Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Май, 2025   |   27 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:17
Қуёш
04:56
Пешин
12:25
Аср
17:30
Шом
19:47
Хуфтон
21:20
Bismillah
25 Май, 2025, 27 Зулқаъда, 1446

Эзгулик нурини таратувчи маскан

14.01.2020   2926   2 min.
Эзгулик нурини таратувчи маскан

Яқин вақтгача кўпчилик пойтахтимизда жойлашган Сузук ота зиёратгоҳи ҳақида билмас, у ердаги мақбара ва эски масжид эса зах тортиб қолган эди. Бугун ушбу мажмуада Сузук ота мақбараси ва масжиди, музей, дўкон, кутубхона ва бошқа бинолар қад ростлади. 1,3 гектар ҳудудда ҳунармандлар учун икки қаватли ўттизта намунавий уй-жой барпо этилди.

Сузук ота

Асл исми Мустафоқул бўлган Сузук ота Хожа Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Хуштожнинг кенжа фарзанди бўлгани, 1140 йили Туркистоннинг Қорачуқ қишлоғида туғилгани, бобоси Аҳмад Яссавий уни: “Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!” деб эркалагани сабабли Сузук деб ном олгани манбаларда қайд этилган.

Сузук ота маҳалласи

– Тақдир тақазоси билан Сузук ота Тошкентдаги Чақар, Чуқуркўприк ва Мирлар маҳаллаларида яшаб, бу ерларни обод қилади, – дейди “Сузук ота” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Собитхон Турсунов. – Кейинчалик ўз юртидан яқинлари, қорилар, уста-ҳунармандларни олиб келади. Ўша пайтда бу маҳалла “Усталар”, “Хўжалар” маҳалласи деб юритилган. Мустафоқул ёшларга ҳунармандчилик ва бошқа касб-кор сирларини ўргатади. Юзлаб шогирдларга пири комил бўлади. 1217 йили у киши вафот этади ва кейинчалик маҳалла “Сузук ота” деб аталади. Маҳалла номи шўролар даврида “Бауман”, “Коминтерн”, “Қаҳрамон” ва “Обод” деб ўзгартирилди. 1996 йили унинг тарихий номи қайта тикланди.  

Сузук ота меъморий мажмуаси

Ушбу меъморий мажмуа XVI–XIX асрларда бунёд этилган, бироқ турли талатўплар оқибатида бузилиб, харобага айланган эди, – дейди “Сузук ота” жоме масжиди имом-хатиби Аюбхон Суфиев. – Мажмуа 2018–2019 йилларда қайта бунёд этилди. XIX асрда Сузук ота мақбараси, унинг атрофидаги қабристон ободонлаштирилиб, масжид барпо этилган. 1930 йили масжид ва мадраса ёпилиб, металл буюмлар корхонасига айлантирилган. Кейинчалик табиий ва ижтимоий сабабга кўра бузилиб кетган. Вайрон бўлган мақбара остки қисмида 2,5 метрли кенг хона борлиги аниқланди.  Сузук ота мақбараси асл кўринишида кайта тикланди. Мақбара ичкарисидаги бешта дахма Яссавия тариқати шайхларига тегишли.

Сузук ота масжиди

Янги масжид хонақоҳи 1200 намозхонга мўлжалланган. Жоменинг маҳобатли гумбази, иккита 36 метрли минораси, шинам айвон ва шарқона услубдаги эшиклари намозгоҳга ўзгача салобат бахш этиб турибди. Айвоннинг айрим жойлари реставрация (қайта тикланди) қилинди.

Бугун Сузук ота мажмуаси нафақат маънавият ва эзгулик нурини таратувчи муҳташам масканга, балки хориж ва юртимиз зиёратчиларининг муборак қадамжосига айланди.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ 

тайёрлади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Нима учун жума куни қайғуларингиз камаяди?

22.11.2024   6535   3 min.
Нима учун жума куни қайғуларингиз камаяди?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир қиз айтади:

«Худонинг берган куни ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан мени ғам-ташвишлар сиқувга олади. Лекин жума куни кайфиятим бошқача бўлади, қайғуларим камайиб, хурсандчилигим ортади. Сизларга бунинг сирини айтиб бераман.

 

Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Энг афзал кунлардан бири – жума кунидир. Одам алайҳиссалом шу куни яратилган, руҳи ҳам шу куни қабз қилинган. Сурга шу куни пуфланади. Даҳшатли қичқириқ ҳам шу куни бўлади. Бу кунда менга кўп салавот айтинглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатиб турилади». Саҳобалар «Ё Аллоҳнинг Расули, сиз тупроққа қоришиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб салавотларимиз сизга кўрсатилади?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла анбиёларнинг жасадини тупроққа ҳаром қилган», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).


Мана шу муборак ҳадисни эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қандай қилиб таниб олишларини ўйладим. Ҳар жума куни айтган салавотларим у зотга етказиб турилар экан. Расулуллоҳ мени умуман салавот айтмаган ёки жуда кам салавот айтган ҳолимда таниб қолсалар-чи? Буни ўйлаб, ўзимдан ҳам, Расулуллоҳдан ҳам жуда уялиб кетдим. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олсинлар, у зотга кўп салавот айтганим учун шафоат қилсинлар деб умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтадиган бўлдим. Ҳар жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтишни одат қилдим.

Шундан кейин салавот айтиб бўлишим билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилаётганини ўйлаб, жума кунини чинакамига севиб қолдим. Жума куни айтган салавотларим Расулуллоҳга кўрсатилгани учун бу кунни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Жума куни тонгда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қалбим шодликдан энтикиб кетадиган бўлди, чунки шу кунги салавотларим суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилади! Иншааллоҳ, мен бу борада биринчилардан бўламан!

Салавотнинг бундан бошқа фойдалари ҳам билина бошлади. Жума куни уйимиз янада сокин, файзли бўлиб қолади, муаммо ва ташвишлардан холи бўлиб кетади. Шу куни онам билан бир-биримизга янада меҳрибон, илтифотли бўлиб қоламиз. Буларнинг барчаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларимизнинг шарофатидир. Ҳатто узрли пайтимда бошқа кунларни руҳан сиқилиб ўтказсам ҳам, жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим учун қийинчиликлар йўқ бўлиб кетади. Мен бу ҳолатни тахминан етти йилдан бери кузатиб келаман. Ҳозирда эса жума кунлари ўзгача бахт, ўзгача тетиклик ҳис қиламан. Аллоҳ таоло барча муслима қизларни жума кунлари ҳам, бошқа кунларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳаловати билан сийласин!»

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.