Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Июн, 2025   |   13 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:37
Шом
19:58
Хуфтон
21:36
Bismillah
09 Июн, 2025, 13 Зулҳижжа, 1446

Рамазонга тайёрмисиз: саломатликни емирувчи етти омил

21.04.2020   2788   8 min.
Рамазонга тайёрмисиз: саломатликни емирувчи етти омил

Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони каримнинг Қалам сураси 4- оятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мақтаб шундай марҳамат қилади:

“Албатта, сен буюк хулқ узрасан”.

Уламоларнинг таъкидлашларича инсон ҳаёти давомида кўплаб муаммолар ва одамлар билан ўзаро низоларга боришининг энг катта сабаби бу – ахлоқида кўплаб нуқсонлар борлигидадир.

Бугунги замонавий илм-фан тадқиқотлари ҳам бу фикрни қўллаб қувватламоқда.

Яқинда АҚШнинг Шимолий Каролина Дюк университети тиббиёт маркази профессори Свитен Бойл ўзининг кўп йиллик илмий изланишлари натижасини эълон қилди: “Биз феъл-атвор (ахлоқ) соғлиққа таъсир кўрсатишини илмий жиҳатдан асосладик ва бу таъсирнинг даражасини ҳам тўлалигича англадик” – дейди профессор.

Унга кўра, узоқ яшаш учун одам салбий иллатлардан воз кечмоғи, атрофидагиларга кўпроқ яхшилик қилмоғи лозим экан. Профессор бугун узоқ йиллик тадқиқотлар натижасида аниқлаган маълумотлар динимизда бундан бир ярим минг йил аввал таъкидлаб ўтилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким умрининг узайишини, ризқининг зиёда бўлишини истаса, ота-онасига яхшилик ва қариндошларига силаи раҳм қилсин”, дедилар”

Хўш, қандай сабаблар инсонни аста-секинлик билан таназзулга олиб келади?

1-САБАБ. Салбий муносабат. Ҳаётга ва атрофдагиларга салбий муносабатда бўлиш – яширин душманлик ҳисси билан яшаш, дегани. Бундай  одамлар бошқаларни ёқтирмайди. Доимо яқинлари уларга нотўғри муносабатда бўлаётганидан нолийди. Аслида бундай одамларнинг ўзи атрофдагиларга нисбатан янглиш муносабатда яшайди! Натижада юрак, қон-томир, қандли диабет касалликларига чалиниш мумкин. Асабийлашиш оқибатида иммун тизимида салбий ўзгаришлар юз беради.

Аввало, қандай вазият бўлишидан қатъий назар бу дунёда барча нарса ўткинчи эканлигини АНГЛАБ яшаш лозим. Имом Ғаззолий таъкидлаганларидек: “Биз билан нима рўй бермасин у албатта ўтиб кетади”.

2-САБАБ. Мақсадсизлик. Яшашдан мақсад бўлмаса, умр қисқа бўлади. Яшашдан маъни йўқ, деб ўйлаган одамлардан кўра, мақсад сари интилувчанларнинг иммун тизими ва юраги бақувват бўлади. Уларнинг саломатлигига даромадининг миқдори ҳам, одамларнинг салбий муносабати ҳам таъсир қилмайди. “Ҳаётдан мақсад сари фойдаланиш лозим” – дейди Бойл. “Акс ҳолда, қисқа умр кўриш эҳтимоли кучаяди. Аввалига интеллектуал, кейин эса жисмоний ўлим юз беради. Мақсадсиз яшаш – ақлнинг заифлашувига олиб келади. Руҳий касалликларнинг ривожланиш эҳтимоли 50 %га ошади. Демак, нима учун яшаётганингизни дарҳол аниқланг!

Фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари, инсоннинг бу дунёда яшашдан мақсади нима деган саволга қуйидагича жавоб қилган эканлар: “Яшашдан мақсад, Аллоҳ таолога бўлган иймоннинг ер юзида қарор топишига ҳисса қўшиш. Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиш. Ушбу ҳар бир инсон учун шараф бўлган ишларни амалга ошириб икки дунёнинг саодатига эришиш. 

3-САБАБ. Жиззакилик. Жиззаки, айниқса арзимаган сабаб туфайли кўп асабийлашадиганлар, доимо жазавага тушадиганлар ўзларини “еб битиришади”. Шунинг учун тинчланиш даркор! Унутманг асабларнинг тикланиши учун 10 йил керак бўлар экан.

Бир киши Пайғамбар алайҳиссаломдан насиҳат сўради: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга насиҳат қилиб ушбу оятни ўқидилар: “Авф-марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг”. (Аъроф, 199). 

Жиззакилик ҳам жоҳилликнинг бир тури.

4-САБАБ. Тартибсизлик. Иш столингиз, автомобиль салонингиз, хонангиз доимо бетартибми? Кўп кеч қоласизми? 9000 киши иштирокида ўтказилган 20 дан ортиқ илмий тадқиқотлар натижаси тартибсизлик – умрни қисқартиради, деган хулосани берди.

Тартиб динимиз биздан талаб этадиган асосий омиллардан биридир. Биз барча нарсани тартиб вва интизом билан бажаришга чақирилганмиз. Ҳатто, намозни ҳам тартиб билан адо этамиз.

Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ бирортангиз бирор ишни қилганда уни пухта қилишини яхши кўради”, деганлар (Абу Яъло ривояти, “Мажмаъу-з-завоид”; Суютий, “Ал-жомеъ ас-сағир”).

Қолаверса тартиб бор жойда поклик бўлади, поклик эса ИСЛОМнинг устунларидандир.

5-САБАБ. Тушкунлик. Узоқ давом этган стресс, қаттиқ ҳаяжон умрни қисқартиради. Қон босимининг кўтарилиши, юракнинг тез-тез безовта бўлиши, сурункали шамоллаш – тушкунлик аломатлари. Бирор мусибат етганда ёки яқинингиз ўлганидан кейин тақдирга тан бермасдан, тушкун ҳолатда асабийлашиш саломатлик учун жиддий зарар. Ғам-қайғуларни унутиш керак!

Одатда ғам-қайғу ва тушкунлик Аллоҳнинг қадарига рози бўлмасликдан, ношукрликдан келиб чиқади. Агар биз Аллоҳнинг неъматларига шукр қилсак, Қуроъни каримда “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман” дея вада қилинганидек, яна ҳам зиёда бўлади. Аксинча, ношукрлик қилиб, итоатсизлик ила, қайтариқларидан қайтмасак, оятнинг давомида марҳамат қиладики: “Борди-ю, ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим, 7).

Тиб илмининг улуғ устозларидан бўлган ватандошимиз Абу Али ибн Сино ҳазратлари ҳам ушбу оятдан шундай хулоса қилган: “Инсондаги кўплаб дардлар руҳий мувозанатнинг бузилишидан келиб чиқади. Руҳий мувозанат эса аксарият ҳолда ношукрлик туфайли бузилади”. 

6-САБАБ. Дам олмаслик. Дам олмаслик, шу жумладан, таътилга чиқмасдан ишлаш, тинимсиз равишда компьютер қаршисида ўтириш зиён! Шунинг учун, ҳафтада биир кун, йилда бир бор берилган таътилда бир ой тўлиқ дам олинг! Табиат қўйнида кўпроқ вақт ўтказинг.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида бундай деб марҳамат қилади:

“Аллоҳ ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса юкламас” (286-оят). 

Аллоҳ таоло биз бандаларига раҳм-шафқат ва меҳр билан вазифа юклаганда, биз ҳам танамизга раҳм қилайлик. Уни то тугаб, яроқсиз ҳолатга келгунга қадар қийнаб ишлатмайлик. Базан жамиятда кимларгадир ёқиш мақсадида тинимсиз “меҳнат” қилиб, қолганларни ҳам шунга тарғиб этаётган, “озгина дам олинг” десангиз “қабрда дам оламиз” дейдиганлар ҳам учраб туради. Бундайларга ҳам уламолар дам олишни маслаҳат бериб: қабрда дам олинмаслигини, у ерда Аллоҳ таоло берган неъматларнинг жавобини бериб, маҳлум ҳолатда ётишини шунингдек, тана ҳам инсонга омонат берилганлигини таъкидлашган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг олдиларига кирганларида, ҳузурларида бир аёл бор эди. У зот:

Бу аёл ким? – дедилар. 

Фалона, дея унинг намози ҳақида гапира кетдилар. 

Бас! Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар. Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунингизча Аллоҳга малол келмайди. Диннинг Аллоҳга маҳбуби, соҳиби унда бардавом бўлганидир, – дедилар. 

7-САБАБЁлғон ва хиёнат. Кўп ёлғон гапирадиганларнинг ошқозон ости бези ва юрак қон томир тизимида жиддий муаммолар вужудга келар экан. Шунингдек хиёнат қиладиганларда сурункали касалликлар ва хавфли дардлар ривожланиш эҳтимоли кўпроқ бўлар экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: “Мўмин киши табиатида ҳар бир хислат бўлса ҳам, лекин хиёнат ва ёлғончилик бўлмайди”.

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар

Етти юз дирҳам келтирадиган бир дирҳам

02.06.2025   5332   3 min.
Етти юз дирҳам келтирадиган бир дирҳам

Аллоҳ таоло бизга бир садақамизни етти юз баробар кўпайтириб беришини ваъда қилди. Шундай экан, нега энди муҳтожларга эҳсон қилишга иккиланамиз?!

Ривоятларда келишича, Муҳаллабий деган бир вазир ўтган бўлиб, аввалбошда камбағал бўлган экан. Дунё матоҳларидан бирор нарсаси бўлмаган ҳам экан. Шу ҳолида у сафар қилади. Борган жойида ҳам ейишга бирор нарса топа олмайди. Гўшт ейишни қаттиқ иштаҳа қилса-да, гўштга етгулик пул топа олмайди ва:

Аё, харид қилсам ўлим сотилурму,
Бул маийшат хайрсиз бўлди манга,
Вооҳ, бу ҳаётдин ўлим тотли бўлурму,
Бу хушсиз ҳаётдин келиб мани халос этса…

У кишининг ҳамсафари бўлиб, исми Абу Абдуллоҳ Сўфий эди. У байтни эшитиб, бир дирҳамга гўшт сотиб олиб, пишириб Муҳаллабийнинг қўлига тутқазади. Кейин эса улар ўз йўналишлари бўйича ажралиб кетишади.

Кунлар ўтиб Муҳаллабий Бағдодда вазир даражасига кўтарилади. Бу ёқда Абу Абдуллоҳ Сўфийнинг шароити оғирлашиб, қийналиб қолади. У вазирнинг ҳузурига боради ва бир парча қоғоз бериб, уни соқчидан киргизиб юборади. Қоғозда қуйидагилар ёзилган эди:

Аё вазирингга етказ, унга жонимни фидо айладим,
Йигит ҳеч замон гапин ёддан чиқармас.
Ёдингдаму йўқчиликдан қийналиб айтган гапинг,
“Аё, харид қилсам ўлим сотилурму” деганинг…

Вазир Муҳаллабий хатни ўқигач, ўтган кунлари ёдига тушиб, гўшт егиси келганида гўшт олиб пишириб берган ҳамсафарини эслайди. Кўзлари ёшга тўлиб, Аллоҳнинг неъматлари ичида яйраб яшаётганини, қандай қилиб бу мартабаларга эришиб, халифанинг вазири бўлиб қолгани ҳақида тафаккур қилади. Кейин эса: “Бу хатни ёзган кишига етти юз дирҳам бериб юборинглар”, деб буюради ва хат остига жавоб тариқасида мана бу оятни ёзиб қўяди:

«Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчи кишиларнинг (савобининг) мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди...»[1] (яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда).

Бу орқали вазир ҳамсафарига “Менга бир дирҳам эвазига олиб берган гўштинг ҳаққини Аллоҳ таоло етмиш баробар кўпайтириб берди”, демоқчи эди.

Шоир айтади:

Яхшилик ўгурганнинг мукофоти йўқолмагай ҳеч,
Холиқу халқ орасиндаги суннат зоил ўлмагай ҳеч.

Ҳеч бир кишидан миннатдорчилик кутманг!

Ҳакимлардан бири айтади: “Ким қилган яхшилиги учун миннатдорчилик, раҳмат кутса, шубҳасиз, у охират савобини дунёда олишга шошилибди”.

Яхшилик қилиш мақтовга арзирли харажатдир

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтади: “Ҳар нарсада исроф бор, иллоки ҳусни хулқни қўлга киритишда, яхшилик қилишда, одамгарчиликни юзага чиқаришда исроф йўқ”.

Бир ҳаким зотнинг гапини доимо ёдингизда тутинг: “Яхшилик қилувчи киши ҳеч чоҳга тушмайди. Мабодо тушган тақдирда ҳам, бир тиргак топади”.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Бақара сураси, 261-оят.