Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Июл, 2025   |   15 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:17
Қуёш
04:59
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:36
Bismillah
10 Июл, 2025, 15 Муҳаррам, 1447

Рамазон яқин: танани рўзага тайёрлаш...

12.04.2020   3235   3 min.
Рамазон яқин: танани рўзага тайёрлаш...

Рамазонга саноқли кунлар қолганида энг аввало танамизни рўзага тайёрлаш керак бўлади.

Бу йил насиб этса Рамазон баҳор ойига тўғри келмоқда. Кунлар узайиб, ҳаво исиши билан иқлим ўзгарадиган паллаларда тўғри келаётган рўзада тўғри ва соғлом овқатланиш, таомланиш вақти ва озуқалар ўзгариши, очлик ҳисси ортиши билан кечади. Бу ҳолатларга танамизни аввалдан ўргатиб боришга эришсак, муборак Рамазон ойида соғлиқ билан боғлиқ муаммоларсиз ибодатларимизни бажаришга муваффақ бўламиз, инша Аллоҳ.
 
Муборак Рамазон ойига киришдан аввал энг муҳим ҳозирликлардан бири порцияларни камайтиришдир. Албатта, бу борада Шабон ойида рўза тутиш энг асосий ёрдамчи бўлади. Бироқ, Шабон ойида рўза тутолмаганлар Рамазон учун тайёргарликни порцияларни камайтиришдан иш бошлаганлари маъқул.

Дастурхонга фойдали ва тўйимли озуқалар, мева- сабзавот, сут маҳсулотлари ва дуккакли маҳсулотлар тортамиз. Бу егуликларга Рамазондан аввал вужудни кўниктириш, рўза кунларида ошқозон-ичак тизими билан боғлиқ муаммоларга дуч келмасликни кафолатлайди. Бугундан бошлаб енгил салатлар, қайнатилган ёки буғда пиширилган сабзавотларни тановвул қилишни бошласак, Рамазонда бу егуликларни истеъмол қилишга танамиз кўникма ҳосил қилган бўлади. Ёғли, шўр, дудланган маҳсулотларни оддий кунларда ҳазм қилиш қийин бўлгани учун, Рамазонда бемалол хавфли егуликлар гуруҳига қўшишимиз мумкин.

Бу егуликлар ортиқча вазн билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқиш хавфи юқори бўлгани учун ҳам Рамазон ойида улардан кескин тийилган маъқул. Мол ва қўй гўшти, товуқ, балиқ маҳсулотларини печда тоблаб ёки қайнатилган ҳолда истеъмол қилиш фойдали. Аввало, тановвул қилаётган егуликлар саломатлигимиз, ибодатлар учун куч-қувват бўлишини ҳисобга олиш керак. Узоқ очликдан кейин ширинликлар истеъмол қилиш қонда шакар миқдорини ошириш билан бирга, саломатликка жиддий хавф туғдириши мумкин. Шунинг учун ҳозирдан ширинликлар истеъмол қилишда меъёрдан ошмаслик, имкони бўлса, шакар ва шакар маҳсулотларини қуруқ мевалар, шакарсиз қоқи қайнатмалари, тоза мева ва сабзавот шарбатлари (уй шароитида тайёрланган) ҳамда асал билан алмаштирган яхши. Рамазондан аввал, Рамазонда ва ундан кейин истеъмол қилишдан тийилиш керак бўлган газли ичимликлар, тайёр мева шарбатлари  ва юқори калорияли ширин сувлардан парҳез қилиш учун ҳозир айни вақти.

Турли дамламалар, гиёҳли, доривор ўтлар қайнатмаларини ичиш билан ҳам кундалик қабул қилинадиган суюқликлар билан ортиқча вазндан қутулиш, ҳам Рамазондан аввал вужуддаги ортиқча токсинлардан халос бўлиш мумкин. Айни кунларда Рамазон ойига тайёргарлик кўришнинг вақти. Кеч қолманг ва шайтонлар кишанланиб, бандалар руҳан покланадиган ойга аввал танангизни поклаб киришсангиз, ибодатларни хотиржам ва ҳаловат билан адо этиш имконига эга бўласиз.
 
Рамазондан аввал токсинлардан қутулиш учун махсус парҳез олди ичимлик тайёрлаш:

2. литр сув
2 дона кўк олма
1 дона лимон
1 чойқошиқда қалампирмунчоқ доналари
1 чой қошиқда донали қора мурч
1 дона долчин пўчоғи (корица)

Олма ва лимон паррак тўғралади ва икки литр сувга солинади. Қалампирмунчоқ, қора мурч ва ва долчин ҳам ортидан солинади  ва 15 дақиқа давомида қайнатилади. Тайёр бўлган дамлама кун давомида ичилади. Бу доривор дамлама заҳарли токсинлардан халос бўлишга ва Рамазонга тетик, соғлом киришга ёрдам беради.

Ҳар доим саломат бўлинг!

Аллоҳ бизни Рамазонга соғ-саломат, хотиржам ва ҳамжиҳатликда етказсин!

Умида Азиз

Манба: https://azon.uz

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Жамоат ҳақининг гуноҳи оғир!

10.07.2025   257   1 min.
Жамоат ҳақининг гуноҳи оғир!

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар беришича, май ойининг 13-санасида бир кунда 3 млрд сўмлик энергоресурсларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланган. Афсуски, бугун бундай газ ва электр энергияга яширинча уланиб, давлатга миллиардлаб зарар етказган кимсалар ҳақидаги хабарларни тез-тез ўқиб қоламиз.

 

Бировнинг, айниқса, халқ ҳақидан қўрқмай ўғрилик орқали манфаат топмоқчи бўлаётган инсонлар орамизда кўплаб топилади. Бундайларнинг наздида газ, сув, электр энергия туганмас бойлик. Ундан ҳар ким ўз манфаати йўлида фойдаланиши мумкин. Бироқ бу неъматлар хонадонларга кириб бориши учун минглаб инсонлар меҳнат қилишини, давлат эса миллиардлаб маблағ сарфлашини, улар ҳам бир кун тугаб қолишини хаёлига ҳам келтирмайди.

 

Аслида ушбу неъматлардан оқилона фойдаланиш, исроф қилмаслик нафақат фуқаролик мажбуриятимиз, балки инсоний вазифамиз, мўминлик бурчимиздир.

 

Айтиш жоизки, уйда, ишда, кўчада коммунал тўловлар атрофида айланаётган қатор муаммолар ҳақида кўп эшитамиз, баъзан ўзимиз унинг гувоҳи ёки бевосита иштирокчисига айланамиз. Лекин бу муаммолар тўловни ўз вақтида амалга оширмаслик ёки айрим нобоп кимсаларнинг қилмиши оқибатида юзага чиқаётгани ёдимизга ҳам келмайди. Тўловларни имкон бўла туриб асоссиз баҳоналар ёки ўз вақтида тўламаслик ёки ҳисоблагич жиҳозларини тес­карига айлантириш ёхуд ҳар хил ҳийлалар ишлатиб, уларни тўлашдан қочиш давлатнинг ва халқнинг ҳақини ейиш ҳисобланади. Чунки табиий бойликлар давлат ва халқ мулкидир.

 

Қолаверса, коммунал хизматлардан фойдаланиш учун ҳар бир хонадон таъминотчилар билан шартнома тузиб, қўл қўйган ва ўзаро келишувда тўловни ўз вақтида адо этишга келишган. Шу боис тўловларни вақтида адо этишимиз шаръан ҳам жоиз.

 

Таъкидлаш лозимки, халқнинг мулкида барча фуқаролар, хусусан, кам таъминланганлар, ногиронлар, етим-есирлар, кексаларнинг ҳақи бор. Улардан фойдаланишга келганда фаол бўлиб, тўловга келганда қочаётган, пайсалга солаётганлар юқорида зикр этилган қат­ламларнинг ҳам ҳақини ўзлаштириб, ноҳақ еяётганини билиб олсинлар. Зеро, Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар, бир-бир­ларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар” (Нисо сураси 29-оят), дея огоҳлантирилган. Шундай бўлгач, ҳар бир фуқаро ўзгаларнинг молига, айниқса, жамоат мулкига хиёнат этмаслиги даркор! Бунга ­эътиборсизлик охиратда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.

 

Ҳавла бинти Амр розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Баъзи бир одамлар Аллоҳнинг мулки (жамоат пуллари)га хиёнат қилади. Қиёмат куни улар жаҳаннамга равона бўлишади” (Имом Бухорий ривояти). Шундай экан, бу масалага жиддий ёндашишимизга тўғри келади.

 

Шунингдек, газ, электр энергия ва сув каби неъматлардан оқилона фойдаланиш ҳам динимиз талабидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иқтисод қилган кимса камбағал бўлмас, маслаҳат қилган пушаймон бўлмас” (“Мушкотул на­собиҳ”), деб тавсия берганлар.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Солиҳ ҳидоят, гўзал кўриниш ва иқтисодли бўлиш набийликнинг етмишдан бир жузидир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

Демак, доим аҳли солиҳлардан бўлиб, тежамкор бўлиш, исрофга йўл қўймаслик, ҳар бир нарсани ўз ўрнида, меъёрида тасарруф қилиш, керагидан ортиқ, беҳудага сарфламаслик набийликнинг етмиш жузидан бир жуз, етмиш бўлагидан бир бўлак экан. Буни ҳар бир мўмин-мусулмон яхши англаб, ҳаётига татбиқ қилиши лозим.

 

Хулоса қилиб айтганда, ҳалоллик инсон ҳаётини хотиржам, осойишта ва фаровон қи­лади. Шундай экан, коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаб, халқ ҳақига хиёнат қилмайлик, азизлар! 

Ғайрат БОЗОРОВ,

Деҳқонобод тумани “Оқработ ота”

жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар