بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ لله الَّذِي جَعَلَ الْعِلْمَ ضِيَاءً وَالْقُرْآنَ نُورًا وَصَلِّ وَسَلِّمْ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الْمَبْعُوثِ رَحْمَةً وَمِنَّةً وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ اَجْمَعِينَ
ИСЛОМ – МАЪРИФАТПАРВАР ДИН
Муҳтарам жамоат! Ислом дини таълимотларида илм-маърифатга юксак эътибор қаратилгани барчамизга маълум ҳақиқатдир. Қуръони каримда “илм” сўзи турли кўринишларда 95 марта, “илм берилганлар”, “илмда мустаҳкам бўлганлар” сўзлари 10 марта зикр қилинган. Бу ҳолат инсон ҳаётида билимнинг нақадар аҳамиятли эканини, Ислом илму маърифат дини эканини исботлайди. Инсон илмга интилишига мукофот ўлароқ аввало ўзлигини англайди. Ким ўзини таниса, Парвардигорини ҳам танийди. Аллоҳ таоло илмни Қиёматгача бандалар учун маърифат манбаи, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик эса – инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва шу орқали Парвардигорини танишга буюрди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ خَلَقَ الْإِنْسَانَ مِنْ عَلَقٍ اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ الَّذِي عَلَّمَ بِالْقَلَمِ عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ
яъни: “Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди” (Алақ сураси, 1-5 оятлар).
Ҳар бир иш мукаммал, мустаҳкам ва чиройли бўлиши учун ихлос, илм ва амал бирлашиши шарт. Фаридиддин Аттор ҳазратлари: “Илоҳиётда аввал ихлос кейин илм туради”, – дейдилар. Илм аҳли бўлиш – юксак шарафдир. Чунки Аллоҳ таоло илм эгаларини дунё ва охиратда баланд даражаларга кўтаради. Дунёда илмдан кўра юксак даража ва мартаба йўқдир. Аллоҳ таоло айтади:
يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ
( سورة المجادلة/11)
яъни: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).
Диққатга сазовор жойи шуки, динимизда илмни диний ва дунёвийга ажратилмайди. Модомики инсоннинг дунёси ёки охиратига фойдали билимлар бўлса, уларнинг ҳаммаси мақталади, ўрганишга тарғиб қилинади. Фақат сеҳр каби инсониятга зарар етказадиган, одамларни ҳалокатга олиб борадиган билим бўлмаслиги керак.
Ҳадиси шарифларда бирор илм соҳасига урғу берилган бўлса, алоҳида ажратиб кўрсатилган. Масалан, диний билимлар соҳиби бўлишнинг фазилатлари ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
مَنْ يُرِدِ اللَّهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ
رواه الامام البخاري والامام مسلم عن مُعَاوِيَةَ بن أبي سفيان رضي الله عنهما
яъни: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Яна бир ҳадисларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
اَلْعُلَمَاءُ وَرَثَةُ الْاَنْبِيَاءِ فَاِنَّ الْاَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلاَ دِرْهَمًا فَاِنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ
(رَوَاهُ الْإِمَامُ اَبُو دَاوُدَ وَالْاِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)
яъни: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Қадимда ота-боболаримиз илмни бир бутун деб билганларидан уларнинг ичидан Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Форобий, Ибн Сино ва Улуғбек каби қомусий олимлар етишиб чиққан. Улар ҳам диний, ҳам дунёвий илмларда пешқадам, устоз бўлганлар.
Бугунги кунда жамиятимизга зарур бўлган турли соҳа мутахассисларини тайёрлашимиз – барчамизнинг зиммамиздаги фарзи кифоя ҳисобланади. Бунинг учун болаларимизни ёшлигидан ўзи қизиққан соҳага мақсадли йўналтириб, режали ва тизимли таълим олишига эътибор беришимиз лозим. Бир ҳикматда айтилганидек:
" اَلْوَقْتُ كَالسَّيْفِ اِنْ لَمْ تَقْطَعْهُ قَطَعَكَ "
яъни: “Вақт қилич кабидир, агар сен уни ўз вақтида кесмасанг, у сени кесади”.
Фарзандларимизни замон билан ҳамнафас қилиб тарбиялаш учун уларга хорижий тилларни ҳам ўргатишимиз керак бўлади. Чунки юртимиз кундан-кунга дунё давлатлари билан алоқаларни кенгайтирмоқда. Ёшларимизнинг чет тилларини яхши билишлари илмий, иқтисодий жабҳаларда катта имкониятлар яратади. Саҳиҳ ҳадисларда келишича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳуга иброний ва сурёний тилларини ўрганишга буюрганлар. Ушбу саҳоба қисқа муддатда мазкур тилларни ўрганиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий таржимонига айланадилар. Мана шу далиллар чет тилларини ўрганишга динимизда тарғиб қилинганини исботлайди.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга илмдан бошқа бирор нарсани зиёда бўлишини сўранг, демаган. Фақатгина илмда зиёдалик сўрашни таълим берган. Қуръони каримда шундай дейилади:
وَقُلْ رَبِّ زِدْنِي عِلْمًا
яъни: “айтинг: “Эй, Раббим! Менга илмни зиёда эт!” (Тоҳа сураси, 114-оят).
Мана шундан ҳам илмнинг бошқа неъматлардан устунлигини англаб олишимиз мумкин. Демак, барчамиз фарзандларимизга илм ўрганиш фарз эканини чуқур англатишимиз ва унга мунтазам даъват қилишимиз, илму маърифатга нисбатан уларда қизиқиш уйғотиб, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашимиз даркор.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган кўплаб ҳадиси шарифларда ҳам илмга тарғиб этилиб, илм эгалари мадҳ этилган. Жумладан бир ҳадисларида:
مَنْ جَاءَ اَجَلُهُ وَهُوَ يَطْلُبُ الْعِلْمَ لَقِيَ اللهَ تَعَالَى وَلَمْ يَكُنْ بَيْنَهُ وَبَيْنَ النَّبِيِّيْنَ اِلَّا دَرَجَةُ النُّبُوَّةِ
(رَوَاهُ الْإِمَامُ الطَّبَرَانِيُّ)
яъни: “Ким илм талаб қилаётган вақтида ажали етиб қолса, Аллоҳ таолонинг ҳузурида у билан пайғамбарлар ўртасини фақат пайғамбарлик даражасигина ажратиб туради” деб марҳамат қилганлар (Имом Табароний ривояти).
Илм йўлида пок ният ва ихлос билан ҳаракат қилиш бандага жаннат йўлини осон қилади. Ҳадиси шарифда шундай дейилади:
"وَمَنْ سَلَكَ طَرِيقاً يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْماً، سَهَّلَ اللهُ لَهُ طَرِيقاً إِلَى الجَنَّةِ"
(رواه الامامُ مسلم عن أَبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди” (Имом Муслим ривоятлари).
Ўрни келганда шуни айтиб ўтиш керакки, ҳақиқий билим тартиб билан тизимли ўқиш орқали қўлга киритилади. Ҳамма соҳада ҳам фақат видео ва аудио маҳсулотларга боғланиб қолиш, фақат ўшалардан билим ҳосил қилишни мақсад қилиш кутилган натижани бермайди. Кўпинча видео ва аудио маҳсулотлар узуқ-юлуқ, ҳар хил муносабатлар билан гапирилган сўзлар бўлади. Гоҳида далил-исботсиз сўзлар ва тасвирлар ҳам ўтиб кетаверади. Шунинг учун фарзандларимизни китоб ўқишга тарғиб қилишимиз керак.
Халқимизнинг диний-маърифий билимдонлигини ошириш, янгиликлар ва долзарб масалалардан огоҳ қилиш мақсадида узоқ йиллардан бери Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг диний-маърифий, илмий-адабий нашрлари халққа тақдим этиб келинмоқда. Жумладан “Ҳидоят”, “Мўминалар” журналлари, “Ислом нури” газетасида илм аҳлининг сара мақолалари, савол-жавоблар ва юртимиздаги, ислом оламидаги янгиликлар бериб борилмоқда. Билим-маърифат учун сарфланган маблағлар бекорга кетмайди, балки у инсонга фойдаси билан қайтади!
Муҳтарам азизлар! Илм олиш ва китоб мутолаа қилиш борасида улуғ зотлардан ажойиб хотиралар қолган. Жумладан мазҳабимиз уламоларидан бўлган Муҳаммад ибн Ҳасан Аш-Шайбоний китоб ўқиш асносида мураккаб бир масалага ечим топганларида, хурсанд бўлиб кетганларидан:
اَيْنَ اَبْنَاءُ الْمُلُوكِ مِنْ هَذِهِ الَّذَّةِ
яъни: “Бундай лаззатни подшоҳларнинг болалари ҳам кўрмаган”, – дер эканлар.
Буюк муҳаддис Имом Абу Довуд Ас-Сижистоний кийим тиктирганларида, унинг енгини кенг қилиб тиктирар, чунки унга китоб солиб юрардилар. У киши китоб ўқишни яхши кўрар эдилар. Қаерга бормасинлар, албатта ёнларида китобларини олиб юрар, бўш вақт топилди дегунча, китобларини олиб ўқирдилар.
Шафиқ ибн Иброҳим Ал-Балхий айтадилар: “Биз Абдуллоҳ Ибн Муборакка: “Нима учун намоз ўқиб бўлганимиздан сўнг биз билан бирга ўтирмайсиз?”, – деб сўрадик. У киши: “Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга ўтиргани кетаман”, – дедилар. Биз: “Саҳобалар ва тобеинлар қаерда экан?”, – деб, ҳайрон бўлдик. Шунда у зот: “Китоб ўқийман, шунда улар ҳақида, қилган ишлари ҳақида билиб оламан. Сизлардан қочишимнинг сабаби – одамларнинг ғийбатини қиласизлар”, – деб жавоб бердилар”.
Инсон ҳаётини илму маърифатсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Маърифат – мўминнинг икки дунёсини ёритувчи нур. Ана шундай маърифатдан баҳраманд бўлган орифлар жамиятида нафақат инсонга, балки ҳайвонга, қурт-қумурсқаларга, бир сўз билан айтганда, бутун жонли ва жонсиз мавжудотга гўзал муомалада бўлинади. Чунки маърифатли инсон табиатдаги биргина тошнинг ҳам ўз ўрни ва вазифаси борлигини англайди. Аллоҳ таоло ўз Каломидаги суралардан бирини “Намл” (чумоли) деб аташи бежиз эмас.
Айни пайтда бу борлиқ инсонга омонат ҳамдир. Омонатни омон сақлаш ҳам – унинг вазифаси. Аслида мўминлик ҳам шу! “Мўмин”, “иймон”, “омон” сўзларининг ўзаги ҳам битта. Пайғамбаримизнинг саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мўмин – одамлар ундан омонда бўлган инсондир...”, – деган ҳадислари бунга далил (Имом Аҳмад ривоятлари). Ҳадисда “одамлар” деганда, динидан, ирқидан, миллатидан қатъи назар, барча инсонлар англашилади. Уни, қайси динда эканига қарамасдан, ҳурматини жойига қўйишимиз лозим. Чунки биз у билан бир ота-она, яъни Одам ато ва момо Ҳавонинг авлодларимиз.
Ҳурматли жамоат! Шу ўринда, яна бир муҳим масалага тўхталмоқчимиз. Ўтган жума мавъизасида айтиб ўтганимиздек, сайловларга ҳам икки кун қолди. Сайловларда ҳар биримиз фаол бўлишимиз, ўз Юртимиз ва миллатимиз тақдирига эътиборли бўлишимиз мусулмонликнинг гўзал намунасидир!
Барчамизга намуна бўлган суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам баъзи катта-ю кичик ишларда Ўз саҳобалари ва аҳли аёллари билан машварат қилиб, хулоса чиқарар эдилар. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда ишларни маслаҳат билан қилишга буюрган:
فَبِمَا رَحْمَةٍ مِنَ اللَّهِ لِنْتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ
فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِي الْأَمْرِ
яъни: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) Аллоҳдан мағфират сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг!” (Оли Имрон сураси, 159-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин барча уммат ҳам У Зотнинг тутган йўлларини маҳкам ушлаб, машварат билан иш кўрадиган бўлдилар. Китобларимизда шундай жумлалар мавжуд:
كانت الأئمة بعد النبي صلى الله عليه وسلم يستشيرون الأمناء من أهل العلم في الأمور
яъни: “Барча раҳбар ва уламолар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ишларда зиёли ва илм эгалари билан маслаҳат қилиб фаолият олиб борганлар”.
Халқимизнинг чиройли ҳикмати бор – “Маслаҳатли тўй тарқамас!”. Шундай экан, бугун муборак Жума куни, эрта ўтиб индин, яъни якшанба 22 декабрь куни ўтказиладиган сайловда ўзимиз, фарзандларимиз, халқимиз келажаги устида маслаҳат қиладиган инсонларни – халқ ноибларини сайлашда фаол ва эътиборли бўлайлик!
Аллоҳ таоло халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин! Юртимизни турли хилдаги самовий ва арозий офату балолардан ҳифзу ҳимоясида сақлаб, барчамизни Ўзи рози бўладиган амаллар билан яшаб ўтмоғимизни ва албатта халқимиз учун манфаатли инсон бўлишни муяссар қилсин! Омин!
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умматимнинг шарафлилари Қуръонни (ёдлаб) олиб юрувчилар ва кечаси қоим бўлувчилардир” (Имом Табароний ривояти).
Анна розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида Аллоҳнинг хос бандалари бор”, дедилар. Улар кимлар, деб сўрашди. У зот алайҳиссалом “Қуръон аҳли – Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”, деб жавоб бердилар (Имом Ибн Можа ривояти).
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ё Али, Қуръонни ўрганиб, уни ўргатгин. Шунда вафот қилсанг, инсонлар худди Аллоҳнинг байтини тавоф қилганлари каби фаришталар қабринг атрофини тавоф қилади” (Имом Абу Нуайм ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, Уни ўргатганларингиздир” (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳарайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қуръон бойликдир, ундан сўнг фақирлик йўқ, ундан бошқа бойлик ҳам йўқ” (Имом Абу Аъло, Имом Табароний ривояти).
Қуръони карим зиё, ойдинлик сочган бир нурдир. Қуръони каримни ёд олиш мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Яъни, бир шаҳарда Қуръони каримни ёд олмаган ҳофиз инсон бўлмаса, шаҳар халқининг барчаси гуноҳкор бўлади. Бир ёки бир неча инсоннинг Қуръонни ёд олиши билан уларнинг устидаги фарз соқит бўлади.
Кунлардан бир кун қориларнинг султони Ҳофиз Исҳоқ Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ҳузурига келди. Мавлоно унга катта ҳурмат кўрсатиб, ўрнидан турди ва юқорига чиқиб ўтиришини илтимос қилди: “Меҳмонни қандай иззат-ҳурмат билан кутиб, уни уй тўрига ўтқазиш лозим бўлганидек, Қуръони карим қориларини ҳам худди шундай иззат-ҳурмат билан кутиб олиб, энг юқорига таклиф қилиш лозимдир. Қалбида Қуръони карим нури бўлган инсон жаҳаннам юзини кўрмас! Бир қоғоз парчасига Қуръони карим ояти ёзилган бўлса, унга ҳурмат кўрсатиб, уни оловга отмаслар, бунга Қуръони карим ёзилган дерлар. Қалбида Қуръони карим нури бўлган, бутун бир Қуръони каримни ўзига жо қилган бўлса, уни қандай қилиб, жаҳаннамга отишади?” деди.
Қуръони каримни қалбига ва ҳофизасига нақш этган илк инсон Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Улардан кейин тўрт буюк халифа ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон ва ҳазрат Али розияллоҳу анҳумдир. Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Мусо Ашъарий, Абу Ҳурайра, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Абу Зарр Ғифорий, Абу Дардо, ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳум каби саҳобийлар Қуръонни ёд олишган.
Имом Бухорий, Ибн Сино, Амур Темур каби улуғ аждодларимиз, буюк алломаларимиз Қуръони каримни жуда ёшликларидаёқ ёд олганлар.
Ҳофиз фақат Қуръони карим лафзини ҳофизасига олиб, ёдлаган бўлиши эмас, балки унинг маъносини қалбига жо қилган, ҳукмларини муҳофаза этган, уни яхши кўрган, буйруқларига итоат этиб, қайтариқларидан қайтган бўлиши керак. Қуръонни унутган, Қуръонга амал этмасдан, дунёнинг зеб-зийнатларига алданган инсонни Қуръон ҳам унутади ва Маҳшар куни унга жуда оғир бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг шарафлиси Қуръони каримни ёд олганлардир”, деганлар.
Ҳазрат Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръони карим аҳли (яъни, уни ўқиган ва унга амал қилган инсонлар) жаннатга кириши билан “Ўқи ва юксал!” дейилади. У эса ўқиб, юксалади. Ҳар оят учун бир даража берилади. Шу усулда у билган оятларини охиригача ўқийди (ва ҳар бири учун бир даража юксалади)”, деганлар.
Муоз ибн Жуҳайний розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръони каримни ёдлаб, унга амал қилса, қиёмат кунида унинг ота ва онасига бир тож кийдирилади. У тожнинг зиёси дунёда уйлардаги қуёш нуридан ҳам порлоқ”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Буюк валийлардан бири Суфёни Саврий “Киши Қуръони каримни ўқиган пайтда фаришта унинг икки кўзи орасидан ўпади. Яъни, ўқувчига ҳурмат ва ўқиганига таъзим учун фаришталар Одам боласидан Қуръони каримни тинглашга зиёда ошиқдир”, деган (“Иҳёу улумид дин”дан).
﴿إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ﴾
«Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукур қилувчидир» (Фотир сурасии, 29-30).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқиган ва унга моҳир бўлган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади, Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқиган ва қироат унга машаққатли бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу Китоб (Қуръон) билан баъзи қавмларнинг даражасини кўтаради ва баъзи қавмларнинг даражасини туширади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат кунида ўз эгалари учун шафоатчи бўлиб келади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат икки нарсада ҳасад (ҳавас маъносида) қилиш жоиз: Аллоҳ унга Қуръонни ато қилган бўлиб, кечаю кундуз унинг тиловати билан машғул бўладиган кишига ва Аллоҳ таоло унга мол дунё ато қилган бўлиб, кечаю кундуз уни инфоқ қиладиган кишига”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, бунинг баробарига у киши учун бир яхшилик берилур. Алиф, лам, мимни бир ҳарф деб айтмайман . Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганлари ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло айтади: “Кимни Қуръон ўқиш ва менинг зикрим уни бошқа нарсаларни сўрашдан тўсиб қўйса, мен унга сўраганларга берганимдан кўра кўпроғини бераман. Аллоҳ таоло каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли Аллоҳ таолонинг бандаларга нисбатан фазли кабидир” (Имом Термизий ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қалбида Қуръондан ҳеч нарса бўлмаган инсон хароба уй кабидир” (Имом Термизий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръон ўқинглар зеро, Аллоҳ таоло Қуръонни ёд олган қалбни азобламайди. Албатта, бу Қуръон Аллоҳ таолонинг зиёфатидир. Ким унга ташриф буюрса, омонда бўлади. Кимки Қуръонни яхши кўрса, бас, у қувонсин”, дедилар (Имом Доримий ривояти).
Абдулҳамид ибн Ҳаммоний айтадилар: “Мен Суфён Саврийдан: “Сиз учун ғазот қиладиган киши суюклими ёки Қуръон ўқийдиган кишими?”, деб сўрадим. Шунда у зот: “Қуръон ўқийдиган киши. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатганларингиздир”, деб жавоб бердилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон (қироати)га моҳир киши итоаткор улуғ фаришталар биландир. Қуръонни тиловат қилиб (тили) дудуқланган ва бу унга машаққат бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Қуръони карим тунлари бедор бўлиб қироат қилиб чиққан кишини Қиёмат кунида шафоат қилади. Бу ҳақда Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қуръон ва рўза Қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза: “Эй Роббим, мен (бандангни) кундузлари таом ва ўзи қаттиқ хоҳлаб турган нарсалардан тўсдим, мени унга шафоатчи қилгин”, деб айтади. Қуръон: “Роббим, мен уни тунлари уйқудан қўйдим, мени унга шафоатчи қилгин”, дейди ва иккиси бандани шафоат қилади”.