Баъзи кишилар Александр Македонский билан Искандар Зулқарнайнни иккаласи битта шахс дейишса,айрим кишилар эса Искандар Зулқарнайнни Александр Македонскийга ҳеч қандай алоқаси йўқ дейишади.
Аввал Александр Макодонский ҳақида сўз юритадиган бўлсак, у тарихий шахсдир. Тарих саҳифаларидан маълумки,милоддан аввалги 360 йилда Македонияда Филип (II)тахтга ўтиради. Милоддан аввалги 336 йилда Филип (II) ўлдирилади ва унинг 20 ёшли ўғли Александр отасининг тахтини эгаллайди. Александр Македонский Кичик Осиё, Сурия, Фаластин, Финикия, Миср ерларини қўлга киритади. Александр Македонский Афғонистоннинг жанубий томонларини эгаллаб,Ҳиндиқуш тоғлари орқали Ўрта Осиёга ҳам кириб келади. Ўрта Осиёдаги Бақтрия, Сўғдиёна, Марғиёнани эгаллайди. Милоддан аввалги 324-327 йилларда у Ҳиндистонни забт қилади. Александр Македонский милоддан аввалги 323 йилда вафот этади.
Искандар Зулқарнайн ҳақида эса “Қуръони Карим”нинг “Қаҳф” сураси 83-98-оятларида шундай дейилади: “ ( Эй Муҳаммад) Сиздан Зулқарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “ Мен сизларга у ҳақдаги хабарни ҳозир ўқиб берурман”. Дарҳақиқат, Биз ун (Зулқарнайн) га бу ер юзида мартаба бердик ва ( истаган) барча нарсасига йўл (имконият) ато этдик. Бас, у (аввал Ғарбга қараб) йўл олди. ( Кетаётиб) Қуёш ботадиган жойга етгач, унинг (қуёшнинг) бир лойқа ( ёки қайноқ) булоқ(орти)га ботаётганини кўрди ва (булоқ) олдида бир қавмни учратди. Биз:“Эй Зулқарнайн! Ё (уларни) азобга дучор қилурсан ёки уларга яхши муомилада бўлурсан”, -дедик. У айтди:“ Зулм қилган кимсани, албатта, азоблагаймиз. Сўнгра Парвардигорига қайтарилгач, У зот уни янада хунук азоб билан азоблагай. Энди иймон келтириб эзгу иш қилган кишига келсак, унинг учун гўзал мукофот ( жаннат) бўлур. Биз ҳам унга ишимиздан осонларини буюрурмиз”. Сўнгра, у (шарққа қараб) йўл олди. (Кетаётиб) қуёш чиқадиган жойга етиб боргач, унинг(қуёшнинг) бир қавм узра чиқаётганини кўрди. Биз улар учун ундан (қуёшдан тўсувчи) бирон парда қилмаган эдик. (Унинг иши) шунақа. Албатта, Биз унинг ҳузуридаги илмларни иҳота қилиб олганмиз. Сўнгра, у яна йўл олди. (Кетаётиб) икки тоғ ўртасига етиб келгач, у (тоғлар ортида) бирон гапни сира англай олмайдиган қавмни учратди. Улар: “Эй Зулқарнайн! Албатта, (шу тоғлар ортидаги) Яъжуж ва Маъжуж (қабилалари)Ер юзида бузғунчилик қилгувчилардир. Бизлар сенга бир (миқдор) ҳақ тўласак, биз билан уларнингўртасига бир тўғон қуриб берурмисан?” -дедилар. (Зулқарнайн) айтди: “ Раббим менга ато этган нарсалари сизлар берадиган нарсадан яхшироқдир. Бас, сизлар менга куч-қувват билан ёрдам берингиз, токи мен сизлар билан уларнинг ( Яъжуж ва маъжужнинг) ўртангизга бир тўсиқ (тўғон) бино қилай. Сизлар менга темир парчаларини келтирингиз, то (парчалари) иккала тоғ ёнбағирлари билан баробар бўлгач, (оловга) дам урингиз!”-деди. Бас, қачон у ( темир-терсакларни) оловга айлантиргач (эритгач) , деди: “ Менга эритилган мис ҳам келтирингиз, токи унинг( темир парчаларининг) устидан қуяй! Ана, энди улар (Яъжуж ва маъжужлар) унинг ( тўсиқнинг) устига чиқишга ҳам, уни тешиб ўтишга ҳам қодир бўлмай қолишди. “Бу Раббим (томони)дан бўлмиш бир марҳаматдир. Энди, қачонки, Раббимнинг (Яъжуж ва Маъжуж чиқади, деб) ваъда қилган вақт келганида ( Қиёмат олдидан), Ўзи у(тўсиқ)ни теп-текис қилиб қўяр. Раббимнинг ваъдаси ҳақдир”, -деди у [1]”.
Бу оятларнинг тафсири ҳақида Шайх Усмонхон Алимов муфтий ҳазратлари ўзларининг “ Тафсири Ирфон” китобларида: “Аллоҳ таоло Зулқарнайнга ер юзида салтанат, мол-дунё, қўшинлар ва бошқа катта имкониятларни берган эди. У мағриб(кун ботар томон) ва машриқ ( кун чиқар томон) орасида кезгани учун унга Зулқарнайн ( икки шохли) деб лақаб берилган. Шунингдек, Аллоҳ таоло унга ҳукм юритиш, иморат қуриш ва ободончилик, давлатни мустаҳкам тутиш каби ишларнинг сабабини ҳам ўргатган эди[2]”деб ёзадилар.
Қуръони Каримда берилган Искандар Зулқарнайн билан македониялик Александр Македонский ўртасида бир қанча фарқлар бор.Шу фарқлардан айримларини келтирамиз.
“ Қуръони Карим”да қиссаси берилган Искандар Зулқарнайн Аллоҳнинг ягоналигига иймон келтирган, солиҳ инсон бўлган. Алексанр Македонский ҳақида эса бу нарсалар тарихий манбаларда баён қилинмаган. Бу ҳақда “Тафсири Ирфон”да шундай дейилади: “ Макка мушрикларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган нарсалари ичида ғор эгалари ва руҳдан ташқари Зулқарнайн ҳам бор эди.Зулқарнайннинг шахси, унинг қаерда ва қачон яшагани, борган жойлари, қилган ишлари ҳақида жуда кўп гаплар, фараз-тахминлар бор. Улардан айримлари тафсир китобларимизда ҳам келтирилган. Аммо буларни ҳеч ким айнан Қуръонда зикр этилган Зулқарнайн ҳақида, деб узил-кесил айтолмайди. Масалан, баъзилар“ Қиссадаги Зулқарнайн Македонияли Искандар”, дейишган. Бу гап хатодир, чунки македонияли Искандар Аллоҳнинг ягоналигига ишонган мўмин бўлган эмас, Қуръондаги Зулқарнайн эса мўмин одамдир[3]”. Ва яна Шайх Абдулазиз Мансур “ Қуръони Каримнинг таржима ва маънолари” китобларида: “ Қуръонда зикр этилган Зулқарнайннинг исми Искандар бўлиб, Сулаймон (а.с.) каби дунёни эгаллаган ҳукмдорлардандир. Ўтмишда кофирлардан ҳам икки подшоҳ - Намруд ва Бухтунассир дунёга ҳукмдор бўлишга уруниб кўрган, дейилади. Зулқарнайннинг пайғамбар ёки валий ёхуд подшоҳ эканида ихтилоф бор. Али (рз.): “ У солиҳ банда бўлган ва Аллоҳ унга ер подшоҳлигини, илм ва ҳикматни ато этган. Аллоҳ йўлида бошига урилган зарбадан икки бор ўлиб тирилгани учун унга “зулқарнайн”, яъни “ икки шохли” лақаби берилган”, деганлар[4]” деб ёзадилар.
Алексанр Македонский Исо пайғамбар туғилишларига яқин даврларда яшаган. “ Қуръони Карим”да қиссаси берилган Искандар Зулқарнайн эса Иброҳим алайҳиссалом даврида яшаган. Бу ҳақда ҳам “ Тафсири Ирфон”да: “ Ибн Ҳажар Асқолоний “ Фатҳул-Борий”да шундай ёзади: “ Улкан тобеъин фақиҳлардан Убайд ибн Умар йўлидан ривоят қилинишича, Зулқарнайн пиёда ҳаж қилган ва унинг хабарини эшитган Иброҳим алайҳиссалом Зулқарнайнга пешвоз чиққанлар”. Абдуллоҳ ибн Аббосдан ( розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинишича, “ Зулқарнайн Масжидул-Ҳаромга кирган, Иброҳим алайҳиссалом унинг қўлини олиб кўришган”. Ибн Ҳишом ёзади: “ Иброҳим алайҳиссалом бир масалада Зулқарнайндан ҳукм сўради, Зулқарнайн унга ҳукм чиқариб берди[5]”. Ибн Ҳажар айтади: “ Мазкур ривоятлар бир-бирини тасдиқлаб-қувватлаб келяпти”. Яна бу ҳақда Ибн Касирнинг “ Тафсирул-Қуръонил-аъзийм” номли китобларида шундай дейилади: “ Искандар Зулқарнайнни румлик деювчиларнинг далиллари кучсиздир. Румлик Искандар Филис ( Филип ) ўғли Мақдуний ( македониялик)дир. Қуръонда келган Зулқарнайн тўғрисида Азроқий бундай дейдилар: “ (Искандар Зулқарнайн) Байтуллоҳни Иброҳим (с.а) билан бирга тавоф қилган, вазири Хизр а.с. бўлган. Искандар Мақдунийнинг вазири эса машҳур файласуф Аристотолий (Аритотель) бўлган. У (Александр Македонский) Исо алайҳиссаломдан олдин, милоддан олдинги (336-323) йилларда ҳукмронлик қилган [6]”.
Александр Македонский македониялик бўлиб, Искандар Зулқарнайн эса ривоят қилинишича мисрлик бўлган. Бу ҳақда “ Тафсири Ирфон”да: “Ибн Исҳоқ шундай ёзади: “ Менга ўтганларнинг илмидан олиб, ажамлардан ривоят қиладиган одамлардан бирининг айтишича, Зулқарнайн мисрлик киши бўлиб, исми Марзубон ибн Марзуба Юнонийдир. У Юнон ибн Ёфас ибн Нуҳнинг авлодидан бўлган[7]” дейилади.
Александр Македонский милоддан олдинги 356 йилда туғилиб, 33 ёшида ўз давлатининг янги пойтахти Бобилда вафот этган бўлса, “ Қуръони Карим”да қиссаси берилган Искандар Зулқарнайн “ Искандария” шаҳрини барпо қилган. “Тафсири Ирфон”да: “ Ибн Ҳишом эса бундай дейди: “ У (Зулқарнайн) нинг исми Искандардир, Искандарияни барпо қилган одам шу. Шунинг учун унга нисбат берилиб, “ Искандария” дейилган” ( Сийратун-Набавийа) [8]” дейилади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам Александр Македонский Искандар Зулқарнайн эмаслигига ўзларининг “ Зикр аҳлидан сўранг” китобларида шундай жавоб берадилар: “ Мисол учун, баъзилар: “ Қиссадаги Зулқарнайндан мурод македониялик Искандар” дейишган. Бу гап умуман нотўғри, чуки у мушрик одам бўлган, бутларга, юлдузларга сиғинган. Македониялик Искандрнинг номи Александр Македонский бўлиб, тахминан милоддан 330 йил олдин ўтган ва Арастунинг шогирди бўлган. Дунёнинг кўп ерларини ишғол қилган, Форсда уруш олиб борган. Подшоҳ Дорони енгиб унинг қизига уйланган ва ҳоказо. Имом Шавконий ушбу маълумотларга хулоса ясаб, Александр Македонский Қуръони Каримдаги Зулқарнайн деган гапга раддия беради: “ Бу жуда ҳам мушкул! Чунки у кофир бўлган. Арастунинг шогирди бўлган, кўриниб турибдики, Зулқарнайн солиҳ банда бўлган. Аллоҳ унга кенг мулкни берган ва бунга Қуръон ишора қилган”. Зулқарнайн мағриб ва машриқнинг чекка жойларигача борган, Яжуж ва Маъжуж қавмига йўлиқиб, уларни тўғон билан тўсиб қўйган.Александр Македонскийни мазкур нарсаларнинг бирортасига муяссар бўлгани тарихда маълум эмас. “Зулқарнайннинг Александр Македонский билан чалкаштирилишига асосий сабаб, арабларнинг Александрни арабчалаштириб Искандар деб аташганлари бўлган” дейишади баъзи мутахасисилар[9]”.
Юқорида баён қилинган фарқларга асосан биз “ Қуръони Карим” да қиссаси келтирилган Искандар Зулқарнайн билан македониялик Александр Македонский битта шахс эмас, балки улар алоҳида-алоҳида шахс деган хулосага келамиз.
Руҳиддин АКБАРОВ,
Қарши тумани “ Акбар халифа эшон ибн Мухтор” масжиди имоми.
[1] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. “ Тошкент Ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси. Тошкент. 2018. 302-304-бетлар.
[2] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “ Тафсири Ирфон ”. Тошкент. “ Шарқ ” нашриёти. 2019. 3-жилд. 158-159-бетлар.
[3] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “ Тафсири Ирфон”. Тошкент. “ Шарқ” нашриёти. 2019. 3-жилд. 158-159-бетлар.
[4] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. “ Тошкент Ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси. Тошкент. 2018. 303-бет.
[5] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “ Тафсири Ирфон”. Тошкент. “ Шарқ” нашриёти. 2019. 3-жилд. 158-159-бетлар.
[6] Ибн Касир “ Тафсирул-Қуръонил-аъзийм”. “ Дорул-маърифа” Байрут. 1989. 40-41-бетлар.
[7] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “ Тафсири Ирфон”. Тошкент. “ Шарқ” нашриёти. 2019. 3-жилд. 158-159-бетлар.
[8] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “ Тафсири Ирфон”. Тошкент. “ Шарқ” нашриёти. 2019. 3-жилд. 158-159-бетлар.
[9] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳммад Юсуф. “ Зикр аҳлидан сўранг ”. “ Ҳилол-нашр” нашриёти. 2018. 2-жилд. 40-41-бетлар.
Раббининг элчиси эканини тасдиқлаш учун ҳар пайғамбарга ҳам хос китоб нозил бўлиши шарт эмас
Олимлар пайғамбарни бундай таърифлаган: «Пайғамбар – шариат ваҳий қилинган инсон». Демак, пайғамбарлик Аллоҳ таолонинг Ўзи бандалари орасидан танлаб олган зотга ваҳий нозил қилиши орқали юзага чиқади. Алоҳида китоб тушиши пайғамбарлик шартларига кирмайди. Бунга қуйидаги далиллар далолат бўлади.
1. Пайғамбарлик хабари ваҳий орқали етказилади. Аллоҳ таоло бирор бандасини пайғамбарлик ё элчиликка танлар экан, унга сайланганини билдириб қўяди. Бу билдириш нубувват ва рисолатнинг асоси бўлган ваҳийнинг бир туридир. Ундан кейин Аллоҳ таоло ўша пайғамбарга китоб нозил қилиши ҳам, қилмаслиги ҳам мумкин.
Нубувват хабари баъзан китоб тушиши билан бошланади. Масалан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий бўлиб Алақ сурасининг «Яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан ўқинг!» ояти нозил қилинган. Бироқ пайғамбарлик кўпинча китоб тушишидан бошқа йўллар билан бошланган ва аксар пайғамбарларда шундай бўлган.
