Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
Халқимиз асрлар давомида эзгулик, саховат, сабр-қаноат, меҳр-шафқат ойи сифатида нишонлаб келган муборак Рамазон ойи бу йил бутун дунёда коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида юзага келган мураккаб эпидемиологик вазият давом этаётган оғир бир даврга тўғри келмоқда. Ана шундай қийин шароитда ҳам муқаддас динимиз буюрган ибодат амалларини уйда, оила даврасида адо этиб келаётган юртимиз мўмин-мусулмонлари ушбу фазилатли ойни Яратганнинг чексиз раҳмати ва мағфиратининг белгиси сифатида, эртанги кунга катта ишонч ва хурсандчилик билан кутиб олмоқда.
Муборак Рамазон ойининг жамиятимиздаги маънавий-руҳий барқарорликни мустаҳкамлаш, ҳозирги мураккаб синов ва машаққатларни халқимиз, бутун жаҳон аҳли билан ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатликда енгиб ўтишдаги аҳамиятини инобатга олган ҳолда ҳамда муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, унинг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғояларини кенг тарғиб этиш, диний-маърифий, маданий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида:
1. 2020 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 24 апрель кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари ўзаро ҳамкорликда Рамазон ойининг карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, уй шароитида, оила даврасида ўтказилиши учун зарур шароитларни яратишга йўналтирилган барча чора-тадбирларни амалга оширсин.
Айниқса, ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият берилсин.
3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мавжуд эпидемиологик шароитдан келиб чиқиб, диний-маърифий руҳдаги онлайн суҳбат ва маърузалар ташкил этиш, бу йилги Рамазон ойини уй шароитида ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни ёритиш тавсия этилсин.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 20 апрель
ЎзА
Юртимизда азалдан уч хил тақвим, ҳижрий, милодий ва деҳқончилик календари билан иш юритиш одат тусига айланган. Йиллар ҳисобини билишимиз учун Аллоҳ Қуръони каримнинг “Исро” сураси, 12-оятида шундай зикр қилади: “Кундуз аломатини эса, Раббингиздан фазл (ризқ) исташларингиз учун ҳамда йиллар саноғини ва ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Барча нарсани батафсил баён қилиб қўйганмиз”. Улуғ муфассирларимиз мазкур оятнинг “йиллар саноғини” қисмини қамарий (Ой) тақвим билан иш юритиш (бинобарин, диний юмушларда), “йиллар ҳисобини” қисмини эса шамсий (Қуёш) тақвим билан иш юритиш (айниқса, деҳқончиликда) мазмунида тафсир қилиб, фатво ёзиб қолдирганлар.
Халқимизнинг “Ҳамал кирди – амал кирди” деган мақоли жуда машҳур. Ҳижрий-шамсий тақвим бўйича Қуёшнинг биринчи буржга ва ойнинг ўн икки бурждан бири – Ҳамалга кириши билан “Наврўз”, яъни “Янги кун”, у билан бирга эса янги фасл – баҳор кириб келади. Деҳқонларимиз бу имкониятдан фойдаланиб, эрта баҳордан пок ниятлар билан ерга уруғ қадайдилар.
Улуғларимиз фиқҳий китобларда халқимизнинг анъанавий ҳамда миллий байрамларини, жумладан, Наврўзни байрам тариқасида нишонлаш ҳақида фатво берганлар. Бинобарин, “Фатовои заҳирия”да шундай дейилади: “Наврўз уч хилдир: Наврўзи Жамшидий, Наврўзи Мажусий ва Наврўзи Султоний. Наврўзи Султонийни ўтказмоқлик мақбулдир ва ҳеч динга зиёни йўқдур”.
Беруний, Ибн Сино, Умар Хайём, Чағминий, Улуғбек каби дунёвий илм соҳиблари ҳам тун билан кун баробар бўладиган ва Қуёш Ҳамал буржига кирадиган кунни Наврўз айёми сифатида нишонлаш мақбул эканлигини таъкидлашган. Улуғ мутасаввиф Ҳаким Термизий “Солнома” асарида, бухоролик буюк фақиҳ Абдулазиз ибн Моза “Ал-Муҳит ул-бурҳоний фил-фиқҳ ан-нуъмоний” қомусида Наврўз ҳақида қимматли маълумотлар қолдиришган. Қадим Шарқда Қуёш қайси буржга кирса, ойга ўша бурждаги юлдузлар туркуми шаклига қараб ном беришган. Жумладан, Ҳамал ойини – бурж шакли ҳомиладор қўйга ўхшагани учун Ҳамал деб, Савр ойини – юлдузлар туркуми ҳўкизга ўхшаб кўрингани учун Савр деб аташган.
Шуни таъкидлаш жоизки, ўн икки йил давомида кетма-кет бир-бирига ўрин алмаштириб келадиган мучал тушунчаси аслида “мўлжал” сўзидан олинган. Ўн икки йил давомида осмон жисмларининг жойлашиши қандай шаклни беришига қараб, йилларга мучал номлари берилган.
Жумладан, юлдузлар туркумининг сичқонга ўхшаши йилнинг сичқон йили, сигирга ўхшаши сигир йили ва ҳ.к. деб номланишига асос бўлган.
Уламоларимиз мана шу ўн икки йилга ўн икки мақом берилганлиги махсус ҳужжат билан тасдиқлашган. Жумладан, Зайниддин Маҳмуд Восифий (ваф. 1554 й.) “Бадоеъ ул-вақоеъ” (Ажойиб воқелар) номли асарида мучал ҳақида нодир қайдлар ёзиб қолдирган.
Абу Райҳон Беруний ўз асарларида Наврўзнинг яратилишига оид қимматли фикрларни келтиради. Бу фикрларнинг диққатга сазовор томони шундаки, аллома Наврўзни коинот ва олам билан бир бутунликда таърифлайди.
Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида бу ҳолга шундай таъриф берган: “Шарқдан баҳор насими эсиб келди, оламни безамоқ учун фирдавс йўлини очди. Оқ ранг кетиб, бўз ерни алвон ранг қоплади, олам ўзига оро бериб безанмоқ тараддудига тушди. Зерикарли қишни баҳор нафаси ҳайдади, мусаффо баҳор яна ўз ҳукмига кирди. Қуёш яна қайтиб ўз ўрнига келди, Балиқ (Ҳут) думидан Қўзи (Ҳамал) буржига кўчди. Уйқуга кирган дарахтлар яна яшил тўн кийди, ол, сариқ, кўк, қизил рангли ҳарир ёпинчиқлар билан безанди”.
Наврўз ҳақидаги фикрлар, афсона-асотирлар турлича бўлишига қарамай, бунёдкорлик, эзгулик, яшариш ва обод этиш каби умумбашарий, муштарак ғоялар уларни боғлаб туради. Зотан, Наврўз бутун инсоният учун уйғониш ва янгиланиш айёмидир.
Абдулғафур домла Раззоқов,
Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди имом-хатиби