Жаҳон футболи юлдузи Криштиану Роналдуга тегишли Марокаш меҳмонхонаси зилзила қурбонларини текин қабул қилди, деб хабар берди испаниялик сайёҳ “Canal 24 Horas” телеканалига берган маълумотида.
Жабрланганлар бошпанасига айланган 38 ёшли футболчининг 4 юлдузли “Pestana CR7 Marrakech” меҳмонхонаси Марокаш аэропортидан беш километр узоқликда жойлашган.
“Биз Марокашнинг янги ҳудудига боришимиз керак эди, у ерда кўпроқ, айтганда, ҳашаматли меҳмонхоналар мавжуд. Энди биз чеккада жойлашган Криштиану Роналду меҳмонхонасини хона билан таъминлашга кўндира олдик”, - деди Ирен Сеихас.
Бунгача сайёҳлар мамлакатни тарк этиш йўлини топиш муаммосига дуч келган. Улар самолёт чипталарининг аксарияти сотилиб кетганини, қолганлари эса минг евро атрофида эканлигини пайқади.
Маълумот учун, Роналдо Пестана тармоғи билан бирга бешта меҳмонхонага эгалик қилади. Марокаш меҳмонхонасида 174 та хона бор. Шунингдек, унда фитнесс маркази, ресторан ва очиқ бассейн мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, 9 сентябрь куни эрталаб Марокашда 7,2 магнитудали зилзила содир бўлган эди. Бу сўнгги 120 йилдаги энг ҳалокатлиси бўлди.
Ушбу офат натижасида 2 012 киши ҳалок бўлди, яна 2059 киши турли даражадаги оғирликдаги жароҳатлар олди. Қутқарув гуруҳлари иши давом этмоқда. Марокаш қироллигида уч кунлик миллий мотам эълон қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