Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Октябр, 2026   |   23 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:04
Қуёш
06:23
Пешин
12:12
Аср
16:15
Шом
18:04
Хуфтон
19:19
Bismillah
04 Октябр, 2026, 23 Рабиъус сони, 1448

Рамазон бу

26.04.2020   8146   1 min.
Рамазон бу

Ойлар сарвари бўлган, 
Рамазон бу, Рамазон. 
Қалблар гавҳари бўлган - 
Рамазон бу, Рамазон! 

Гўзал моҳитобондур, 
Бир ойгина меҳмондур. 
Покланишга имкондур, 
Рамазон бу, Рамазон! 

Аввали раҳмат эрур, 
Мағфиратга юз бурур. 
Дўзахдан нажот берур, 
Рамазон бу, Рамазон! 

Чин банда қадрин билар, 
Силайи раҳм қилар, 
Саховатдан нур илар, 
Рамазон бу, Рамазон! 

Қилиб иймон шукрини, 
Ҳақ дин — Ислом фикрини. 
Қўймас тилдан зикрини, 
Рамазон бу, Рамазон! 

Кўнгилларни эритган, 
Каломларни дур этган. 
Чеҳраларни нур этган - 
Рамазон бу, Рамазон! 

Дуоларни айлаб сой, 
Иймонга бўламиз бой. 
Қуръон нозил бўлган ой - 
Рамазон бу, Рамазон! 

Ҳақ ризоси кўчида, 
Тоат кундуз-кечида. 
Қадр бордир ичида - 
Рамазон бу, Рамазон! 

Рўзамиздур қаноат, 
Мўъжизаю, синоат. 
Рабб олдида шафоат, 
Рамазон бу, Рамазон! 

Ғаниматдур ҳар дами, 
Ихлослилар байрами. 
Аллоҳнинг кенг карами, 
Рамазон бу, Рамазон! 

Ойлар сарвари бўлган, 
Рамазон бу, Рамазон. 
Қалблар гавҳари бўлган - 
Рамазон бу, Рамазон! 

Бобур БОБОМУРОД,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

 

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳаким Термизий – она ризолигини қозонган беназир аллома

21.09.2026   36293   4 min.
Ҳаким Термизий – она ризолигини қозонган беназир аллома

Термизий ҳикматлари

Президентимизнинг жорий йил 7 июлдаги “Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ шу йил ноябрь ойида Термиз шаҳрида “Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзуига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтади. Айни пайтда Сурхондарё вилоятида ислом оламининг энг таниқли олим ва уламоларини жамлайдиган анжуманга катта ҳозирлик кўрилмоқда.
 

– Вилоятда улуғ аждодимиз таваллудларининг 1200 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик ишлари давом этмоқда,­ – дейди Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита котиби Музаффар Жониев.­ – Ул зотнинг “Наводирул усул” ва “Баҳрут тафсир” асарлари, алломанинг илмий меросига оид бошқа манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималари нашрга тайёр бўлиб қолди. Илмий меросига оид туркум рисолаларни чоп этиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, Ҳаким Термизийнинг ҳаёти ва илмий меросини ёритиб берадиган турли кўргазмали ахборот воситалари туркуми яратилмоқда.


Манбаларда ҳадис ва тасаввуф илмининг буюк намояндаси, йирик олим ёзган асарлардан 60 га яқини бизгача етиб келгани қайд этилган. Асарларида илгари сурилган ёшликдан илм олишнинг аҳамияти, тўғрилик, адолат, поклик, юксак ахлоқий фазилатлар қадр-қиммати ҳозирги даврда ҳам ошиб бормоқда.


Беназир аллома “Бадувв уш-шаън Абу Абдуллоҳ” асарида ўзининг ҳаёт тарзини ёритган. Илм қучоғига кириб келган даврини “Саккиз ёшда бўлганимда барчанинг шафқатли ва меҳрибони бўлмиш Аллоҳ таоло ўз иноятини мендан дариғ тутмади, – дея бошлаган Ҳаким Термизий. – Шайх менга илм сирларини ўргатиб, тинмай илм олишни тарғиб қилди. Иш шу даражага етиб бордики, бутун вужудим билан сабоқ олишга интилдим. Гўдаклик чоғимданоқ ўйин ўрнини китоб мутолаа қилиш машғулоти эгаллади. Шу тариқа ёшликдан ҳадис илмини ўрганишни бошлаган эдим. Йигирма етти ёшда бўлганимда ирфоний илмларни чунон ўргандимки, қалбимда Аллоҳ таоло уйи – Маккани зиёрат қилиш ишқи уйғонди. Сафарга чиқиш имкони туғилганиданоқ, йўлга отландим. Ироқда муҳаддис сифатида танилдим. Сўнг Басрага, Басрадан ражаб ойида Макка сари йўл олдим. Шаъбон ойининг охирларида Маккатуллоҳга етиб келдим ва Худонинг амри билан ҳаж ойигача ўша ерда бўлдим.


Ҳар эрта тонгда дуо сеҳри билан уйғонар эдим. У ерда қалбим замирида тавба қилиш, озми-кўпми дунёвий молу мулкдан воз кечиш ҳисси уйғонди. Ҳаж зиёратини бажо этиб, Ватанга қайтдим. Қалбим савоб йўлини топган эди...”.


Эл орасида ҳаётини илмга бағишлаган улуғ файласуф ва мутасаввиф ҳақида ўта ҳиссиётли ривоятлар ҳам юради. Улардан бирида айтилишича, Ҳаким Термизий икки дўсти билан ўқиш илинжида сафарга отланганида онаси шундай деган экан:


– Эй фарзанди аржумандим, мен бир кимсасиз, нотавон ва заифаман. Суянчиғим ўзингсан, мени кимга ташлаб кетмоқчисан?


Онанинг бу сўзларидан ўғлининг қалбига титроқ тушиб, сафарни қолдиради. Кунларнинг бирида у қабристонда ўтириб, мен бу ерда зое қолдим. Эрта-индин дўстларим олим бўлиб қайтади, дея афсус билан йиғлаётганида бир нуроний келиб, йиғининг сабабини сўрайди. Ёш Ҳаким бошидан кечирганларини сўзлаб беради.


Уни тинглаган нуроний “агар истасанг, мен ҳар куни сенга сабоқ бераман ва тезда олимликда дўстларингдан ўзиб кетасан” дейди.


Шу зайлда Ҳаким Термизий нуронийдан уч йил таълим олади.


Ривоятда таълим берган ул зотнинг Хизр алайҳиссалом бўлгани ҳам тахмин қилинади.


Ҳаким Термизийнинг ўзлари “мен бу давлатга онам ризолигини қозонганим туфайли эришдим” деган эканлар.


Буюк мутафаккир, улуғ сўфий, ҳадисшунос ва фиқҳ олими ислом оламида “Ҳаким” (донишманд, ҳикмат соҳиби) унвони ва “Термизий” нисбаси билан машҳур бўлган.


Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири

Мақолалар