Яқин вақтгача кўпчилик пойтахтимизда жойлашган Сузук ота зиёратгоҳи ҳақида билмас, у ердаги мақбара ва эски масжид эса зах тортиб қолган эди. Бугун ушбу мажмуада Сузук ота мақбараси ва масжиди, музей, дўкон, кутубхона ва бошқа бинолар қад ростлади. 1,3 гектар ҳудудда ҳунармандлар учун икки қаватли ўттизта намунавий уй-жой барпо этилди.
Сузук ота
Асл исми Мустафоқул бўлган Сузук ота Хожа Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Хуштожнинг кенжа фарзанди бўлгани, 1140 йили Туркистоннинг Қорачуқ қишлоғида туғилгани, бобоси Аҳмад Яссавий уни: “Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!” деб эркалагани сабабли Сузук деб ном олгани манбаларда қайд этилган.
Сузук ота маҳалласи
– Тақдир тақазоси билан Сузук ота Тошкентдаги Чақар, Чуқуркўприк ва Мирлар маҳаллаларида яшаб, бу ерларни обод қилади, – дейди “Сузук ота” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Собитхон Турсунов. – Кейинчалик ўз юртидан яқинлари, қорилар, уста-ҳунармандларни олиб келади. Ўша пайтда бу маҳалла “Усталар”, “Хўжалар” маҳалласи деб юритилган. Мустафоқул ёшларга ҳунармандчилик ва бошқа касб-кор сирларини ўргатади. Юзлаб шогирдларга пири комил бўлади. 1217 йили у киши вафот этади ва кейинчалик маҳалла “Сузук ота” деб аталади. Маҳалла номи шўролар даврида “Бауман”, “Коминтерн”, “Қаҳрамон” ва “Обод” деб ўзгартирилди. 1996 йили унинг тарихий номи қайта тикланди.
Сузук ота меъморий мажмуаси
Ушбу меъморий мажмуа XVI–XIX асрларда бунёд этилган, бироқ турли талатўплар оқибатида бузилиб, харобага айланган эди, – дейди “Сузук ота” жоме масжиди имом-хатиби Аюбхон Суфиев. – Мажмуа 2018–2019 йилларда қайта бунёд этилди. XIX асрда Сузук ота мақбараси, унинг атрофидаги қабристон ободонлаштирилиб, масжид барпо этилган. 1930 йили масжид ва мадраса ёпилиб, металл буюмлар корхонасига айлантирилган. Кейинчалик табиий ва ижтимоий сабабга кўра бузилиб кетган. Вайрон бўлган мақбара остки қисмида 2,5 метрли кенг хона борлиги аниқланди. Сузук ота мақбараси асл кўринишида кайта тикланди. Мақбара ичкарисидаги бешта дахма Яссавия тариқати шайхларига тегишли.
Сузук ота масжиди
Янги масжид хонақоҳи 1200 намозхонга мўлжалланган. Жоменинг маҳобатли гумбази, иккита 36 метрли минораси, шинам айвон ва шарқона услубдаги эшиклари намозгоҳга ўзгача салобат бахш этиб турибди. Айвоннинг айрим жойлари реставрация (қайта тикланди) қилинди.
Бугун Сузук ота мажмуаси нафақат маънавият ва эзгулик нурини таратувчи муҳташам масканга, балки хориж ва юртимиз зиёратчиларининг муборак қадамжосига айланди.
Баҳриддин ХУШБОҚОВ
тайёрлади.
Муҳтарам ватандошлар!
Сиз, азизларни, барча мўмин-мусулмон юртдошларимизни, бутун халқимизни улуғ ва мўътабар айём – Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.
Жамики ислом уммати учун қадрли бўлган ушбу шукуҳли байрам – Ийд ал-Адҳони эл-юртимиз билан биргаликда тинч ва осойишта муҳитда кутиб олаётганимиз учун, аввало, меҳрибон ва қудратли Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.
Ҳеч шубҳасиз, кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда ижтимоий, халқчил давлат барпо этиш, унинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш ва таъсирчанлигини оширишда муқаддас ислом дини, унинг асосий байрамларидан бири бўлган Қурбон ҳайити ҳам муҳим роль ўйнамоқда.
Айниқса, бу байрамнинг инсонпарварлик, аҳиллик, саховат ва олижаноблик каби фазилатлари юртимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, кексалар, ёшлар ва хотин-қизлар ҳақида алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурларимиз самарасини оширишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Азиз дўстлар!
Бугунги кунда мамлакатимизда турли миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, виждон эркинлигини таъминлаш, диний-маърифий меросимизни асраб-авайлаш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, ислом динининг эзгу тамойилларини чуқур ўрганиш, буюк тарихимиз ва маданиятимиз дурдоналарини, машҳур алломаларимизнинг бой меросини тўплаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Жумладан, кўҳна Шарқ мўъжизаси – Самарқанд шаҳри 2025 йилда ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди, улуғ ватандошимиз Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик таваллуд санаси юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари қаторига, шу йил Бухоро шаҳрида ўз фаолиятини бошлайдиган Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ҳам қўшилди.
Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази илмий-маънавий йўналишдаги улкан ва ноёб лойиҳа сифатида эл-юртимиз ва халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу муаззам маскан кўп минг йиллик қадимий тарихимиз, бой ва бетакрор миллий маданиятимизнинг ёрқин тимсоли сифатида Янги Ўзбекистон ҳаётидаги ғоят муҳим воқеага айланади, деб ишонаман.
Ҳурматли юртдошлар!
Шу саодатли кунларда 15 минг нафар ватандошимиз муқаддас ҳаж зиёратини адо этмоқда. Эзгу дуо ва ниятлар ижобат бўладиган мана шундай мунаввар лаҳзаларда уларни ҳам Қурбон ҳайити билан самимий қутлаб, Яратгандан юртимизга соғ-омон қайтиб келишларини сўраймиз.
Умид қиламизки, муҳтарам ҳожиларимиз жамиятимизда бирдамлик, оила ва маҳаллаларимизда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларимиз тарбиясини кучайтириш, уларни илм-маърифатга, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга, Ватан ҳимоячиси бўлишга тарғиб этиш, муҳтож инсонларга кўмак беришда алоҳида ибрат ва намуна кўрсатадилар.
Қалбларимиз қувончга тўлган ушбу файзли кунларда хорижий давлатларда бўлиб турган ватандошларимизни ҳам бугунги улуғ айём билан чин дилдан қутлаб, уларга соғлик-омонлик, бахт ва омад тилаймиз.
Жаҳоннинг узоқ-яқин ўлкаларидаги мусулмон умматини ҳам қизғин табриклаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилаб қоламиз.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Ҳозирги кунда дунё нақадар мураккаб ва таҳликали бўлиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз. Бундай кескин шароитда юртимизда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини сақлаб, барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб кўзлаган юксак мақсадларимизга ета оламиз.
Албатта, ўз тарихида не-не синов ва машаққатлардан муносиб ўтган мард ва олижаноб халқимиз бунга ҳар томонлама қодир.
Бу йўлда эл-юртимизга мансуб меҳр-оқибат, ўзаро бирлик ва жипслик биз учун беқиёс куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилади, деб ишонаман.
Сиз, азизларни муқаддас Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Қутлуғ айём барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти