Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Июн, 2025   |   24 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:40
Шом
20:03
Хуфтон
21:41
Bismillah
20 Июн, 2025, 24 Зулҳижжа, 1446

ҚАЙСИ ЖОЙДА АЗОН АЙТИЛСА АЛЛОҲ У ЖОЙНИ БАЛОЛАРДАН АСРАЙДИ

24.02.2020   3419   4 min.
ҚАЙСИ ЖОЙДА АЗОН АЙТИЛСА АЛЛОҲ У ЖОЙНИ БАЛОЛАРДАН АСРАЙДИ

       Азон луғатда “билдирув” деган маънони англатади. Азон Аллоҳнинг тоатига, ибодатига, ҳидоятига, Унинг Даргоҳи олиясига бир чорловдир. Азон Аллоҳ севгисининг танларга нидоси, қалбларга тажаллисидир. Азон дил ва вужуддан шайтонни қувиш имкониятидир. “Азон” – Аллоҳнинг сиғиниш ва ибодат қилишга сазовор ягона Зот эканини, Муҳаммад алайҳиссаломни бутун инсониятга юборилган охирги ҳақ пайғамбарликларини, динимизнинг бутун дунёда мислсиз адолат қилиш дини эканини билдиришдир.

 Анас (р.а)дан ривоят қилинади, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қайси қишлоқда азон айтилса, Аллоҳ таоло ўша қишлоқни ўша кун ўзининг азобидан омонда қилади", - дедилар. Ҳадисларда азон, иқомат ва муаззиннинг фазилатлари баён қилингандир. Қуйида бир неча ҳадисларни келтириб ўтамиз:

Ҳазрат Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки: "Вақтики, намоз учун азон айтилса, шайтон ел чиқариб азон эшитилмайдиган жойгача қочади. Азон тугаганда қайтиб келади. Кейин намоз учун иқомат (такбир) айтилса, яна қочиб кетади. Такбир тугагач қайтиб келади ва инсонни дилига васваса солиб айтадики: "фалон гапни эсла, фалон нарсани ёдга ол", - дейди, шунда инсон олдин хаёлига ҳам келмаган гапларни эсга олади ва неча ракат намоз ўқиганини ҳам билмай қолади". (Бухорий ва Муслим ривояти)

Ҳазрат Жобир розияллоҳу анҳу айтадиларки: Мен  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шундай деганларини эшитдим : "Вақтики, шайтон намозга чақириқни, яъни азонни эшитса, Равҳо деган жойгача қочади". Ровий айтадики, Равҳо Мадинадан 36 мил узоқдадир.

Юқоридаги иккита ҳадисдан шу нарса маълум бўладики, ҳақиқатда азон ва иқомат тавҳид ва иймонга чақириқдир. Бу иккиси Аллоҳ таолога ниҳоятда маҳбуб ва ҳаммадан зиёда мақбулдир. Аллоҳ таолонинг яхши бандалари уни эшитиб, масжидга борадилар. Лекин лаънати шайтон буни эшитишга тоқати етмайди. Шунинг учун, қачон азон айтилса, шайтон уни эшитиб, шердан қочгандай қочади.

Абу саид ал-Худрий розияллоҳу аҳудан ривоят қилинади Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам; Муаззинни овози қаергача етиб борса у ерда уни эшитган жин инсон ва жонсиз нарсалар қиёмат куни унинг ҳақида  гувоҳлик берадилар. ". (Бухорий ривояти)

Аллоҳ таоло коинотдаги ҳар нарсага ўзининг маърифатидан бир ҳисса берган. Бунга далил Исро сураси 44-оятида ''Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар''- дейди. Шунинг учун қачон муаззин азон айтса ва унда Аллоҳ таолонинг улуғлиги, бирлиги, ислом таълимотларини эълон қилса, инсужиндан ташқари бошқа махлуқотлар ҳам уни эшитиб тушунадилар ва қиёмат куни муаззиннинг ҳақида ҳаммалари ушбу калималарни эшитганлари ҳақида гувоҳлик берадилар. Бу гувоҳлик шубҳасиз муаззин учун  катта фазилатдир.

  Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам; Қиёмат куни уч киши мушкдан бўлган тепаликда бўлади. Бири, Аллоҳ таолонинг ҳаққини ҳам мавлосининг ҳаққини ҳам адо қилган қул. Иккинчиси бир қавмга имом бўлиб, (унинг покиза хулқи сабабли) қавми ундан рози бўлган киши. Учинчиси кеча кундуз беш вақт намозга азон айтган киши,- дедилар. (Термизий ривояти)

 Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам; Ким етти йилгача савоб умидида азон айтса,  жаҳаннам ўтидан озод деб ёзиб қўйилади,- дедилар. (Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа ривояти)

Азон, иқомат ва муаззиннинг фазилатлари жуда кўп ҳадисларда баён қилинган. Азон иймон ва исломнинг энг муҳим шиоридир. Азоннинг маъноси ва тартибига назар солсак, у жуда балоғатли тарзда исломга чақиради. Муаззин Аллоҳнинг йўлига чақирувчидир.  Афсус бугун биз бу ҳақиқатни тамоман эсдан чиқарганмиз. Азон айтишни бир ҳақир, паст нарса деб тушунмоқдамиз. Шуни естан чиқармайликки азоннинг фазилати жуда кўп. Қачон азон эшитганимизда қиёмат соати келганини тасаввур қилиб, чин қалбдан ҳис этиб Аллоҳдан чин маънода қўрқсаккина ибодату дуоларимизни қобил қилади, Аллоҳ юртимизни тинч осмонимизни ҳамиша мусоффо қилсин.

Манбалар асосида

 

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта

махсус ислом билим юрти мударриси

Неъматуллоҳ Қори Аминжон Эшон

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Аллоҳга тўрт йил дуо қилдим

16.06.2025   4937   5 min.
Аллоҳга тўрт йил дуо қилдим

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар мадрасавий нақл мутавотир бўладиган бўлса, унда нима учун ҳанафийларнинг мутавотирида моликийларнинг мутавотирига тескари келадиган жойлар бор?

Дарҳақиқат, ҳанафий мазҳаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир даражада етиб келган бўлса, моликий мазҳаби ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир даражада етиб келган бўлса, нима учун бу мутавотирлар ўзаро бир хил эмас?

Имом Ҳафс роҳимаҳуллоҳнинг қироати билан имом Шўъбанинг қироати мутавотир эмасми? Етти қироат мутавотир эмасми? Лекин улар бошқа-бошқа-ку?!

Демак, «мутавотир бўлди» дегани бир хил бўлди дегани эмас экан. Шунингдек, Бухорийда келган баъзи саҳиҳ ҳадислар ҳам айнан ўша Бухорийда келган бошқа бир ҳадисга тескари келиши мумкин. Биз эса бу китобдаги барча ҳадисларнинг саҳиҳ эканига ишонганмиз.

Шунингдек, Бухорий ва Муслимда ҳам бир-бирига тескари ҳадислар бор. Униси ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ бўлиб етиб келган, буниси ҳам. Демак, саҳиҳ ва мутавотир бўлиш – нақлда бир хил бўлиш дегани эмас экан, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳодисалар турлича бўлган.

Баъзилар мутавотирни маълум бир кўринишда нақл қилишган, баъзилар эса мутавотирни ёки мустафизни бошқа бир жойда бошқа бир кўринишда нақл қилишган. Буларнинг барчаси китобларда бор. Бизнинг мавзуимиздаги нозик нуқта мутавотир бўлиш эмас, балки нақл бўлиши собитроқ ва кўп такрорланганлигидир. Бунга «мутавотир» деб ном бериш эса мажозий маънодадир.

Тўғри, баъзи далиллар мутавотир бўлиши мумкин. Лекин асосийси – нақл қилиш собит эканида энг юқори даражасига чиққан бўлиши керак. Шунингдек, улар келтирган нақл билан биз келтирган нақл хилма-хил бўлишининг зарари йўқ, чунки ҳанафийлар Кўфада истиқомат қилган Абдуллоҳ ибн Масъуд, Алий ибн Абу Толиб ва бошқа саҳобалар розияллоҳу анҳумдан нақл қилишган бўлса, моликийлар Оиша, Ибн Умар ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумдан нақл қилишган. Моликийларнинг мазҳаби Зайд ибн Собитга, ҳанафийларнинг мазҳаби эса Абдуллоҳ ибн Масъудга бориб тақалади.

Ушбу мавзуга якун ясаш билан биргаликда, кўп хавотирга ўрин қолмаслиги учун қуйидагиларни ҳам айтиб ўтсак:

Фиқҳий масалаларга нисбатан ҳадисларнинг сони жуда ҳам оздир. Аввалги маълумотларимизда ҳукмлар келган ҳадисларнинг сони уч минг, икки минг, беш юз ёки етти юз атрофида эканини айтиб ўтган эдик. Бу жуда ҳам кам сон.

Шунингдек, оятларнинг ҳам сони чегараланган. Аммо масалалар эса миллионлаб топилади. Шунингдек, ҳадислар ҳам бор, марҳамат, кўришимиз мумкин. Олдинги ва кейинги уламоларимиз ҳукмий ҳадислар ҳақида қанчалаб китоблар ёзишган. Улар ўз китобларида «Мана бу ҳукмий оят, бу эса ҳукмий ҳадис», деб зикр қилишган. Аммо бу ўринда баҳс ҳукмий оятлар ёки ҳукмий ҳадисларда эмас! Сиз кутубхонадан бир неча динорга ҳукмий ҳадислар ёзилган китоб сотиб олишингиз мумкин. Қуръони Карим эса ҳамма жойда бор. Хўш, шу иккаласи билан имом мужтаҳид бўлиб қоладими?

Баҳсимиз бу нуқтада ҳам эмас! Баҳс ушбу масалаларни қандай қилиб чиқариб олиш, ҳукмларни жамлаш ва уларни қандай тушунишдадир. Бу ерда ҳадис етиб келиш-келмаслиги масаласининг аҳамияти қолмайди! Ахир орадан 1400 йил ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бизга суннат етиб келди-ку!

Мужтаҳид имомлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрталарида эса бир неча йиллар, яъни  70-80-90 йиллар ўтган, холос! Уларнинг бутун турмуш тарзи Исломдан иборат эди, улар оила қуришда, ўзаро муносабатларда, бошқарувда ва барча ҳолатларда Ислом билан ҳамоҳанг эдилар. Қандай қилиб уларга ҳадис етиб бормаган бўлиши мумкин? Қандай қилиб биз ҳаётимизнинг турли жабҳаларида Исломдан узоқ бўла туриб, «Бизга ҳадис етиб келган», деймиз? Шунинг учун «Ҳадис етиб келган-келмаган», деб баҳс қилишнинг ҳеч бир қиймати йўқ! Қуръон ва Суннат бор. Энди бу ўриндаги баҳсимиз улардан қандай ҳукм чиқарамиз, қандай ижтиҳод қиламиз, уларни қандай тушунамиз ва улардан қоидаларни қандай чиқарамиз, деган маънода бўлиши керак.

Яҳё ибн Қаттон роҳимаҳуллоҳ: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан етиб келган саҳиҳ ҳадисларни кўрсатишини сўраб, Аллоҳ таолога тўрт йил дуо қилдим», деганлар.

Биз ўрганаётган мавзу фақат ҳадис ривоят қилиш эмас, балки имом Шофеъийнинг муҳаддислар йўлидан юриб, мазҳаб туза олишидир. Муҳаддислардан олдингилар эса ҳадисларни ҳам ривоят қилишар, бир-биридан фарқли фатволар ҳам беришар эди. Гап ушбу ҳадисларга таяниш учун қандай қилиб мазҳаб ва қоидаларни чиқаришдадир. Албатта, ушбу мавзу биздан катта эътибор талаб қиладиган муҳим мавзулардандир.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан