Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатларида ҳам вақтнинг қиммати ва аҳамияти алоҳида таъкидланади. Қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурида вақт ҳар бир инсоннинг зиммасидаги улуғ бир масъулият ва қарз экани зикр этилади. Ҳатто ҳисоб-китоб кунида бандага бериладиган асосий тўрт саволдан иккитаси ана шу вақт ҳақида бўлиши ҳадисларда таъкидлаб ўтилган. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунича бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчисида – умрини нима билан ўтказгани; иккинчисида – ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчисида – мол-дунёни қай йўсинда (қайси касб орқали)топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчисида – илмига қандай амал қилганидан сўралади”.
Улуғ тобеъинлардан Ҳасан Басрийнинг шундай сўзлари бор: “Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра улар вақтларига қаттиқроқ ҳарис эдилар... Одам боласининг ҳар бир куни қуйидаги сўзларни айтиб ўтади: “Эй одам боласи, мен янги кунман ва қиладиган амалингга гувоҳман. Агар ўтиб кетсам, қайтиб келмайман. Хоҳлаган ишингни қил, унинг самарасини қариганингда топасан ва хоҳлаган ишингни кечиктир, у сенга асло қайтиб келмайди”.
Улуғлардан бири Абу Ҳафс Найсобурий: “Ҳар бир вақтнинг ўз одоби бор, ким вақт одобларига риоя қилса улуғлар даражасига етади”, деб айтган.
Солиҳлардан бири яна шундай деган: “Банданинг вақтлари тўрт турли бўлади, бешинчиси йўқдир: неъматда кечган вақт, кулфатда ўтган вақт, итоат билан ўтган вақт, маъсият-гуноҳ қилиб ўтказилган вақт”.
Энди агар бу вақт ойларнинг саййиди Рамазон ойида беҳуда сарфланса нима бўлади? Биз бу муқаддас ойда вақтимизни қандай ўтказмоғимиз лозим?
Мумкин эмас – фойдасиз!
Аввало, Рамазон ойида ўзимизни турли беҳуда, на дунёимиз ободлиги ва на диминиз равнақига ҳисса қўшмайдиган одатлар, воқеликлар ва вақтингизни ўғирловчи кишилардан узоқлашинг. Хўш, буни қандай амалга оширасиз?
Ишни сахарликдан сўнг то қуёш чиққунча ухламасликка ғаракат қилинг.
Рамазон ойи одоблари, ислом дини моҳияти ва хулқингизни тафтиш этишга ундовчи китоблар ва манбалар билан астойидил танишиб чиқинг. Зеро, амални бажаришдан аввал у ҳақда етарлича билдимга эга бўлмаслик охир оқибат адашишликка олиб келади.
Одамлар билан тортишиш, баҳслашиш, жанжаллашиш каби одатлардан узоқлашинг. Бунинг учун воқеликка сукут билан четдан назар ташлаш кифоя.
Бозор, супермаркет, ҳиёбон ва бошқа жойларга қисқа сайру саёҳатларни имкон қадар камроқ амалга оширинг.
Ёқтирган телесериал, бадиий филм, концерт, шоу ҳамда томошаларни кўришни чекланг. Улар сизга ҳеч қандай манфаат бермайди. Аксинча вақтингизни ўғирлайди ва бунинг учун кейинчалик қаттиқ надомат чекасиз.
Ижтиомий тармоқлардан ҳеч бўлмаганда бир ой фойдаланманг. Агар маънавий озуқа олишга ёрдамлашидиганлари бўлса унда кунда 1 соат шуғуллансангиз бўлади.
Мумкин – фойдали!
Рамазон ойида вақтни фойдали ва унумли ўтказишучун:
Рамазон ойи сиз ва оилангиз учун файзу барокат олиб келсин!
Саидаброр Умаров
Аллоҳ таоло бизга бир садақамизни етти юз баробар кўпайтириб беришини ваъда қилди. Шундай экан, нега энди муҳтожларга эҳсон қилишга иккиланамиз?!
Ривоятларда келишича, Муҳаллабий деган бир вазир ўтган бўлиб, аввалбошда камбағал бўлган экан. Дунё матоҳларидан бирор нарсаси бўлмаган ҳам экан. Шу ҳолида у сафар қилади. Борган жойида ҳам ейишга бирор нарса топа олмайди. Гўшт ейишни қаттиқ иштаҳа қилса-да, гўштга етгулик пул топа олмайди ва:
Аё, харид қилсам ўлим сотилурму,
Бул маийшат хайрсиз бўлди манга,
Вооҳ, бу ҳаётдин ўлим тотли бўлурму,
Бу хушсиз ҳаётдин келиб мани халос этса…
У кишининг ҳамсафари бўлиб, исми Абу Абдуллоҳ Сўфий эди. У байтни эшитиб, бир дирҳамга гўшт сотиб олиб, пишириб Муҳаллабийнинг қўлига тутқазади. Кейин эса улар ўз йўналишлари бўйича ажралиб кетишади.
Кунлар ўтиб Муҳаллабий Бағдодда вазир даражасига кўтарилади. Бу ёқда Абу Абдуллоҳ Сўфийнинг шароити оғирлашиб, қийналиб қолади. У вазирнинг ҳузурига боради ва бир парча қоғоз бериб, уни соқчидан киргизиб юборади. Қоғозда қуйидагилар ёзилган эди:
Аё вазирингга етказ, унга жонимни фидо айладим,
Йигит ҳеч замон гапин ёддан чиқармас.
Ёдингдаму йўқчиликдан қийналиб айтган гапинг,
“Аё, харид қилсам ўлим сотилурму” деганинг…
Вазир Муҳаллабий хатни ўқигач, ўтган кунлари ёдига тушиб, гўшт егиси келганида гўшт олиб пишириб берган ҳамсафарини эслайди. Кўзлари ёшга тўлиб, Аллоҳнинг неъматлари ичида яйраб яшаётганини, қандай қилиб бу мартабаларга эришиб, халифанинг вазири бўлиб қолгани ҳақида тафаккур қилади. Кейин эса: “Бу хатни ёзган кишига етти юз дирҳам бериб юборинглар”, деб буюради ва хат остига жавоб тариқасида мана бу оятни ёзиб қўяди:
«Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчи кишиларнинг (савобининг) мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди...»[1] (яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда).
Бу орқали вазир ҳамсафарига “Менга бир дирҳам эвазига олиб берган гўштинг ҳаққини Аллоҳ таоло етмиш баробар кўпайтириб берди”, демоқчи эди.
Шоир айтади:
Яхшилик ўгурганнинг мукофоти йўқолмагай ҳеч,
Холиқу халқ орасиндаги суннат зоил ўлмагай ҳеч.
Ҳеч бир кишидан миннатдорчилик кутманг!
Ҳакимлардан бири айтади: “Ким қилган яхшилиги учун миннатдорчилик, раҳмат кутса, шубҳасиз, у охират савобини дунёда олишга шошилибди”.
Яхшилик қилиш мақтовга арзирли харажатдир
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтади: “Ҳар нарсада исроф бор, иллоки ҳусни хулқни қўлга киритишда, яхшилик қилишда, одамгарчиликни юзага чиқаришда исроф йўқ”.
Бир ҳаким зотнинг гапини доимо ёдингизда тутинг: “Яхшилик қилувчи киши ҳеч чоҳга тушмайди. Мабодо тушган тақдирда ҳам, бир тиргак топади”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Бақара сураси, 261-оят.