frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

РАМАЗОН ЁҒДУСИ: Таровиҳ намози уйда қандай ўқилади?

27.04.2020   4328   5 min.
РАМАЗОН ЁҒДУСИ: Таровиҳ намози уйда қандай ўқилади?
Ҳар йили мамлакатимизда муборак Рамазон ойини кутиб олишга ўзгача тайёргарлик кўрилиб, масжидларда таровиҳ намозлари адо этилар эди.
 
Бу йил муборак кунлар синовли даврга тўғри келди. Ҳозирги карантин пайтида таровиҳ намозини ҳамма ўз уйида ўқиши кераклиги айтилмоқда.
 
Бу амалнинг қандай адо этилиши ҳақидаги саволга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими етакчи мутахассиси Ғуломиддин Холбоев жавоб берди:
 
– Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Таровиҳ – истироҳат маъносидаги "тарвиҳа" сўзининг кўплигидир. Тўрт ракат ўқиб, ортидан дам олингани учун бу намоз шундай номланган.
 
Рамазон ойи фазилатларга бойдир. Унинг фазилатларидан бири ой давомида хуфтон намозидан кейин таровеҳ намози ўқишдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам таровеҳ намози ҳақида шундай деганлар:
 
"إِنَّ اللهَ فَرَضَ صِيَامَ رَمَضَانَ وَسَنَنْتُ لَكُمْ قِيَامَهُ فَمَنْ صَامَهُ وَقَامَهُ إِيْمَاناً وَاحْتِسَابًا خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ" (رواه الإِمامُ النسائى عن عَبْدِ الرَّحْمَنِ ابن عوف، رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ).
 
яъни: “Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилди ва мен унинг қиёмини сизлар учун суннат қилдим. Кимки имон ва ишонч билан, савоб умидида рўза тутса ва кечалари қоим турса, онадан туғилган кунидагидек гуноҳлардан пок бўлади” (Имом Насоий ривоятлари).
 
Рамазоннинг кечаларида қоим бўлиш, деганда таровиҳ намозини адо этиш тушунилади. Демак, ихлос билан савоб умидида Рамазон рўзасини тутиб, таровиҳ намозларини ўқисак, Рамазон ойи тугаши билан онадан туғилган боладек гуноҳлардан фориғ бўламиз, иншааллоҳ.
 
Таровеҳ намозини ўқиш эркакларга ҳам, аёлларга ҳам таъкидланган суннатдир. Таровиҳни ёлғиз ўқиш мумкин, лекин жамоат бўлиб ўқилса, жамоатга ваъда қилинган ажру савобга эришилади. Икки киши ҳам жамоат ҳисобланади. Қанча жамоат кўп бўлса шунча савоби ҳам кўп бўлади.
 
Таровиҳ намозига азон ва такбир айтилмайди.
 
Таровиҳнинг ракатлари: Таровеҳ йигирма ракатдир. Ҳар икки ракатдан сўнг салом берилади. Тўрт ракатдан ўқиш ҳам жоиз. Ҳар тўрт ракат ўқилгандан сўнг тўрт ракат намоз ўқиладиган муддатча дам олиш мустаҳаб. Ушбу истироҳат пайтида тасбиҳ, таҳлил айтиш афзал. Бизнинг юртимизда қуйидагича тасбиҳни уч марта айтиш одат бўлган: Субҳаана зил мулки вал малакут. Субҳаана зил ъиззати вал ъазомати вал қудроти вал кибрияяяи вал жабарут. Субҳаанал маликил ҳаййиллази лаа янааму валаа ямуут. Суббуҳун қуддусун роббунаа ва роббул малааикати варруҳ. Лаа илааҳа иллаллоҳу настағфируллоҳ, насалукал жанната ва наъузу бика минан-наар.
 
Ушбу тасбиҳни бир киши ўқийди, қолганлар қулоқ солади. Тасбиҳни ёд олгунга қадар китобдан ўқиса ҳам бўлади. Юқоридаги тасбеҳнинг ўрнига киши ўзи билган дуоларини ўқиши ёки жим туриши ҳам мумкин.
 
Таровиҳнинг вақти – Хуфтон ва унинг суннатидан кейин бошланиб тонг отгунгачадир. Таровиҳни витрдан олдин ўқиш афзал. Витрдан кейин ўқиса ҳам жоиз. Ёлғиз намоз ўқигувчи киши Рамазонда ҳам витрни ёлғиз ўқиши мумкин.
 
Таровиҳнинг нияти – “Икки ракат таровеҳ намозини ўқишни ният қилдим, юзимни қиблага қаратдим, холисан лиллаҳи таоло Аллоҳу акбар”. Агар имомга иқтидо қиладиган бўлса, ниятга “ушбу имомга иқтидо қилдим” деган жумлани қўшади.
 
Таровиҳда қироат – Рамазон ойида Таровеҳ намози ўқиш давомида Қуръони каримни бир марта хатм қилиш суннатдир. Қуръони каримни тўла ёд олмаган киши ҳар ракатда “Фотиҳа” сурасидан сўнг ўзи яхши билган сурани ўқиши мумкин, ҳатто “Фотиҳа” сурасидан бошқа фақат битта сурани билган киши Таровиҳнинг ҳар ракатида шу сурани зам сура қилиши мумкин.
 
Таровиҳ намози жамоат бўлиб ўқилса, имом овоз чиқариб қироат қилади. Унга иқтидо қилганлар қироат қилмасдан тинглаб туради. Таровиҳни ёлғиз ўқувчи эркак кишилар эса ихтиёрли, хоҳласа овоз чиқариб, хоҳласа овозсиз қироат қилади.
 
Витр намози фақат Рамазон ойида жамоат бўлиб ўқилади. Бунда имом витрнинг ҳар уч ракатида жаҳрий қироат қилади. Қунут дуосини имом ҳам, муқтадийлар ҳам ичида ўқийди (“Ал-Фатовол ҳиндийя” ва “Фатҳу бобил иноя” китоблари). Валлоҳу аълам.
 

Ғуломиддин ХОЛБОЕВ

ЎМИ Фатво бўлими ходими

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

 

ЎзА
 
Манба: http://uza.uz
Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Хонадонларга меҳр, кўнгилларга умид таратган байрам

11.08.2026   33480   1 min.
Хонадонларга меҳр, кўнгилларга умид таратган байрам

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Шайх Нуриддин Холиқназар ташаббуслари билан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти ва қозиётга қарашли барча масжид имом-хатиблари томонидан нуроний кексалар, меҳнат фахрийлари ҳамда ёрдамга муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олинди. Тадбир доирасида муҳтож оилаларнинг турмушини енгиллаштириш мақсадида бир оилага замонавий қуёш панели ўрнатиб берилиб, қўшимча байрам совғалари топширилди. Бундай хайрия ташаббуслари жамиятда ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.


Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти

Хонадонларга меҳр, кўнгилларга умид таратган байрам Хонадонларга меҳр, кўнгилларга умид таратган байрам
Ўзбекистон янгиликлари