Ҳаё – имондандир!
اَلْحَمْدُ للهِ ذِي الْفَضْلِ وَالإِحْسَانِ، وَجَعَلَ الْحَيَاءَ شُعْبَةً مِنْ شُعَبِ الإِيْمَانِ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِ الأَنَام
وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ الكِرَام، أَمَّا بَعْدُ
Муҳтарам жамоат! Бугунги суҳбатимиз Ислом хулқи дея тавсифланган гўзал хулқлардан бири – ҳаё ҳақида бўлади. “Ҳаё” сўзи луғатда “уялиш”, “тортиниш” каби маъноларни англатади. Бошқача қилиб айтганда “Ҳаё – айбдан ва ёмонланишдан қўрқиб ўзини паст олиш ва ўзгаришдир”. Аллома Журжоний раҳимаҳуллоҳ ҳаёни қуйидагича таърифлаганлар:
هُوَ انْقِبَاضُ النَّفْسِ مِنْ شَيْءٍ وَتَرْكُهُ حَذَرًا عَنْ اللَّوْمِ فِيْهِ
яъни: “Ҳаё бу – нафснинг бир нарсадан тортиниши ва маломатдан сақланиш мақсадида уни тарк қилишидир” (“Таърифот” китоби).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўтган солиҳалардан бирининг ҳаёсига алоҳида урғу бериб, шундай деган:
فَجَاءَتْهُ إِحْدَاهُمَا تَمْشِي عَلَى اسْتِحْيَاءٍ قَالَتْ إِنَّ أَبِي يَدْعُوكَ لِيَجْزِيَكَ أَجْرَ مَا سَقَيْتَ لَنَا ...
яъни: “Сўнгра, улардан (икки қиздан) бири ҳаё билан юриб келиб: «Отам сени бизларга (қўйларимизни) суғориб берганинг ҳақини бериш учун чақирмоқда», – деди...” (“Қасас” сураси, 25-оят).
Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига ҳаё билан уялибгина келиб: “Отам сизга бизларга суғориб берганингиз ҳаққини бериш учун чақирмоқда”, – деган бу қиз Шуъайб алайҳиссаломнинг ҳаё асосида тарбия топган қизлари эди.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
"الإيمَانُ بِضْعٌ وَسَبعُونَ شُعْبةً، فَأفْضَلُهَا قَوْلُ: لا إلهَ إلا الله، وَأدنَاها: إِماطَةُ الأذَى عَن الطَّريقِ،
وَالْحَيَاءُ شُعبَةٌ مِن الإيْمَان" )رواه الامام مسلم(
яъни: “Имон етмишдан ортиқ бўлакдан иборатдир. Унинг энг афзали “Лаа илаҳа иллаллоҳ” дейиш ва энг қуйиси, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам– иймоннинг бир бўлагидир”, – деганлар (Имом Муслим ривоятлари).
Ушбу ҳадиси шарифда имоннинг энг олий ва энг қуйи бўлакларидан кейин “Ҳаё”ни алоҳида таъкидлаб: “Ҳаё иймоннинг бир бўлагидир”, – дейилиши бежиз эмас. Чунки, ҳаё иймоннинг энг ажойиб кўринишларидан биридир. Ҳаё инсонни доимо яхшилик қилишга, ёмонликдан четланишга чорловчи ажойиб хислатдир.
Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейилади:
" إنَّ الحَيَاءَ والإِيْمَانَ قُرِنَا جَمِيعًا ، فإذَا رُفِعَ أحدُهُمَا رُفِعَ الآخَرُ "
(أخرجه الامام الحاكم والامام البيهقي في شعب الإيمان عن ابن عمر رضي الله عنهما)
яъни: “Ҳаё ва имон иккиси эгизаклардир. Қачон улардан бири кўтарилса, бошқаси ҳам кўтарилади” (Имом Ҳоким ва Имом Байҳақий ривоят қилишган).
Уламоларимиз ҳаёни тўрт хил турга бўлишган бўлиб, уларнинг ҳар бири мақталган хислат саналади.
Биринчиси: Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш;
Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш деганда – банда Аллоҳ таоло қайтарган ишларни қилишдан, буюрганларини бажаришда сусткашликка йўл қўйишдан ҳаё қилиши тушунилади. Зеро, Аллоҳ таоло ҳар бир банданинг жон томиридан кўра яқинроқдир. Унинг барча ҳатти-ҳаракатидан бохабардир. Бу ҳақида Ўзининг Каломида шундай дейди:
وَلَقَدْ خَلَقْنَا الإِنْسَانَ وَنَعْلَمُ مَا تُوَسْوِسُ بِهِ نَفْسُهُ وَنَحْنُ أَقْرَبُ إِلَيْهِ مِنْ حَبْلِ الْوَرِيدِ
яъни: “Инсонни (Биз) яратганмиз, унинг нафси васваса қиладиган (кўнглидан ўтадиган) нарсаларни ҳам билурмиз. Биз унга бўйин томиридан ҳам яқинроқдирмиз” (Қоф сураси, 16-оят).
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ “Шарҳи Арбаин” китобида: “Ҳақиқий ҳаё – банда биринчи бўлиб Аллоҳдан чинакам уялишидир”, – деганлар ва бунга далил сифатида қуйидаги ҳадисни келтирганлар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга қарата:
"اسْتَحْيُوا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ قَالُوا: إِنَّا لَنَسْتَحْيِي مِنَ اللَّهِ يَا رَسُولَ اللَّهِ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ، قَالَ: لَيْسَ ذَاكَ، وَلَكِنْ مَنِ اسْتَحْيَا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ فَلْيَحْفَظِ الرَّأْسَ وَمَا وَعَى، وَلْيَحْفَظِ الْبَطْنَ وَمَا حَوَى، وَلْيَذْكُرِ الْمَوْتَ وَالْبَلاءَ، وَمَنْ أَرَادَ الآخِرَةَ تَرَكَ زِينَةَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا، فَمَنْ فَعَلَ ذَلِكَ فَقَدِ اسْتَحْيَا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ" (رواه الامام التِّرمذي عن عبد الله رضي الله عنه)
яъни: “Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинглар”, – дедилар. Саҳобалар “Эй Аллоҳнинг Расули, биз, албатта, ҳаё қиламиз, алҳамдулиллоҳ”, – дейишди. “Ундоқ эмас. Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш, бошни ва у ўз ичига олган нарсаларни, қоринни ва у ўз ичига олган нарсаларни сақламоғингиздир. Ўлимни ва (қабрда) чиришни эсламоғингиздир. Ким охиратни хоҳласа, дунё зийнатини тарк қилур. Ким ўшаларни қилса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлур”, – дедилар” (Имом Термизий ривоятлари).
Бош ўз ичига олган нарсалар кўз, қулоқ, бурун, оғиз ва тил эканлигини билиб қўймоқ лозим. Ушбу нарсаларни ёмонликдан сақлаш билан Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишнинг баъзи шартлари бажарилар экан.
Қорин ўз ичига олган нарсалар жумласидан озуқалар ва фарж (аврат аъзо) назарда тутилмоқда. Демак озуқани ҳалол бўлиши ва фаржни гуноҳдан сақлаш билан Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишнинг баъзи шартлари юзага келар экан.
Ўлимини эсламаган, қабрда чиришини эсламаган кимса ҳеч нарсадан ҳаё қилмаслиги шу ҳадисдан маълум бўлмоқда.
Аллоҳ таолодан ҳаё қилган киши жамоат жойларида ҳам, ёлғиз қолганда ҳам ўзини бир хил тутади, ўзгармайди. Одамлар кўз ўнгида қилмаган гуноҳни Парвардигоридан қўрққани учун танҳолигида ҳам содир этмайди. Агар кишида Аллоҳдан ҳаё қилиш одати бўлмаса – бу унинг бу дунёда ҳам охиратда ҳам шармандалигига сабаб бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида: “Умматимдан шундай кишиларни биламанки, улар Қиёмат куни Туҳома тоғича келадиган оппоқ хайрли амалларни олиб келадилар. Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзғиган ғуборга айлантиради”, – дедилар. Саҳобалардан Савбон разияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, уларни бизга очиқ-ойдин сифатлаб беринг. Токи, биз ҳам ўзимиз билмаган ҳолда улардек бўлиб қолмайлик”, – дедилар. Шунда У Зот: “Улар сизнинг биродарларингиз ва сизнинг ўхшашларингиздир. Худди сизлар тунлари (таҳажжуд намозини адо этиб) насибаланганингиз каби улар ҳам (ибодатдан) насибаларини оладилар. Аммо улар холи қолганларида Аллоҳ ҳаром қилган ишларни қилишдан тап тортмайдилар”, – деб жавоб берганлар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Иккинчиси: Малоикалардан ҳаё қилиш;
Аллоҳ таоло айни маънога ишора қилиб шундай марҳамат қилган:
وَإِنَّ عَلَيْكُمْ لَحَافِظِينَ (*) كِرَامًا كَاتِبِينَ (*) يَعْلَمُونَ مَا تَفْعَلُونَ
яъни: “Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор. (Улар номаи аъмолга) ёзувчи улуғ зотлардир. (Улар) сиз қилаётган ишларни билурлар” (Инфитор сураси, 10-12-оятлар).
Ҳадиси шарифлардан бирида: “Огоҳ бўлингки, хало билан жимодан бошқа вақтда сизлардан айрилмай, доимо бирга юрадиган зотлар бор. Шундай экан, улардан ҳаё қилинг ва уларни ҳурмат қилинг!”, – дейилган. Бу ҳадисда назарда тутилган зотлар албатта Аллоҳнинг содиқ қуллари – малоикалардир. Улардан ҳаё қилиш, ўзимизни дину диёнат, одобу ахлоққа зид келадиган номақбул одат ва кўринишлардан узоқ бўлишимиз орқали бўлади.
Учинчиси: одамлардан ҳаё қилиш;
Одамлардан ҳаё қилиш ўзгалар ҳузурида кўрсатилиши одатда уятли саналадиган аъзолар – аврат жойларни бекитиш, уни бегона кўзлардан яшириш билан бирга, кишиларга тили, қўли билан озор беришни тўхтатиб, ёмон сўзлар билан инсонлар дилларини ранжитмаслик, таҳқирлаб хўрламаслик билан ҳам таърифланади.
Хусусан, айни пайтда бутун дунёда кечаётган ахлоқсизликнинг ҳар қандай турлари юртимиз ижтимоий ҳаётига “Оммавий маданият” кўринишида кириб келиб, ўзининг салбий таъсирини ҳам кўрсатаётгани сир эмас. Буни, айниқса, хотин-қизлар, ёшларнинг ўзини тутиши, муомаласи, кийинишида яққол сезиш мумкин.
Набий алайҳиссалом одамлардан қилинадиган ҳаёни яхши ва ёмон ишлар учун мезон қилиб белгилаганлар ва шундай деганлар: “Бирор ишни одамлар кўришини ёқтирмасангиз, хилватда қолганингизда ҳам ўша ишни қилманг!” (Имом Ибн Ҳиббон ривоятлари). Ҳузайфа ибн Ямон разияллоҳу анҳу айтадилар: “Одамлардан уялмайдиган кишида хайр йўқ”. Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу: “Одамлардан ҳаё қилмаган, Аллоҳ таолодан ҳам ҳаё қилмайди”, – деганлар. Умар розияллоҳу анҳу: “Кимнинг ҳаёси оз бўлса, парҳезкорлиги озаяди. Кимнинг парҳезкорлиги оз бўлса, қалби ўлади”, – деганлар.
Тўртинчиси: ўз нафсидан ҳаё қилиш.
Ўз-ўзидан ҳаё қилиш ҳам яхши фазилат ҳисобланиб, у ҳеч ким кўрмайдиган жойда ҳам ўзини ноўрин ҳаракатлардан тийишини тақозо этади. Ҳакимлардан бири: “Ўзидан ўзи уялиш бошқалардан уялишдан кўра кўпроқ бўлмоғи лозим”, – деганлар. Уламолардан бири эса: “Кимки очиқ-ойдинда қилиш уят бўлган ишни хилватда қилса, у ўз нафсини ўзининг олдида қадрсиз қилибди”, – дейдилар.
Муҳтарам жамоат! Умматлари учун ҳар бир ишда намуна бўлган Зот Муҳаммад алайҳиссалом ҳаё бобида ҳам пешқадам эдилар. Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳу У Зотни шундай сифатлаганлар:
"كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَشَدَّ حَيَاءً مِنْ عَذْرَاءَ فِي خِدْرِهَا، وَكَانَ إِذَا كَرِهَ شَيْئًا رُئِيَ ذَلِكَ فِي وَجْهِهِ "
(رَوَاهُ الامَامُ البُخَارِيُّ)
яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёлари чимилдиқдаги келинникидан ҳам кучлироқ эди. Бир нарсани ёқтирмасалар, юзларидан билар эдик” (Имом Бухорий ривоятлари).
Бу ҳадисда ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёларини таърифлашда гўзал ўхшатиш танланган. Маълумки, ҳаёнинг энг юқори чўққиси гўшангага кирган янги келинчакда кузатилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёлари эса, ушбу даражадан ҳам юқори эди.
Шунингдек, У Зот саҳобаларни доимо ҳаёга тарғиб қилардилар. Ҳаёсизликнинг салбий оқибатларидан огоҳлантирардилар. Жумладан ҳадиси шарифларининг бирида шундай деганлар:
" ما كانَ الفُحشُ في شَيءٍ إلَّا شَانَهُ ، وَمَا كَانَ الحيَاءُ في شَيءٍ إلَّا زَانَهُ "
(رواه الامام الترمذي عن أنس بن مالك رضي الله عنه)
яъни: “Нимада фаҳш бўлса, албатта, уни шарманда қилади. Нимада ҳаё бўлса, албатта, уни зийнатлайди”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:
"الحَيَاءُ مِن الإِيمَانِ، وَالإِيمَانُ فِي الْجَنَّةِ، وَالْبَذَاءُ مِنْ الْجَفَاءِ، وَالْجَفَاءُ فِي النَّارِ "
(رواه الامام التِّرمذي والامام ابن ماجه عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Ҳаё иймондандир. Иймон жаннатдадир. Ҳаёсизлик жафодир. Жафо дўзахдадир”, – деганлар (Имом Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).
Маъсиятлар қалбдан ҳаёни кетказади. Ҳаё – барча яхшиликларнинг асосидир. Ҳаёнинг кетиши – барча яхшиликларнинг кетишидир. Маъсиятларда бардавом бўлиш аста-секин ҳаёни заифлаштириб бориб, бир йўла йўқ қилиб юбориши ҳам мумкин.
Шоир айтади:
Сақлагил ҳаёинг ҳар дам, ҳар нафас,
Кишининг фазлига далилдир ҳаё.
Юзнинг суви кетса, қилинмас ҳавас,
Ўликдир у инсон, мурдадир гўё.
Қалб қанчалик тирик бўлса, ҳаё хулқи ҳам шунчалик кучли ва мукаммал бўлади. “Ҳаё” билан “ҳаёт” сўзининг ўзаги бир эканлиги ҳам бежиз эмас, албатта.
Муҳтарам азизлар! Юқоридаги оят ва ҳадислардан беҳаёлик барча бузғунчиликнинг асоси экани маълум бўлмоқда. Бежизга азалдан “Агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қилавер”, – дейилмаган. Минг афсуски, бугунги кунимизда турли бузғунчи тоифалар томонидан ҳаёсизларча инсонларни ҳақорат қилишлари, шаънини топташлари авж олганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Ваҳолангки, динимизда инсонни шаъни ва обрўсини тўкиш – унинг қонини тўкишга тенглаштирилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Ҳумаза” сурасида:
وَيْلٌ لِكُلِّ هُمَزَةٍ لُمَزَةٍ
яъни: “Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига вайл бўлсин”, – деган (1-оят). Демак, кишининг обрўсини тўкишга бўлган уриниш қаттиқ қораланади ва унинг охиратдаги жазоси ҳам шунга яраша бўлади.
Видолашув ҳажида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мана шу юртда (яъни, Маккада), мана шу ойда, мана шу кунда (уруш ва ножўя ишларни қилиш) қандай ҳаром қилинган бўлса, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз ҳам худди шундай ҳаром қилингандир”, – деб бир неча маротаба такрорлаганлар.
Кейинги пайтларда турли сайтлар ва ижтимоий тармоқларда кишиларнинг, хусусан, уламоларнинг обрўсини тушириб, шу орқали обрў орттиришга уриниш ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Бу ҳолат айни биз юқорида келтирган оят ва ҳадисларда қораланган бўлиб, ҳаром, жирканч ишлардандир. Бировнинг обрўсини тўкувчиларнинг ҳолига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам вой бўлади.
(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида ўз сўзи билан жонли тарзда ушбу ҳолатнинг салбий оқибатлари ҳақида гапириб берадилар...).
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга шундай амр қилган:
ادْعُ إِلَى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ ۖ وَجَادِلْهُم بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ
яъни: “(Эй Муҳаммад), Раббингизнинг йўлига (динига) ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!” (Наҳл сураси, 125-оят).
Ислом дини ҳикмат ва чиройли насиҳат динидир. Бузғунчилик ва қўпорувчилик дини эмас. Ҳозирда бузғунчи тоифалар ўйлаб топаётган янги-янги “жиҳод” турлари Ислом динига мутлақо ётдир. Улар кўпгина мусулмонларнинг Ислом аҳкомларини билмаслиги, илмий савияга эга эмаслигидан фойдаланиб, “Жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, ноҳақ қон тўкилишига сабабчи бўлишмоқда.
(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида ўз сўзи билан жонли тарзда ушбу ҳолатнинг моҳияти ҳақида гапириб берадилар...).
Муҳтарам жамоат! Бугунги кунимизда кенг тарқалган ҳаёсизлик кўринишларидан бири – сўкинишдир. Айниқса, жамоат жойларида айрим ёшларнинг сўкинишлари қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Ҳаёсизларча ҳақоратлашиш, ота-онадан сўкиш, ўз ота-онасини сўкиш билан баробар бўлган гуноҳи кабирадир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
"سِبَابُ الْمُسْلِمِ فُسُوقٌ، وَقِتَالُهُ كُفْرٌ" (أَخْرَجَهُ الامَامُ البُخَارِيُّ وَالامَامُ مُسْلِمٌ)
яъни: “Мусулмон кишини сўкиш фосиқликдир. У билан (қонини ҳалол санаган ҳолда) урушиш кофирликдир”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Ўзаро келиша олмай қолган одамлар бир-бирини бадном қилиб, ҳақоратлаши динимиз талабига мутлақо зиддир.
(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида ўз сўзи билан жонли тарзда ушбу ҳолатнинг салбий оқибатлари ҳақида гапириб берадилар...).
Хулоса қилиб айтганда, ҳаё имонни мукаммаллигидандир. Чунки ҳаёли киши ёмон амалларни қилишдан ўзини тўхтатади. Ҳаё итоатга ундайди. Ҳаё бу инсон фитратида бор бўлган ҳислат бўлиб, уни шариат одобларига амал қилиш орқали кучайтирилади.
Аллоҳ таоло барчамизни Ислом хулқлари билан зийнатланишимизга муваффақ этсин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ФИҚҲИЙ МАЗҲАБЛАР – БИРДАМЛИК РАМЗИ” мавзусида бўлади.
Муҳтарам имом-домла! Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг диний-маърифий нашрлари бўлмиш – “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журнали ҳамда “Ислом нури” газетаси учун обуна давом этаётганини намозхонларга эслатиб ўтишингизни сўраймиз.
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси