بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي جَعَلَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ خِلْفَةً لِمَنْ أَرَادَ أَنْ يَذَّكَرَ أَوْ أَرَادَ شُكُوراً، وَجَعَلَ الْجَنَّةَ لِلْمُؤْمِنِينَ جَزَاءً وَمَصِيراً،
وَصَلِّ اللَّهُمَّ وَسَلِّمْ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الْمَبْعُوثِ رَحْمَةً وَمِنَّةً وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ اَجْمَعِينَ اَمَّا بَعْدُ
УМР – ҒАНИМАТ!
Муҳтарам жамоат! Динимизда инсон умри ва вақтининг қадри нечоғлик улуғ эканлиги ҳақида етарлича маълумотлар берилган. Зеро, инсон ўзига берилган умрдан унумли фойдалана олса, бу унинг дунё ва охиратда саодатга эришишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда турли вақтларга қасам ичиш билан умр инсонга берилган неъмат эканига ишора қилган. Албатта, Аллоҳ таоло қасам ичган нарса қадри улуғ нарса бўлади. Маълумки, вақтнинг асосий ўлчови – кеча ва кундуздир. У иккиси одамлар умрларини солиҳ ва эзгу амаллар билан ўтказиши, Парвардигорга шукр қилишлари учун тинимсиз айланиб туради. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
﴿وَهُوَ الَّذِي جَعَلَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ خِلْفَةً لِمَنْ أَرَادَ أَنْ يَذَّكَّرَ أَوْ أَرَادَ شُكُوراً﴾
яъни: “У эслатма олмоқчи ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирига) ўринбосар қилиб қўйган зотдир” (Фурқон сураси, 62-оят).
Қуръони каримда инсон умри бекорга берилмагани қайта-қайта айтилган. Уни беҳуда ишлар, кўнгилхушликлар ва бекорчилик, дангасалик ва тамбаллик билан зое қилиш учун эмас, балки, хайрли амаллар, фойдали ишлар, элу юртга манфаат келтирадиган, охират учун захира бўладиган буюк ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
﴿الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا وَهُوَ الْعَزِيزُ الْغَفُورُ﴾
яъни: “(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли)дир” (Мулк сураси, 2-оят).
Аллоҳ таоло инсонга умри давомида етарли имконият ва вақт беради ва бу марҳаматдан унумли фойдалана олмаганларнинг охиратда пушаймони қаттиқ бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
﴿وَهُمْ يَصْطَرِخُونَ فِيهَا رَبَّنَا أَخْرِجْنَا نَعْمَلْ صَالِحًا غَيْرَ الَّذِي كُنَّا نَعْمَلُ أَوَلَمْ نُعَمِّرْكُمْ مَا يَتَذَكَّرُ فِيهِ مَنْ تَذَكَّرَ وَجَاءَكُمُ النَّذِيرُ فَذُوقُوا فَمَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ نَصِيرٍ﴾
яъни: “Улар у жойда: "Парвардигоро, бизларни (азобдан) чиқаргин –бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқача яхши (амалларни) қилайлик!" – деб фарёд қилурлар. Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку! Бас, энди (жазоларингизни) тотаверингиз! Золимлар (кофирлар) учун ёрдамчи бўлмас” (Фотир сураси, 37-оят).
Бу ояти кариманинг маъносини қуйидаги ҳадиси шариф ҳам таъкидлаб келади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
مَنْ عَمَّرَ سِتِّينَ سَنَةً أَوْ سَبْعِينَ سَنَةً فَقَدْ عُذِرَ إِلَيْهِ فِي الْعُمُرِ (رواه الامام احمد عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ)
яъни: “Аллоҳ таоло кимга олтмиш йил ёки етмиш йил умр берган бўлса, батаҳқиқ унга умр тўғрисида узр қолдирилмайди” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Яъни, Аллоҳ таоло ушбу узун муддатли умрни унга муҳлат қилиб бериш билан охиратда унинг узр айтишига ва ўзини оқлашига бирон бир баҳона қолмаган.
Ҳадиси шарифларда вақт қадри алоҳида таъкидланган. Ҳатто, Қиёмат кунида инсондан сўраладиган дастлабки тўртта саволда ҳам умрнинг сўроғи бор. Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади:
لَا تَزُولُ قَدَمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ أَرْبَعٍ عَنْ عُمْرِهِ فِيمَا أَفْنَاهُ وَعَنْ عِلْمِهِ مَا عَمِلَ بِهِ وَعَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اِكْتَسَبَهُ وَفِيمَا أَنْفَقَهُ وَعَنْ جِسْمِهِ فِيمَا أَبْلَاهُ (رواه الامام الترمذي عن أبي بردة رضي الله عنه)
яъни: “Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди; умрини нима билан ўтказгани, ўрганган илмига қандай амал қилгани, мол-дунёни қай йўсинда топганию нималарга сарфлагани ва жисмини нимага фидо қилганидан сўралади” (Имом Термизий ривоятлари).
Инсон учун ёшлик даври ҳам катта неъмат саналади. Ёшлик умрнинг бир бўлаги, лекин унинг бошқа даврлардан ажратиб турувчи ўзига хос қиймати бор. У ҳаётнинг ғайрату шижоатга тўла ҳамда икки заифлик – гўдаклик ва кексалик орасидаги жисмоний қувватга эришган бир давридир. Қуръони каримда шундай дейилади:
﴿اللَّهُ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ ضَعْفٍ ثُمَّ جَعَلَ مِنْ بَعْدِ ضَعْفٍ قُوَّةً ثُمَّ جَعَلَ مِنْ بَعْدِ قُوَّةٍ ضَعْفًا وَشَيْبَةً
يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ وَهُوَ الْعَلِيمُ الْقَدِيرُ﴾
яъни: “Аллоҳ шундай зотдирки, сизларни заиф нарсадан (бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизларга) заифликдан кейин (қувват пайдо) қилди. Сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У Билимдон ва Қудратлидир” (Рум сураси, 54-оят).
Ёшликда қилинган ишлар пухта, мустаҳкам бўлади, ибодатларнинг савоби ҳам ортиқ бўлади. Шунинг учун ҳам ҳамма замонда мамлакатнинг куч-қудрати, тараққиёти ўша мамлакат ёшларининг салоҳияти билан чамбарчас боғлиқ. Ёшлик билим-маърифат тўплайдиган даврдир. Халқимизда “Ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, – деган мақол бор. Умрнинг, хусусан ёшликнинг қадрига етиш ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
اغْتَنِمْ خَمْسًا قَبْلَ خَمْسٍ: شَبَابَكَ قَبْلَ هِرَمِكَ، وَصِحَّتَكَ قَبْلَ سَقَمِكَ، وَغِنَاءَكَ قَبْلَ فَقْرِكَ، وَفَرَاغَكَ قَبْلَ شُغْلِكَ،
وَحَيَاتَكَ قَبْلَ مَوْتِك) رواه الإمام الحاكم عن ابن عباس رضي الله عنهما(
яъни: “Сиз беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билинг: қариликдан аввал ёшлигингизни, касал бўлишдан аввал саломатлигингизни, фақирликдан аввал бойлигингизни, бир ишга машғул бўлмасдан аввал бўш вақтингизни ва ўлимингдан аввал ҳаётингизни”, – дедилар (Имом Ҳоким ривоятлари).
Тараққиёт тезлашгани сари вақт кушандалари ҳам кўпайиб бормоқда. Ҳозирги кунда каттаю кичикнинг кўп вақти ижтимоий тармоқларга сарф бўлаётгани сир эмас. Биз бу воситани яхшиликка йўналтирилса, инсоннинг дунё ва охиратда саодатига сабаб бўлишини таъкидлаймиз. Лекин афсуски, тиллога тенг вақтимизни ижтимоий тармоқларда бекорга сарфласак, гуноҳ ишларга кетказсак, эртанги кунда қаттиқ пушаймонга сабаб бўлади. Айниқса, фарзандларимиз айни билим оладиган, китоб ўқийдиган вақтлари воқеий ҳаётдан узилиб, виртуал олам қобиғига ўралиб қолиши, мақсадларини йўқотиб қўйиши, аянчли ҳолатдир. Бу мусибатдан қутилиш чораларидан бири сифатида ёшларга жисмоний тарбия билан шуғулланиб туришни тавсия қилиш мумкин. Ёшларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан бақувват, танлари соғлом, ғайратли ва шижоатли бўлишларида жисмоний тарбиянинг аҳамияти каттадир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бадан тарбияси машқлари қаторида ёшларни сузишга, отда чопишга, камондан отишга ўргатиш лозим эканлигини алоҳида таъкидлаганлар ва ҳадисларининг бирида: “Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга суюклироқдир”, – деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривоятлари).
Инсонларни турли хил зарарли иллатлардан сақлаш мақсадида Ислом дини соғликка футур етказувчи ва умуман инсон ҳаёти учун хавфли бўлган нарсалар билан шуғулланиш ва истеъмол қилишдан қайтарган. Жумладан, Қуръони каримда: “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг” (Бақара сураси, 195-оят), “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг” (Нисо сураси, 29-оят), дейилган. Демак ёшларимизни маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилишдан асраш, ҳаётда зарарли бўлган амаллардан қатъий огоҳ қилишимиз лозим.
Ижтимоий тармоқларда ва турли кўнгилочар компьютер ўйинларида ҳаддан ташқари кўп вақт ўтириш соғлиққа ҳам зарар бериши шубҳасиз ва бунга мисоллар кўп. Ҳатто баланд жойда селфи қиламан деб пастга қулаганлар ҳам учраб турибди. Ҳамма нарсада меъёр яхши бўлгани каби, бу соҳада ҳам чегарани билиш керак. Ёшлар буни англай олишмаса, катталар ёрдам беришлари ва назорат қилишлари лозим. Албатта, ёшларнинг вақт қадрига етиб тартибли ва давомли билим олиши яхши натижалар беради.
Ислом тарихи вақтни қадрига етиш натижасида улкан ютуқларга эришган ва ўзидан ёрқин из қолдирган минглаб олимларнинг мисолларига тўлиб тошган. Биз фахр билан номларини зикр қиладиган аждодларимизнинг ҳаммалари вақтнинг қадрига етган, ёшлигида билим тўплаган зотлардир. Бу яхши одат уларга умрларининг охиригача ҳамроҳлик қилган. Шу сабабли улар ҳам биз каби умр кўришган бўлса-да, ўзларидан сон-саноқсиз китоблар ва катта билим қолдиришган. Биз ҳалигача улар қолдирган илмий меросни тўлиқ ўрганиб, ҳаётга татбиқ қила олганимиз йўқ! Улуғ аждодларимизнинг ҳаёти биз учун катта ибрат мактабидир. Аллоҳ таоло бизни уларга лойиқ авлодлардан қилсин!
Аллоҳ таоло барчамизга умрнинг қадрига етиш, уни ўзи рози бўладиган гўзал ҳолат ва эзгуликда ўтказишни насиб қилсин, бу йўлда ҳаммамизга, хусусан ёшларга ғайрат-шижоат берсин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “МУСТАҲКАМ ОИЛА – ЮРТ ТАЯНЧИ!” мавзусида бўлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ғийбатнинг таърифини ушбу ҳадисдан билиб оламиз:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?” деб сўрашди. “Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг”, дедилар. Шунда: “Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?” дейишди. “Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, айтганинг унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, деб жавоб бердилар” (Абу Довуд ривоят қилган).
Баъзилар “Мен биродаримнинг йўқ айбини гапирмаяпман. Балки бор айбини айтяпман” деб даъво қилишади. Мазкур ҳадисга кўра уларнинг даъвоси асоссиз бўлиб, улар ғийбат қилаётган бўлишади.
Қуръони каримнинг Ҳужурот сурасида Аллоҳ таоло айтади: "Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир".
Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини ахтаришга тушади. Буни эса, жосуслик, дейдилар. Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур.
Афсуски, уч-тўртта улфатлар йиғилиб қолса, суҳбат орасида кимнидир ғийбат қилиш ҳам содир бўлади. Иймони комил мусулмон бировни ғийбат қилмаслиги, ғийбатчиларни бу гуноҳдан қайтаришга уриниши, агар улар ғийбатдан тилларини тиймасалар, ўзи ундай мажлисни тарк этиши керак. Чунки ғийбатчилар билан бирга ўтириб, уларни бу ишдан қайтармай ўтираверган киши ўша кимсаларнинг гуноҳига шерик бўлади.
Ғийбат биродаримизнинг унга ёқмайдиган нарса билан эслаш экан, бу нарса унинг ташқи кўриниши, шаклига оид бўлиши ҳам мумкин. Масалан, баъзилар “Фалончи пакана”, “Фалончи чўлоқ”, “Фалончи найнов”, “Фалончи қора” каби гапларни кўп ишлатишади. Бу гапни ўша инсон эшитса, хафа бўлади. Демак, бу ҳам ғийбат ҳисобланади.
Ғийбатчини ҳеч ким ёқтирмайди. Ундай кимсага охиратда ҳам аламли азоб бордир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Меърожга чиқарилганимда бир қавмнинг ёнидан ўтдим. Уларнинг мисдан бўлган тирноқлари бўлиб, улар (ўша тирноқлар ила) юзларини ва кўкракларини тирнар эдилар. Мен: “Эй Жаброил, булар ким?” деб сўрадим. У: “Улар одамларнинг гўштларини ейдиган (ғийбат қиладиган) ва уларнинг обрўларига тил теккизадиган кишилардир” деб жавоб берди” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган).
Оддий тирноқ билан юзингизни ёки танангизнинг бирор жойини қашийверсангиз, бориб-бориб ўша жой ярага айланади. Энди мисдан бўлган тирноқлар билан юз ва кўкракларни тирнаш жуда қўрқинчлидир. Ҳадиси шарифда ғийбатчилар “одамларнинг гўштларини ейдиганлар” деб васф қилинмоқда. Бу Ҳужурот сурасида келтирилган ғийбатчи мисолининг ҳадисда ҳам келтирилишидир. Ғийбатчи кимса ғийбат қилаётган пайтда дўстининг, диндошининг гўштини еб ўтирган бўлади.
Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва бошқалар Абу Барза Ал Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай марҳамат қилдилар: “Эй тили билан иймон келтириб, қалбига иймон кирмаганлар! Мусулмонларни ғийбат қилманглар, уларнинг авратлари орқасидан (номусларига тегувчи гап тарқатиб) тушманглар! Чунки ким ўз биродарининг аврати ортидан тушса, Аллоҳ унинг аврати ортидан тушади. Кимки, Аллоҳ унинг ортидан тушган бўлса, уни шарманда-ю шармисор қилади, гарчи уйининг ичкарисида бўлса ҳам!”.
Саъд ибн Абу Ваққос билан Холид ибн Валид розияллоҳу анҳумонинг орасидан гап ўтиб қолди. Кейин бир киши Саъднинг олдида Холидни ғийбат қилмоқчи эди, Саъд унга бундай деди: «У билан ўртамизда бўлиб ўтган нарсанинг асло динимизга алоқаси йўқ!».
Ғийбат ҳаром бўлгани каби ёмон гумон ҳам ҳаром. Биродарингиз ортидан ёмон гаплар сўзлаш ҳаром бўлганидек, ундан асоссиз равишда ёмон гумон қилишингиз ҳам ҳаром. Ёмон гумон деганда биров ҳақида қалбда чиқарилган ҳукм ёки мустаҳкам эътиқодни назарда тутяпмиз. Аммо хаёлга келган турли нарсалар, ўй-фикрлар авф қилинган, ҳатто шак ҳам кечирилган.
Гумон қалбнинг ўша томонга кўпроқ мойил бўлиши, кўпроқ таянишидир. Аллоҳ таъоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).
Ёмон гумон ҳаром қилинишининг сабаби шуки, қалблардаги сир-асрорларни фақат ғайбни билувчи Зотгина билади, шундай экан сиз биров ҳақида ёмон эътиқодда бўлишга ҳаққингиз йўқ. Магар сизда бунга етарлича асослар бўлса ва уларни яхши тарафга таъвил қилиш имкони бўлмаса, унда кўрган, гувоҳи бўлган нарсангиздан бошқани эътиқод қилишдан ўзга имконингиз йўқ. Аммо кўзингиз билан кўрмасангиз ҳам, қулоғингиз билан эшитмасангиз ҳам ичингизда гумон пайдо бўлаётган бўлса, билингки, бу шайтондандир.
Биринчидан, ғийбатни эшитган пайтда ғийбат қилинаётган инсон ҳақида ёмон гумонга бормаслик, у ҳақда зикр этилаётган ёмон сифатларни рост деб билмаслик, бошқа одамлар ҳузурида уни накл қилмаслик, ғийбат қилган кишини гуноҳи кабира қиляпти деб билиш, унинг гапини эътиборсиз деб ҳисоблаш, «Эҳтимол, ғийбат қилинган инсонга унинг адовати бордир, шунинг учун шундай гапларни гапираётгандир», деб ўйлаш лозим.
Иккинчидан, ғийбатни эшитгач, унга шерик бўлиб, мусулмон биродарининг қолган айбларини ҳам очмасин. Ғийбат қилувчи киши Аллоҳ таолонинг итобига қолади, агар мен унга шерик бўлсам, Аллоҳ таоло мендан норози бўлади ва қиёмат куни азоблайди, деган фикрда бўлсин.
Учинчидан, бир мусулмон биродарининг ғийбат қилинаётганини эшитса, ўша мусулмонни мақташни бошласин ва унга ёрдам берсин. Ажаб эмаски, шунда ғийбат қилувчи ғийбатдан тийилса.
Тўртинчи иш шуки, ғийбат қилувчини тил билан айтиб ёки қўл ва кўз билан ишора бўлса ҳам, ғийбатдан тўхтатиш лозим.
Агар бинамки нобинову чоҳаст,
Агар хомуш бинишинам гуноҳаст.
Назмий маъноси:
Агар кўрсамки кўр олдида чоҳдур,
Индамай ўтирсам, бешак, гуноҳдур.
Насрий баëни:
Агар кўзи кўр кишининг олдида чуқурни кўрсам-у, индамай ўтираверсам, гуноҳдир.
Агар уни ғийбат қилишдан қайтариш имкони бўлмаса, ўша мажлисдан туриб кетиш лозим. Борди-ю, туриб кетишнинг ҳам иложи бўлмаса, у ҳолда бўлаётган ғийбатни дилда ёмон кўриб ўтириш керак. Рози бўлиб, жим ўтириш жоиз эмас.
Яна бир гап. Ғийбатчига «Жим бўл» деб туриб, лекин бўлаётган ғийбатни дилда хоҳлаб туриш мунофиқликдир.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳга қасамки, агар бир киши бошқа кишини “бу итни эмган” деб айблаганда, куни келиб ўзи, албатта, итни эмган бўларди».
Муҳаммад ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсонларнинг энг хатокори бошқаларнинг айбини кўп гапирадиганидир”. Саҳобалар ва тобеъинлар гуноҳнинг касофатига шунчалик аниқ ишонишган экан.
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Жаъфархон СУФИЕВ