Саудия Арабистони Қизил ярим ой жамияти юрак хуружига учраган онасининг ҳаётини сақлаб қолган Aсир шаҳрида яшовчи 12 ёшли болани мукофотлади, деб хабар берди “Gulf News” матбуот хизмати.
Aёл ҳушини йўқотгач, Aбдуссалам ал-Aҳмарий тез ёрдам чақириб, онаси нафас олишни тўхтатгани ҳақида хабар берган. Шифокорлар боладан манзилини сўрашган ва юрак-ўпкани қайта жонлантиришни ўргатишган. Бола шифокорлар маслаҳати билан тез ёрдам келгунгача сунъий нафас олиш ва юрак массажини ўтказди. Натижада у вазифани аъло даражада бажариб, онасини ўлимдан сақлаб қолишга сабабчи бўлди.
Воқеа жойига етиб келган шифокорлар юрак хуружига учраган аёлнинг юрагини қайта ишга туширишга муваффақ бўлишди. Ҳозир у касалхонада даволанмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Халқаро оила куни, яқинлашаётган қутлуғ Қурбон ҳайити ҳамда 1 июнь — Болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Тошкент ислом институтида таълим муассасаси тарихида илк бор «Оилавий очиқ эшиклар куни» ташкил этилди. Институти ҳовлисида ўзгача қувонч ва самимият муҳитини улашган ушбу файзли тадбирни таълим муассасаси ректори Уйғун Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди.
Тадбир доирасида институтда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар ва ходимларнинг 200 нафардан зиёд фарзандлари ҳамда набиралари учун унутилмас болалар сайли уюштирилди.
Мазкур ташаббусдан кўзланган асосий мақсад — болажонларнинг ўз ота-оналари меҳнат қилаётган табаррук илм даргоҳи ва бу ердаги маърифий муҳит билан яқиндан танишиши ҳамда қалбида илм аҳлига нисбатан юксак ҳурмат-эҳтиром туйғусини шакллантиришдан иборатдир.
Байрам дастури доирасида болажонлар учун «Ширинликлар байрами» ташкил этилиб, миллий ўйинлар, расм чизиш, хаттотлик, шахмат-шашка ва стол тенниси каби спорт мусобақалари ўтказилди.
Шунингдек, қизлар учун миллий ҳунармандчилик маҳорат дарслари, сайёр аттракционлар ва мультфильмлар намойиши болажонларга ҳақиқий қувонч улашди. Тантанали тадбир якунида институт маъмурияти томонидан барча иштирокчиларга махсус байрам совғалари ва ширин тушликлар тақдим этилди.
Ота-онасининг жамият учун манфаатли меҳнатидан фахрланган болажонларнинг чеҳрасидаги беғубор табассум ушбу хайрли ва маънавий тадбирнинг энг катта ютуғи бўлди. Зеро, оиласи аҳил, фарзандлари бахтиёр бўлган юртнинг келажаги ҳамиша нурли ва барқарордир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати