Бу саҳобийнинг исмлари Абдураҳмон ибн Авф бўлиб, Бану Зуҳра уруғидан бўлганлар. Кунялари Абу Муҳаммад эди. Маккада пешқадамлардан бўлиб Ислом динига кирганлар. Ривоятларда фил йилидан ўн йил кейин туғилганлари айтилади. Икки марта ҳижрат қилганлар. Биринчиси Ҳабашистонга, иккинчиси Мадинага. Бадр ва бошқа барча жангларда иштирок этганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада у кишини аснорлардан Саъд ибн Рабийъ розияллоҳу анҳу билан биродар қилиб қўйганлар. Қаҳрамонимиз Ибн Авф розияллоҳу анҳу “Ашараи мубашшара” (тириклигида жаннатга киришини эшитган)лардан эдилар.
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу баланд бўйли, оппоқ чеҳраларига бироз қизил аралашган, гўзал юзли, кенг елкали бўлганлар.
Саъд ибн Робийъ розияллоҳу анҳу у киши билан ака-ука тутинганларидан сўнг “Мен ансорларнинг орасида моли кўп одамман. Молимнинг ярмини сизга бераман...” деганлар. Шунда Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу “Аллоҳ таоло сизнинг молингизга ва аҳлингизга барака берсин! Менга бозорни кўрсатиб қўйинг!” дейдилар. Саъд розияллоҳу анҳу у кишига бозорни кўрсатиб қўядилар. Кейин қаҳрамонимиз бозорда савдо ишларини йўлга қўйиб, тез орада бойиб кетганлар.
Бойликлари жуда кўп эди. Ҳатто ривоятларда келишича, Шомдан Мадинага етти юз туядан иборат карвон кириб келар, ўша карвон Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга тегишли бўларди.
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ “Тарих” китобларида келтиришларича, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Бадрда қатнашиб, ўша пайтда ҳаёт бўлиб турган саҳобаларнинг ҳар бирларига тўрт юз динор, мўминларнинг оналарининг ҳар бирларига кўп миқдорда мол беришни васият қилган эканлар. Ҳатто Оиша онамиз розияллоҳу анҳо “Аллоҳ уни салсабил булоғидан суғорсин” деб дуо қилган эканлар.
У киши вафот этганларида, қолдирган бойликлари 3 103 000 000 (уч миллиард бир юз уч миллион) динор бўлган экан. 1 динор — 4.365 грамм олтиндир. Мазкур динорларни долларга айлантирсак, 528.2 млрд.$ бўлар экан.
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу қуллари билан бирга овқатланардилар. Танимаган одам у кишини қуллари орасидан ажрата олмасди.
Шунча бойликлари бўлса ҳам у киши ўта камтар эдилар. Кеккайиш, ўзини катта олиш, моли билан, обрўси билан мақтаниш уларга ёт эди.
Саҳобаи киромлар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мадрасаларининг пешқадам талабаларидир.
Пулнинг кўп ёки озлиги уларнинг фазилатларига соя солмаган. Доим инсонийликнинг юксак намунасини кўрсатиб бораверишган.
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳижрий 32-йилда, Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик пайтларида вафот этганлар. Тахминан етмиш беш йил умр кўрганлар.
Аллоҳ таоло у кишидан ва барча саҳобалардан рози бўлсин!
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Афв – ўч олишга қодир бўла туриб, тойилиш ва хатолардан ўтиб кечириб юбориш демакдир. Бунинг яна бир маъноси адоват ва нафрат каби иллатларни қалбдан кетказиш бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Қиёмат кунида жарчи нидо қилиб: “Аллоҳнинг зиммасида савоби борлар турсин ва жаннатга кирсин”, дейилади, дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар кимлар?” – деб сўрашди. Набий алайҳиссалом: “Одамларни афв қилиб юборувчилар” [1], деб жавоб бердилар.
Агарда сиз ҳам Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар қаторида бўлишни истасангиз сизга ёмонлик қилган, сизнинг ҳаққингиз борасида хато қилган кишининг хато ва камчиликларини кечириб юборинг. Ахир Аллоҳ таоло: «...Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас»[2], дейди.
Сизга нисбатан хато қилган кишиларга юмшоқ муносабатда ва сабрли бўлиш, сизни улушингиздан маҳрум қилганларга ҳам зиқналик қилмаслик, сиз билан алоқани узмоқчи бўлганлар билан ҳам алоқани ушлаб қолиш, узилганларини тезлик билан қайта йўлга қўйиш – буларнинг бари қандайин ахлоқ эканини кўрингки, улар ўз соҳибини қиёмат кунида юксак мартаба ва мақомларга эриштиради.
Ривоятларда келишича, бир аъробийни туҳмат қилгани сабабли султоннинг ҳузурига келтиришибди. У йўл-йўлакай «Мана менинг китобимни ўқинглар» деган ояти каримани тиловат қилиб борибди. Атрофдагилардан бири унга қарата: “Бу қиёмат куни айтилади, бугун эмас”, дебди. Аъробий жавоб бериб: “Худо ҳаққи, бу кун қиёмат кунидан-да ёмонроқ. Чунки қиёмат кунида менинг ёмонликларим билан бирга яхшиликларим ҳам кўрсатилади ва ҳисобга олинади. Бугун менинг ёмонликларимни эътиборга оляпсизлар-у, яхшиликларимни инобатга олармидингиз?!” – дебди.
Сиз отасиз! Фарзандингиз бир маротаба хатога йўл қўйдими, бундай вазиятда унинг барча яхшиликларини унутиб юборманг.
Мабодо дўстингиз сизга нисбатан бир гал хато иш қилиб қўйса, сиз у билан бирга елкама-елка туриб ўтказган яхши кунларингиз ва унинг чиройли дўстлиги ва садоқатини эсдан чиқарманг.
Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейдилар: “Эй инсон! Сен ва Роббинг ўртасида Ўзидан бошқаси билмайдиган хато ва камчиликларинг бор. Аллоҳ уларни кечириб юборишини хоҳлайсан. Агар ростдан ҳам шу гуноҳларинг афв этилиши иштиёқида бўлсанг, у ҳолда У Зотнинг бандаларидан ўтган хатоларни кечир ва афв эт. Аллоҳ сенинг хатоларингдан кечишини истасанг, сен ҳам бандаларининг хатоларини ўтиб юбор”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Табароний ҳасан санад билан ривоят қилган.
[2] Шуро сураси, 40-оят.