Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Октябр, 2026   |   3 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:15
Қуёш
06:33
Пешин
12:09
Аср
16:00
Шом
17:48
Хуфтон
19:03
Bismillah
14 Октябр, 2026, 3 Жумадул аввал, 1448

Рамазон бу

26.04.2020   8575   1 min.
Рамазон бу

Ойлар сарвари бўлган, 
Рамазон бу, Рамазон. 
Қалблар гавҳари бўлган - 
Рамазон бу, Рамазон! 

Гўзал моҳитобондур, 
Бир ойгина меҳмондур. 
Покланишга имкондур, 
Рамазон бу, Рамазон! 

Аввали раҳмат эрур, 
Мағфиратга юз бурур. 
Дўзахдан нажот берур, 
Рамазон бу, Рамазон! 

Чин банда қадрин билар, 
Силайи раҳм қилар, 
Саховатдан нур илар, 
Рамазон бу, Рамазон! 

Қилиб иймон шукрини, 
Ҳақ дин — Ислом фикрини. 
Қўймас тилдан зикрини, 
Рамазон бу, Рамазон! 

Кўнгилларни эритган, 
Каломларни дур этган. 
Чеҳраларни нур этган - 
Рамазон бу, Рамазон! 

Дуоларни айлаб сой, 
Иймонга бўламиз бой. 
Қуръон нозил бўлган ой - 
Рамазон бу, Рамазон! 

Ҳақ ризоси кўчида, 
Тоат кундуз-кечида. 
Қадр бордир ичида - 
Рамазон бу, Рамазон! 

Рўзамиздур қаноат, 
Мўъжизаю, синоат. 
Рабб олдида шафоат, 
Рамазон бу, Рамазон! 

Ғаниматдур ҳар дами, 
Ихлослилар байрами. 
Аллоҳнинг кенг карами, 
Рамазон бу, Рамазон! 

Ойлар сарвари бўлган, 
Рамазон бу, Рамазон. 
Қалблар гавҳари бўлган - 
Рамазон бу, Рамазон! 

Бобур БОБОМУРОД,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

 

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Малайзиялик сайёҳларни Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича янги ташаббуслар муҳокама қилинди

28.09.2026   119587   1 min.
Малайзиялик сайёҳларни Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича янги ташаббуслар муҳокама қилинди

Ўзбекистон элчихонасида мамлакатимизнинг туризм салоҳиятига бағишланган учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Тадбирда Малайзиянинг “MATTA” ва “BUMITRA” сайёҳлик компаниялари раҳбарияти, маҳаллий туроператорлар, “Uzbekistan Airways” авиакомпанияcининг Куала-Лумпурдаги вакиллари иштирок этди.

Малайзиялик иштирокчиларга Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хорижий сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Элчихона дипломатларининг таъкидланишича, ҳозирда визасиз режим 94 дан ортиқ давлат, жумладан, Малайзия фуқаролари учун амал қилмоқда.

Ўзбекистон сайёҳлик компаниялари Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Тошкент бўйича дастурлар, зиёрат, тарихий-маданий, қишки, MICE ва гастрономик туризм йўналишлари бўйича сайёҳлик пакетларини тақдим этди.

“Uzbekistan Airways” вакиллари Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновлар ҳақида маълумот берди. Қиш мавсумида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги тўғридан-тўғри рейслар сонини ҳафтасига иккитадан тўрттагача ошириш режалаштирилган.

Иштирокчилар тўғридан-тўғри авиақатновларнинг кенгайиши Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё ўртасидаги сайёҳлар оқимининг ўсишига хизмат қилишини таъкидлади.

B2B форматидаги музокаралар чоғида Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш, Малайзияда зиёрат, қишки ва MICE туризми йўналишлари бўйича сайёҳлик пакетлари савдосини кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари