frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Садақа – радди бало

21.03.2020   5649   3 min.
Садақа – радди бало

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Халқимиз доимо хайрли ишлар қилишга ундаб: "Садақа радди бало" деган иборани ишлатади. Дарҳақиқат, инсон Аллоҳ таоло йўлида хайрли ишларни амалга оширса, Аллоҳ таолонинг розилигини қўлга киритади. Аллоҳ таоло розилигини қўлга киритган инсон эса ҳар қандай офат-балолардан омонда бўлади.

“Садақа” сўзи  арабча “сидқ”, “содиқ” сўзларидан олинган бўлиб, “чин юракдан”, “ сидқи дилдан”, “иймон-эътиқодга мос ҳолда иш бажариш” деган маъноларини англатади.  “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида “ садақа” сўзига бундай изоҳ берилади: “Садақа (арабча) – хайр, эҳсон, садақа, муҳтожларга бериладиган хайру-эҳсон”.

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни хайр-садақа қилишга буюриб бундай марҳамат қилади: “Эй, сизлар! Аллоҳ йўлида эҳсон қилиш учун чақирилмоқдасиз. Бас, (аниқки) сизларнинг орангизда бахиллик қиладиган кимсалар ҳам бордир. Ким бахиллик қилса, бас, фақат ўз зарарига бахиллик қилур. Аллоҳ Ғаний (бой), сизлар эса фақирдирсиз. Агар сизлар (Аллоҳга итоат этишдан) бош тортсангиз, У (ўрнингизга) сизлардан бошқа бир қавмни алмаштириб қўяр, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар (балки Аллоҳга итоат қилурлар) (Муҳаммад сураси, 38-оят).

Хайр-садақа қилиш билан инсоннинг моли камайиб қолмайди. Балки бойлигига барака киради. Ҳадис шарифда бундай дейилади: “Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганда ер юзига иккита фаришта тушади. Улардан бири: “Аллоҳ, инфоқ-эҳсон қилган инсоннинг молини тўлдир”, деса, иккинчиси: “Аллоҳ, бахил одамнинг молига талофат етказ” деб дуо қилади.

Хайр-садақа қилиш билан банда Аллоҳ таолонинг мағфиратига сазавор бўлади.

Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога: “Эй Оиша, бир дона хурмони бўлса ҳам садақа қил. Чунки у оч қолганни тўйдиради ва худди сув оловни ўчиргандек, хатони ўчиради, дедилар.

Садақа қилиш ёмонликларнинг даф бўлишига сабаб бўлади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, Аллоҳ азза ва жалла бир садақа сабабидан етмишта ёмон ўлимни қайтаради", дедилар.

Ушбу ҳадис шарифни шарҳ қилган уламолар инсоннинг садақаси Аллоҳнинг даргоҳида қабул бўлса, бу садақа туфайли унга келаётган ёмонликлар, офат-балолар даф бўлади. Шунинг учун ҳар бир киши яхшиликни, садақа қилишни зинҳор паст санамаслиги, садақа қилиш билан  улуғ ажрларга, даражаларга етишиш мумкинлигини билиши ва шунга яраша амал қилиши лозим.

Бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг ўз қўли билан камбағалга (садақа) бериши, уни ёмон ҳолларга тушиб қолишидан сақлайди”, деганлар.

Қилаётган хайр-садақаларимизни Аллоҳ таоло ижобат қилиб, барчамизни турли офат-балолардан асрасин!

 

Руҳиддин АКБАРОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Фалақ ва Нас суралари фазилати

23.06.2026   1764   6 min.
Фалақ ва Нас суралари фазилати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадиси шарифларида Қуръони карим оятларининг тафсирлари ва фазилатларини баён қилиб берганлар. Шунга кўра муҳаддис уламолар ўз асарларига “Тафсир китоби” ва “Қуръон фазилатлари китоби” номи остида шу мавзуга оид ҳадисларни келтиришган.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ “Саҳиҳи Бухорий” асарида “Китаб ат-Тафсир”, яъни “Тафсир китоби” деган алоҳида бўлим қилиб, унда тафсирга оид ҳадисларни келтирган. Шунингдек, у киши билан бир даврда яшаган Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳи Муслим” асарида ҳам “Китаб ат-Тафсир”, яъни “Тафсир китоби” номли саккизта бобдан иборат кичик бўлим ажратилган. Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам ўзининг “Жомеъ ат-Термизий” асарида “Китабу тафсир ал-Қуръан” яъни, “Қуръон тафсири китоби” деган ном остида Қуръони каримнинг баъзи оятлари тафсири ҳақидаги ҳадисларни келтирган.

Имом Насоий раҳматуллоҳи алайҳ “Сунан ал-Кубро” асарида “Китабут тафсир” номи билан тафсирга оид ҳадисларни келтирган. Шунингдек, ҳадис асарларида “Қуръон фазилатлари китоби” номи остида шу мавзуга оид ҳадисларни келтиришган. Жумладан, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Саҳиҳул Бухрий асарида “Китабу фазоилил Қуръан”, “Қуръон фазилатлари китоби” бўлимини ва Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам ўзининг Жомеъ ат-Термизий асарида “Китабу фазоилил Қуръан”, “Қуръон фазилатлари китоби” бўлимини келтиришиб, унда Қуръони карим сураларининг фазилатига оид ҳадисларни баён қилишган. Жумладан, Фалақ ва Нас суралари ҳақида ҳам кўп ҳадиси шарифлар ворид бўлган бўлиб, уларни қисқача баён қиламиз.


Сураларнинг номланиш сабаби

Нас сурасининг биринчи ояти “Қул аъузу бироббин наас (Одамлар Роббисидан паноҳ сўрайман) ояти билан бошланган. “Нас” сўзи бу оятда беш марта зикр қилинган. Шу эътибордан бу сура “Нас” деб номланган. “Нас” сўзи “одамлар”, деган маънони англатади.

Фалақ сурасига ўзининг биринчи оятидаги “фалақ” сўзи ном бўлиб қолган. “Фалақ” сўзи луғатда “ёриш маъносини билдиради. Бу сурада “Фалақ” сўзи субҳ-тонг маъносида келган. Тонг кечани ёриб бошлагани учун шу ном билан ҳам аталади.[1]

Бу икки сура биргаликда “Муъаввизатайн”, “Икки паноҳ сўровчи” деб номланади. Чунки, икки сура ҳам “аъузу” (паноҳ сўрайман) сўзи билан бошланади.


Сураларнинг фазилати

Ҳадиси шарифларда ушбу сураларнинг фазилати баён қилинган бўлиб, улар қуйидагилардир:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бетоб бўлиб қолсалар, ўзларига муъаввизотни ўқиб, дам солар эдилар. (Вафотларидан олдинги) оғриқлари кучайганда эса мен ўзим у зотга ўқиб, баракотидан умид қилиб, ўз қўллари билан силар эдим” (Имом Бухорий ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётганларида икки кафтларини жамлаб, уларга “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббиннас” ларни ўқиб, дам солиб, баданларининг (қўллари) етган жойигача силар эдилар. Аввал бошлари ва юзларидан бошлардилар. Кейин баданларининг олд тарафига (ўтардилар). Буни уч марта қилар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).

Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашдим, ваҳоланки у зот уловда эдилар. Икки қўлимни у зотнинг икки оёқларига қўйиб: “Менга Юсуф сурасини ўқитинг”, дедим. Шунда у зот: “Сен Аллоҳнинг ҳузурида “Қул аъузу бироббил фалақ” дан кўра етукроқ бирор нарсани ҳаргиз ўқий олмайсан”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Абдуллоҳ ибн Хубайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кечга киришингда ҳам, тонгга киришингда ҳам “Қул ҳуваллоҳу аҳад” ва “муъаввизатайн” ни уч марта ўқи, (шунда) у сенга ҳар бир нарсадан кифоя қилади”, дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Мен Жуҳфа ва Абво орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юриб борардим. Бизни ёмғир ва шиддатли зулмат қоплаб олди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас”, билан паноҳ сўрай бошладиларда: “Эй Уқба, иккови билан паноҳ тила, ҳеч бир паноҳ тиловчи икковичалик нарса билан паноҳ тиламаган”, дедилар.Сўнгра у зотдан бизга имом бўлиб, намозда ҳам икковини қироат қилганларини эшитдим” (Имом Абу Довуд ривояти).

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга ушбу кеча нозил қилинган оятларни билдингми? Уларнинг мисли ҳеч кўрилмаган. “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Хулоса қилиб айтганда, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадиси шарифларида Қуръони карим оятларининг тафсирлари ва фазилатларини баён қилиб берганлар. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръоннинг маъноларини муфассал ва мукаммал тушунганлар. У Зотга Қуръонни ёдлатиш ва маъноларини тушунтириш кафолатини Аллоҳ таоло ўз зиммасига олган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Зеро, уни (Сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингиздаги) қироати ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилида) уни ўқисак, Сиз ҳам уни ўқишга эргашинг! Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам, албатта, Бизнинг зиммамиздадир” (Қиёмат сураси, 17-19-оятлар).

Саҳобаи киромлар Қуръони каримни тафсир қилишда бирор муаммога дуч келсалар, дарҳол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оятларнинг махфий, нозик жойларини тушунтириб берардилар. Чунки у Зотнинг асосий вазифалари шу эди. Аллоҳ таоло ояти каримасида шундай деган:

 “Ва сизга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришингиз учун зикрни нозил қилдик. Шоядки тафаккур қилсалар” (Наҳл сураси, 44-оят).

Шунга кўра у зот Қуръони карим маъноларини ўз ҳадисларида баён қилиб берганлар.

Шокиржон МАДАМИНОВ


[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. Олтинчи жуз. “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти. Тошкент-2008. – Б.565.