Ойлар сарвари бўлган,
Рамазон бу, Рамазон.
Қалблар гавҳари бўлган -
Рамазон бу, Рамазон!
Гўзал моҳитобондур,
Бир ойгина меҳмондур.
Покланишга имкондур,
Рамазон бу, Рамазон!
Аввали раҳмат эрур,
Мағфиратга юз бурур.
Дўзахдан нажот берур,
Рамазон бу, Рамазон!
Чин банда қадрин билар,
Силайи раҳм қилар,
Саховатдан нур илар,
Рамазон бу, Рамазон!
Қилиб иймон шукрини,
Ҳақ дин — Ислом фикрини.
Қўймас тилдан зикрини,
Рамазон бу, Рамазон!
Кўнгилларни эритган,
Каломларни дур этган.
Чеҳраларни нур этган -
Рамазон бу, Рамазон!
Дуоларни айлаб сой,
Иймонга бўламиз бой.
Қуръон нозил бўлган ой -
Рамазон бу, Рамазон!
Ҳақ ризоси кўчида,
Тоат кундуз-кечида.
Қадр бордир ичида -
Рамазон бу, Рамазон!
Рўзамиздур қаноат,
Мўъжизаю, синоат.
Рабб олдида шафоат,
Рамазон бу, Рамазон!
Ғаниматдур ҳар дами,
Ихлослилар байрами.
Аллоҳнинг кенг карами,
Рамазон бу, Рамазон!
Ойлар сарвари бўлган,
Рамазон бу, Рамазон.
Қалблар гавҳари бўлган -
Рамазон бу, Рамазон!
Маҳмуд ибн Лабид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан қўрқадиган нарсаларимнинг энг қўрқинчлиси кичик ширк”, дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, кичик ширк нима?” дейишди. У зот: “(Кичик ширк) Риёдир, инсонлар амалларига яраша жазо ёки мукофот оладиган кунда Аллоҳ таоло риёкорларга: “Дунёда кимлар учун риё қилган бўлсангиз, ўшаларга боринглар. Қаранглар-чи, уларнинг ҳузурида бирон мукофот топармикансизлар?!” дейди”, дедилар» (Имом Аҳмад ривоят қилган. Шуъайб Арнаут исноди саҳиҳ деган).
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратларининг
“Раббоний нидолар” китобидан