Азон луғатда “билдирув” деган маънони англатади. Азон Аллоҳнинг тоатига, ибодатига, ҳидоятига, Унинг Даргоҳи олиясига бир чорловдир. Азон Аллоҳ севгисининг танларга нидоси, қалбларга тажаллисидир. Азон дил ва вужуддан шайтонни қувиш имкониятидир. “Азон” – Аллоҳнинг сиғиниш ва ибодат қилишга сазовор ягона Зот эканини, Муҳаммад алайҳиссаломни бутун инсониятга юборилган охирги ҳақ пайғамбарликларини, динимизнинг бутун дунёда мислсиз адолат қилиш дини эканини билдиришдир.
Анас (р.а)дан ривоят қилинади, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қайси қишлоқда азон айтилса, Аллоҳ таоло ўша қишлоқни ўша кун ўзининг азобидан омонда қилади", - дедилар. Ҳадисларда азон, иқомат ва муаззиннинг фазилатлари баён қилингандир. Қуйида бир неча ҳадисларни келтириб ўтамиз:
Ҳазрат Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки: "Вақтики, намоз учун азон айтилса, шайтон ел чиқариб азон эшитилмайдиган жойгача қочади. Азон тугаганда қайтиб келади. Кейин намоз учун иқомат (такбир) айтилса, яна қочиб кетади. Такбир тугагач қайтиб келади ва инсонни дилига васваса солиб айтадики: "фалон гапни эсла, фалон нарсани ёдга ол", - дейди, шунда инсон олдин хаёлига ҳам келмаган гапларни эсга олади ва неча ракат намоз ўқиганини ҳам билмай қолади". (Бухорий ва Муслим ривояти)
Ҳазрат Жобир розияллоҳу анҳу айтадиларки: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шундай деганларини эшитдим : "Вақтики, шайтон намозга чақириқни, яъни азонни эшитса, Равҳо деган жойгача қочади". Ровий айтадики, Равҳо Мадинадан 36 мил узоқдадир.
Юқоридаги иккита ҳадисдан шу нарса маълум бўладики, ҳақиқатда азон ва иқомат тавҳид ва иймонга чақириқдир. Бу иккиси Аллоҳ таолога ниҳоятда маҳбуб ва ҳаммадан зиёда мақбулдир. Аллоҳ таолонинг яхши бандалари уни эшитиб, масжидга борадилар. Лекин лаънати шайтон буни эшитишга тоқати етмайди. Шунинг учун, қачон азон айтилса, шайтон уни эшитиб, шердан қочгандай қочади.
Абу саид ал-Худрий розияллоҳу аҳудан ривоят қилинади Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам; Муаззинни овози қаергача етиб борса у ерда уни эшитган жин инсон ва жонсиз нарсалар қиёмат куни унинг ҳақида гувоҳлик берадилар. ". (Бухорий ривояти)
Аллоҳ таоло коинотдаги ҳар нарсага ўзининг маърифатидан бир ҳисса берган. Бунга далил Исро сураси 44-оятида ''Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар''- дейди. Шунинг учун қачон муаззин азон айтса ва унда Аллоҳ таолонинг улуғлиги, бирлиги, ислом таълимотларини эълон қилса, инсужиндан ташқари бошқа махлуқотлар ҳам уни эшитиб тушунадилар ва қиёмат куни муаззиннинг ҳақида ҳаммалари ушбу калималарни эшитганлари ҳақида гувоҳлик берадилар. Бу гувоҳлик шубҳасиз муаззин учун катта фазилатдир.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам; Қиёмат куни уч киши мушкдан бўлган тепаликда бўлади. Бири, Аллоҳ таолонинг ҳаққини ҳам мавлосининг ҳаққини ҳам адо қилган қул. Иккинчиси бир қавмга имом бўлиб, (унинг покиза хулқи сабабли) қавми ундан рози бўлган киши. Учинчиси кеча кундуз беш вақт намозга азон айтган киши,- дедилар. (Термизий ривояти)
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам; Ким етти йилгача савоб умидида азон айтса, жаҳаннам ўтидан озод деб ёзиб қўйилади,- дедилар. (Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа ривояти)
Азон, иқомат ва муаззиннинг фазилатлари жуда кўп ҳадисларда баён қилинган. Азон иймон ва исломнинг энг муҳим шиоридир. Азоннинг маъноси ва тартибига назар солсак, у жуда балоғатли тарзда исломга чақиради. Муаззин Аллоҳнинг йўлига чақирувчидир. Афсус бугун биз бу ҳақиқатни тамоман эсдан чиқарганмиз. Азон айтишни бир ҳақир, паст нарса деб тушунмоқдамиз. Шуни естан чиқармайликки азоннинг фазилати жуда кўп. Қачон азон эшитганимизда қиёмат соати келганини тасаввур қилиб, чин қалбдан ҳис этиб Аллоҳдан чин маънода қўрқсаккина ибодату дуоларимизни қобил қилади, Аллоҳ юртимизни тинч осмонимизни ҳамиша мусоффо қилсин.
Манбалар асосида
Имом Фахриддин ар-Розий ўрта
махсус ислом билим юрти мударриси
Неъматуллоҳ Қори Аминжон Эшон
Шогирд устози билан суҳбат қилиб ўтирган эди. Шогирд устозидан сўради:
– Устоз, дунёдан ўтганингиздан кейин одамлар сизни қандай хотирлашини хоҳлар эдингиз?
Устоз бир муддат сукут сақлаб, сўнг саволга жавоб берди:
– Бизни одамлар қай тариқа эслашлари муҳим эмас. Балки қабрда ва Аллоҳнинг ҳузурида қандай кутиб олинишимиз муҳим. Дейлик, орадан бир аср ўтиб, болаларимиз, балки набираларимиз ҳам оламдан ўтиб кетар. Биз ҳозир қийналиб, умримизни, топган маблағимизни сарфлаб қурдирган уйларимиз бузилиб кетар ё уларда бошқалар яшар. Шунинг учун ўлгач, бизни ким нима деб эслашига эмас, абадий сафарга ҳозирлик кўришимиз керак.
Ҳа, азизлар! Бу дунёда яшар эканмиз, ким учун яхши ота-она, ким учун яхши умр йўлдош, ким учун яхши фарзанд бўлишга ҳаракат қиламиз. Жамиятда эса ўзимиздан яхши ном қолдиришга уринамиз. Лекин бу ишлар замирида Аллоҳ таолонинг амир ва қайтариқларига амал қилиш ётганини баъзан унутиб қўямиз. Елиб-югуришларимиз фақат одамлар учунгина бўлиб қолади.
Аслида мўмин одам ҳар бир амалини холис Аллоҳ учун қилиб, имкон қадар бошқалардан яшириши лозим. Акс ҳолда қилган амалининг савобидан маҳрум бўлади. Энг ёмони баъзилар мана шундай ножоиз ишни қилиб, камига суратга ҳам олдириб тарқатмоқда.
Тустарий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Нафсга энг оғир нарса нима?”. Айтдики: “Ихлос – нафсга энг оғир нарса. Чунки ихлосда нафс учун насиба бўлмайди”. Ихлоснинг аломати шуки, амал қилувчига унинг амалидан одамлар хабардор бўлдими-йўқми – унга фарқи бўлмайди.
Энди ўзимизни бир тафтиш қилайлик-чи, кунлик ишларимиз, амалларимиз шу мезонга мос келармикан?..
Акбаршоҳ Расулов