Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Феврал, 2026   |   19 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:08
Қуёш
07:28
Пешин
12:42
Аср
16:05
Шом
17:51
Хуфтон
19:04
Bismillah
07 Феврал, 2026, 19 Шаъбон, 1447

Саҳарлик қилишнинг 6 фазилати

22.04.2020   6001   2 min.
Саҳарлик қилишнинг 6 фазилати

 

Саҳарлик – баракадир.

Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганимда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарлик қилаётган эканлар. Шунда: “Албатта, саҳарлик баракадир”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилиш – баракадир, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинг”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барака жамоат ва саҳарликдадир”, дедилар (Имом Табароний ривояти)

 

Саҳарлик қилиш Набий алайҳиссаломнинг суннатларидандир.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бундай дейди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга саҳарлик қилдим. Сўнгра у зот бомдод намозига турдилар” (Имом Бухорий ривояти).

Ирбоз ибн Сария розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида мени саҳарликка чақириб: “Барака дастурхони сари шошилгин”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий ривояти).

 

Саҳарлик Ислом умматини аҳли китобдан ажратиб турувчи амаллардан бири ҳамдир.

Бу ҳақда Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик қилишдадир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

Саҳарлик қилиш фазилатларидан яна бири унда дуо қабул бўлувчи вақт бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганда: “Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтади, Мен уни мағфират қилсам”, дейди», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Саҳарлик қилиш Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳматига ноил қилади. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилувчига Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳмати бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

 

Саҳарликда хурмо истеъмол қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишни насиб этсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳ мўминларни таваккул қилишга буюрди

06.02.2026   1963   2 min.
Аллоҳ мўминларни таваккул қилишга буюрди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Мўминлар таваккул қилишга омматан амр қилинишлари ўтган Расулларнинг тиллари орқали келди. Масалан, уларни қавмларига ушбу шаклда жавоб беришларини кўришимиз мумкин:

﴿قَالَتْ لَهُمْ رُسُلُهُمْ إِنْ نَحْنُ إِلَّا بَشَرٌ مِثْلُكُمْ وَلَكِنَّ اللَّهَ يَمُنُّ عَلَى مَنْ يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ وَمَا كَانَ لَنَا أَنْ نَأْتِيَكُمْ بِسُلْطَانٍ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّهِ وَعَلَى اللَّهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُؤْمِنُونَ﴾

“Пайғамбарлари уларга: «Биз сизга ўхшаш башардан ўзга ҳеч нарса эмасмиз. Лекин Аллоҳ Ўз бандаларидан кимни хоҳласа, ўшанга (Пайғамбарлик) инъом қилур. Биз ўзимизча сизга бирор ҳужжат келтира олмаймиз, илло Аллоҳнинг изни ила. Мўминлар фақат Аллоҳгагина таваккул қилсинлар”[1].

Ёки бўлмаса Мусо алайҳиссаломнинг асҳобларидан бўлган икки кишининг қавмларига Муқаддас ерга киришда жабр қилувчиларнинг жабридан қўрқмасликларини айтган сўзларида кўриш мумкин:

﴿قَالَ رَجُلَانِ مِنَ الَّذِينَ يَخَافُونَ أَنْعَمَ اللَّهُ عَلَيْهِمَا ادْخُلُوا عَلَيْهِمُ الْبَابَ فَإِذَا دَخَلْتُمُوهُ فَإِنَّكُمْ غَالِبُونَ وَعَلَى اللَّهِ فَتَوَكَّلُوا إِنْ كُنْتُمْ مُؤْمِنِينَ﴾

«Улардан (Аллоҳдан) қўрқадиганлардан бўлган ва Аллоҳ уларга неъмат ато этган икки киши: Уларнинг устига эшикдан кириб боринглар. Агар унга кирсангиз, албатта, ғолиб бўласизлар. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккул қилингиз, дедилар»[2].

Иймон мустаҳкам бўлиши учун таваккул қилиш шарт қилинди. Юқоридаги оятлар биздан олдингиларга айтилган дейилмайди. Бунда бизга ибрат ҳам, намуна ҳам йўқ дейишлик ҳато ҳисобланади. Бу фикр Қуръонда келган оятга хилофдир. Шариатимиз таваккул қилишни бекор этмади балки, таъкидлашни зиёда қилди. Аллоҳ таоло таваккулни содиқ мўминларнинг сифатларидан санади:

﴿إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللَّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آَيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَانًا وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ﴾

“Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир”[3].


Юсуф Қаразовий раҳимаҳуллоҳнинг
"Таваккул" китобларидан


[1] Иброҳим сураси, 11-оят.
[2] Моида сураси, 23-оят.
[3] Анфол сураси, 2-оят.

Мақолалар