Рамазонга саноқли кунлар қолганида энг аввало танамизни рўзага тайёрлаш керак бўлади.
Бу йил насиб этса Рамазон баҳор ойига тўғри келмоқда. Кунлар узайиб, ҳаво исиши билан иқлим ўзгарадиган паллаларда тўғри келаётган рўзада тўғри ва соғлом овқатланиш, таомланиш вақти ва озуқалар ўзгариши, очлик ҳисси ортиши билан кечади. Бу ҳолатларга танамизни аввалдан ўргатиб боришга эришсак, муборак Рамазон ойида соғлиқ билан боғлиқ муаммоларсиз ибодатларимизни бажаришга муваффақ бўламиз, инша Аллоҳ.
Муборак Рамазон ойига киришдан аввал энг муҳим ҳозирликлардан бири порцияларни камайтиришдир. Албатта, бу борада Шабон ойида рўза тутиш энг асосий ёрдамчи бўлади. Бироқ, Шабон ойида рўза тутолмаганлар Рамазон учун тайёргарликни порцияларни камайтиришдан иш бошлаганлари маъқул.
Дастурхонга фойдали ва тўйимли озуқалар, мева- сабзавот, сут маҳсулотлари ва дуккакли маҳсулотлар тортамиз. Бу егуликларга Рамазондан аввал вужудни кўниктириш, рўза кунларида ошқозон-ичак тизими билан боғлиқ муаммоларга дуч келмасликни кафолатлайди. Бугундан бошлаб енгил салатлар, қайнатилган ёки буғда пиширилган сабзавотларни тановвул қилишни бошласак, Рамазонда бу егуликларни истеъмол қилишга танамиз кўникма ҳосил қилган бўлади. Ёғли, шўр, дудланган маҳсулотларни оддий кунларда ҳазм қилиш қийин бўлгани учун, Рамазонда бемалол хавфли егуликлар гуруҳига қўшишимиз мумкин.
Бу егуликлар ортиқча вазн билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқиш хавфи юқори бўлгани учун ҳам Рамазон ойида улардан кескин тийилган маъқул. Мол ва қўй гўшти, товуқ, балиқ маҳсулотларини печда тоблаб ёки қайнатилган ҳолда истеъмол қилиш фойдали. Аввало, тановвул қилаётган егуликлар саломатлигимиз, ибодатлар учун куч-қувват бўлишини ҳисобга олиш керак. Узоқ очликдан кейин ширинликлар истеъмол қилиш қонда шакар миқдорини ошириш билан бирга, саломатликка жиддий хавф туғдириши мумкин. Шунинг учун ҳозирдан ширинликлар истеъмол қилишда меъёрдан ошмаслик, имкони бўлса, шакар ва шакар маҳсулотларини қуруқ мевалар, шакарсиз қоқи қайнатмалари, тоза мева ва сабзавот шарбатлари (уй шароитида тайёрланган) ҳамда асал билан алмаштирган яхши. Рамазондан аввал, Рамазонда ва ундан кейин истеъмол қилишдан тийилиш керак бўлган газли ичимликлар, тайёр мева шарбатлари ва юқори калорияли ширин сувлардан парҳез қилиш учун ҳозир айни вақти.
Турли дамламалар, гиёҳли, доривор ўтлар қайнатмаларини ичиш билан ҳам кундалик қабул қилинадиган суюқликлар билан ортиқча вазндан қутулиш, ҳам Рамазондан аввал вужуддаги ортиқча токсинлардан халос бўлиш мумкин. Айни кунларда Рамазон ойига тайёргарлик кўришнинг вақти. Кеч қолманг ва шайтонлар кишанланиб, бандалар руҳан покланадиган ойга аввал танангизни поклаб киришсангиз, ибодатларни хотиржам ва ҳаловат билан адо этиш имконига эга бўласиз.
Рамазондан аввал токсинлардан қутулиш учун махсус парҳез олди ичимлик тайёрлаш:
2. литр сув
2 дона кўк олма
1 дона лимон
1 чойқошиқда қалампирмунчоқ доналари
1 чой қошиқда донали қора мурч
1 дона долчин пўчоғи (корица)
Олма ва лимон паррак тўғралади ва икки литр сувга солинади. Қалампирмунчоқ, қора мурч ва ва долчин ҳам ортидан солинади ва 15 дақиқа давомида қайнатилади. Тайёр бўлган дамлама кун давомида ичилади. Бу доривор дамлама заҳарли токсинлардан халос бўлишга ва Рамазонга тетик, соғлом киришга ёрдам беради.
Ҳар доим саломат бўлинг!
Аллоҳ бизни Рамазонга соғ-саломат, хотиржам ва ҳамжиҳатликда етказсин!
Манба: https://azon.uz
Муносабат
Сўнгги йилларда Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуси билан барча соҳалар сингари диний-маърифий соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар, янгилик ва ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Янги Ўзбекистондаги барча янгиланиш ва ўзгаришлар, аввало, халқимиз манфаатлари йўлида, фуқароларимизнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда, унинг истиқболини кўзлаб амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда мусулмон дунёсининг ўзаро ҳамкорлигини янада ошириш, мавжуд муаммоларга ечим топиш ва ислом умматининг бирдамлигини мустаҳкамлашда мусулмон мамлакатларининг имконият ва салоҳиятини сафарбар этиш ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугунга келиб, замон, шароит ва ҳолатларнинг ўзгариши, фан ва техниканинг тараққиёти каби омиллар ислом ҳуқуқшунослиги – фиқҳ йўналишида ҳам ўзига яраша муносабатларда янгича ёндашвни тақозо қила бошлагани боис дунёда бўлаётган ўзгаришларни якка шахслар ёки маҳаллий муассасалар орқали қамраб олиш қийинлашган эди. Хусусан, бу ўзгаришларга шариат бўйича муносабат билдириш, улар ҳақида тўлақонли фатволар чиқариш мураккаблашди. Бу ва бунга ўхшаш бошқа омиллар фақиҳларнинг биргалашиб иш олиб боришларини талаб қиларди. Шу сабабдан Ислом Фиқҳи Академиялари тузилиб, бу илмий муассасаларга кўзга кўринган фақиҳлар аъзо бўлдилар. Ҳал қилиниши лозим бўлган масала бўйича Академия идораси аъзоларга аввалдан хабар беради. Аъзолар белгиланган муддатгача ўша масалани яхшилаб ўрганадилар. Ўзларидан илтимос қилинган мавзуларда илмий ишлар ёзадилар. Кейин Академиянинг умумий мажлисида мазкур масала муҳокама қилинади. Академиянинг мажлисига кўрилаётган масала бўйича мутахассис олимлар ҳам таклиф қилинади. Улар ўз мутахассисликлари асосида маълумотлар тақдим қиладилар ва Академия аъзоларининг саволларига жавоб берадилар.
Узоқ ва аниқлик билан давом этган мажлислардан сўнг таҳлил қилинган масала бўйича Академиянинг бу борадаги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилади ва кўпчилик овоз билан қарор қабул қилинади. Баъзи Академиялар қарши овоз берганларнинг фикрини ҳам эълон қилади.
Шу тариқа замонамизда ўртага чиққан кўплаб муаммолар шариат таълимотлари асосида ҳал қилиниши йўлга қўйилди ва мусулмонларнинг таҳсинига сазовор бўлди.
Ҳозирда халқаро исломий ташкилотлар, давлатлар, вазирликлар, ширкатлар, турли муассасалар ва шахслар ўзлари ҳал қила олмаган фиқҳий масалаларни ечишда Ислом Фиқҳи Академияларига мурожаат қилишмоқда ва керакли ечимларни олишмоқда.
Ана шундай фиқҳ академиялардан бири Халқаро ислом фиқҳи академияси ислом оламидаги энг нуфузли ва давлатлараро мақомга эга бўлган халқаро илмий-фиқҳий ташкилот ҳисобланади.
Юртимиз аҳли учун энг қувонарли янгиликлардан бири Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг мусулмон оламидаги энг нуфузли ва давлатлараро мақомга эга бўлган йирик илмий-фиқҳий ташкилот – Халқаро ислом фиқҳи академиясига аъзо бўлганларидир.
Ҳозирда академия таркибида дунёнинг 57 та давлатидан 65 нафардан ортиқ етакчи мусулмон олимлари фаолият юритади. Ушбу академияга аъзо бўлиш учун мусулмон дунёсининг эътироф этилган етук фақиҳ ва олимларидан бири бўлиш, ислом ҳуқуқини пухта эгаллаш ҳамда ақида ва хулқда ислом таълимотига қатъий амал қилиш, юксак маънавий обрўга эга бўлиш каби хислатларга эга бўлиш талаб этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳам Аллоҳ таолонинг фазли ҳамда ёрдами билан 35 йилдан зиёд вақт мобайнида Ислом дини маърифатини кенг ёйиш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш, жамиятда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларни маърифатли қилиб тарбиялаш ва халқаро миқёсда Ислом динининг асл қадриятларини кенг тарғиб этиш билан танилганлар.
Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”. Тўртовлари ривоят қилишган.
Демак, дин таълимотларини яхши тушунадиган бўлиш банда учун катта бахт-саодатдир. Унга Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилганининг аломатидир.
Таъкидлаш керакки, шу пайтга қадар ҳам Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бир нечта Халқаро мусулмон уламолари кенгаш, уюшма, ташкилот ва академияларининг аъзоси сифатида нуфузли тадбирлардаги ташаббуслари мусулмон дунёси томонидан қўллаб-қувватлаб келинмоқда.
Юртимиз мўмин-мусулмонлари, уламо ва барча соҳа вакиллари номидан Аллоҳ таолодан муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига Халқаро ислом фиқҳи академиясидаги фаолиятларида куч-қувват ва муваффақиятлар тилаймиз.
Зайниддин Эшонқулов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари,
Уламолар кенгаши аъзоси