2. Нубувватнинг тасдиғи пайғамбарнинг сўзлари ва у келтирадиган мўъжизаларга боғлиқ. Аллоҳ таоло танлаган бандасига пайғамбарлик берганидан кейин одамлар орасида бу нубувват ва рисолатнинг ҳақиқийлиги фақат икки ҳодиса билан собит бўлади:
Биринчиси: Пайғамбар ўз умматига: «Аллоҳ таоло мени сизларга пайғамбар ва элчи қилиб юборди», деб эълон қилади.
Иккинчиси: Аллоҳ таоло ушбу даъвони тасдиқлаш учун ўша зот орқали мўъжиза кўрсатади.
Пайғамбарнинг «Мен Аллоҳнинг элчисиман, Аллоҳ мени сизларга набий қилиб юборди» деган сўзлари тиловат қилинмайдиган ваҳий (яъни, муқаддас китобнинг бир қисми) бўлиб, пайғамбарликнинг, элчиликнинг, шариат ва динга оид барча ҳукмларнинг ҳақлигини эътироф этиш мана шу сўзнинг тасдиғига таянади.
3. Китобнинг илоҳийлиги ғайри матлув (тиловат қилинмайдиган) ваҳий билан тасдиқланади: Аллоҳ таоло бирор элчисига китоб нозил қилганида, у пайғамбарга тушиши ҳамоно «Аллоҳнинг ҳузуридан тушган китоб» бўлиб қолмайди, яъни одамлар буни бирдан била қолмайди. Бу калом Аллоҳ таолонинг ҳузуридан тушганини собит қилиш элчининг «Бу китоб Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нозил қилингандир» деган сўзлари орқали амалга ошади.
Демак, расулларнинг бу гувоҳлиги Аллоҳ таоло уларга билдирган тиловат қилинмайдиган ваҳийдир. Китоб кўринишидаги тиловат қилинадиган ваҳийнинг ҳақлиги мана шу тиловат қилинмайдиган ваҳий устига бино бўлади.
4. Агар пайғамбарлик фақат китоб тушиши билан амалга ошади, деб ҳисобланса, унда ўзига китоб нозил қилинмаган барча ҳақ пайғамбарларнинг нубуввати ботил бўлиб қолган бўларди. Шунингдек, бундай пайғамбар минглаб мўъжизалар кўрсатиб, ростгўйлигига минглаб далиллар келтирса ҳам, ҳеч ким унга имон келтиришга мажбур бўлмас ва бу гуноҳ саналмас эди.
Ваҳоланки, Аллоҳ таоло алоҳида китоб туширмасдан минглаб пайғамбарлар юборгани барчага маълум ва ижмоъ қилинган (барча уламолар бир овоздан тасдиқлаган, ҳақ деб иттифоқ қилган) ҳақиқатдир. Аллоҳ у зотларга ё тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали билдирилган ҳукмларга амал қилишни, ё ўзидан олдинги пайғамбарларнинг китобига мувофиқ иш тутишни буюрган. Масалан, Мусо алайҳиссаломдан кейин Бани Исроилга юборилган пайғамбарлар Тавротга амал қилинишига масъул эди. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссалом ҳақида бундай дейди: «Исо ибн Марям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини берувчи, Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсланг. (Аҳмад) уларга ҳақ билан келган вақтда эса, “бу очиқ-ойдин сеҳрдир” дедилар» [Соф сураси, 6-оят].
Исо алайҳиссаломга ҳам Бани Исроилнинг бошқа пайғамбарлари каби Таврот ҳукмларига амал қилиш буюрилган эди. Пайғамбарларга китоб тушмаган бўлса-да, уларни ёлғончига чиқарган қавмларни Аллоҳ таоло турли азобларга мубтало қилди ва бу жазоларнинг бир қисмини Қуръони каримда баён этиб ҳам ўтди.
5. Китоблар ва саҳифалар фақатгина баъзи пайғамбарлар ва набийларга нозил қилингани, уларнинг аксариятига эса ҳеч қандай китоб ҳам, саҳифа ҳам тушмагани ижмоъ қилинган ҳақиқатдир. Уларга фақат ваҳийнинг ўзи – китобсиз, саҳифасиз – нозил қилинган. Шу билан пайғамбарлиги мукаммал, нубуввати собит бўлгач, улар юборилган қавмлар учун ҳужжат-далил тайёр ҳолатга келган ва энди одамлар имон келтириш ва эргашишга мажбур бўлган.
6. Мана Бу қисса Шуаро, Намл, Қасас, Тоҳа ва Нозиот сураларида баён қилинган бўлиб, воқеалар Мусо алайҳиссаломга Таврот нозил қилинишидан олдин юз берган. Аллоҳ таоло ушбу қиссада Мусонинг бир қибтийни (қибтийлар – қадимги Мирс халқи) ўлдириб қўйгани сабабли Фиръавн ва унинг қавмидан қочиб, Мисрдан чиқиб кетганини, Мадян томон йўл олганини ва у ердаги солиҳ кишининг қизига уйланганини зикр қилади. Кейин у аҳли аёли билан Мисрга қайтаётганда Тур тоғи томонида бир оловни кўриб қолади. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, у(олов)га келганида, нидо қилинди: «Эй Мусо! Албатта, Мен Ўзим сенинг Раббингдирман. Кавушларингни еч. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан. Мен сени ихтиёр қилиб олдим. Ваҳий қилинадиган нарсага қулоқ ос. Албатта, Мен, Ўзим, Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт» [Тоҳа сураси, 11-14-оятлар].
Аллоҳ азза ва жалла унга пайғамбар эканини хабар қилди ва унга ваҳий қилинаётган нарсага қулоқ тутишни, ибодат қилиш ва намозни адо этишни буюрди. Сўнг Ҳақ таоло икки мўъжиза бўлиши учун унга қўлидаги асони ташлашни, кейин эса қўлини қўйнига қўйишни буюрди. Шундан кейин буюк Зот унга Фиръавн ҳузурига боришни амр этди: «Биз сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатиш учун (шундай қилдик). Фиръавнга бор, албатта у туғёнга кетди», деди». [Тоҳа сураси, 23-24-оятлар].
Сўнгра Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан Фиръавн ўртасида нималар бўлганини зикр қилади.
Демак, Фиръавнга Мусо алайҳиссаломнинг даъвати етиб бориши ва бу даъватга улкан мўъжизалар ҳамроҳ бўлиши билан ҳукмдор учун ҳужжат қойим бўлган эди. Ваҳоланки, у пайтда Мусо алайҳиссаломга ҳали Таврот нозил қилинмаганди. Чунки, Таврот у зот Бани Исроил билан бирга Мисрдан чиқиб кетгани ва Фиръавн ғарқ қилинганидан кейин нозил бўлган. Бу Қасас сурасидаги оятларда баён этилган.
Шундай қилиб, ҳужжат ваҳий нозил бўлганидан кейин даъватнинг етиб бориши ва унга мўъжизалар ҳамроҳлик қилиши билан қойим бўлади. Фақат китоб билангина қойим бўлганида эди, Фиръавн учун ҳужжат кучга кирмаган ва Аллоҳ таоло томонидан унга ва қавмига далилсиз азоб берилган бўлар эди. бу эса, Ал-Адл бўлган Аллоҳнинг сифатига умуман тўғри келмайди.
Юқорида зикр қилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ваҳийларнинг ҳаммаси ҳам тиловат қилинадиган эмас, балки баъзида китобсиз ва саҳифасиз ҳам бўлиши мумкин. Пайғамбарликнинг юзага чиқиши ва собит бўлишида асосий мезон – ваҳийнинг нозил бўлиши. Китоб эса Аллоҳ таоло элчилари орасидан саралаб олган зотларга хослаб берилган ваҳийдир.
7. Пайғамбарлик китоб тушиши билан эмас, балки ваҳий нозил бўлиши билан амалга ошишига ва ваҳийларнинг ҳаммаси ҳам тиловат қилинадиган эмаслигига далолат бўладиган жиҳатлардан яна бири – Аллоҳ таолонинг бирор китоби борлиги маълум бўлмаган ва Аллоҳ таоло китоб ато этмаган пайғамбарлари билан сўзлашганидир. Биз бу сўзлашувларни Ҳақ таоло сўнгги Китобида зикр қилгани туфайли билганмиз. Қуйида Қуръони Каримда Аллоҳ таолонинг китоб нозил қилинмаган пайғамбарлари билан сўзлашгани ҳақида ҳикоя қилинган воқеалардан намуналар келтирамиз.
1. Одам алайҳиссалом билан. Аллоҳ таоло айтади: “Ва: “Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатда маскан топ. Унда нимани хоҳласаларингиз, енглар, ош бўлсин, фақат мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар”, дедик” [Бақара сураси, 35-оят].
Ҳақ таоло деди: “Рабби уларга нидо қилиб: «Сизларни ана ўша дарахтдан қайтарган эмасмидим ва, албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир, демаганмидим?!» деди» [Аъроф сураси, 22-оят].
Бу воқеалар улар Ерга туширилишидан олдин, жаннатда бўлганида юз берган.
Улар Ерга туширилганидан кейин Аллоҳ таоло бундай деган: “Одам ўз Раббидан сўзларни қабул қилиб олди, кейин У Зот унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир” [Бақара сураси, 37-оят].
Бу ҳам Одам алайҳиссаломга бирор китоб нозил қилинмасдан олдин бўлган ишлар сирасидандир.
2. Нуҳ алайҳиссалом билан. Ҳақ таоло Нуҳ алайҳиссалом билан унинг қавми ўртасида кечган воқеаларни зикр қилганидан кейин бундай дейди: “Ва Нуҳга: «Қавминг орасидан аввал имон келтирганлардан бошқа ҳеч ким имон келтирмас ва уларнинг қилмишларидан қайғуга тушмагин. Бизнинг риоятимиз ва ваҳийимиз ила кема ясагин ҳамда зулм қилганлар тўғрисида Менга гап очмагин, албатта, улар ғарқ бўлгувчилардир», деб ваҳий қилинди. У кема ясамоқда. Ўз қавмидан бўлган зодагонлар қачон олдидан ўтсалар, уни масхара қилдилар. У: «Агар бизни масхара қилсангиз, биз ҳам худди сиз бизни масхара қилганингиздек сизларни масхара қиламиз. Бас, яқинда кимга шарманда қилувчи азоб келишини ва кимнинг устига муқим азоб тушишини билиб олурсиз», деди. Токи Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора отганда: «У (кема)га ҳар нарсадан бир жуфтдан ва аҳлингдан аввал сўз кетмаганини ва имон келтирганларни ол», дедик. У билан бирга имон келтирганлар жуда оз эди. У: «Кемага мининглар, унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми ила бўлур. Албатта, Рaббим мағфиратли ва раҳмлидир», деди. У (кема) уларни тоғлардек тўлқинда олиб кетаётганида, Нуҳ бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга (кемага) мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди. У (ўғил): «Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлайди», деди. У эса: «Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. Кимга раҳм қилсагина (сақлар)», деди. Шунда улар орасини тўлқин тўсди ва у (ўғил) ғарқ бўлганлардан бўлди. «Эй Ер, сувингни ютгин, эй осмон, ўзингни тутгин», дейилди. Сув қуриди. Фармон бажарилди ва (кема) Жудий (тоғи)га жойлашди. «Золим қавмлар йўқолсин!» дейилди. Нуҳ Раббига нидо қилиб: «Рaббим, албатта, ўғлим аҳлимдандир, албатта, ваъданг ҳақдир ва Сен ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлисисан», деди. У Зот: «Эй Нуҳ, албатта у (ўғил) аҳлингдан эмас. Албатта, у яхши амал эмасдир. Ўзинг билмаган нарсани зинҳор сўрамагин. Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», деди. У: «Рaббим, мен ўзим билмаган нарсани Сендан сўрамоқдан паноҳ тилайман. Агар мени мағфират қилмасанг ва менга раҳм кўрсатмасанг, зиён кўргувчилардан бўламан», деди. «Эй Нуҳ, Биздан сенга ва сен билан бирга бўлган умматларга тинчлик ва баракотлар ила (кемадан) тушгин. Яна бир умматлар бўлур, уларни бироз ҳузурлантирурмиз, сўнгра уларни биздан бўладиган аламли азоб тутар», дейилди” [Ҳуд сураси, 36-48-оятлар].
Сўнг Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга деди: “Ана шу ғайб хабарларини сизга ваҳий қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сиз ҳам билмас эдингиз ва қавмингиз ҳам. Бас, сабр қилинг, албатта, оқибат тақводорларникидир” [Ҳуд сураси, 49-оят].
Хўш, Аллоҳ таолонинг Нуҳ алаҳиссаломга бу ваҳийси ва унга қаратилган хитоби бирор китобда келганмиди?! Ёки бу Аллоҳ таоло унга тўғридан-тўғри сўзлаган хитоб бўлиб, у ерда ўқиладиган ҳеч қандай китоб бўлмаганмиди?!
Ушбу оятларнинг услуби ва ундаги нидонинг йўсини Аллоҳ таолонинг Нуҳ алайҳиссаломга тўғридан-тўғри хитоб қилганини, ўқийдиган бирор китобни нозил этиш орқали амр этмаганини кўрсатади.
3. Юсуф алайҳиссалом билан. У қудуқ тубида ётганда Аллоҳ таоло ваҳий қилиб, ҳали акаларига уларнинг қилмишлари ҳақида хабар беражагини айтди: “Бас, уни олиб кетишгач ва уни қудуқнинг қаърига ташлашга келишиб олишгач (уни амалга оширдилар), (Биз) унга: «Бу ишлари тўғрисида уларга (кези келганда), албатта, хабар берурсан, ваҳоланки, улар (Юсуф эканингни) сезмайдилар», деб ваҳий қилдик.” [Юсуф сураси, 15-оят]. Кейинчалик у Миср азизи (Бош вазири) бўлганидан кейин уларга бу ҳақда хабар берди.
Хўш, у қудуқда бўлганида келган бу ваҳий ҳақиқий ваҳий бўла туриб, тиловат қилинадиган ваҳиймиди (муқаддас китобнинг бир қисми эдими)? Йўқ, у ғайри матлув ваҳий эди.
Аллоҳ таоло пайғамбарларига хитобни тиловат қилинадиган ваҳий кўринишида (китоб ҳолида) туширмагани борасидаги оятлар булар билан чекланмайди. Қуръони каримда бундай оятлар жуда кўп бўлиб, эслатиб ўтиш мақсадида озгинасини келтириш билан кифояландик, холос.
Демак, пайғамбарликнинг асоси алоҳида бир китоб нозил бўлишига эмас, балки бевосита Аллоҳ таолонинг танланган бандасига ваҳий юборишига боғлиқдир. Қуръоний қиссалар ва тарихий далиллар кўрсатганидек, ваҳийлар фақатгина китоб шаклидаги (тиловат қилинадиган) матнлардан иборат бўлмай, кўп ҳолларда пайғамбарларга тўғридан-тўғри билдирилган (тиловат қилинмайдиган) илоҳий хитоблар кўринишида келган. Шу сабабли инсониятга ҳақиқатни етказиш ва уларга қарши илоҳий ҳужжатни қойим қилиш учун фақатгина ваҳийнинг ўзи етарли бўлган, китоб эса Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган элчиларигагина ато этган махсус ваҳийдир.
Нурмуҳаммад Маткаримов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси,
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот
маркази илмий ходими
Мазкур мақолага
.Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2026 йил 7 июлдаги 02/2 -сонли хулосаси олинган