Аллоҳ таоло мўминлар учун абадий мукофот бўлган жаннатни таърифлаганда жудаям кўп ўринларда дарахтзорларни, боғу-роғларни, турли хил меваларни зикр қилган. Хусусан, Роҳман, Воқеъа сураларида боғу бўстонлар, мевалар ва дарахтларнинг зикри жудаям кўп такрорланади. Масалан, Роҳман сурасида қуйидагича оятлар келади: “У (ер)да мевалар ва гуокосали хурмолар бор. Ва сомонли донлар ҳамда райҳонлар бор”. (11-12-оятлар) “У (жаннат)лар шох новдалидирлар”. (48-оят) “Икковларида мевалар, хурмо ва анорлар бордир” (68-оят)
Воқеа сурасида эса жаннат аҳлларини таърифлаб шундай дейди: “Улар тиконсиз сидрзорлардадирлар. Сермева бананзорлардадирлар. Ва ёйилган соялардадирлар” (28-29-30-оятлар)
Бунга ўхшаш дарахтлар, мевалар, ердан униб чиқадиган дон-дунлар ва экинлар ҳақидаги оятларни, улкан дарахтларнинг соялари ҳақидаги зикрларни жаннат таърифи келган жудаям кўп оятларда учратишимиз мумкин.
Бундан ташқари, ҳадисларда ҳам бу каби таърифлар ва башоратлар жудаям кўп учрайди. ҳаттоки Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Бу дунёда савобли амални қилган киши учун жаннатда бир дарахт экилиши беъжиз эмас албатта. Чунки, мевали дарахт неъматлар ичида энг эътиборли ва қадри баландларидан ҳисобланади.
Хулоса, қилиб айтадиган бўлсак, турли хил мевали дарахтлар, инсон учун керакли бўлган зироъатлар жаннат неъматларидан бир нишона ҳисобланади. Аллоҳ таоло бандалари жаннат неъматларини ҳис қилиб яшашлари учун улардан баъзиларини шу дунёнинг ўзида бизларга бериб қўйди. Демак, мусулмон киши бу нишоналарнинг қадрига етиши лозим. Уларни асраб авайлаш билан биргаликда, бу каби неъматларни кўпайтиришга ҳисса қўшмоғи лозим.
Шунинг учун ҳар баҳор фаслида киши ўз томорқасига турли хил экинлар экмоғи, ҳар хил мевали боғлар яратмоққа иштиёқманд бўлмоғи савобли ишлардан ҳисобланади. Инсонларга ҳалал бермайдиган жойлар, кўча ва сув бўйлари, эътибордан четда қолган қаровсиз ерларга ҳам меҳр бериб, улардан унумли фойдаланмоғи керак. Бу энг аввало, кишининг ҳалол ризқ топишига сабаб бўлади. Қолаверса, дарахтларнинг меваси ва соясидан баҳра олган инсонлар ва ҳайвонлар, экин тикинларнинг бир донасидан тановул қилган қушлар, ҳаттоки ҳашоротлар учун ҳам киши садақа берганнинг ажрини олади. Садақаи жориянинг бир тури бу айнан экиб кетилган дарахдир. Чунки, битта дарах бир неча йиллар ва ҳаттоки бир неча асрлар яшашини ҳисобга олсак, бу имконият мўминлар учун айни муддаодир.
Унутманг! Қилинган ҳар бир яхши амалга мукофот бор. Зарра миқдорида бўлса ҳам қилинган садақа жаҳаннамдан парда бўлади. ҳар бир ҳўл жигар учун қилинган яхшиликка Аллоҳ таолонинг розилиги бор.
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сабаблари кўп...
Нега эркаклар ўз жонига қасд қилишмоқда? Оила бошлиғининг ҳаётдан тўйишига сабаб нима? Баъзилар уни оилавий можаролар билан боғлайди. Афсуски сабаб фақат шу эмас, унинг омиллари жуда кўп.
Бутун дунёдаги ҳолат шу...
Дунёдаги барча ўз жонига қасд қилишларнинг тўртдан уч қисми эркаклар ўртасида содир бўлмоқда. Афсуски, юртимизда ҳам ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпроқ эркаклар билан юз бермоқда, яъни аёлларга нисбатан эркаклар кўпроқ суицидга қўл урмоқда.
Муаммонинг илдизи қаерда?
Асосий сабаб – оиладаги нотўғри тарбияга бориб тақалади. Фарзанд тарбиясига бефарқ, ҳар куни уруш-жанжал, ичкиликбозлик бўладиган оилаларда улғайганлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпроқ кузатилади.
Бола тарбияси учун фақат Она масъул(ми?)...
Афсуски аксар оилаларда фарзанд тарбияси билан фақат оналар шуғулланади ва шунга масъул саналадилар. Барча машаққатлар ожизалар зиммасига юкланади. Отанинг вазифаси эса пул топиш, рўзғорни бус-бутун қилиш, хуллас оилани фақат моддий тарафдан таъминлаши керак деган нотўғри тушунча кенг тарқалган.
Агар фарзанд ота меҳри ва эътиборисиз улғайса....
Ўғил боланинг эркаклик фазилатларининг шаклланишида отанинг ўрни беқиёс. Чунки ҳар бир ўғил бола ўз отасини қаҳрамон деб билади. Фарзанд учун ҳаётидаги энг мукаммал инсон бу унинг отасидир.
Ҳаётидаги қаҳрамонидан намуна олмаган фарзанд жамиятда ўз ўрнини топишга, мақсад сари интилишга, машаққатларни енгиб ўтишга, синовларда сабрли ва иродали бўлишга қийналади. Бундай вазиятлардан қандай қутилишни, мусибатлани енгишни, кимдан маслаҳат олишни ёки кимга эргашишни билмай қолади.
Оғир кунларда яқинларининг, хусусан, отасининг қўллаб-қувватлашини, далда бўлишини, тасалли беришини, ишончини кутади. Афсуски бу бўшлиқ айрим оталар томонидан тўлдирилмайди.
“Кучли портлаш”га олиб келади
Аксинча жуда кўп оталар фарзандига берадиган ягона тасаллиси: “сен ўғил боласан”, “ўғил бола йиғламайди”, бўлади. Наҳотки, ўғил бола йиғламаса ёки унга йиғлаш мумкинмас бўлса?
Йўқ, асло. Аслида ўғил бола ҳам ўз муаммолари ёки ҳиссиётлари сабабли йиғлаши мумкин. Аксинча кечинмаларни ичга ютиш бир кун келиб “кучли портлаш”ларга сабаб бўлади. Шу тариқа муаммолар бартараф этилишининг ўрнига, фарзанд ўз ёғига янада баттар қовурилади.
“Жонимга тегди”
Эркак киши бир кунда ўз жонига қасд қилиш қарорига келмайди. У ёшликдан муаммолар гирдобидан чиқа олмаган, ўзини ҳатто ота-онасига ҳам керакли деб ҳис қилмаган бўлади. Ҳаётда ўз ўрнини топишга, муаммоларини ечишга ҳаракат қилади. Аммо ҳеч кимдан далда топа олмаганидан кейин шу қарорга келади. Унгача анча босқичларни босиб ўтган, лекин ҳеч ким унга эътибор бермаган бўлади. “Ҳаммаси жонимга тегди”, “Яшагим келмаяпти”, “Эплолмаяпман” деган гапларини эса афсуски яқинлари “эшитмаган” бўлишади.
Тушкунлик – ташвиш келтиради
Шу тариқа эркак киши муаммолар, мусибатлар ёки қийинчиликларининг ечимини топа олмай ичини кемиради. Биров уни эшитмайди ёки тасалли бермайди. Натижада яна бир ташвиш – касалликка чалинади.
Ўлим – сўнгги чора эмас
Оғир вазиятларда муаммолар ечимсиз туюлади. Бундай ҳолатда баъзилар муаммонинг ечимини топишга ҳаракат қилмайди, балки муаммони оғирлаштирни ўйлайди. Масалан, қарзга ботган ёки иши юришмай турган бўлиши мумкин. Айримлар ушбу муаммоларнинг “ечими”ни – ўлим деб билишади.
Мусибатлар ҳеч кимни четлаб ўтмайди, аяб ўтирмайди ҳам...
Ҳамма гап унга муносабатда, уни қандай қабул қилишда. Сиз учун дунё зимзиё, қоронғими? Сабрли бўлинг, тонг отишига оз қолди, қуёш ҳам ҳадемай чарақлаб чиқади!
Қарзга ёки ғамга ботган бўлсангиз
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бирига: “Аллоҳ ғамларингни кетказадиган ва қарзларингни узадиган калималарни ўргатиб қўяйми?” дедилар. “Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули!” деди у. Набий алайҳиссалом: “Тонг отганда ва кеч кирганда: Аллоҳим! Сендан ғам босишидан, маҳзунликдан, ожизликдан, дангасаликдан, қўрқоқликдан, бахилликдан, қарзга ботишдан ва одамларнинг ғолиб келишидан паноҳ сўрайман, дегин”, дедилар.
Барча муаммолар ечими, барака калити
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким истиғфор айтишни ўзига лозим тутса, Аллоҳ унинг мушкулини кушойиш қилади, оғирини енгил қилади ва ўзи ўйламаган томондан ризқ беради”, деганлар.
Ҳали ҳаммаси яхши бўлади...
Агар солиҳларнинг амал қилишида беллаша олмасангиз, гуноҳкорларнинг истиғфор айтишида мусобақалашинг! Шунда ҳаммаси яхши бўлади, инша Аллоҳ.
Даврон НУРМУҲАММАД