frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

20.12.2019 й. Ислом – маърифатпарвар дин

17.12.2019   10253   13 min.
20.12.2019 й. Ислом – маърифатпарвар дин

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لله الَّذِي جَعَلَ الْعِلْمَ ضِيَاءً وَالْقُرْآنَ نُورًا وَصَلِّ وَسَلِّمْ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الْمَبْعُوثِ رَحْمَةً وَمِنَّةً وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ اَجْمَعِينَ

ИСЛОМ – МАЪРИФАТПАРВАР ДИН

Муҳтарам жамоат! Ислом дини таълимотларида илм-маърифатга юксак эътибор қаратилгани барчамизга маълум ҳақиқатдир. Қуръони каримда “илм” сўзи турли кўринишларда 95 марта, “илм берилганлар”, “илмда мустаҳкам бўлганлар” сўзлари 10 марта зикр қилинган. Бу ҳолат инсон ҳаётида билимнинг нақадар аҳамиятли эканини, Ислом илму маърифат дини эканини исботлайди. Инсон илмга интилишига мукофот ўлароқ аввало ўзлигини англайди. Ким ўзини таниса, Парвардигорини ҳам танийди. Аллоҳ таоло илмни Қиёматгача бандалар учун маърифат манбаи, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик эса – инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва шу орқали Парвардигорини танишга буюрди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ خَلَقَ الْإِنْسَانَ مِنْ عَلَقٍ  اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ  الَّذِي عَلَّمَ بِالْقَلَمِ عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ

яъни: “Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди” (Алақ сураси, 1-5 оятлар).

Ҳар бир иш мукаммал, мустаҳкам ва чиройли бўлиши учун ихлос, илм ва амал бирлашиши шарт. Фаридиддин Аттор ҳазратлари: “Илоҳиётда аввал ихлос кейин илм туради”, – дейдилар. Илм аҳли бўлиш – юксак шарафдир. Чунки Аллоҳ таоло илм эгаларини дунё ва охиратда баланд даражаларга кўтаради. Дунёда илмдан кўра юксак даража ва мартаба йўқдир. Аллоҳ таоло айтади:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

( سورة المجادلة/11)

яъни: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).

Диққатга сазовор жойи шуки, динимизда илмни диний ва дунёвийга ажратилмайди. Модомики инсоннинг дунёси ёки охиратига фойдали билимлар бўлса, уларнинг ҳаммаси мақталади, ўрганишга тарғиб қилинади. Фақат сеҳр каби инсониятга зарар етказадиган, одамларни ҳалокатга олиб борадиган билим бўлмаслиги керак.

Ҳадиси шарифларда бирор илм соҳасига урғу берилган бўлса, алоҳида ажратиб кўрсатилган. Масалан, диний билимлар соҳиби бўлишнинг фазилатлари ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

مَنْ يُرِدِ اللَّهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ

رواه الامام البخاري والامام مسلم عن مُعَاوِيَةَ بن أبي سفيان رضي الله عنهما

яъни: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Яна бир ҳадисларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

اَلْعُلَمَاءُ وَرَثَةُ الْاَنْبِيَاءِ فَاِنَّ الْاَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلاَ دِرْهَمًا فَاِنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ اَبُو دَاوُدَ وَالْاِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

яъни: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Қадимда ота-боболаримиз илмни бир бутун деб билганларидан уларнинг ичидан Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Форобий, Ибн Сино ва Улуғбек каби қомусий олимлар етишиб чиққан. Улар ҳам диний, ҳам дунёвий илмларда пешқадам, устоз бўлганлар.

Бугунги кунда жамиятимизга зарур бўлган турли соҳа мутахассисларини тайёрлашимиз – барчамизнинг зиммамиздаги фарзи кифоя ҳисобланади. Бунинг учун болаларимизни ёшлигидан ўзи қизиққан соҳага мақсадли йўналтириб, режали ва тизимли таълим олишига эътибор беришимиз лозим. Бир ҳикматда айтилганидек:

" اَلْوَقْتُ كَالسَّيْفِ اِنْ لَمْ تَقْطَعْهُ قَطَعَكَ "

яъни: “Вақт қилич кабидир, агар сен уни ўз вақтида кесмасанг, у сени кесади”.

Фарзандларимизни замон билан ҳамнафас қилиб тарбиялаш учун уларга хорижий тилларни ҳам ўргатишимиз керак бўлади. Чунки юртимиз кундан-кунга дунё давлатлари билан алоқаларни кенгайтирмоқда. Ёшларимизнинг чет тилларини яхши билишлари илмий, иқтисодий жабҳаларда катта имкониятлар яратади. Саҳиҳ ҳадисларда келишича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳуга иброний ва сурёний тилларини ўрганишга буюрганлар. Ушбу саҳоба қисқа муддатда мазкур тилларни ўрганиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий таржимонига айланадилар. Мана шу далиллар чет тилларини ўрганишга динимизда тарғиб қилинганини исботлайди.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга илмдан бошқа бирор нарсани зиёда бўлишини сўранг, демаган. Фақатгина илмда зиёдалик сўрашни таълим берган. Қуръони каримда шундай дейилади:

وَقُلْ رَبِّ زِدْنِي عِلْمًا

яъни: “айтинг: “Эй, Раббим! Менга илмни зиёда эт!” (Тоҳа сураси, 114-оят).

Мана шундан ҳам илмнинг бошқа неъматлардан устунлигини англаб олишимиз мумкин. Демак, барчамиз фарзандларимизга илм ўрганиш фарз эканини чуқур англатишимиз ва унга мунтазам даъват қилишимиз, илму маърифатга нисбатан уларда қизиқиш уйғотиб, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашимиз даркор.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган кўплаб ҳадиси шарифларда ҳам илмга тарғиб этилиб, илм эгалари мадҳ этилган. Жумладан бир ҳадисларида:

مَنْ جَاءَ اَجَلُهُ وَهُوَ يَطْلُبُ الْعِلْمَ لَقِيَ اللهَ تَعَالَى وَلَمْ يَكُنْ بَيْنَهُ وَبَيْنَ النَّبِيِّيْنَ اِلَّا دَرَجَةُ النُّبُوَّةِ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ الطَّبَرَانِيُّ)

яъни: “Ким илм талаб қилаётган вақтида ажали етиб қолса, Аллоҳ таолонинг ҳузурида у билан пайғамбарлар ўртасини фақат пайғамбарлик даражасигина ажратиб туради” деб марҳамат қилганлар (Имом Табароний ривояти).

Илм йўлида пок ният ва ихлос билан ҳаракат қилиш бандага жаннат йўлини осон қилади. Ҳадиси шарифда шундай дейилади: 

"وَمَنْ سَلَكَ طَرِيقاً يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْماً، سَهَّلَ اللهُ لَهُ طَرِيقاً إِلَى الجَنَّةِ"

(رواه الامامُ مسلم عن أَبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди” (Имом Муслим ривоятлари).

Ўрни келганда шуни айтиб ўтиш керакки, ҳақиқий билим тартиб билан тизимли ўқиш орқали қўлга киритилади. Ҳамма соҳада ҳам фақат видео ва аудио маҳсулотларга боғланиб қолиш, фақат ўшалардан билим ҳосил қилишни мақсад қилиш кутилган натижани бермайди. Кўпинча видео ва аудио маҳсулотлар узуқ-юлуқ, ҳар хил муносабатлар билан гапирилган сўзлар бўлади. Гоҳида далил-исботсиз сўзлар ва тасвирлар ҳам ўтиб кетаверади. Шунинг учун фарзандларимизни китоб ўқишга тарғиб қилишимиз керак.

Халқимизнинг диний-маърифий билимдонлигини ошириш, янгиликлар ва долзарб масалалардан огоҳ қилиш мақсадида узоқ йиллардан бери Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг диний-маърифий, илмий-адабий нашрлари халққа тақдим этиб келинмоқда. Жумладан “Ҳидоят”, “Мўминалар” журналлари, “Ислом нури” газетасида илм аҳлининг сара мақолалари, савол-жавоблар ва юртимиздаги, ислом оламидаги янгиликлар бериб борилмоқда. Билим-маърифат учун сарфланган маблағлар бекорга кетмайди, балки у инсонга фойдаси билан қайтади!

Муҳтарам азизлар! Илм олиш ва китоб мутолаа қилиш борасида улуғ зотлардан ажойиб хотиралар қолган. Жумладан мазҳабимиз уламоларидан бўлган Муҳаммад ибн Ҳасан Аш-Шайбоний китоб ўқиш асносида мураккаб бир масалага ечим топганларида, хурсанд бўлиб кетганларидан:

اَيْنَ اَبْنَاءُ الْمُلُوكِ مِنْ هَذِهِ الَّذَّةِ

яъни: “Бундай лаззатни подшоҳларнинг болалари ҳам кўрмаган”, – дер эканлар.

Буюк муҳаддис Имом Абу Довуд Ас-Сижистоний кийим тиктирганларида, унинг енгини кенг қилиб тиктирар, чунки унга китоб солиб юрардилар. У киши китоб ўқишни яхши кўрар эдилар. Қаерга бормасинлар, албатта ёнларида китобларини олиб юрар, бўш вақт топилди дегунча, китобларини олиб ўқирдилар.

Шафиқ ибн Иброҳим Ал-Балхий айтадилар: “Биз Абдуллоҳ Ибн Муборакка: “Нима учун намоз ўқиб бўлганимиздан сўнг биз билан бирга ўтирмайсиз?”, – деб сўрадик. У киши: “Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга ўтиргани кетаман”, – дедилар. Биз: “Саҳобалар ва тобеинлар қаерда экан?”, – деб, ҳайрон бўлдик. Шунда у зот: “Китоб ўқийман, шунда улар ҳақида, қилган ишлари ҳақида билиб оламан. Сизлардан қочишимнинг сабаби – одамларнинг ғийбатини қиласизлар”, – деб  жавоб бердилар”.

Инсон ҳаётини илму маърифатсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Маърифат – мўминнинг икки дунёсини ёритувчи нур. Ана шундай маърифатдан баҳраманд бўлган орифлар жамиятида нафақат инсонга, балки ҳайвонга, қурт-қумурсқаларга, бир сўз билан айтганда, бутун жонли ва жонсиз мавжудотга гўзал муомалада бўлинади. Чунки маърифатли инсон табиатдаги биргина тошнинг ҳам ўз ўрни ва вазифаси борлигини англайди. Аллоҳ таоло ўз Каломидаги суралардан бирини “Намл” (чумоли) деб аташи бежиз эмас.

Айни пайтда бу борлиқ инсонга омонат ҳамдир. Омонатни омон сақлаш ҳам – унинг вазифаси. Аслида мўминлик ҳам шу! “Мўмин”, “иймон”, “омон” сўзларининг ўзаги ҳам битта. Пайғамбаримизнинг саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мўмин – одамлар ундан омонда бўлган инсондир...”, – деган ҳадислари бунга далил (Имом Аҳмад ривоятлари). Ҳадисда “одамлар” деганда, динидан, ирқидан, миллатидан қатъи назар, барча инсонлар англашилади. Уни, қайси динда эканига қарамасдан, ҳурматини жойига қўйишимиз лозим. Чунки биз у билан бир ота-она, яъни Одам ато ва момо Ҳавонинг авлодларимиз.

Ҳурматли жамоат! Шу ўринда, яна бир муҳим масалага тўхталмоқчимиз. Ўтган жума мавъизасида айтиб ўтганимиздек, сайловларга ҳам икки кун қолди. Сайловларда ҳар биримиз фаол бўлишимиз, ўз Юртимиз ва миллатимиз тақдирига эътиборли бўлишимиз мусулмонликнинг гўзал намунасидир!

Барчамизга намуна бўлган суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам баъзи катта-ю кичик ишларда Ўз саҳобалари ва аҳли аёллари билан машварат қилиб, хулоса чиқарар эдилар. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда ишларни маслаҳат билан қилишга буюрган:

فَبِمَا رَحْمَةٍ مِنَ اللَّهِ لِنْتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ

فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِي الْأَمْرِ

яъни: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) Аллоҳдан мағфират сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг!” (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин барча уммат ҳам У Зотнинг тутган йўлларини маҳкам ушлаб, машварат билан иш кўрадиган бўлдилар. Китобларимизда шундай жумлалар мавжуд:

كانت الأئمة بعد النبي صلى الله عليه وسلم يستشيرون الأمناء من أهل العلم في الأمور

яъни: “Барча раҳбар ва уламолар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ишларда зиёли ва илм эгалари билан маслаҳат қилиб фаолият олиб борганлар”.

Халқимизнинг чиройли ҳикмати бор – “Маслаҳатли  тўй тарқамас!”.  Шундай экан, бугун муборак Жума куни, эрта ўтиб индин, яъни якшанба 22 декабрь куни ўтказиладиган сайловда ўзимиз, фарзандларимиз, халқимиз келажаги устида маслаҳат қиладиган инсонларни – халқ ноибларини сайлашда фаол ва эътиборли бўлайлик!

Аллоҳ таоло халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин! Юртимизни турли хилдаги самовий ва арозий офату балолардан ҳифзу ҳимоясида сақлаб, барчамизни Ўзи рози бўладиган амаллар билан яшаб ўтмоғимизни ва албатта халқимиз учун манфаатли инсон бўлишни муяссар қилсин! Омин!

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

13.08.2026   26558   3 min.
Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.

Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.

“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.

Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.

Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.

Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.

Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.

“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.

Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.

Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари