Ақидада адашмайлик!
الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي هَدَانَا لِهَٰذَا وَمَا كُنَّا لِنَهْتَدِيَ لَوْلَا أَنْ هَدَانَا اللَّهُ
وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رسوله محمد وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجمعين، أَمَّا بَعْدُ
Муҳтарам жамоат! “Ақида” сўзининг ўзаги луғатда “ақд” яъни “тугиш”, “боғлаш”, “маҳкамлаш” маъноларини англатади. “Ақида” сўзининг шаръий атамаси эса “бирор нарсага шак-шубҳасиз даражада қатъий ишониш”га айтилади. Демак, ақида қалбда содир бўладиган жараён бўлиб, у инсон қалбидан ишонган, ўзи учун эътиқод қилиб олган нарсаларга айтилади. Агар ўша қатъий ишонган нарсаси тўғри бўлса, у тўғри ақида ҳисобланади. Агар нотўғри бўлса, ботил ақида саналади. Худди Аҳли сунна вал жамоа ақидаси – тўғри ақида ва адашган фирқалар ақидаси эса – ботил ақида деганга ўхшаб.
Ақида илми – охиратда нажот топишда аҳамиятли эканлиги сабабли ҳар бир киши ўрганиши вожиб бўлган илмдир. Кимнинг ақидаси тўғри бўлса, имони тўғри бўлади ва охиратда омонда бўлади. Кимни ақидаси тўғри бўлмаса, бунинг акси бўлади.
Aқида илми инсон ҳаётида одоб-ахлоқ, ибодат, олди-берди алоқалари ва барча илмлардан муҳимроқ ўрин тутади. Чунки инсон Исломни қабул қилгандан сўнг, биринчи навбатда унинг зиммасига ибодатларни ўрганишдан ҳам аввал ақида илмини ўрганиш вожиб бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Mуоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуни Яман аҳлига элчи қилиб юбораётганларида:
فليَكن أوَّل ما تدعوهم إليه أن يُوحدوا الله تعالى، فإذا عرَفوا ذلك، فأخْبِرهم أن الله فرَض عليهم خمس صلوات
(رواه الامام البخاري والامام الترمذي)
яъни: “Aввало уларни Aллоҳ таолони бир дейишга чақиринг, қачон улар Aллоҳни бир деб билишса, Aллоҳ таоло уларга беш вақт намозни фарз қилганлигини хабарини беринг”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоятлари).
Ушбу ҳадиси шариф ақидани нақадар аҳамиятли эканига далолат қилади. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Яман аҳлини намоз ўқиш ва бошқа амалларни бажаришга буюришдан аввал, уларнинг ақидасини тўғрилашга буюрдилар.
Ақида илми энг шарафли илм ҳисобланади. Зеро ақида илми орқали энг аҳамиятли ва энг улуғ маълумотларга эга бўлинади. Демак, маълумотларнинг зарурати ва шарофатлилигига қараб, илмнинг шарафли эканлиги маълум бўлади. Aллоҳ таоло Қуръони каримнинг Mуҳаммад сурасида шундай марҳамат қилади:
فَاعْلَمْ أَنَّهُ لآ إِلَـٰهَ إِلاَّ اللَّهُ وَاسْتَغْفِرْ لِذَنْبِكَ وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مُتَقَلَّبَكُمْ وَمَثْوَاكُم
яъни: “Бас, (эй, Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезадиган жойларингизни ҳам, (охиратда) борадиган жойларингизни ҳам билур” (19-оят).
Уламоларимиз мазкур ояти кариманинг тафсирида шундай дейдилар: “Ушбу оятда Aллоҳ таолони ёлғиз эканини билишга бўлган буйруқ истиғфор айтишга бўлган буйруқдан олдин келтирилмоқда”. Бу эса Aллоҳ таолонинг ёлғизлигини билиш, яъни тўғри эътиқодни шакллантириш қанчалар аҳамиятли эканига ишорадир. Шу сабабдан ҳам Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ: “Фиқҳдан олдин ақида илмига буюрилдик”, – деганлар. Имом Aбу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Ақидада билимдон бўлиш фиқҳий аҳкомларда билимдон бўлишдан афзалроқдир”, – деганлар.
Муҳтарам азизлар! Энг аввало, қалбда ақида асослари ўрнашмас экан, шариат аҳкомларини бажаришдан фойда бўлмайди. Зеро, улуғ машойихларимиздан Сўфи Оллоёр айтганларидек:
“Ақида билмаган шайтона элдир,
Агар минг йил амал деб қилса – елдир”.
Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг йўналишларига кўра имон бу – тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқлашдир. Қуйидагиларга имон келтириш вожиб: 1. Аллоҳ таолога; 2. Унинг фаришталарига; 3. Китобларига; 4. Набийларига; 5. Охират кунига; 6. Қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига; 7. Ўлгандан кейин қайта тирилиш бор эканига.
Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг таъкидлашларига кўра, амал имоннинг шарти ҳисобланмайди. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп ўринда имонни алоҳида, амалларни алоҳида ажратиб, шундай марҳамат қилади:
إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَآتَوُا الزَّكَاةَ لَهُمْ أَجْرُهُمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ
وَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ
(سورة البقرة/277)
яъни: «Албатта, имон келтирган, яхши ишларни қилган, намозни баркамол ўқиб, закотни берганлар учун Парвардигорларининг ҳузурида (махсус) мукофотлари бордир…» (Бақара сураси 277-оят).
Лекин шуни билиш керакки, уламоларимиз амални имон шартларига киритишмаган бўлсаларда, имон тақозо қилган шариат ҳукмларига амал қилишни вожиб деб билганлар.
Қолаверса, аҳли сунна ва жамоа эътиқодига кўра, агар бирор киши имон
келтирса-ю, лекин амалларни тўлиқ бажармаса, у гуноҳкор мўмин ҳисобланади ва «аҳли қибла» дея эътироф этилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَّصُوحًا عَسَىٰ رَبُّكُمْ أَن يُكَفِّرَ عَنكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ
تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ
(سورة التحريم/8)
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Роббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остида анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!…”(Таҳрим сураси 8-оят).
Ушбу оятда гуноҳ содир этган мўминларга “Эй, имон келтирганлар” дея мурожаат қилиниши гуноҳ қилиш билан киши кофир бўлмаслигига ёрқин далилдир.
Афсуски, ҳозирги вақтда дунё мусулмонларини ташвишга солиб турган, низоли юртларда содир этилаётган қонли воқеаларга сабаблардан бири ҳам ақидавий масалаларни тўғри англамасликдир. Масалан, амални имоннинг шартлари қаторига киритиш билан Ислом шариатида буюрилган амалларни бажармаётган ёки динда қайтарилган ишларни қилаётган кишиларни куфрда айблаб, уларнинг қонини тўкиш ва молларини талон-тарож қилишни ҳалол дейиш авж олмоқда. Бунинг оқибатида ислом оламида қанчадан-қанча ҳунрезликлар, мусулмонларнинг, хатто ёш гўдакларнинг халок бўлиши билан боғлиқ аянчли воқеалар содир этилмоқда.
Албатта, бу фитналарнинг асосий сабаблардан бири – жаҳолат, ислом ақидасини тўғри англамасликдир!
Муҳтарам жамоат! Aқида – динни асосидир. Инсонларнинг солиҳ амалларини қабул бўлиши ширк ва куфрдан ҳоли бўлган соғлом ақидага боғлиқдир. Aгар кишининг ақидаси тўғри бўлмаса, қилган амаллари бекор бўлади. Бу борада Aллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
لَئِنْ أَشْرَكْتَ لَيَحْبَطَنَّ عَمَلُكَ وَلَتَكُونَنَّ مِنَ الْخَاسِرِينَ
(سورة الزمر/65)
яъни: “Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта, қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурсан!” (Зумар сураси 65-ояти).
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Aнъом сурасида эса шундай марҳамат қилади:
وَلَوْ أَشْرَكُوا لَحَبِطَ عَنْهُمْ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ
(سورة الأنعام/88)
яъни: “Агар мушрик бўлганларида қилган (савобли) амаллари йўққа чиққан бўлур эди” (88-оят).
Tўғри ақидани ўрганиш инсонни адашишдан, ширкдан ва залолатдан сақлайди. ақидани билмаслик эса инсоннинг гумроҳ бўлиб қолишига сабаб бўлади. Минг афсуски, бугунги кунда баъзан ўтганларни қабрини зиёрат қилиш асносида қабрдагилардан ёрдам сўраш, қабрни тавоф қилиш, чироқ ёқиш, дарахтларга ип боғлаш каби хурофотларни бажариш ҳолатларига гувоҳ бўлиб қоламиз. Ваҳоланки, шариатимизда бу каби амаллардан қайтарилган. Аслида қабрлар зиёратидан Аллоҳ таолонинг розилигини, қалбни ислоҳ этишни ҳамда ўтганларга дуойи хайрлар қилишни қасд қилиниши керак.
Муҳтарам жамоат! Ҳозирда Ислом дини ҳақида билимларини ошириш мақсадида ўқиб-ўрганаётган, хусусан интернет тармоғидан фойдаланаётган юртдошларимиз, айниқса ёшларнинг сони ортиб бораётгани маълум. Бу қувонарли ҳолат, албатта. Аммо ана шу сайтларнинг барчасида ҳам ақидавий масалаларда Аҳли сунна вал жамоа ақидасига мувофиқ фикрлар берилмайди.
Аксинча минг йилдан бери мусулмонларни бирлаштирган соф ақида асослари борасида оддий инсонларни шубҳага солиш ва ўзининг бузуқ ақидасини тиқиштиришга уринади. Жумладан, сохта салафийлар томонидан Аллоҳ таолони ҳудди инсон каби “жони бор”, “қўли бор”, “юзи бор” дея даъволарни қилиб, аслида тилни тийишликка чақирилган масалаларда чуқур кетмоқдалар. Бу билан улар “мужассималик” (Аллоҳни жисм, деб эътиқод қилиш), “мушаббиҳалик” (Аллоҳни бандасига ўхшаш, деб эътиқод қилиш) каби сохта ақидаларни сингдиришмоқда. Ваҳоланки, бундан минг йил аввал ўтган имом Мотуридий каби уламоларимиз айнан ўша мужассималарга, мушаббиҳаларга илмий асосда раддиялар бериб, Аллоҳ таолога нисбатан бундай нотўғри эътиқодда бўлиш залолат эканини таъкидлаганлар.
Ҳижрий учинчи асрнинг охири ва тўртинчи асрнинг бошларида яшаб ўтган буюк муҳаддис ва фақиҳ Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ҳам бу ҳақда огоҳлантириб, шундай деганлар:
"وَمَنْ وَصَفَ اللَّهَ بِمَعْنًى مِنْ مَعَانِي الْبَشَرِ فَقَدْ كَفَرَ، فَمَنْ أَبْصَرَ هَذَا اعْتَبَرَ، وَعَنْ مِثْلِ قَوْلِ الْكُفَّارِ انْزَجَرَ، وَعَلِمَ أَنَّهُ بِصِفَاتِهِ لَيْسَ كَالْبَشَرِ"
яъни: “Ким Аллоҳ таолони инсонларга хос бўлган бирон маъно билан сифатласа, шаксиз кофир бўлади. Буни англаган инсон ибратланади ва кофирларнинг сўзига ўхшаш гап-сўзлардан тийилади ҳамда Унинг (Аллоҳнинг) сифатлари инсонларники каби эмаслигини билади” (манба: "Ал-Ақида ат-Таҳовия" китоби).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини Аллоҳ таолонинг сифатлари борасида ғулувга кетишдан қайтариб шундай деганлар:
تَفَكَّرُوا فِي خَلْقِ اللهِ، وَلَا تَفَكَّرُوا فِي اللهِ
(رَوَاهُ الامَامُ أَبُو نُعَيْم الإِصْبَهَانِيُّ فِي "حِلْيَةُ الأَوْلِيَاءِ" وَسَنَدُهُ حَسَنٌ)
яъни: “Аллоҳнинг яратган мавжудотлари борасида тафаккур қилинг, Аллоҳнинг зоти ҳақида тафаккур қилманглар”, – деганлар (Имом Абу Нуайм Исбаҳоний ривояти).
Муҳтарам жамоат! Ҳозирда пайдо бўлган баъзи тоифалар Пайғамбар алайҳиссалом мақтаган аввалги уч асрда яшаб, таълим олиб, умматга пешқадамлик қилган Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом Ашъарий каби уламоларимиздан хато излаш пайида бўлмоқдалар. Ваҳоланки, неча асрлардан буён мусулмон олами бир овоздан имом Абулҳасан Ашъарий ва Имом Абу Мансур Мотуридийни Аҳли сунна вал жамоанинг ақида бўйича имомлари деб тан олганлар.
Имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
"فالأشعري والماتريدي هما إماما أهل السنة والجماعة في مشارق الأرض ومغاربها، لهم كتب لا تحصى، وغالب ما وقع بين هذين الإمامين من الخلاف من قبيل الخلاف اللفظي
яъни: “Имом Ашъарий ва Имом Мотуридий — машриқу мағрибда Аҳли сунна вал жамоа имомларидир. Уларнинг кўп сонли китоблари бор. Улар ўртасидаги фарқли масалалар асосан лафзийдир”.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга турли фирқалар кўпайган пайтда мусулмонларнинг катта жамоасини лозим тутишни таъкидлаб, шундай дейдилар:
"فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ"
яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, катта жамоани лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Демак, ҳозирги кунгача ҳам ва ҳозирги кунда ҳам катта жамоат – Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийларнинг ақидада тутган йўллари ҳамда фиқҳда тўрт мўътабар мазҳаб – ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалийларга мувофиқ келади. Мана шулар Аҳли сунна вал жамоани ташкил этади. Аҳли сунна вал жамоа ичида булардан бошқа эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар мавжуд эмас.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўлган ҳақ йўлида бўлишимизга муваффақ этиб, ақидада адашишдан, турли фирқаларга бўлинишдан паноҳида асрасин!
Ҳурматли азизлар! Маърузамизнинг фиқҳий масалалар қисмида таҳоратдаги учинчи фарз бўлмиш бошга масҳ тортиш мавзусига боғлиқ баъзи ҳукмлар ҳақида суҳбатлашамиз.
“Масҳ” сўзи “силаш”, “текказиш” маъноларини ифодалайди. Таҳоратда бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш – фарз, бошнинг ҳаммасига масҳ тортиш эса – суннатдир. Бошга масҳ тортиш учун ҳўлланган қўл билан қулоқ ва бўйинга ҳам масҳ тортилади. Уни кайфияти қуйидагичадир:
Икки кафтига сув олиб, тўкиб ташлайди ва қўлларининг хўли билан бошига бир марта масҳ тортади. Масҳни бошнинг олди томонидан орқага қараб тортади, кўрсатгич бармоғи билан қулоғининг ичига ва бош бармоғи билан қулоғининг устига, кафтининг орқа томони билан бўйинга масҳ тортади;
Масҳ тортмасдан туриб масҳ тортиш учун ҳўлланган қўл билан бош кийим ечилмайди, балки аввал бош кийимни ечиб, кейин қўл ҳўлланади;
Бўйинга масҳ тортишда қўллар томоққача етиб келмаслиги керак, балки бўйиннинг икки томонига қўл бармоқларининг орқа томони теккизилади холос, пастга тортилмайди.
Салла, дўппи ва шу кабиларга масҳ тортилмайди. Улар сочга сув етиб боришига тўсқинлик қилади. Аёл киши рўмолига масҳ тортмайди. Рўмол тагига масҳ тортади. (“Фатовои ҳиндийя” ва “Фатҳу бобил иноя” китобларидан).
Аллоҳ таоло ибодатларимизни мукаммал адо этишимизга Ўзи муваффақ этсин! Омин!
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномани тақдим этди.
– Сўнгги тўққиз йилда биз сизлар билан, эл-юртимиз билан биргаликда катта тараққиёт йўлини босиб ўтдик. Иқтисодиётимиз янгидан шаклланди, бозор муносабатлари, ижтимоий ҳимояни кенгайтирдик, қонун устуворлигини мустаҳкамладик. Энг муҳими, ислоҳотларимиз самарасини ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда, – деди давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида.
Қанчалик оғир бўлмасин, бошланган демократик ислоҳотлар қатъий давом эттирилгани, халқимизнинг қўллаб-қувватлаши ва ёшларимизнинг ғайрат-шижоати, ҳамжиҳатлик асоси бўлган маҳалланинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири кучайтирилгани, одамларнинг онги ва дунёқараши ўзгариб, эл-юртимиз янада жипслашгани, тадбиркор, деҳқон ва фермерларнинг ташаббускорлиги ва мардона меҳнати, ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган дўстона ташқи сиёсат ҳисобига 2025 йилда барча соҳаларда улкан ютуқларга эришилди.
Бу йил тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан ошди. Жорий йил экспортимиз 23 фоизга ошиб, 33,4 миллиард долларга етказилиши таъкидланди. Энг муҳими, олтин-валюта захираларимиз илк бор 60 миллиард доллардан ошди.
Иқтисодиётимизга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етди. Жами инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31,9 фоизни ташкил этмоқда. Етакчи халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимизнинг суверен рейтингини “ББ-”дан “ББ” поғонасига кўтарди.
Энергетика соҳасида туб бурилиш ясалгани ҳисобига электр ишлаб чиқариш ҳажми 85 миллиард киловатт-соатга етказилди.
Бу йил 188 та маҳалладаги 715 минг аҳоли яшайдиган хонадонларга биринчи марта тоза ичимлик суви кириб борди, яна 2 миллион 300 мингга яқин аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.
Жорий йилда 5 миллион аҳоли даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқди, илк бор 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айланди.
Камбағал оилаларга мансуб 168 минг нафар бола давлат боғчаларига имтиёзли асосда қабул қилинди. Бу йилдан бошлаб 208 та боғчада биринчи марта инклюзив таълим тизими жорий этилди.
Юртимизда камбағаллик даражаси йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушди.
– Бу ишларни бошлаганимизда аҳолининг учдан бир қисми камбағаллик чегарасида яшарди. Кредит, субсидия, компенсация каби 100 дан зиёд хизматлар орқали ижтимоий ҳимоянинг мутлақо янги тизимини йўлга қўйганимиз ва буларни маҳалладаги “еттилик”нинг ўзига берганимиз натижасида 8,5 миллиондан зиёд одам камбағалликдан чиқди, ишсизлик 2 карра қисқарди.
Натижада уч йил олдин камбағалликни 2026 йил якуни билан 2 карра қисқартириш бўйича олган маррамизни шу йилнинг ўзида уддаладик, – деди Президентимиз.
Истеъдодли ўғил-қизларимиз таълим, илм-фан, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда эришаётган катта ютуқлари билан ҳам Янги Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётгани таъкидланди.
Кейинги пайтда юртимиз глобал масалалар муҳокама қилинадиган халқаро мулоқот майдонига айланиб бормоқда.
Хусусан, бу йил Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси, ЮНЕСКО Бош конференциясининг сессияси, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити ва халқаро Иқлим форумига мезбонлик қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчиларининг март ойида Хўжандда бўлиб ўтган учрашувида биринчи марта уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида тарихий шартнома имзоланди ҳамда “Абадий дўстлик тўғрисидаги декларация” қабул қилинди.
Минтақамиз давлат раҳбарларининг яқинда Тошкентдаги Маслаҳат учрашуви чоғида интеграция жараёнларини янги сифат босқичига кўтариш учун Марказий Осиё ҳамжамияти стратегик форматини ташкил қилиш ғояси илгари сурилди. Озарбайжонни Марказий Осиё форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиш тўғрисидаги қарор тарихий аҳамиятга эга бўлди.
Президентимиз таъкидлаганидек, ушбу қадам Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида стратегик боғлиқлик ҳамда барқарорликни кучайтириши шубҳасиз.
Октябрь ойида Брюсселда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Ноябрь ойида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва АҚШ саммити кўп томонлама ва узоқ муддатли шерикликни сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилди. Ўтган ҳафтада Токиода Марказий Осиё ва Япония етакчиларининг учрашувида таълим, тиббиёт, рақамли технологиялар, инфратузилма ва саноат соҳалари бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Шу ҳафтанинг бошида эса Санкт-Петербургда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашув ҳам ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб берди.
– Буларнинг барчаси халқаро алоқаларимизни мазмун жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқда. Биз дунёдаги узоқ-яқин мамлакатлар билан Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб билан ҳамкорлик кўприкларини қуришда давом этамиз, – деди Президентимиз.
Маҳалла ва яхши қўшничилик ўзаро уйғун қадриятлардир. Улар жамиятда ижтимоий капитални янада бойитишга беқиёс ҳисса қўшади.
Мамлакатимизда ўтказилган ижтимоий сўровларда иштирок этганларнинг 90 фоизи ўзини маҳалла жамоасининг бир қисми деб ҳисоблаши ҳам шундан далолат беради. Маҳаллага шу асосда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусининг юқорилиги ушбу институт, аввало, ижтимоий бирдамлик манбаи эканини кўрсатади.
– Тарих давомида қандай оғир синовларга дуч келмайлик, биз аввало бирдамликдан куч олдик. Машаққатли кунларда одамларимиз, маҳалла аҳли елкадош бўлиб қийинчиликларни енгган. Оила – оилага, қўшни – қўшнига кўмак бериб яшаган. Биз мана шундай ўта ноёб қадриятимизга доимо содиқ қолишимиз, ёш авлодимизни айни шу руҳда тарбиялашимиз керак.
Бугунги кунда жамиятимизда турли хил фикр ва қарашлар бўлиши табиий. Бу – демократиянинг бирламчи талаби.
Аммо миллати, тили ва динидан қатъи назар, 38 миллионли эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир.
Мана шундай буюк мақсадга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади, – деди Президентимиз.
Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, Президентимиз 2026 йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилишни таклиф қилди.
Бу ташаббусни йиғилганлар қизғин қўллаб-қувватлади.
Янги йил дастурида юртимиздаги 9 мингдан зиёд маҳаллани, аввало, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш каби долзарб масалалар ўз ифодасини топади.
– Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳал қилувчи босқичга қадам қўймоқдамиз. Бу йўлдаги ишларимиз ҳар бир соҳа ва тармоқда чуқур трансформацияни талаб қилади.
Мақсадимиз аниқ: яқин йилларда даромади ўртадан юқори мамлакатлар қаторига кириш.
Фарғона водийсидан Оролбўйигача, Зарафшон воҳасидан Қашқадарё ва Сурхондарёгача, Тошкентдан тортиб, Жиззах ва Сирдарёгача – юртимизнинг қайси ҳудудида яшамасин, ҳар бир фуқаромиз бугундан бошлаб ислоҳотлар натижасини кундалик ҳаётида янада кўпроқ ҳис қилиши керак.
Шунинг учун кириб келаётган 2026 йил давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқлари, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизимини – барча-барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим устувор йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Биринчи устувор йўналиш маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб киришдан иборат.
Маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилаш орқали мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг қиёфасини янада гўзал ва обод қилиш ишлари давом эттирилади.
Келгуси йилдан маҳаллани ривожлантириш бўйича комплекс ёндашув жорий этилади. Урбанизация ва шаҳарларни барқарор ривожлантириш бўйича янги ислоҳотлар бошланади.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича сиёсат давом эттирилиб, 2026 йилда асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолдирилади, тадбиркорлик инфратузилмаси лойиҳаларига 10 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади. Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 140 триллион сўм ресурс берилади. Шундан 43 триллион сўми хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Иккинчи устувор йўналиш – иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш.
Бундан буён ҳар бир доллар инвестиция, энг аввало, илғор технологиялар трансфери, ташқарида бозори аниқ, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, энергия, сув, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланишда самарадорликни оширишга, маҳаллий ишчиларни янги технологиялар билан ишлашга ўқитиш ва меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилиши кераклиги таъкидланди.
Янги технологик босқичга ўтиш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш бўйича саноатни ривожлантириш дастури бошланади. 2026 йилда 52 миллиард долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасига старт берилади. Келгуси йилнинг ўзида 14 миллиард долларлик 228 та янги йирик қувватлар ишга туширилади.
Келгуси йилда иқтисодиётда 6,6 фоиз ўсишни таъминлаб, ялпи ички маҳсулотни 167 миллиард долларга етказиш прогноз қилинмоқда.
Инновация асосида юқори технологик маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналар рағбатлантирилади. Корхона мутахассисларининг илмий-тадқиқот ва конструкторлик ишланмаларидан олган даромади солиқдан озод қилинади.
Келгуси йилда Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятида 4 та дата-марказ, 2 та супер компьютер ва 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораторияси фаолияти йўлга қўйилади. Бу тиббиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги, геология, банк-молия, жамоат хавфсизлиги каби муҳим соҳаларда 100 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади.
– Бугун сизларга яна бир муҳим янгиликни айтмоқчиман. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдош ва мамлакатимиз фуқароси бўлган биринчи ўзбек космонавтини фазога учириш бўйича ишларни бошладик, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари учинчи устувор йўналиш – ички бозорда талабни рағбатлантириш масаласига тўхталди.
Тўққиз йилда қулай бизнес муҳити яратилиб, товар ва хизматлар ҳажми ва тури кўпайтирилгани, кам даромадли оилалар учун йилига камида 1 миллиард доллар арзон кредит берилаётгани, инфляция даражаси “бир хонали” рақамга туширилгани натижасида аҳолининг харид қобилияти 2 карра ўсди.
Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, иқтисодиётда энг катта талаб яратадиган уй-жой ипотекасига 2026 йилда 23 триллион сўм ресурс ажратилади. Уй-жой сотиб олишда бошланғич тўлов ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун 2 триллион 700 миллиард сўм субсидия берилади. Шунингдек, битта квартира учун ажратиладиган имтиёзли ипотека кредитининг миқдори 15 фоизга оширилади.
Хизматларга бўлган талабни рағбатлантириш учун 2026 йилда соҳага 85 триллион сўм кредит, 9 триллион сўм субсидия ажратилади. Хусусан, таълим хизматлари учун бюджетдан 7 триллион сўм берилади.
Кейинги беш йилда хорижий туристлар сонини 2 карра ошириш, туризм хизматлари ҳажмини эса 20 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра олинмоқда. Шу мақсадда туризм инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Туристлар оқими тобора ошаётгани авиация ва темир йўлда йўловчи ташиш қувватини 2 баробар кўпайтиришни тақозо этмоқда. Шу боис, 2026 йилда авиапаркдаги ҳаво кемаларининг сони 120 тага етказилади.
Ички темир йўлларни ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Шаҳарларни тезюрар поездлар қатнови билан боғлаш учун 2026 йилдан яна 500 километр темир йўл қурилиши бошланади. Автомобиль йўлларининг сифатини яхшилаш, транзит салоҳиятини янада ошириш мақсадида беш йиллик дастур амалга оширилади.
Касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш келгуси йил учун дастурнинг тўртинчи устувор йўналишидир.
Ҳозирги вақтда янги технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект таъсирида дунёда иш ўринларининг сони, шакли ва мазмуни кескин ўзгармоқда. Яқин беш йилда мавжуд касбларнинг 30 фоизи тўлиқ автоматлаштирилади, 50 фоизи бўйича эса янги малакалар талаб қилинади.
– Эндиликда мамлакатимиз меҳнат бозори мутлақо янги архитектура асосида – касб, малака, технология ва таълимни бирлаштирадиган ягона механизм сифатида ишлаши зарур, – деди Президентимиз.
2026 йилдан бошлаб ҳар йили камида 100 тадан техникум тўлиқ таъмирланиб, технологик ва талаб юқори бўлган касбларга мос ҳолда жиҳозлаб борилади. Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой, Корея каби давлатларнинг илғор таълим дастурлари жорий қилинган техникумлар сони 100 тага етказилади.
2026 йилда 7 та вилоятда, 2027 йилда эса қолган ҳудудларда Илғор касбий маҳорат техникуми ва “Касблар шаҳарчаси” фаолияти йўлга қўйилади.
Тиббиёт тизимида ҳам касбий таълимни ривожлантириш учун Англиянинг “Пирсон” компанияси билан ҳар бир ҳудуддаги биттадан техникумда халқаро стандарт асосида ҳамширалар тайёрлаш бошланди. Энди ана шу техникумларга Германия, Швейцария, АҚШ, Япония каби давлатларнинг таълим дастурлари ҳам жорий этилади.
Шу асосда халқаро талабларга жавоб берадиган, хорижий тилларни биладиган ҳамширалар таркиби шакллантирилади.
Бешинчи устувор йўналиш – экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш.
Йирик корхоналарга фильтр, тозалаш иншооти ва ҳавога чиқариладиган зарарли моддалар ташланмаларини мониторинг қилиш станцияси ўрнатиш учун 100 миллион долларлик кредит линияси очилади.
Шаҳарлардаги тирбандликлар нафақат одамлар ҳаётини қийинлаштирмоқда, балки экологияга ҳам жиддий зарар етказаётгани қайд этилди. Шу боис, дунё тажрибасидан келиб чиқиб, автомобиллар чиқараётган зарарли моддалар даражасига қараб экологик стикерлар бериш тизими жорий этилади.
Катта миқдорда зарарли моддалар чиқарадиган автомашиналарнинг пойтахт ва вилоят марказлари ҳамда шаҳарларга кириши чекланади. Бундай транспорт воситаларини янгисига алмаштириш ёки уларга фильтр ўрнатиш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.
Эски машинасини алмаштираман деганларга автокредит фоизининг бир қисми қоплаб берилади. Фильтр ўрнатиб, зарарни камайтиришга тайёр бўлган ҳайдовчилар учун харажатларининг бир қисми бўйича субсидия ажратилади.
Пойтахтимиз ва йирик шаҳарларда жамоат транспортини ривожлантириш устувор вазифа бўлади.
Экологик автомобилларни кўпайтириш бўйича беш йиллик дастур амалга оширилади. Бунда маҳаллий электромобилларга 12 фоизли, хорижий электромобилларга эса 16 фоизли автокредитлар ажратилади.
Электромобилларни қувватлаш станцияларини ташкил қилиш учун тадбиркорларга 10 фоизли имтиёзли кредитлар берилади, ерларни аукциондан 2 карра арзон нархда сотиб олиш имконияти яратилади.
Электромобилларни қувватлаш станцияларида автомобилларни зарядлашда 1 киловатт-соат электр энергияси нархининг 300 сўмдан ошган қисми давлат бюджетидан қоплаб берилади. Электромобилда такси хизмати кўрсатадиган фуқароларга ҳам бир қатор имтиёзлар берилади.
Чанг-тўзонларнинг олдини олиш учун Сурхондарёда 10 минг гектарда “яшил макон” ва Сирдарёда 84 километрли “яшил девор” барпо этилади. Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоийда жами 250 минг гектар, жумладан, Оролнинг қуриган тубида 115 минг гектар ерда дарахт ва буталар экилади. Ҳар бир ҳудудда ботаника ва дендрология боғлари ҳамда 20 тадан соя-салқин сайр кўчалари барпо қилинади.
Умуман, экология соҳасига 2026 йилда 1 триллион 900 миллиард сўм йўналтирилади.
Сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш тадбирларига 2026 йилда жами 3 триллион 300 миллиард сўм йўналтирилади.
Шунингдек, 1 минг 300 километр йирик магистраль каналлар бетон билан қопланади. Бу қўшимча равишда йилига 500 миллион куб метр сувни иқтисод қилиш имконини беради. Бундан ташқари, жойлардаги очиқ дренаж ва коллекторларни ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. Каналларни ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича ҳам катта лойиҳалар бошланади.
160 миллион долларлик катта дастур доирасида Тошкент шаҳрида 150 километр ёпиқ дренаж тизими барпо этилади, 197 километр канал ва коллекторлар таъмирланади, 63 километр янги каналлар барпо қилиниб, шаҳарда салқин микроиқлим яратилади.
Олтинчи устувор йўналиш – замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотлар давом эттирилади.
Аввало, 2026 йилдан бошлаб Электрон ҳукумат платформаси тубдан янгиланади.
Энди барча давлат идораларининг 1 мингдан зиёд давлат хизматлари, 5 мингдан ортиқ функция ва вазифалари, 240 та маълумот базаси ва ахборот тизими, 100 мингдан зиёд давлат хизматчисининг маҳалла, туман, вилоят, республика даражасидаги ваколатлари Ягона рақамли платформага интеграция қилинади.
– Энг муҳими, давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилисиз, коррупция ва ортиқча бюрократиядан холи экотизим яратамиз. Давлат хизматларини проактив ва жамланма шаклда кўрсатиш тизимини ривожлантирамиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Бундан буён давлат харидларида товар, иш ва хизматларни тўғридан-тўғри сотиб олиш мумкин бўлган ҳолатлар фақат қонун билан белгиланади.
Конституциявий ислоҳотлар доирасида вилоят ҳокимлари ва маҳаллий кенгашлар раислари лавозимлари бир-биридан ажратилган эди. Энди бу тизим 2026 йилдан 208 та туман ва шаҳарда ҳам йўлга қўйилади.
Давлатимиз раҳбари ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг роли муҳим эканини таъкидлади. Шу боис, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича сиёсат келгусида ҳам изчил давом эттирилади. Хусусан, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегия ишлаб чиқилади.
– Такрор айтаман, юртимиздаги кенг кўламли янгиланишлар даврида очиқлик сиёсатидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш устувор вазифамиз бўлиб қолади, – деди Президентимиз.
Суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.
Одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштироки ва роли ошириб борилиши таъкидланди. Энди жиноят процессига инглиз ҳуқуқидаги давлатларда ижобий натижа берган “Халқ вакиллари ҳайъати” институти босқичма-босқич жорий этилади.
Наркожиноятларга қарши курашиш умуммиллий ҳаракатга айлантирилиб, жамиятда бу иллатга муросасиз муҳит яратилади.
Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишда барча давлат идоралари ва кенг жамоатчиликни сафарбар қилган ҳолда бундай салбий ҳолатларга барҳам бериш бўйича самарали ишлайдиган тизим яратиш топширилди.
– Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш эса ислоҳотларимизга хиёнатдир!
Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилади. Ҳисоб палатасининг вакили фаолияти йўлга қўйилади. Давлатнинг ҳар бир сўм маблағи, ресурси бўйича шахсий жавобгарлик кучайтирилади.
Жаҳонда мураккаб геосиёсий ва иқтисодий муаммолар тобора авж олиб бормоқда. Бундай мураккаб вазиятда барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли ва конструктив муносабатларни янада мустаҳкамлаш, мутаносиб очиқ ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган фаолият давом эттирилади. Нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, иқтисодий институтлар билан яқин ҳамкорлик янги босқичга олиб чиқилади.
– Эришилган улкан натижалар, янги устувор вазифалар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Юртимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётига дахлдор бўлган ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолининг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилади, – деди Президентимиз.
Келгуси йилда ижтимоий-маданий ҳаётимиздаги муҳим саналар кенг нишонланиши таъкидланди. Жумладан, Ватанимиз мустақиллигининг шонли 35 йиллиги катта байрам сифатида ўтказилади. Соҳибқирон Амир Темур, Мир Алишер Навоий боболаримизнинг қутлуғ таваллуд айёмларига тайёргарликни ҳозирдан бошлаш кераклиги қайд этилди.
– Бугун тарихнинг ўзи, ҳаётнинг ўзи зиммамизга буюк бир масъулиятни юкламоқда. Жонажон Ватанимиз бугун янгича сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий муносабатлар асосида яшаб, меҳнат қилаётган, мустақил фикрлайдиган, озод ва эркин инсонлар диёрига айланмоқда.
Бир бўлсак, ягона халқ, ягона миллат бўлиб ҳаракат қилсак, кўзлаган улкан мақсадларимизга албатта етамиз! Мен бу йўлда мард ва олижаноб халқимизга ишонаман! Ўзбекистоннинг беқиёс кучи ва имкониятларига, азиз ёшларимизнинг азму шижоатига ишонаман! – деди Президентимиз Мурожаатнома якунида.
https://president.uz/uz/lists/view/8833