Инсонга Аллоҳ тарафидан жудаям кўплаб неъматлар берилган. Бу неъматлар ҳар бири инсон учун жуда ҳам фойдалидир. Агар инсон ҳар бир берилаётган неъматни ўз ўрнида ишлата билса, инсонни икки дунё саодатига эриштиради. Шу неъматларни бири бу вақтдир. Инсон вақтини яхшиликка, савобли амалларга бағишлар экан, бу у учун саодатдир.
Имоми Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Вақт қилич кабидир. Агар сен кесмасанг, сени кесиб кетади. Аллоҳни тоати билан, нафл намозларни кўпайтириш билан, қариндошликни тиклаш билан, касалларни бориб кўриш билан, садақот бериш билан, нафл рўзалар тутиш билан, биродарингнинг кўнглига шодлик киритиш билан, саломни ошкор қилиш, ширин сўз айтиш билан, ота-онанг, ака-укаларинг ва аҳли aёлингга табассум ила назар солиш билан вақтингни ўз фойдангга ҳал қил”.
Афсуски, ҳозирда ҳаёт фақат шу дунёдан иборат дея ўйлайдиган, оқибатда дунё лаззати билан машғул бўлиб, бебаҳо умрни беҳуда нарсаларга сарфлаш билан овора бўлиб қолмоқдалар. Айниқса, аксар ёшлар интернетдан фойдаланар экан, қимматбаҳо вақтини ҳазон қилаётгани, на дунёси ва на охирати ишларига фойда бўлмаган беҳуда нарсаларни муҳокама қилиш, бошқаларни ғийбат қилиш ва ўз киндик қони тўкилган заминни ёмонлаб ўтиришига нима дейиш мумкин?!
Ана шундай умрини беҳуда ўтказаётганлар унутманг! Қиёмат куни бандадан сўраладиган биринчи нарса – кишининг умри, вақтини нимага сарфлагани бўларкан! Шу ҳолда қандай жавоб беришга биз тайёрмизми?! Хулоса ўзингиздан!
Нуриддин ТИЛЛАБОЕВ,
Учкўприк тумани “Учкўприк” масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Исломда янги кун қайси соатдан бошлаб киради? Масалан, шартли қабул қилинган тартиб бўйича соат 00:00 янги куннинг бошланиши саналади? Исломда янги куннинг бошланиши ва тугаши қайси вақтдан эътиборга олинади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизга кўра, кун шом вақтидан бошланади ва кейинги шомгача давом этади. Бошқача қилиб айтганда, исломда кун кеча билан бошланади ва унинг эртасида кун ботиб, кундуз тугаганида, ўша кун ҳам якунланади. Бунга оят ва ҳадислардан кўплаб далиллар бор.
Фақат айрим аҳкомларда куннинг бошланиши бомдод намозининг вақти кириши (субҳи содиқ)дан бошланади ва кун кейинги бомдод вақтигача давом этади. Масалан, Ҳажда Арафот водийсида туришда ҳукм шундай.
Шунингдек, айрим ҳолларда “кун” тушунчаси юқоридагидек, 24 соатдан иборат (сутка) маъносида эмас, балки тунга муқобил – қарама-қарши маънода қўлланилиши ҳам мумкин. Бу ҳолда кун бошланиши бомдод вақтидан то қуёш ботгунигача бўлган муддат, яъни кундуздан иборат бўлади. Бунга мисол учун “бир кун рўза тутиш” деганда айнан шу муддат назарда тутилади.
Хулоса қилиб айтганда, динимиздаги умумий қоидага кўра, куннинг бошланиши кун ботганидан бошланиб, кейинги кун ботишигача давом этади. Айрим истисно қилинган ҳолатларда куннинг қачон бошланиб, қачон тугаши диндаги ҳукмларга қараб фарқ қилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.