсонларни васваса қилишолмайди, ғаразли мақсадларига етишолмайдилар. Бу Аллоҳнинг бандаларига нисбатан меҳрибонлиги ва лутфу инояти бўлиб, У Зот уларга ўз нафсларидан ғолиб бўлишларига ёрдам беради ва итоатсиз жин-шайтонларнинг макр-ҳийлаларидан асрайди.
Рамазон ойларининг шарофати ила мўмин бандаларнинг кичкина гуноҳлари ўз-ўзидан кечириб юборилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар катта гуноҳлардан сақланиб юрилса, беш вақт намоз, жума намози ўзидан кейинги жума намозигача, Рамазон келгуси Рамазон ойигача ўртада қилинган гуноҳлар учун каффорот бўлади” , деганлар.
Рамазон ойининг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан бирида Қадр кечаси яширилган бўлиб, у Қадр кечаси бўлмаган қамарий минг ойдан яхшироқдир. Саҳиҳ ҳадисларда Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунларининг тоқ кечаларидан бирида экани баён қилинган. “Аржаҳ (ҳақиқатга энг яқин) қавлга биноан, Қадр кечаси ҳар йили мазкур тоқ кечаларда биридан-бирига кўчиб юради” . “Уламоларимиз Қадр кечаси бир йил у кечада, бир йил бу кечада бўлиб, кўчиб юради, деган фикрни айтганлар” .
Мана шу бир кечада бажарилган ибодат саксон уч йилдан кўпроқ муддат ичида қилинган ибодатга тенг бўлади. Бир кеча! Аниқроғи, таровиҳ намозидан қайтганингиздан кейин саҳарликкача бор-йўғи тўрт соатлик кеча. Агар сиз бу муборак кечани тоат ва ибодатда ўтказсангиз, гўё сиз бу тоат-ибодатни саксон уч йилдан кўпроқ вақт давомида тинмай бажараётгандек бўласиз.
Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор”, деганлар . Агар бу дуо рўза пайтида айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси” .
Рамазон Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор ойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Қуръонни тўлиқ Жаброил алайҳиссалом назоратларидан ўтказиб олар эдилар. Вафот топадиган йилларида эса, Қуръонни бу улуғ фариштадан икки марта ўтказиб олганлар. У зот Рамазон ойида Қуръон тиловатини кучайтириб, тунги намоздаги қироатларни узайтирардилар. Ўтган солиҳларимиз ҳам бу ойда Қуръонни бир неча бор хатм қилиб чиқишарди.
Бу ой хайр-эҳсон ойидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар. Абдуллоҳ ибн Аббос айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг саховатлиси эдилар. Рамазон ойида янада саховатлироқ бўлиб кетардилар .
Бу ойнинг хусусиятларидан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларида мужассамдир: “Ким иймон ила, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Ким иймон ила, савоб умидида Рамазон кечаларининг маълум бир қисмини таровиҳ намозини ўқиш билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Ким иймон ила, савоб умидида Қадр кечасини тоат-ибодатда ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” .
Бу ой тунги намозлар ва нафл ибодатлар ойи ҳамдир. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган катта-ю кичикни уйғотардилар” . Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйда ўқийдиган нафл ибодатларини Рамазонда масжидга чиқиб, жамоат кўз ўнгида уч кун мобайнида ўқиганлари У зотнинг бу ойдаги тунги намозларга кучли эътибор қаратганларидан дарак беради. Саҳобалар бу ойда У зотнинг нафл намозларга бўлган эътиборларини кўриб, уни ўзларига доимий одат қилиб олганлар. Бу яхши одат ҳозирги кунгача давом этиб келмоқда. Рамазон ойидаги тунги намозлар фиқҳ истилоҳида “таровиҳ” дейилади. Бу намозни ўқиш барча муслим ва муслималар учун суннат ҳисобланади. Мусулмонлар ғофил қолиб, бу намозни ўтказиб юбормасликлари керак. Чунки Рамазондаги нафл намозлар учун бериладиган улуғ савоблар бошқа ойларда берилмайди.
Рамазон ойида қилинган умранинг савоби ҳаж савобига тенг, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қилинган ҳажнинг савобига тенгдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондаги умра ҳажга тенг” , “Рамазондаги умра мен билан бирга қилинган ҳажнинг савобига тенгдир” , дея марҳамат қилганлар.
Булар Рамазон ойининг айрим хусусиятлари ва фазилатларидир. Демак, Рамазони шариф ҳар бир мусулмон банда учун улкан савоблар топиб қолиш, дўзахдан озод бўлиб олиш учун жуда ҳам қулай фурсат экан. Шунинг учун ҳам бу ойнинг келишидан хурсанд бўлишимиз, яхши кутиб олишимиз ва бу фурсатдан ҳар биримиз унумли фойдаланиб қолишимиз даркор. Бунинг учун эса, бу муборак ойнинг рўзасини ихлос билан тутиб, ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва яхшиликлар қилиб қолишимиз керак.
Ўтган баъзи азизларимиз Рамазондан олдин олти ой давомида Аллоҳдан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилардилар, сўнг яна олти ой давомида ҳусни қабул қилишини сўраб, дуо қилардилар. Зеро улар Рамазон ойидаги хайр-барака, улкан савоб, мўл-кўл ажр-мукофот, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш каби имтиёзлардан хабардор эдилар.
Аллоҳ бизларга ҳам уларнинг йўлларини берсин, омийн.
Абдул Азим Зиёуддин
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
(ваҳийнинг таърифи ва турлари)
Ҳадис Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ваҳий ҳамда динда эргашилиши вожиб бўлган ҳужжат ҳисобланади. Бу хусусда Набий алайҳиссалом: “Менга Қуръон билан бирга унинг мислича (илм ва ҳикмат) берилди”, деб айтганлар. Шу боис суннатга саҳобалар давридан буён бутун уммат ижмо қилган (келишиб қабул этган) бўлиб, бирор олим унга на қарши чиққан ва на шубҳа қилган.
Бироқ кейинги асрларда бу масала бўйича шубҳа-гумонлар уйғотувчи турли гуруҳлар ва шахслар пайдо бўлди. Улар суннатни ваҳий санамай, унинг исломий қонунчилик манбаи эмаслигини даъво қилади. Бундай тоифа вакилларининг фикрича, гўё Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръондан бошқа ҳеч нарса нозил қилмаган.
Шундай бузуқ қараш эгалари бугун ҳам йўқ эмас. Демак, одамлар онгини уларнинг фитнакор фикрларидан ҳимоя қилиш, ботил даъволарнинг таги пуч экани кўрсатиб бериш бугун ҳам долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Хусусан, бу масалага бағишланган аввалги мақолада ҳадислар ҳам Куръони карим сингари Аллоҳнинг муҳофазасида экани нақлий ва ақлий далиллар орқали баён қилинган эди (https://muslim.uz/oz/e/post/47287-hadislar-ham-alloh-muhofazasidadir). Бундан келиб чиқадики, ҳадис ваҳийга асосланмаганда эди, уни охирзамонга қадар илоҳий ҳимояга олишга зарурат бўлмасди.
Ушбу мақолада ваҳийнинг таърифи ва турларига тўхталишга қарор қилдик. Бу сафар пайғамбарлик Китоб нозил бўлиши билан эмас, балки Аллоҳ танлаган бандасига ваҳий келиши билан амалга ошишини баён қиламиз. Шу асосда ваҳийнинг қироат қилинадиган (Қуръон) ва қироат қилинмайдиган (ҳадис) турларини шарҳлаб ўтамиз.
“Ваҳий” сўзи “махфий ва тезкор хабар бериш”, “ишора қилиш” ёки “илҳом бериш” маъноларини англатади. Пайғамбарлар ва валий зотлар ҳақидаги оятларда ишлатилган “ваҳий” сўзининг аксари шу икки маънога таянади.
Роғиб Исфаҳоний ўзининг “Муфрадот” асарида бундай дейди: “Ваҳийнинг асли (маъноси) “тезкор ишора” демакдир. Бу рамз ё ишора кўринишидаги сўз, бирор товуш, тана аъзолари ҳаракати ва ёки ёзув орқали содир бўлиши мумкин. Аллоҳ таолонинг набийлари ва валийларига йўллаган каломи ҳам ваҳий дейилади”. Шўро сурасининг 51-оятига кўра, ушбу жараён бир неча турга бўлинади: “Инсон билан Аллоҳ (бевосита) сўзлашиши жоиз эмас. Фақат ваҳий орқали ё парда ортидан ёки элчи (фаришта) юбориб, изни билан хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши мумкин. Албатта, У (шаъни) олий ва ҳикмат соҳибидир”.
Демак, ваҳий расул ё набийга қуйидаги кўринишларда нозил бўлади.
Кўринадиган элчи орқали. Бунга Жаброил алайҳиссалом муайян суратда келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сўзларини эшиттириши мисол бўлади.
Бевосита сўзлашиш. Мусо алайҳиссалом каби сўзловчини кўрмай турган ҳолда, айтганларини тинглаш.
Қалбга солиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Руҳул қудс (Жаброил алайҳиссалом) қалбимга солди”, деганларидек.
Илҳом. Мусо алайҳиссаломнинг онасига эмизиш буюрилгани каби.
Туш орқали. Набий алайҳиссалом: “Ваҳий узилди, фақат башорат қолди. У – мўминнинг туши”, деб марҳамат қилганлар
Роғиб Исфаҳонийнинг сўзларига кўра, “ваҳий” илҳом ва тушни, “парда ортидан” ибораси сўзловчи кўрмасдан эшитишни, “элчи юбориб” эса Жаброил алайҳиссаломнинг муайян бир суратда келишини англатади. “Аллоҳнинг набийларга йўллаган каломи ваҳийдир” деган гапдан маълум бўладики, “ваҳий” сўзи ҳам хабар бериш жараёнига, ҳам юборилган хабарнинг ўзига нисбатан ишлатилади. Шундан келиб чиқиб, айрим олимлар ваҳийни бундай таърифлаган: “У – хоҳ бевосита, хоҳ билвосита бўлсин – айнан Аллоҳ таолонинг ҳузуридан эканлиги қатъий собит бўлган маърифатдир”.
Уламолар ваҳийнинг қирқдан ортиқ кўринишини санаб ўтишган бўлса-да, уларнинг барчаси Аллоҳ таоло Қуръони каримда белгилаган қуйидаги тўрт асосий шаклга бориб тақалади:
1. Жаброил алайҳиссаломнинг ўз аслий қиёфасида кўриниши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ҳолатга икки марта дуч келганлар – бир марта Ерда, бир марта осмонда кўрганлар. Бу ҳақда Нажм сурасида баён қилинган.
2. Жаброил алайҳиссаломнинг инсон қиёфасида келиши. Уни бошқа одамлар ҳам кўрган. Кўпинча Диҳя Калбий розияллоҳу анҳу суратида, баъзан нотаниш аъробий кўринишида намоён бўлган.
3. Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига ваҳийни жойлаши.
4. Жаброил алайҳиссаломнинг одамларга кўринмай тушиши. Бу ваҳийнинг энг кўп учрайдиган тури бўлиб, бунда атрофдагилар фариштани кўрмаган, бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдаги оғир ўзгаришлар сезган. У зот қаттиқ уйқуга кетгандек ҳолатга тушиб, ҳатто совуқ кунлари ҳам пешоналаридан тер чиқиб кетарди. Ўз сўзларига кўра, бундай ҳолат олдидан қўнғироқ овозига ўхшаш товуш эшитилган. Саҳобалар бу товушни асалариларнинг ғунғуллашига ўхшатган.
Қуръони каримнинг тўлалигича Жаброил алайҳиссалом воситасида нозил бўлган. Бунга Шуаро сурасининг 192-194-оятлари далил бўлади: “Албатта, (бу Қуръон) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир. (Эй Муҳаммад!) уни сиз (охират азобидан) огоҳлантиргувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга Руҳул-амин (Жаброил) нозил қилди”.
Ваҳий Аллоҳ таолонинг пайғамбарларига йўллаган илоҳий хабари бўлиб, турли кўринишларда нозил қилинган. “Жаброил менга қўшни ҳақида шунчалар кўп насиҳат қилдики, “уни меросхўрлардан қилиб қўймаса эди” деб ўйлаб қолдим” ҳадисидан ҳам билиш мумкинки, Суннат шунчаки инсоннинг фикри эмас, Парвардигорнинг Ўз элчиси орқали қилган хитобидир, негаки, фаришталар фақат буйруқни ижро этади, ўз-ўзидан бирор ишга қўл урмайди. Қудсий ҳадислар ҳам бунга тасдиқ бўлади. Шундан келиб чиқадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳам Қуръони карим каби ваҳийга асослангани боис мусулмонлар учун ҳидоят ва шариат манбаи ҳисобланади.
Мазкур далиллар шуни кўрсатадики, исломни фақат Қуръон билан чеклаб, Суннатни инкор қилиш на илмий ва на шаръий асосга эга. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ваҳий нафақат қироат қилинадиган Қуръон, балки умматга динни тушунтириб берувчи Суннат орқали ҳам етказилган. Шу сабабли ҳар бир мусулмон киши Қуръон ва Суннатни ҳидоятнинг бир бутун манбаи сифатида қабул қилиши лозим.
Нурмуҳаммад Маткаримов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси,
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот
маркази илмий ходими
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2026 йил 14 майдаги 4224 -сонли хулосаси асосида тайёрланди