Моҳи Рамазон рўзасини бизларга фарз қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!
Рамазон ойининг тунларини бедор, ибодатда ўтказишни биз умматларига суннат қилиб қолдирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!
Ушбу муборак ойни ўзимиз учун фойдали ва унумли ўтказишда уламоларнинг бир қанча тавсияларига таяниб иш кўриш мақсадга мувофиқдир.
Биз ҳам оиламиз билан биргаликда ушбу муборак ойни устозларимизнинг тавсияларига асосанланган ҳолда ўтказишга ҳаракат қилмоқдамиз.
Қуйида мазкур тавсияларни сизларга ҳам илиндик. Зотан, уларга амал қилган бандалар албатта бу ойнинг фазлу барокатидан улушга эга бўлади.
1. Рамазон тунларини бедор ўтказиш. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Рамазон кечаларини иймон ва савоб умидида намоз ўқиб бедор ўткизган кишининг гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ривояти).
2.Мискинларга таом улашиш. Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримнинг Инсон сураси, 2-7 оятларида шундай марҳамат қилади:
“Ўзлари суюмли (яъни муҳтож бўлишларига) карамай мискин, етим ва асирларга таом берадилар ва биз сизларга Аллоҳнинг юзи учун таом берамиз. Сизлардан мукофот ва миннатдорчилик истамаймиз. Бизлар Парвардигоримиз томонидан бўладиган, (дахшатли азобидан юзлар) тиришиб, буришиб қоладиган бир Кундан қўрқамиз – дедилар”.
3.Рўзадорларга ифторлик бериш. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Рўзадорга ифтор берган кишига рўзадорнинг савобининг мислича савоб берилади ва рўзадорнинг савоби ҳеч ҳам камайтирилмайди” (Насоий ривояти).
4.Кўпроқ садақа ва эҳсон қилиш. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам энг саховатли кишилардан эдилар. Хусусан, рамазон ойи келганда у кишининг саховатлари, эсиб турган шамолдан ҳам саховатлироқ бўлиб колар эди.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Садақаларнинг энг афзали рамазон ойидаги садақадир” — дедилар (Термизий ривояти).
5.Қуръонни кўп ўқиш. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламшундай деганлар: “Ким Қуръон ўқиса, бас, у нубувват (даражаси)га поғонама-поғона кўтарилиб борибди. Фақат унга ваҳий қилинмайди, холос. Қуръон соҳиби қалбида Аллоҳнинг Каломи бўла туриб ғазаб қилган киши билан тортишиши ва жоҳил кишига қўшилиб жоҳиллик қилиши тўғри эмас” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да ва Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган).
6.Қадр кечасини излаш. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Қадр сураси, 1-3 оятида шундай дейди:
“Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам), Қадр кечаси нима эканлигини Сиз каердан ҳам билар эдингиз?! Қадр кечаси минг ойдан яхширокдир”.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қадр кечасини иймон билан ва савоб умидида намоз ўқиб ўтқизган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ривояти).
7.Зикр ва истиғфорни кўпайтириш. Аллоҳ таоло Раъд сурасининг 28 оятида марҳамат қилади:
“Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур!”.
Албатта, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканларини ҳис этадилар.
“Роббингизга истиғфор айтинглар, сўнгра Унга тавба қилинглар. (Шунда) У сизларни маълум муддатгача яхши роҳатлар ила баҳраманд қилур ва ҳар бир фазл эгасига фазлини берур” (Ҳуд сураси, 3-оят).
Саидаброр Умаров
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликда уч марта нафас олар эдилар” (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз тик туриб ичмасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Доктор Абдураззоқ Киляний айтади: "Сувни ўтириб ичиш соғлиқ учун фойдалидир. Бунда инсоннинг ошқозони тинч ва бўшашган ҳолатда бўлади, бу эса ўз навбатида сувни ошқозонга ҳеч қандай тўсиқларсиз тўғри келиб тушишини таъминлайди. Ўтириб ичилганда сув аввал ошқозонга тушиб, кислотали муҳит билан қоришади, сўнгра организмдаги микробларни тозалайди ва ўн икки бармоқ ичакка ўтади. Бу инсон организмини турли касалликлардан ҳимояланашига сабаб бўлади. Инсон тик туриб сув ичганда эса, сув тўғридан-тўғри ўн икки бармоқ ичакка ўтиб кетади. Бу инсон саломатлиги учун зарарлидир".
“Албатта, Аллоҳ таоло банда таом еб Унга ҳамд айтганидан, ичимлик ичиб, Унга ҳамд айтганидан рози бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД