Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Май, 2025   |   27 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:17
Қуёш
04:56
Пешин
12:25
Аср
17:30
Шом
19:47
Хуфтон
21:20
Bismillah
25 Май, 2025, 27 Зулқаъда, 1446

Рамазонга тайёрмисиз: вақтни беҳуда сарфламанг

06.04.2020   4218   4 min.
Рамазонга тайёрмисиз: вақтни беҳуда сарфламанг

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатларида ҳам вақтнинг қиммати ва аҳамияти алоҳида таъкидланади. Қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурида  вақт ҳар бир инсоннинг зиммасидаги улуғ бир масъулият ва қарз экани зикр этилади. Ҳатто ҳисоб-китоб кунида бандага бериладиган асосий тўрт саволдан иккитаси ана шу вақт ҳақида бўлиши ҳадисларда таъкидлаб ўтилган.        Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунича бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчисида – умрини нима билан ўтказгани; иккинчисида – ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчисида – мол-дунёни қай йўсинда (қайси касб орқали)топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчисида – илмига қандай амал қилганидан сўралади”.

Улуғ тобеъинлардан Ҳасан Басрийнинг шундай сўзлари бор: “Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра улар вақтларига қаттиқроқ ҳарис эдилар... Одам боласининг ҳар бир куни қуйидаги сўзларни айтиб ўтади: “Эй одам боласи, мен янги кунман ва қиладиган амалингга гувоҳман. Агар ўтиб кетсам, қайтиб келмайман. Хоҳлаган ишингни қил, унинг самарасини қариганингда топасан ва хоҳлаган ишингни кечиктир, у сенга асло қайтиб келмайди”.

Улуғлардан бири Абу Ҳафс Найсобурий: “Ҳар бир вақтнинг ўз одоби бор, ким вақт одобларига риоя қилса улуғлар даражасига етади”, деб айтган.

Солиҳлардан бири яна шундай деган: “Банданинг вақтлари тўрт турли бўлади, бешинчиси йўқдир: неъматда кечган вақт, кулфатда ўтган вақт, итоат билан ўтган вақт, маъсият-гуноҳ қилиб ўтказилган вақт”.

Энди агар бу вақт ойларнинг саййиди Рамазон ойида беҳуда сарфланса нима бўлади? Биз бу муқаддас ойда вақтимизни қандай ўтказмоғимиз лозим?

Мумкин эмас – фойдасиз!

Аввало, Рамазон ойида ўзимизни турли беҳуда, на дунёимиз ободлиги ва на диминиз равнақига ҳисса қўшмайдиган одатлар, воқеликлар ва вақтингизни ўғирловчи кишилардан узоқлашинг. Хўш, буни қандай амалга оширасиз?

Ишни сахарликдан сўнг то қуёш чиққунча ухламасликка ғаракат қилинг.

Рамазон ойи одоблари, ислом дини моҳияти ва хулқингизни тафтиш этишга ундовчи китоблар ва манбалар билан астойидил танишиб чиқинг. Зеро, амални бажаришдан аввал у ҳақда етарлича билдимга эга бўлмаслик охир оқибат адашишликка олиб келади.

Одамлар билан тортишиш, баҳслашиш, жанжаллашиш каби одатлардан узоқлашинг. Бунинг учун воқеликка сукут билан четдан назар ташлаш кифоя.

Бозор, супермаркет, ҳиёбон ва бошқа жойларга қисқа сайру саёҳатларни имкон қадар камроқ амалга оширинг.

Ёқтирган телесериал, бадиий филм, концерт, шоу ҳамда томошаларни кўришни чекланг. Улар сизга ҳеч қандай манфаат бермайди. Аксинча вақтингизни ўғирлайди ва бунинг учун кейинчалик қаттиқ надомат чекасиз.

Ижтиомий тармоқлардан ҳеч бўлмаганда бир ой фойдаланманг. Агар маънавий озуқа олишга ёрдамлашидиганлари бўлса унда кунда 1 соат шуғуллансангиз бўлади.

Мумкин – фойдали!

Рамазон ойида вақтни фойдали ва унумли ўтказишучун:

  1. Кўпроқ ўзингизга савол беринг? Нима учун, нима мақсадда, охиратим учун қандай фойда бор?
  2. Ҳаёт ташвишларидан бироз чекланинг. Асосий меҳнат ва иш фаолиятингиздан ташқари динингиз учун фойдаси йўқ ишларни тарк этинг.
  3. Кўпроқ Қуръон тингланг ва ҳар куни Қуръондан ҳеч бўлмаганда 3-4 оят ёдланг. Кичик суралардан бошласангиз осон бўлади.
  4. Агар бугундан бошлаб ҳар куни битта ҳадис ёдлашни одат қилсангиз, рамазон ойи сўнгида камида 30 хадис ёд оласиз.
  5. Куннинг бир қисмини албатта оилангиз учун ажратинг. Чунки улар учун сиз масъулсиз.
  6. Уламолар ва тақводорлар суҳбатида бўлишга ҳаракат қилинг.
  7. Фарз ва суннат амалларни мукаммал қилишга ва нафл ибодатларга иштиёқингизни оширинг! Аллоҳ таолони рози қилиш мақсадида яшанг ва ҳар куни такрор ва такрор дуода бўлинг!
  8. Таровеҳ намози фазилати ва барокатидан баҳраманд бўлишни унутманг!

 

Рамазон ойи сиз ва оилангиз учун файзу барокат олиб келсин!

 

Саидаброр Умаров

Бошқа мақолалар

Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий

16.05.2025   7916   5 min.
Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий

Муҳаммад Саид ибн Рамазон ибн Умар ибн Мурод ал-Бутий 1929 йилда Усмонийлар империяси таркибида бўлган, бугунги кунда Туркия Республикаси ҳудудига кирувчи Жизре (арабча: Жазират ибн ‘Умар, курдча: Cizîrê Botan) вилоятига қарашли Жалка қишлоғида таваллуд топган. Ушбу ҳудуд тарихан бой илмий ва маданий меросга эга бўлиб, кўплаб етук шахслар, айниқса ислом олимлари билан машҳур бўлган. Жизре ҳудуди ўзининг узоқ йиллик илм-фан ва маърифат анъаналари билан ажралиб туради. Тарихий манбаларда бу ерда яшаб ўтган кўплаб олимларнинг исмлари тилга олинади. Жумладан, буюк мусулмон тарихчиси ва "ал-Камил фīът-Тарих" асари муаллифи Ибнул-Асир (1160–1233), машҳур қироат олими Абул-Хойр Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Жазарий, механика ва техника соҳасида кашшоф сифатида танилган, "ал-Жамиʻ байнаал-ʻилм вал-ʻамал ан-нафиʻ фī ṣинаʻат ал-ḥиял" асари муаллифи Абул-‘Изз ибн Исма‘ил ар-Роззаз ал-Жазарий (вафоти 1206-йил) шулар жумласидандир.

Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий ана шундай юксак мартабали олимлардан биридир. У Ислом оламида асосан фиқҳ, даъватчилик фаолияти, асарлари ва сиёсат билан алоқаси сабабли машҳур бўлган. Унинг илмий мероси, асарлари ва илгари сурган ғоялари кўпинча Ғазолий билан қиёсланади [1].

Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий 1934-йилда оиласи билан Суриянинг Дамашқ шаҳрига ҳижрат қилган. Улар асосан курдлар истиқомат қиладиган Рукнуддин маҳалласига жойлашадилар. Бутий болалигидан Қуръон таълимини бошлайди ва атиги олти ой ичида Қуръонни тўлиқ хатм қилади. Кейинчалик отаси бош-қошлигида турли мадрасаларда диний илмлар билан шуғулланади. 1953-йилгача Шайх Ҳасан Ҳабанка ал-Майдоний бошчилигидаги "Ат-тавжиҳ ал-исломий" коллежида наҳв, мантиқ, балоғат, усул ва бошқа диний фанларни ўрганади.

1953-йилда Мисрнинг Азҳар университети Шариат факултетига ўқишга кириб, 1956-йилда тамомлайди. 1957-йилда Ҳумус шаҳрида диний маданият ўқитувчиси сифатида фаолият бошлайди. 1960-йилда Дамашқ университетининг Шариат факултетида ёрдамчи лавозимига тайинланади. 1965-йилда Азҳар университетида "Ислом ҳуқуқида "Маслаҳа" мавзусида докторлик диссертатсиясини "Мумтаз" (жуда а‘ло) баҳоси билан ҳимоя қилади. Шундан сўнг у Дамашқ университетида профессор унвонига эришиб, ислом ҳуқуқи, фиқҳ, ақида ва сийрат фанларидан сабоқ беради.

1970-йилда дотсент, 1975-йилда профессор, 1977-йилда эса Шариат факультети декани лавозимига тайинланиб, 1993-йилгача бу лавозимда ишлайди. У араб, курд, турк ва инглиз тилларини яхши билган. Академик фаолияти давомида у китоблари, телевидения, радио ва интернет орқали кенг оммага диний таълим етказган. Унинг Дамашқдаги йирик масжидлардаги ваъзлари кўп сонли кишиларни жамлаган.

Европалик тадқиқотчи Андреас Чристманн таъкидлаганидек, диний амалларга риоя қилмайдиган ҳатто мусулмон бўлмаган кишилар ҳам унинг маърузаларига қизиқиш билдирган [2]. 2005-йилда Дубай Қуръон Хизмат Кенгаши уни "Намунали Ислом Олими" деб эътироф этган. 2012-йилда эса Иордания Қироллик Академияси томонидан тузилган энг нуфузли 500 мусулмон рўйхатида 22-ўринни эгаллаган.

Бутий ақидада Ашъарий калом мактабига эргашган бўлиб, салафийлик оқимига танқидий ёндашуви билан машҳур эди. Фиқҳий йўналишда эса Шофиъий мазҳабига мансуб бўлган.

Бутийнинг илмий фаолиятида биринчи йирик ютуғи сифатида "ад-Давабитуъл-Маслаҳа фиъш-Шари‘атиъл-Исламийя" номли докторлик диссертатсияси бўлиб, бу асар Ислом ҳуқуқидаги "Маслаҳа" масаласини чуқур таҳлил қилгани сабабли тадқиқотчилар томонидан муҳим манба сифатида қадрланади.

Унинг асл шуҳрати эса "Фиқҳус-сийра" асари орқали кенг тарқалган. Ушбу китобда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари асосида шаръий ва фиқҳий хулосалар чиқарилиб, янгича илмий услубда тақдим этилган.

Tahrirchi Bot, [16.05.2025 12:30]
Бутий 70 га яқин китоб ва кўплаб мақолалар муаллифи бўлиб, Ислом уммати муаммоларига бағишланган "Абҳас фиъл-Кимме" номли ўнта рисоладан иборат тўплами ҳам эътибор қозонган. Бу рисолаларда у муаммоларга ечимларнинг ўзини эмас, балки уларнинг асл сабаблари, хусусан, Ғарб қаршисида мусулмонларнинг ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан орқада қолиш омилларини очиб беришга интилган.

У бутун умри давомида исломий фикр, ахлоқ ва маърифатни тарғиб этишда фидокорона хизмат қилган. Афсуски, бу юксак илм ва тақво соҳиби 2013 йил 21 март куни Дамашқдаги Имом масжидида дарс бераётган пайтида шаҳид бўлди. Унинг вафоти нафақат Сурияда, балки бутун Ислом оламида чуқур изтироб билан қабул қилинди. Шу тариқа Рамазон Бутий ўзининг бой илмий мероси ва мардонавор хизматлари билан мусулмон умматининг қалбида чуқур из қолдирди.

Муҳаммаддиёр МЎМИНОВ,
Тошкент Ислом институти 402-гуруҳ талабаси.
 

[1] Mahsum Aslan. Muhammed Said Ramazan el-Bûtî’nin hayatı, eserleri, ilmî kişiliği ve fıkıhçılığı "Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг Ҳаёти, Асарлари, Илмий Шахсияти ва Фиқҳчилиғи" номли магистрлик диссертациясидан. Дижла Университети, Социал фанлар институти, Диярбакир, қисқартирма, 2014.–  Ж.1. — Б.1.

[2] Andreas Christmann. Islamic scholar and religious leader: A portrait of Shaykh Muhammad Sa’id Ramadan al-Būti “Musulmon Olim va Diniy Yetakchi: Shayx Muhammad Said Ramazon al-Butiy”, tarj. Muammer İskenderoğlu, Усул исломий тадқиқотлар журнали, Сон: 2, Июль-Декабрь, 2004. – 129-154, - Б.130.